Ўзбекистон фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг янги босқичига қадам қўйди

0
11

Ўзбекистон мустақиллик йилларида ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйди. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва роли беқиёс эканини алоҳида таъкидлади.

Асосий қонунимизда жамоат ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари мустаҳкамланган. Жумладан, Конституциямизнинг XIII боби тўлалигича жамоат бирлашмаларига бағишланган. Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган 200 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур институционал база яратилди. “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”,  “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни демократлаштириш ва модернизация қилишдаги роли, аҳамиятини янги босқичга кўтарди.

Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга қаратилган ўнга яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 4 майда қабул қилинган “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мана шундай ҳужжатларнинг нав­батдагиси бўлди.

Мазкур фармон билан Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилди. Давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг тизимли мулоқотини йўлга қўйиш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг миллий моделини шакл­лантириш ҳамда давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги механизмларини, шунингдек, бундай ҳамкорлик даражасини баҳоловчи кўрсаткичларни ишлаб чиқиш маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари сифатида белгиланди. Бундан ташқари, мазкур кенгаш фуқаролик жамияти секторининг ҳолати ҳақида давлат раҳбарини хабардор қилиб боришга, фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги давлат сиёсати ҳақида жамоатчилик фикрини тизимли равишда ўрганишни ташкил этиш ва бошқа бир қатор вазифаларни амалга оширишга масъул саналади.

Фармон фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, уларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда “учинчи сектор”да банд бўлган аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида қатор имтиёзларни белгилаб берди. Хусусан, 2018 йил 1 июндан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотларининг тадбирларини рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиш талаб этилмайди, балки бундай тадбирлар ҳақида хабардор қилиш кифоя бўлади. Иккинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотларига чет давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар, чет эл фуқароларидан келиб тушган пул маблағлари ҳамда мол-мулкдан фойдаланиш масаласи рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишилгандан сўнг тўсиқларсиз амалга оширилади. Учинчидан, ажратилган грант маблағлари нодавлат нотижорат ташкилотларининг Ўзбекистондаги исталган банкда очилган махсус ҳисобварақларига келиб тушади. Улар учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси миқдори 25 фоиздан 15 фоизгача камайтирилди. Бундан ташқари, муқаддам жамоат фондлари ҳар йилги маъмурий харажатларининг, шунинг­дек, васийлик кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларига тўланадиган ҳақ ҳамда уларнинг ўз вазифасини бажаришлари билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш фонд барча харажатлари суммасининг 20 фоизидан ошмаслиги ўрнатилган бўлса, эндиликда ушбу сумма 30 фоиз этиб белгиланди. Яъни жамоат фондларига ўзларининг фаолиятини ташкил этиш учун кўпроқ маблағ жалб этишга рухсат берилмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг пенсионер ходимларига энди пенсия тўлиқ тўланади.

Фармонга мувофиқ, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ташкил этишни максимал даражада соддалаштиришга қаратилган қоидалар ўрнатилди. Хусусан, Ўзбекис­тон Республикаси Адлия вазирлигига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг рамзларини рўйхатдан ўтказиш, тадбирлари ҳақида хабардор қилиш, йиллик ҳисоботларини топшириш ҳамда чет элдан пул маблағлари, мол-мулк олишни келишишга доир ҳужжатларни электрон тарзда тақдим этишни таъминловчи тизимни ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси юклатилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозим, бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан назорат қилишнинг аниқ механизми мавжуд эмас. Бу эса назорат қилувчи органларга уларнинг фаолиятини текширишга ортиқча имкон беради. Айнан шунинг учун фармонда Адлия вазирлиги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мониторинг қилиш ва ўрганиш турлари, муддатлари, даврийлиги ва бошқа тартиб-таомилларини назарда тутувчи тартибни ишлаб чиқишга масъул этиб белгиланди.

Бундан ташқари, Адлия вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда нодавлат нотижорат ташкилотлари тақдим этадиган ҳисобот шаклларини ҳамда уни тақдим этиш тартибини соддалаштириш, улар томонидан қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий ундирувларни қайта кўриб чиқиб сезиларли даражада қисқартириш бўйича таклифлар киритиш юклатилди. Масалан, бугунги кунда давлат солиқ органларига ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этмаслик 500 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлса, нодавлат нотижорат ташкилотларининг рўйхатдан ўтказувчи органга ўз вақтида ҳисобот бермаслиги
5 миллион сўмгача, яъни ўн баравар кўп миқдорда жарима белгилашга имкон яратади. Ваҳоланки, нодавлат нотижорат ташкилотларининг асосий мақсади даромад олиш эмас. Чунки бундай ташкилотларда моддий ресурслар чекланган бўлиб, улар таъсисчи ва аъзолар ўртасида тақсимланмайди. Шундай экан, ушбу соҳа вакилларига нисбатан кўп миқдорда жарима белгилаш адолат мезонига тўғри келмайди. Улар фаолиятига оид қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдорини камайтириш айни муддаодир.

Фармон қонун ижодкорлиги жараёнида ҳам нодавлат нотижорат ташкилотларининг манфаатини ҳисобга олиш тизимини яратди. Хусусан, эндиликда ННТларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан келишиладиган бўлди.

Таъкидлаш жоиз, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўз фаолиятини олиб боришлари учун зарур бино ва иншоотларга эга эмасликлари уларни ташвишга солаётган масалалардан бири эди. Шу сабабли фармонда тегишли мутасадди идора ва ташкилотларга 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида бўш ётган, самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари негизида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”ни ташкил этиш, мазкур биноларга нодавлат нотижорат ташкилотларини ижара тўловининг “ноль” ставкасини қўллаган ҳолда жойлаштириш вазифаси топширилди.

Фармон нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашда маҳаллий вакиллик органларининг ролини оширишга қаратилганлиги билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) Кенгашларида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича доимий фаолият юритувчи комиссияларни ташкил этиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришга, уларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга доир масалалар юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг эшитувларини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.

Фармонда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг мамлакат ривожи учун қўшган ҳиссасини эътироф этиш, уларнинг бундай саъй-ҳаракатларини рағбатлантириш назарда тутилган. Жумладан, “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилиб, у мамлакатда нодавлат нотижорат секторини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган жамоат тузилмалари вакилларига ҳамда ташаббускор фуқароларга фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришга катта таъсир кўрсатган ишлари, ютуқлари учун топширилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига Ижтимоий аҳамиятга молик фаолиятни муваффақиятли амалга оширганлик учун нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳар йили мукофот бериш ва унинг танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тавсия этилди.

Умуман олганда, фармон нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатларини янада мустаҳкамлайди, уларни иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди, муҳим қарорлар қабул қилишда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва таъсирини кучайтиришга хизмат қилади.

Жаҳонгир ШИРИНОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг