Етук кадрлар — соҳа ривожида муҳим омил

0
14

Бугунги кунда туризм саноати дунёда энг илғор ва сердаромад соҳалардан бирига айланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотига кўра, дунёда 200 миллионга яқин киши ушбу соҳада меҳнат қилади, жаҳон иқтисодиётида халқаро туризмдан тушаётган даромад 1 триллион АҚШ долларига етди, дунё бўйича сайёҳлар сони йилига 4–5 фоиз кўпайиб, ҳар йили бошқа давлатларга саёҳат қилувчилар сони 1 миллиарддан ошмоқда.

Буюк ипак йўли марказида жойлашган Ўзбекис­тон сайёҳлик кўлами ва тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлар рўйхатидан ўрин эгаллаган. Мамлакатимизда 7 мингдан зиёд тарихий ва маданий ёдгорлик мавжуд. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси дурдоналари рўйхатига киритилган.

Бугун юртимизда 800 дан ортиқ сайёҳлик ташкилоти фаолият кўрсатади, 600 дан зиёд замонавий меҳмонхона, сайёҳлик базаси ва кемпинг мавжуд. Дам олиш масканлари йил сайин кўпайиб, хизмат кўрсатиш турлари ва сифати юксалиб бормоқда. Янги сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилаётгани, транспорт-коммуникация тизими халқаро стандартлар даражасига келтирилаётгани соҳа ривожига, мамлакатимизга келаётган сайёҳларнинг кўпайишига замин яратмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда туризмни янада ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар бугун ўз самарасини бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Рес­публикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2017 йил 16 августдаги “2018–2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи нав­батдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар бу борада ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Туризм соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларда ЎзМТДП ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Яқинда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигида “Туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлашда таълим жараёнини янада такомиллаштириш” мавзусида ўтказилган очиқ мулоқот ушбу йўналишдаги амалий саъй-ҳаракатлардан бири бўлди.

Очиқ мулоқотда партия фаоллари, депутатлар, Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессор-ўқитувчилари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари ва талаба-ёшлар иштирок этди. Тадбирда Тошкент давлат иқтисодиёт университети халқаро ишлар бўйича проректори Обиджон Ҳамидов юртимизда туризм соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қатор дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилаётганини таъкидлади. Жумладан, мазкур олий ўқув юртининг халқаро туризм факультетида ҳам қатор йўналишларда кадрлар тайёрланмоқда, талабалар соҳа сирларини чуқур ўрганишлари учун барча имконият яратилган.

Тадбирда ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов сўзга чиқди.

– Туризм – иқтисодиётнинг асосий соҳаси, шу боис мамлакатимизда мазкур соҳани ривожлантириш, юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини тўла ишга солишга устувор аҳамият қаратилмоқда, — деди партия етакчиси. — Бу борада Ўзбекис­тон “Миллий тикланиш” демократик партияси мамлакатимизнинг халқаро ижобий имижини шакллантиришда туризмни самарали восита деб билади ва уни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Туризм Ўзбекистон халқининг ноёб маънавий бойлиги ва тарихий меросини тарғиб этиш, бу бойликнинг жаҳон демократик ҳамжамияти томонидан умумбашарият тарихий меросининг ажралмас бир қисми сифатида тан олиниши йўлида самарали хизмат қилади. Шунингдек, фуқароларни миллий ғурур ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашда туризмнинг ўрни ва аҳамиятини эътироф ва тарғиб этади. ЎзМТДП сайловолди Платформасида туризм­ни ривожлантириш, шунинг­дек, ватандошларимизга ва хорижий туристларга Ўзбекистоннинг ўтмиши ва ҳозирги куни тўғрисида ишончли ахборотни етказиш кўникмаларига эга бўлган кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг миллий тизими самарадорлигини оширишга кўмаклашиш вазифаси белгиланган. Ушбу дастурий вазифалардан келиб чиқиб, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларимиз аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб бормоқда. Республика бўйича аэропортлар, меҳмонхоналар фаолияти, уларнинг сервис ва сифат даражаси ўрганиб чиқилди. Бунда турли муаммолар, жумладан, баъзи вилоятлардаги айрим меҳмонхоналарда  хизмат кўрсатиш даражаси талабга жавоб бермаслиги, малакали мутахассислар етишмаслиги аниқланди. Бу эса барча ҳудудларимиздаги туризмга алоқадор  ташкилотлар ҳамда соҳа учун кадрлар тайёрлайдиган олий ўқув юртлари билан алоқани янада мустаҳкамлашни тақозо этади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон бой тарихга ва нодир маданий-тарихий меросга эга. Буларнинг ҳаммаси мамлакатимизда улкан салоҳияти ҳозирча тўлиқ ишга солинмаган туризм индустриясини ривожлантириш ва юртимизни жаҳон туризм марказларидан бирига айлантириш имконини беради.

Очиқ мулоқотда қайд этилганидек, мамлакатимизда туризм ривожлангани сайин, соҳа ходимларига бўлган талаб ва эҳтиёж ҳам кучайиб боради. Шу маънода, юртимизда туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини муттасил ошириб бориш тизимининг бугунги ҳолати талабга жавоб бермайди. Айни кунда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг халқаро туризм факультети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис ҳамда пойтахтимиздаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтлари, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги туризм йўналишидаги коллежларда сайёҳлик маркетинги ва менежменти, хизмат кўрсатиш, халқаро туризм, меҳмонхона хўжалиги ва ресторан иши йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.

Тадбирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Анвар Аллаберганов туризм­нинг барча соҳа билан алоқадор экани, кадрлар тайёрлашда ҳар бир ўтилаётган фанга жиддий ёндашиш, бунда айниқса, сайёҳлик соҳасини тартибга соладиган миллий ва халқаро қонунчиликни ўргатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Очиқ мулоқот савол-жавобларга бой тарзда давом этди. Иштирокчилар хусусий туристик ташкилотлар фаолияти, улар билан тузиладиган шартнома, меҳмонхона хизматини ташкил қилишда сифат даражаси, туризм коллежлари ўқитувчиларининг малакасини ошириш, соҳага оид ўқув дастурларини такомиллаштириш, туризм соҳасида ижтимоий ҳамкорликни ривожлантириш, ўқув муассасалари билан иш таклиф этувчилар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, бу борадаги халқаро тажрибани ўрганиш, амалиёт ўқитувчисининг маошига қўшимча устама ҳақи белгилаш сингари турли мавзулар юзасидан фикр алмашдилар. “Туризм ва сервис” кафедраси фаолияти, Ҳаракатлар стратегияси ҳамда инновацион ҳамкорлик доирасида олиб борилаётган ишлар юзасидан тақдимотлар бўлиб ўтди.

Тадбир сўнггида иштирокчилар халқаро туризм факультети таълим жараёни билан танишдилар.

Муҳаммадсиддиқ Омонбоев,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
халқаро туризм факультети “Туризм ва сервис”
кафедраси мудири:

– Мамлакатимизда туризм таълимини ривожлантириш борасида бир қанча ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, мамлакат сайёҳлик салоҳиятини янада оширишда соҳа мутахассислари малакаси муҳим ўрин тутади. “Туризм ва сервис” кафедрасида бакалавр босқичида “Меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш”, “Хизматлар соҳаси (туризмни ташкил этиш ва бошқариш)”, иккинчи таълимда “Хизматлар соҳаси (туризмни ташкил этиш ва бошқариш)”, магистратура босқичида эса Туризм (Туризм менежменти) сингари таълим йўналишлари бў­йича таҳсил олинади. Халқаро туризм факультети Испания, Греция, Германия сингари давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик олиб боради. Ҳар йили 20 нафарга яқин талаба шу давлатларда амалиёт ўтаб келади. “Туризм ва сервис” кафедраси бир қатор  меҳмонхоналар ва сайёҳлик фирмалари билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Факультетимиз ўқитувчилари 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, туризм индустриясини ривож­лантириш ҳамда мамлакатимиз ҳудудларида туристик объектларини ўрганиш бўйича Сурхондарё вилоятида сафарда бўлди. Айрим туманлар аҳолиси орасида туристларни ўзига жалб қилаётган вилоятдаги иншоотларга қизиқишнинг пастлиги, бунинг учун рекламадан кенг фойдаланиш кераклиги, транспорт тизими яхши йўлга қўйилмаганлиги муҳокама қилинди. Термиз тумани марказидаги Термиз денгизи эътибордан четда қолаётганлиги ҳамда инфратузилма йўқлиги сабаб, уни ижобий ҳолатга ўзгартириш учун маблағ ажратилиши лозимлиги ўрганилди.

Муборак Ғаниева,
Тошкент давлат иқтисодиёт
университети доценти:

– Тадбирда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси етакчиси туризм соҳасида кадрлар тайёрлашда Ўзбекистон тарихи фанини янада чуқурроқ ўргатиш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Соҳа мутахассиси сифатида бу таклифни маъқуллайман. Чунки ҳар бир сайёҳ, энг аввало, мамлакат тарихи билан қизиқади. Биз етказаётган кадрлар буюк сиймоларимиз ҳаёти, обидаларимиз хусусида етарлича билимга эга бўлгандагина сифатли хизмат амалга оширилади.

Университетимизда туризм соҳасида кадрлар тайёрлашда “Музейшунослик” фани киритилганлиги айни муддао бўлди. Талабалар Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом уй музейларида бўлиб, уларнинг фаолияти, айрим муаммолар юзасидан ўрганишлар олиб борди. Бу эса музей туризмини ривожлантириш борасидаги ижобий қадамлардир. Агар ўқув жараёнига “Археологик билим асослари”, “Маданиятшунослик” сингари фанлар ҳам киритилса, айни муддао бўларди.

Севара Расулова,
халқаро туризм факультети 3-курс талабаси:

– Бугунги очиқ мулоқотда биз ёшлар ҳам ўз таклифларимизни билдирдик. Таълим жараёнида мутахассислик фанлари янада кенгайтирилса, улар қаторига “Туризм ва туристлар ҳуқуқи” фани киритилса, бўлажак соҳа кадрлари салоҳияти, билим ва кўникмалари янада ошишига хизмат қилади. Яна бир масала, маъруза ва амалиёт уйғунлиги талабани келажакда етук мутахассис бўлиб етишини таъминлайди. Амалиёт 17 ҳафта эмас 30 ҳафтагача узайтирилса, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан махсус ўқув курслари ташкил этилиб, унда гуруҳларга бўлинган ҳолда ўқитилса, амалий томонлама яхши ўзлаштирган талабаларга махсус сертификатлар берилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

            Дилфуза МАҲКАМОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг