Ёшларимиз бугун нималар билан банд?

0
26

 

Юртимиз аҳолисининг 60 фоиздан кўпини ёшлар ташкил қилади. Ёшларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онгини юксалтириш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш, иқтидорини ривожлантириш, ахборот хуружлари ва носоғлом муҳитдан ҳимоя қилиш — ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим йўналишларига айланди. Ёшлар билан ишлаш бўйича яратилган тизим уларнинг ҳар бири билан алоҳида шуғулланиб, бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, муаммоларини ўрганиш ва орзу-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётир.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Жиззах вилоят кенгаши ташаббуси билан “Депутат билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ҳам мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг роли ва ўрнини янада мустаҳкамлашдан иборат.

ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов вилоят ёшлари билан учрашди.

— Бугунги кунда Ўзбекистонда тарихий ўзгаришлар, таъбир жоиз бўлса, илгари мисли кўрилмаган ислоҳотлар жараёни кечмоқда, — деди партия етакчиси. — Жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад — “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун”, деган олижаноб тамойил устувор бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдир. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривож­лантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама уйғун ва жадал ривожлантириш учун шароит яратиш, барча соҳаларни модернизация қилиш ва эркинлаштиришдек мақсадларга хизмат қилаётир.

Ислоҳотларни рўёбга чиқаришда ёшларнинг ўрни ва роли жуда муҳим, албатта. Негаки, ҳар бир соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси, бундан кейинги тараққиётимиз ўсиб-униб келаётган навқирон авлоднинг таълим-тарбияси, маънавияти ва интеллектуал салоҳияти билан бевосита боғлиқ. Бугунги очиқ мулоқотни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти бўйича аҳоли, айниқса, ёшларни хабардор қилиш, қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳияти билан кенг жамоатчиликни таништириш, уларни қийнаётган муаммо ҳамда камчиликларни ўз вақтида бартараф этишдан иборат.

Албатта, ёшларимизда фаол ҳаётий нуқтаи назар, аниқ бир мақсадга интилувчанлик, ижтимоий ҳаракатчанлик изчил шаклланиб бораётир.  Аммо амалга оширилаётган тизимли саъй-ҳаракатларга қарамасдан ёшлар орасида ҳуқуқ­бузарлик ва жиноятчилик, эрта турмуш қуриш каби ҳолатлар учрамоқда. Мавжуд муаммоларнинг сабабларини ўрганиш, ушбу ҳолатлар бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш кечиктириб бўлмас вазифадир. Бу борада Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаол, ташаббускор бўлиб, жойларда ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказиши, уларнинг қизиқишлари, муаммоларини ўрганиш ишларини янада кучайтириши лозим.

Очиқ мулоқот давомида ёшларга қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳақида кенг маълумот берилди.

Шунингдек, тадбирда бугунги глобаллашув даврининг ютуқ ва камчиликлари, ёшлар ўртасида учраётган муаммоларни ўрганиш, уларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, таклифлар илгари сурилди. Партиянинг  фаол ёшлари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Жумладан, очиқ мулоқот давомида вилоят ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Жиззах академик лицейининг 2-босқич ўқувчиси, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Азиза Шокирова таълим масканида ўқувчилар учун кичикроқ бўлса-да, футбол стадиони қурилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мазкур мурожаат ўша жойнинг ўзида ўрганилиб, вилоят ҳокимлигига хат орқали юборилди.

Тадбир сўнггида партия сафига янги қабул қилинган бир гуруҳ ёшларга партиянинг аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Мингжигит ХОЛБЕКОВ,
ЎзМТДП Жиззах вилоят кенгаши “Ёшлар қаноти” етакчиси:

— Ёшларимиз бугун нималар билан банд? Қандай юксак марраларни эгалламоқда? Уларни қандай муаммолар ўйлантиради? Очиқ мулоқот давомида шу каби саволларга жавоб изланди, мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар тингланди. Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг изчил ва самарали амалга оширилиши замирида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ташаббускор ва шижоатли ёш авлодни вояга етказиш каби эзгу мақсадлар мужассамлиги алоҳида таъкидланди.

Айтиш жоиз, бугунги замон ҳар биримиздан ўта ҳушёрликни, масъулият ва ватанпарварликни талаб этмоқда. Шундай бўлгач, Ватанимиз тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаш, яратиб берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш, ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиш, ғайрат-шижоат билан илм чўққиларини эгаллаш, ташаббускор бўлиш ёшларимизнинг муҳим вазифаларидандир.

Жуманиёз САНГИРОВ,
Жиззах давлат педагогика институти талабаси:

— Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида ёшлар иштирокини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, мамлакатимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини ёшлар орасида кенг тарғиб этишни муҳим вазифа қилиб белгиланган эди. Шунга кўра, ёшларга қонунларни ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этиш, депутатлар билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиш масаласида кенг имкониятлар яратилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди Платформасида маданий-тарихий ёдгорликларни кўз қорачиғидек асраш, уларни келгуси авлодларга бус-бутун етказиш ишига ҳар томонлама кўмаклашиш маънавий-маърифий соҳадаги устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Очиқ мулоқотда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, жойларда турли тарихий ашё ва буюмларни тўплаш, уларни тегишли ўлкашунослик музейларига топшириш борасида бир қатор таклифимни билдирдим.

Биз, ёшлар учун ташкиллаштирилаётган бундай мулоқотлар сиёсий билимларимиз ва ҳуқуқий маданиятимизни ошириш, мамлакатимиз қонунчилик соҳасидаги ўзгаришларга дахлдорлик ҳиссини юксалтиришга хизмат қилади.

Ойдин АЛИМАРДОНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг