Маданий мерос объектлари: миллатнинг энг катта бойлиги

0
23

Тарихий хотирасиз келажак йўқ. Бу теран маъноли фикр мамлакатимизда мавжуд маданий мерос объектлари, тарихий ва археологик бойликларни асраб-авайлаш, келажак авлодга бус-бутун етказиш бўйича амалга оширилаётган ишларда ўз аксини топмоқда. Зеро, ўлкамизда ана шундай нодир обидалар, ноёб дурдоналар бисёрлиги мамлакатимизнинг жаҳонда муҳим туристик марказлардан бири бўлишига замин яратади. Маданий мерос объектлари халқимизнинг ўтмишидан, бой тарихидан дарак беради. Уларни муҳофаза этиш ва оқилона фойдаланиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу борада шу йилнинг 16 январида давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Моддий маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида”ги фармойиши муҳим асос бўлмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши томонидан ташкил этилган йиғилишда мазкур соҳада партия ва депутатлик бирлашмалари олиб бораётган ишлар кенг муҳокама қилинди. Унда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва асраб-авайлаш борасида ЎзМТДП томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтилди.

Қайд этилганидек, ўтган давр давомида партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари маданий мерос объектларини муҳофаза этиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида қатор ўрганишларни амалга оширди. Маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари бу борадаги ўрганишлар асосида сессияларга ташаббус-масалалар киритмоқда. Тарихий-маданий ва археологик обидалар атрофида ободонлаштириш, уларга ташқи муҳит таъсирини пасайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди, тегишли таклифлар ишлаб чиқилаётир. Зеро, маданий мерос объектларини муҳофаза этиш ва шу орқали туризм индустриясини янада ривожлантириш партиянинг энг устувор вазифаларидандир.

Йиғилишда, шунингдек, Маданият вазирлиги, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб-чиқариш бош бошқармаси ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракцияси аъзолари ҳамда соҳада фаолият олиб бораётган олимлар Ўзбекистоннинг бой тарихи ва моддий маданий меросини муҳофаза қилиш, илмий жиҳатдан ўрганиш, тарғиб қилиш ҳамда бойитиб бориш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, мавжуд муаммолар борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Қайд этилганидек, ЮНЕСКО томонидан Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарлар марказларидаги бир неча минг йиллик ноёб архитектура объектларини асраш, консервация ва реконструкция қилиш мамлакатимизга сайёҳлар оқимини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

— Моддий-маданий мерос объектларини муҳофазалаш ва улардан самарали фойдаланишга доир ҳали талай муаммолар мавжуд, — деди Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб-чиқариш бош бошқармаси инспектори Ғиёсиддин Ражабов. — Масалан, моддий-маданий мерос объектларини реконструкция қилишда, аниқроғи, ганчкорлик соҳасида мутахассислар етишмайди. Илгари юртимизда усталарнинг Самарқанд, Фарғона, Хива мактаблари анча машҳур бўлган. Ҳозирда юртимизда атиги 10–15 нафар ўз ишининг усталари, анъанавий мактаб вакиллари фаолият юритмоқда. Тарихий архитектура объектлари бу замонавий иншоот эмас, уни таъмирлаш ва қайта тиклашда катта маҳорат, билим ва истеъдод талаб этилади.

Йиғилишда юртимизда маданий мерос объектларини асраш, рўйхатдан ўтказиш ва паспортларини тайёрлаш, илмий ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида муаммолар мавжудлиги, уларга имкони борича ижобий ечим топиш кераклигини таъкидлади.

Тадбирда сўз олганлар ушбу масала борасида кенг жамоатчилик олдида турган муҳим вазифалар билан бир қаторда келакажда амалга ошириладиган устувор йўналишлар ҳақида ҳам таклифлар билдирди. Бу таклифлар халқимиз, айниқса, ёш авлодни тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш орқали иқтисодиёт ривожланишига ҳисса қўшади.

Тадбир якунида партия ва депутатлик бирлашмалари олдида турган вазифалар белгилаб олинди.

Элдор ТУЛЯКОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Ўзбекистоннинг жаҳон сайёҳлик марказларидан бирига айланишида юртимизнинг ўзига хос ва бетакрор тарихий-маданий мероси алоҳида ўрин тутади. Шу боис мустақиллик йилларида бой маданий меросимизни асраш, мамлакат миллий бойлиги бўлган маданий мерос объектларини қайта тиклаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш борасида аҳамияти ва кўлами жиҳатдан кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш борасида ҳали олдимизда турган вазифалар, ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар ҳам талай. Масалан, моддий маданий мерос объектларини инвентаризациядан ўтказиш, паспортларини тайёрлаш, сақлаш, таъмирлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш борасидаги камчилик ва муаммолар соҳага қаратилаётган эътиборни янада кучайтиришни, тегишли ташкилот ва идоралар вакиллари масъулиятини янада ошириш лозимлигини талаб этади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси маъ­навий ва маданий меросимизни асраб-авайлаш, тарихини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга кўмаклашишни ўзининг устувор вазифаларидан деб билади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев  2017 йил 12 июлда парламент аъзолари ва сиёсий партиялар вакиллари билан бўлган видеоселектор йиғилишида бу борада алоҳида тўхталиб, юртимиздаги тарихий обидаларни тиклаш ва таъмирлаш, буюк аждодларимизнинг қадамжоларини обод этиш бўйича олдимизда турган вазифаларни амалга оширишда ЎзМТДП ташаббускор бўлиши зарурлигини таъкидлаган эди. Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, партия ва депутатлик бирлашмалари бугун маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш борасидаги амалий ишларини янада кучайтиришга эътибор қаратмоқда. Айни шу мақсадда ЎзМТДП билан Маданият вазирлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Партия ташкилотлари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари жойлардаги обидаларнинг ҳолатини ўрганиб, муайян таклиф ва ташаббусларни илгари сурмоқда. Партия гуруҳлари ташаббуси билан маданий мерос объектларини муҳофаза қилишга оид ташаббус-масалалар ўнлаб Кенгаш сессияларида муҳокама қилинди. Бугунга қадар ЎзМТДП вакиллари иштирокида жойлардаги 5 мингдан ортиқ маданий мерос объектларининг ҳолати ўрганилди. Давлат рўйхатига олинмаган тарихий ва маданий объектларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, уларни қўриқлаш ва асраб-авайлаш бўйича Ўзбекис­тон Республикаси Маданият вазирлигига таклифлар киритилди. Бундан ташқари, ушбу йўналишдаги ўрганишлар натижаларидан келиб чиқиб, фракциямиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданий мерос соҳасидаги фаолиятни тубдан ислоҳ қилиш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Моддий маданий мерос соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳалари юзасидан таклифларини тегишли ташкилотларга тақдим этди.

Нурбек ЙЎЛДОШЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг