Партия олдида турган вазифалар: фаолиятни янада кучайтиришни тақозо этади

0
12

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракциянинг 2018 йил чора-тадбирлар режаси  муҳокама қилиниб, келгусидаги вазифалар яна бир бор такомиллаштириб олинди.

Йиғилишни фракция раҳбари Сарвар Отамуратов бошқарди.

— Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, халқ билан мулоқот қилиш жараёнида фракциямиз аъзолари фаол иштирок этишга интилмоқда, — деди С. Отамуратов. — Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасидан сўнг фракциямизнинг 2018 йилга мўлжалланган иш режаси қабул қилиниб, жорий йилнинг ўтган даврида шу асосида муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, фракция партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда тегишли идора ва ташкилотларга аниқ таклифларни тақдим этиб келаётир. Масалан, маданий мерос соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш юзасидан таклифлар берилди.

2018 йил, давлат дастурининг 190 банди ижросини таъминлаш мақсадида маданий мерос объектларини инвентаризациядан ўтказишда партия фаоллари, депутатлар, мутахассислар ва “Ёшлар қаноти” фаоллари иштирок этдилар. Тўпланган материаллар Маданият вазирлигига тақдим этилди.

“Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунда белгиланган маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, уларни сақлаш ва фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга ошириш тартиби ва бош­қа масалаларга тааллуқли муҳим 4 та қонуности ҳужжати ишлаб чиқилмаганлиги, архивларда сақланиб келинаётган минглаб маданий мерос хусусиятига эга архив ҳужжатларни ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини белгиловчи махсус қонуности ҳужжати қабул қилинмаганлиги сабабли, юқорида кўрсатилган қонунос­ти ҳужжатларини қабул қилиш бўйича чоралар кўришни таъминлаш юзасидан тегиш­ли идораларга таклифлар киритилди. Бундан ташқари, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳам фракциямиз аъзолари фаол қатнашди. Ҳисобот даврида 8 та қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан киритилган бўлса, шундан еттитасига фракция аъзолари ташаббус кўрсатди. Қуйи палатага киритилган 45 та қонун лойиҳасининг 17 таси бўйича фракция аъзолари масъул бўлиб, қонун лойиҳаларини такомиллаштиришга ҳисса қўшди. Таъкидлаш жоиз, фракция томонидан айни пайтда иккита — “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари тайёрланмоқда. Мазкур қонун лойиҳалари йилнинг иккинчи чорагида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, фракция аъзолари томонидан “Маданият тўғрисида”ги, “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳам тайёрланмоқда.

Йиғилишда фракция аъзоларининг ҳисобот даврида Давлат дастурлари ижроси, вазирлик ва мутасадди ташкилотларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқиладиган ҳисоботлари юзасидан парламент назоратини олиб бориш фаолияти ҳам муҳокама қилинди.

Маълумки, парламент аъзолари жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларни таҳлил қилиш мақсадида ҳисобот даврида 36 та туманда бўлди. Ўрганишлар жараёнида депутатлар аҳоли билан бевосита мулоқотлар ўтказди. Йиғилишда ЎзМТДП фракцияси аъзоларининг мазкур фаолияти натижалари ҳам кўриб чиқилди.

— Фракциядошларимиз “Халқ манфаати — ҳар нарсадан устун”, деган ғоя асосида жойларда аҳоли билан мулоқот олиб борди, ҳудудлардаги ташкилот, корхона ва муассасалар фаолияти билан танишди, — деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Акмал Умрзоқов. — Мазкур жараёнда 200 га яқин давлат органи, 614 та тадбиркорлик субъекти, 369 та ижтимоий соҳа объекти, 300 га яқин маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда 2 минг 357 та хонадон, жами 3 800 дан ортиқ объектлардаги реал ижтимоий-иқтисодий ҳолат билан яқиндан танишилиб, таҳлил қилинди. Фуқаролар томонидан асосан уй-жой, коммунал, аҳоли бандлиги,  таълим, тиббий хизмат, интерактив давлат хизматларини кўрсатиш, банк кредити, тадбиркорлик, транспорт ва йўл қурилиши каби масалалардаги мавжуд муаммолар ўртага ташланган. Уларнинг 743 таси фракция аъзолари ва тегишли маҳаллий давлат органлари ҳамкорлигида жойида ҳал этилган бўлса, 133 таси тегишли вазирлик, идора ва бошқа давлат ташкилотларига юборилди, ижроси қатъий назоратга олинди.

Йиғилишда фракция аъзоларининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш борасидаги фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, ўтган давр­да депутатлар сайловчилар ҳамда фуқаролардан келаётган мурожаатлар асосида жойлардаги вазият, электоратнинг кайфияти ҳақида хабардор бўлган, мавжуд муаммоларни ечиш бўйича тегишли ташкилотларга 20 та депутатлик сўрови юборган. Шундан 16 таси ижобий ҳал этилган, биттасига жавоб кутилмоқда, қолган учтасини 2019 йилги Давлат дастурига киритиш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, парламент ва партия сайтига келган электрон, шунинг­дек, Қонунчилик палатаси орқали фракция аъзоларига тушган жами 582  мурожаат тегишлилиги бўйича вазирлик ва идораларга юборилди ва ижроси назоратга олинди. Мазкур мурожаатларнинг 479 таси (82,3 фоизи) ўз ечимини топган, 31 таси ҳал этилмаган, 72 таси эса республика даражасида ҳал этилиши лозим бўлган мурожаатлардир.

Сарҳисоб йиғилишида партия ва фракциянинг туризм соҳасидаги фаолияти, келгусидаги режалари ҳам қизғин муҳокама қилинди.

ЎзМТДП фракцияси фаолияти, режадаги вазифалар ижроси сарҳисоб қилинар экан, ишлар талаб даражасида эмаслиги, парламент назоратини амалга оширишда барча имкониятдан фойдаланилмаётганлиги, айрим депутатлар сусткашликка йўл қўяётгани танқидий таҳлил қилинди. Фаолиятни янада кучайтириш зарурлиги, депутатлик ваколатларидан самарали фойдаланган ҳолда соҳалардаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда ташаббускор бўлиш лозимлиги қайд этилди.

Шундан сўнг фракциянинг иккинчи чоракка мўлжалланган иш режаси яна бир бор кўриб чиқилиб, белгиланган вазифаларни ўз муддатида амалга ошириш бўйича келишиб олинди. Соҳа ва тармоқлардаги мавжуд муам­моли вазиятлар юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга парламент сўрови юбориш, парламент эшитувини ташкил этиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди, таклифлар ўртага ташланди.

Йиғилиш якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан фракциянинг чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Нодир МУХТОРОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда туризмни янада ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар бугун ўз самарасини бермоқда. Ўтган қисқа муддат ичида давлатимиз раҳбарининг туризм соҳасига оид 15 га яқин фармон ва қарорлари қабул қилинди, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қатор вазифалар белгиланди. Айни пайтда ана шу ҳуқуқий асосларга таянган ҳолда туризмнинг ҳар бир йўналишини ривожлантириш, сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, туристик фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари учун солиқ ва божхона имтиёзлари бериш, имтиёзли кредит ажратиш борасида муҳим амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, айни пайтда, парламент қуйи палатасидаги ЎзМТДП фракцияси ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамкорлигида туризм соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан доимий назорат амалга оширилмоқда, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур қонун лойи­ҳасига кўра, туризм, ички туризм, зиёрат туризми каби тушунчаларга таъриф берилмоқда. Сайёҳларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, экотуризм, экстремал, зиёрат туризми каби янги йўналишлари белгиланмоқда. Туризм бўйича давлат органлари билан хусусий секторнинг ҳамкорлигига оид масалалар ўз ифодасини топмоқда. Бир сўз билан айтганда, фракциямиз аъзоларининг мазкур қонунчилик ташаббуси соҳада олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, юртимиз ва хорижий сайёҳларга қулай шароит яратишда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.

Муҳтарама РАМАЗОНОВА,
“Мilliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг