Экстремизмга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда

0
19

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

ЎзМТДП фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратов бошқарган йиғилишда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти хусусида тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, мазкур ҳужжат нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатларини янада мустаҳкамлайди, уларни иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, муҳим қарорлар қабул қилишда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва таъсирини кучайтиришга хизмат қилади.

Мазкур фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилди. Давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг тизимли мулоқотини йўлга қўйиш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг миллий моделини шакллантириш ҳамда давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги механизмларини, шунингдек, бундай ҳамкорлик даражасини баҳоловчи кўрсаткичларни ишлаб чиқиш мазкур Маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари сифатида белгиланган.

Йиғилишда қайд этилганидек, ушбу фармон айрим қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни талаб этади. Бунда ЎзМТДП фракцияси аъзолари ташаббускор бўлиши лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, фармонда белгиланган вазифалар хусусида сўз борар экан, унинг ижросини таъминлаш мақсадида жойлардаги партия ташкилотлари ва гуруҳларидан таклифлар олишга келишилди.

Шундан сўнг йиғилишда “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама этилди.

— Мазкур қонун лойиҳасининг асосий мақсад-вазифаси — экстремизмдан шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, конс­титуциявий тузумни ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг тинчлиги, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлашдан иборат, — деди
ЎзМТДП фракцияси аъзоси Алишер Ҳамроев. — Шу боис ҳам мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашга, конституциявий тузум ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг тинчлиги, миллатлар­аро ва конфессиялараро тотувликни сақлашга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга, жамиятда экстремизмга нисбатан муросасизликни шакллантиришга, экстремизм соҳасида қонун бузилишларнинг олдини ўз вақтида олиш, аниқлаш, чек қўйишга, уларнинг оқибатларини бартараф қилишга хизмат қилади. Шунингдек, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга, умумэътироф этилган халқаро меъёрлар ва стандартларни амалга оширишга кўмаклашади. Қонун лойиҳасида “экстремистик фаолият” (“экстремизм”), “экстремист”, “экстремизмни молиялаштириш”, “экстремистик материал” тушунчасига таъриф берилмоқда, экстремизмга қарши курашишнинг асосий принциплари, йўналишлари, унга қарши курашишни мувофиқлаштирувчи, амалга оширувчи давлат органлари, уларнинг ваколатлари белгиланмоқда.

“Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ЎзМТДП сайловолди Платформасида ёш авлодни ёт ғоялар таъсиридан асраб-авайлашга кўмаклашиш сингари дастурий вазифалар ижросига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Йиғилишда фракция аъзолари қонун лойиҳасини шу жиҳатдан муҳокама қилиб, таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар ва концептуал жиҳатдан маъқулланди.

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекис­тон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам фракция аъзоларининг қизғин баҳс-мунозараларига сабаб бўлди. Мазкур қонун лойиҳаси партиянинг мақсад-вазифаларига ҳамоҳанглиги билан аҳамиятли эканлиги таъкидланди. Хусусан, қонун лойиҳасида фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилгани ва ушбу лавозимни маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштиришни сақлаб қолиш назарда тутилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис фаолияти ташкилий-ҳуқуқий асосларининг яратилишига хизмат қилади.

Фракция аъзолари эътиборига тақдим этилган навбатдаги масала — “Ўзбекистон Респуб­ликаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 511-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги фармони билан тасдиқланган Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш хамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 511-моддасига маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдорини кўпайтириш бўйича ўзгартиш киритилмоқда, “ногирон” деган сўз “ногиронлиги бўлган шахс­лар” сўзлари билан алмаштирилмоқда. Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун тенг шароитлар яратилишини, уларни бузганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, ногиронларни жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига фаол жалб этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида тан олинган халқаро меъёрларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилишга хизмат қилади.

Йиғилишда бошқа бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Барча масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Мilliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг