“Айни буғдой пишиғида…”

0
17

Хоразм вилояти туман ва шаҳарларида ҳам байрам муносабати билан турли тадбирлар, кекса авлод вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнаш­чиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ўтказилаётган тадбирларда вилоят ҳокимлиги, мудофаа ишлари, маданият бошқармалари, хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, “Нуроний” жамғармаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими вакилларидан иборат кенг жамоатчилик вакиллари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонларида бўлиб, уларга Президент совғаси — қимматбаҳо соат ва бир маротоба бериладиган 5 миллион сўмдан пул мукофотини топширмоқда.

…Найманлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Марат ота Ёмғиров хонадонига йўл оларканман, хаёлимдан отамдан эшитганларим — уруш даҳшатлари, фашизмнинг жирканч қиёфаси ҳақидаги ҳикоялари кўз ўнгимдан кино тасмасидек бир-бир ўта бошлади. Иккинчи жаҳон урушининг қонли жанггоҳлардан омон қайтган отам сўзи ҳикмат, ҳаёти ибрат бўлиб, барчани бугунгидек тинч, фаровон кунларнинг қадрига етишга ундаб, умрининг охирига қадар шукроналик билан яшади…

Марат ота Ёмғиров бу йил тўқсон олти баҳорни қаршилаган бўлса-да, ҳали ҳамон бардам-бақувват, юзларидан нур ёғилади.

“…1942 йил. Айни буғдой пишиғи, фронтга йўл олганимда тоғни урса, талқон этгудек йигит эдим. Дастлаб Амударё орқали Чоржўйга, ундан Каттақўрғонга бордик. Бу ерда олти-етти ой тайёргарликдан ўтдик. Сўнг 1943 йил Москва фронтига ташландик. Смоленск, кейин Белоруссия учун бўлган жангларда қатнашдим. Тақдирни қарангки, Днепр дарёси атрофидаги жангу-жадаллар чоғида уйда пайтимизда ҳалок бўлгани ҳақида “қора хат” борган қишлоқдошим Худойберди Жуманиёзовни кўриб қолдим. Маълум бўлишича, у бир жангда оғир яраланган, англашилмовчилик бўлиб ҳалок бўлганлар қаторига қўшиб юборилган экан. Мен уйга унинг тирик­лиги ҳақида хат ёзиб юбордим. Ўзим ҳам жангларнинг бирида чап оёғимдан яраландим, госпиталда даволандим. Белоруссиядан сўнг Польшага ўтдик ва ниҳоят, ғалаба эълон қилинган — 1945 йилнинг 9 май куни Берлин шаҳрига кириб бордик…”

Марат отанинг ҳаёт йўли ёш авлод учун ибрат мактаби. Урушдан сўнг 1946 йил 30 декабрь куни уйига, оиласи бағрига соғ-омон қайтган отахон қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилди. Аёли билан 6 нафар фарзандни тарбиялаб, эл-юрт ишига камарбаста инсонлар қилиб вояга етказди. Катта ўғли Бекпўлат Ёмғиров отасидан қишлоқ хўжалиги соҳаси сир-синоатларини ўрганиб кам бўлмади. Невараси Бахтиёр ҳам ёш фермер сифатида доимо бобосининг маслаҳати билан иш кўради. Отахон бугун 40дан зиёд набира ва чеваралари ардоғида умргузаронлик қилмоқда. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликлардан кўнгли тоғдек ўсаётганини таъкидлайди.

— Юртбошимиз томонидан биз, кексаларга, уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан беҳад мамнунмиз, — дейди Марат ота Ёмғиров. — Биз кўрган уруш балосини фарзандларимиз асло кўрмасин. Шукрлар бўлсинки, бугун Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Ёшларимиз бугунги тинч ва фаровон ҳаётнинг қадрига етсин. Обод, кундан-кунга юксалиб, гуллаб-яшнаётган юртимизга асло кўз тегмасин.

Марат ота Ёмғиров ёшлар билан бўлган суҳбатларда ҳам суронли уруш йиллари, олис юртлардаги қонли жанглар ҳақида сўзлаб, бугунги тинч-осойишта кунлар учун шукроналар айтишдан чарчамайди. Ёшларнинг энг асосий бурчи тинчликни қадрлаш, уни ҳимоя қилиш, юрт равнақи ва фаровонлиги йўлида ҳалол хизмат қилишдан иборат эканлигини алоҳида таъкидлайди. “Инсон ҳалол меҳнати, эзгу ишлари туфайли эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топади. Бугунги ёшлар мана шу ҳаётий ҳақиқатни яхши билиши, ҳамиша эзгуликка интилиб яшаши, юрт равнақи, халқ осойишталиги учун фидойи бўлиши керак”, дейди отахон.

— Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, туманимизда ҳам уруш фахрийларига пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар топширилиб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда, — дейди “Нуроний” жамғармаси Боғот тумани бўлими раиси Бахтиёр Қобулов. — Айни кунда туманимизда олти нафар уруш қатнашчиси ва ногирони бор. Улар тўқсондан ошиб, юз билан юзлашаётган нуронийлардир. Туман ҳокимлиги, мудофаа бўлими, ёшлар иттифоқи вакиллари, тиббиёт ходимлари улар ҳолидан тез-тез хабар олиб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, фахрийларга Президентимизнинг бир марта бериладиган 5 миллион сўмлик пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совға-саломлари топширилди.

Азамат САФАР,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг