Китобли уй — ҳамиша ёруғ: ёхуд кутубхона қурган муаллим ёди

0
17

“Болалигимдан китобга меҳр қўйдим. Шу меҳр, ҳавас туфайли Тошкентда ўқиб, олий маълумот олдим. Бутун умр мактабда ўзбек тили ва адабиётидан ёшларга сабоқ бердим. Уларда китобга, илм-фанга меҳр уйғотишга ҳаракат қилдим. Ўқувчиларимни яхши инсон, малакали мутахассис бўлиб эл-юртимизга хизмат қилишга даъват этдим…”

Бу, оддий қишлоқ муаллимлигидан нафақага чиққач, томорқа даромадидан жамғариб қўйган пулига ҳар куни фойда келиб турадиган савдо дўкони, тўйхона ёки ошхона эмас, айнан кутубхона қурган зиёли инсон, марҳум Холбой Хонқуловнинг сўзлари.

…Қашқадарёнинг олис бир қишлоғида, янаям аниқроғи Касби туманининг Қатағон қишлоғидаги “Ёшлар маркази”ни билмайдиган одам кам топилади. Бутун умр йиққан-терганига кутубхона, кейинчалик “Ёшлар маркази” биносини қуриб, одамларга зиё, маърифат тарқатиш йўлида фидойилик, таъбир жоиз бўлса, маънавий жасорат кўрсатган жонкуяр инсон бугун орамизда йўқ. Лекин Холбой отанинг кутубхонаси ҳамиша мактаб, коллеж ўқувчилари, китобхонлар билан гавжум.

Инсон ҳавосиз, сувсиз, нонсиз яшай олмаганидек, китобсиз ҳам умр кечиролмайди. Бадиий адабиётнинг инсон маънавий дунёсига таъсири бениҳоя катта. Китобга ошно инсоннинг дили меҳр-муҳаббатга тўлиқ бўлади. Яхши китоб инсонни курашга, юксак мақсадлар билан яшашга, халқпарвар, ватанпарвар бўлишга ундайди, бун­ёдкорлик, яратувчиликка даъват этади.

Болалигидан китобга ошно бўлган Холбой Хонқулов ҳам худди шундай, бутун умри давомида эзгуликка интилиб яшади. Бу инсоннинг таржимаи ҳоли ҳам ўзи каби оддий: 1932 йилда Касби туманининг Қатағон қишлоғида туғилган. Ўрта мактабдан сўнг Қарши педагогика техникумини аъло баҳоларга тамомлагач, қўшни қишлоқ — Майманоқдаги 4-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси сифатида фаолият бошлади. 1959 йили Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетига ўқишга қабул қилинди. Олий ўқув юртини тамомлаб, ўзи туғилиб ўсган қишлоққа  она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси сифатида қайтди. 3-умумтаълим мактабида ўқитувчи, мактаб директори бўлиб ишлаганда ҳам китобхонлик анъаналарини янада ривожлантириш, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини юксалтиришни ўта муҳим вазифа сифатида билди, эл-юрт дуосини олди.

Халқ таълими аълочиси Холбой ота Хонқулов нафақага чиққач ҳам эзгу ниятларини амалга ошириш йўлида тиним билмади. Улардан бири — ўзи бош бўлиб қурган кутубхона биноси 2010 йилдан бўён фаолият кўрсатмоқда. “Нафақага чиққач, бундай қарасам, уйимда бир дунё китоб йиғилиб қолибди. Ўзим йиллар давомида сотиб олганман, фарзандлар олиб келган. Булардан одамлар баҳраманд бўлсин, дедим. Ўғил-қизларимни йиғиб, уларга маслаҳат солдим. Фарзандларим ниятимни маъқуллашди”, деган эди Холбой ота суҳбатларнинг бирида.

Қатағон қишлоғида ўн мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Мана, бир неча йилдирки, ушбу маърифат масканига куннинг қайси пайти борманг, ҳамиша гавжумлигига гувоҳ бўласиз. Бу ердаги адабий-бадиий, илмий-маърифий, қомусий, ўқув-услубий нашрларнинг ранг-баранглигидан, билимга ташналик билан китоб варақлаётган, улардаги завқли саргузаштлардан ҳайратланаётган болаларнинг иштиёқи ва мутолаага интилишидан кўз қувнайди. Кутубхонада, айниқса, қишлоқ ёшлари орасида китоб ўқишни тарғиб этиш орқали уларда юксак маънавият, халқимизнинг тарихий анъаналари, маданий меросига чексиз ҳурмат, мамлакатимиз мустақилликка эришганлигининг буюк тарихий аҳамиятини теран англаш туйғуларини шакллантириш, таниқли олимлар, профессор-ўқитувчилар, маданият ва санъат намояндалари, маънавиятчилар билан учрашувлар, маърузалар ва давра суҳбатлари ташкил этиш анъана тусини олган. “Ёш китобхон”, “Китобхон оила”, “Китоб ўқишда фарзандларингизга ўрнак бўлинг!”, “Мен севган китоблар” каби мавзуларда мунтазам ўтказиб келинаётган интеллектуал викториналар, танловлар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.

— Кутубхонамиз 20 мингдан зиёд китоб фондига эга, — дейди “Ёшлар маркази” иш юритувчиси Насиба Хонқулова. —  Бу ерда ижтимоий-сиёсий адабиётлар, илм-фанга оид ўқув қўлланмалари, бадиий адабиётлар ва болалар учун китоблар тартиб билан жавонларга териб қўйилган. Ўқув зали замонавий мебеллар, иситиш ва совутиш ускуналари билан жиҳозланган. Беш дона компьютер ўқувчилар ихтиёрида. Баъзи китобларнинг электрон шакллари ҳам мавжуд.

Тўғри, бугун билим олишнинг замонавий воситалари кўп, бироқ китоб ҳеч қачон қадр-қимматини йўқотмайди. Айниқса, бугунги тобора глобаллашаётган,
“оммавий маданият” хуружи таҳдид солаётган юксак технологиялар асрида маънавиятни асраш, маърифатни юксалтиришда китобнинг ўрнини ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди.

Кутубхонада кечган бир неча соат давомида англаганимиз шу бўлдики, Қатағон қишлоғи ёшларида ҳам китобга бўлган эҳтиёж кун сайин ўсиб, улар китоб мутолаасини одатга айлантираётгани таҳсинга сазовор. Аксарият ёшларда нафақат бадиий, балки мустақил фикрлашга ундайдиган, ҳуқуқий маданиятни ошириш, касбга йўналтириш, иқтидорини намоён этишга йўналтирилган адабиётларга ҳам қизиқиш баландлиги, кутубхонада ўзбек тилидаги шундай адабиётлар, бадиий асарлар, қўлланмаларнинг кўплиги эътиборга лойиқ.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши айни халқимиз дилидаги иш бўлди, — дейди “Шўртан газ-
кимё мажмуаси” масъулияти чекланган жамияти ходими  Улуғбек Хонқулов. — Фармойишда китобхонлик маданиятини юксалтиришга алоҳида урғу берилган. Шу боис ҳам у китоб иштиёқманд­ларининг хайрли ишлари ва ташаббусларига қанот бағишлади.  Натижада, кутубхона фонди ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда — ўқитувчилар, журналистлар, нашриётлар отамиз асосчиси бўлган бу мўъжаз маърифат масканига тез-тез китоб­лар совға қилишади. Ёзувчи ва шоирлар янги чоп этилган асарларидан намуналар жўнатиб туради. Яқинда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда бир қатор олимлар саъй-ҳаракати ва ҳомийлигида кутубхонамизга яна 5 минг дона китоб тақдим этилди…

Юртимизда китоб билан ошно бўлган, китобни суйган, китоб ёзган, китобни муқаддас билиб, кўз қорачиғидек асраган инсонлар зиёли, деб аталган. Шундай зиёли инсонлардан бири — Муҳиддин Сатторов. У ўзининг кўп вақтини мазкур кутубхонада ўтказади.

— Инсоннинг онг ва тафаккурини чархлаш, маънавий оламини бойитиш, қалбига эзгулик уруғини сочишда китобнинг ўрни беқиёсдир, — дейди Муҳиддин ака. — Ҳар куни ҳеч бўлмаганда икки соат вақтимни китоб ўқишга ажратаман. Бу мас­канда истаган адабиётни тезкорлик билан топишимиз, ҳатто электрон вариантларини олиб ўқишимиз учун қулай шароит яратилган. Айни пайтда фарзандларим ҳам бу оилавий кутубхона нуридан баҳра олмоқда. Бинобарин, яхши китобга талаб ҳар доим бор ва бундан кейин ҳам бўлади.

Аслида ҳаётда номуҳим нарсанинг ўзи йўқ. Бироқ жамиятни, маънавий муҳитни яхши ва фойдали китобсиз, китобхон ва кутубхонасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Маънавий мулк жамланган кутубхоналар эса жамиятнинг кўрки саналади. Фақат, оилада эмас, балки жамият ўртасида илм-маърифатни, китобхонликни тарғиб қилиб, одамларни саодатга чорлаган ва ўзидан кейин катта маънавий мерос қолдирган Холбой ота Хонқулов 2015 йили 83 ёшида оламдан ўтган бўлса-да, бугунги кунда унинг номи билан аталувчи “Ёшлар маркази” биносида жойлашган кутубхона одамларга зиё, маърифат тарқатишда давом этаётир. Сўз ва амал бирлигига риоя қилиб яшаб ўтган бу инсон хотираси қишлоқдошлари қалбида мангу яшаши, ёшларга ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Акбарали ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзМТДП Қашқадарё вилоят
кенгаши бош мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг