Хотира, қадр — умуминсоний қадрият намойиши

0
44

Инсонни улуғлаш, кекса авлод вакилларига меҳр ва эътибор кўрсатиш энг эзгу амаллардан бири саналади. Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами — Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланиб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади, сафимизда кексалик гаштини сураётган отахонлар ҳолидан хабар олинади.

Ушбу анъана бу йил ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони, “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида муносиб давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Марказий ва ҳудудий ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида турли тадбир ва учрашувлар ташкил этмоқда, жойларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларидан хабар олаётир. Партия “Ёшлар қаноти” ва “Аёллар қаноти” маданий тадбирлар билан бирга, ободонлаштириш акцияларини ўтказмоқда.
ЎзМТДПнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенг­лик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш ҳамда бу муқаддас айёмни юксак савияда нишонлашга хизмат қилади.

ЎзМТДП Маркзий кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамкорлигида пойтахтимиздаги уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари республика пансионатида 9 май — Хотира ва Қадрлаш кунига бағишлаб “Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас” мавзусида маънавий-маърифий анжуман ташкил этилди. Унда партия Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Партия етакчиси қайд этганидек, букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиш, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиз, вазифамиздир. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнаш­чиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Ватан озодлиги йўлида кўкси қалқон бўлган ота-боболаримиз ҳамда юртнинг асл ўғлонлари хотирасини ёд этиш, шу билан бирга, орамизда яшаб, кексалик гаштини сураётган Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийларига алоҳида эҳтиром, ҳурмат кўрсатишнинг ёрқин намунаси бўлди.

Тадбирда пансионат директори Фарангиз Акрамова сўз олиб, бугун юртимизда кексалар, уруш ва меҳнат фахрийларига ҳурмат-эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, ёвга тик қараб, оловли жангоҳларда Ватан озодлиги учун курашган, фронт ортида оғир ва машаққатли меҳнати билан ғалабага юксак ҳисса қўшган отахон-онахонлар бугунги ҳурмат ва эҳтиромдан мамнун, тинч-осойишта ва фаровон ҳаёт учун шукрона айтиб, қўллари мудом дуода.

Тадбир давомида уруш қатнашчилари фронтдаги хотиралари билан ўртоқлашиб, бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш, яратилган шароитлардан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидладилар. Бу каби учрашув ва мулоқотлар тинчлик аталмиш бебаҳо неъматни асраш, шукронасини англашда, бугунги ўсиб келаётган ёш авлодни мардлик, матонат ва жасорат руҳида тарбиялаш ҳамда улар қалбида ҳақиқий ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Учрашувда фахрийлар учун концерт дастури намойиш этилди. Партия фаоллари ва депутатлар ушбу масканда фахрийлар учун яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.

Уруш ва меҳнат фахрийлари йўқланди

ЎзМТДП Марказий кенгаши, партия Тошкент шаҳар кенгаши, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман кенгашлари депутатлари ҳамда бир гуруҳ фаоллар партия етакчиси Сарвар Отамуратов бош­чилигида 9 май — Хотира ва қадрлаш умумхалқ байрами олдидан Тошкент шаҳридаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда фронт ортида тинчлик учун ҳисса қўшган фахрийлар хонадонида бўлиб, уларни байрам билан табриклаб, совға-салом улашишди.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Ўзбекистон маҳалласи Сариосиё тор кўчаси 10-уйда истиқомат қилувчи 93 ёшни қаршилаётган Анна Николаевна урушнинг суронли йилларини эсга олиб, биз урушда кўрган даҳшатларни фарзандларимиз асло кўрмасин деб, бугунги тинчлик ва дориломон кунларимизга шукрона билдирди.

Навбатдаги манзил Шайхонтоҳур тумани Катта Ҳовуз маҳалласида истиқомат қилувчи 93 ёшли Асқар бобо Жўраев хонадонида бўлди.

— 7 йил давомида, аниқроғи 1950 йилгача ҳарбий хизматда бўлдим, -дейди Асқар ота. — Урушдан сўнг меҳнат фаолиятимнинг катта қисми ноширлик соҳасида, ҳозирги “Шарқ” компаниясида кечди. Оллоҳга минг қатла шукр, фарзандлар, невара-эваралар қуршовида фаровон умр кечиряпмиз. Ҳар йили 9 май байрами арафасида хонадонимиз йўқлаб келувчилар билан гавжум бўлади. Бундан ҳам хурсандман, ҳам миннатдорман. Президентимиз бизни сийлаб беш миллион сўм нақд пул ва қимматбаҳо соат совға қилганидан бошимиз кўкка етди.

Партия вакиллари Учтепа туманидаги Журжоний маҳалласи Закариё Розий кўчаси 16-уйда истиқомат этувчи Раҳмон бобо Воҳидов хонадонида ҳам бўлди. 97 ёшни қаршилаётган нуроний отахон бошидан кечирганлари — уруш хотираларини сўзлаб берди.

— Урушдан бир оёғимдан ажралиб қайтдим, аммо бир умр оддий косибчиликда, ҳалол меҳнат қилиб, турмуш ўртоғим билан 5 нафар фарзандни вояга етказдик, — дейди Раҳмон бобо.– Биз кўрган қийинчиликларни ёш авлод сира кўрмасин, невараларим-эвараларимни кулгисини эшитиб турсам кўнглим тасалли топади.

Депутатлар Учтепа тумани Пахтакор маҳалласида яшовчи 87 ёшни қарши олаётган, нефть-газ ва ёғ-мой маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаси бўйича 150 дан ортиқ патентга эга, кимё фанлари доктори, академик, минглаб ёш мутахассисларнинг устози бўлган Муҳаббат ая Обидова хонадонида ҳам бўлишди.

— Мамлакатимизда нефть кимёси соҳасида илк ва ягона академик аёл эканлигимдан фахрланаман, – деди ая. — Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан биз академикларга кўрсатилаётган моддий ва маънавий ёрдамдан жуда мамнунман. Ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни ҳамда бошқа байрамлар арафасида депутатлар, олийгоҳ профессор-ўқитувчилари ва шогирдларим йўқлаб келиб, менга улкан қувонч улашишади.

Партия вакиллари кун давомида пойтахтнинг Яшнобод тумани Уйсозлар даҳасида истиқомат этувчи София Гилманова, Чилонзор тумани 6-даҳада умргузаронлик қилувчи Обид ота Иноғомов, Юнусобод тумани, Шиблий маҳалласида яшовчи Мухтор ота Расулов, Учтепа туманида умргузаронлик қилаётган Ольга Корниенко ва Қодир ота Азимов, Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров сингари уруш ва меҳнат фахрийлари хонадонларида ҳам бўлиб уларни байрам билан қутлашди, совға-саломлар улашилди.

Инсон қадри улуғ

ЎзМТДП Қоровулбозор туман кенгаши томонидан 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган тадбир доирасида партия фаоллари ва депутатлар ҳудуддаги қатор уруш қатнашчилари ва фахрийлар хонадонларида бўлдилар.

Ал-Бухорий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини 44-хонадонда истиқомат қилиб келаётган I гуруҳ ногирони Бахшилло ота Жабборов хонадони байрам арафасида файзга тўлди. Халқ депутатлари туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Ўткир Жумаев ва партия фаолларининг ташрифи хонадон соҳибини руҳлантирди. Меҳр-оқибат, қадр-қиммат улуғворлигига йўғрилган ушбу учрашувда Бахшилло ота осуда кунлар шукронасини тилаб дуога қўл очди, юртга тинчлик, омонлик тилади.

— “Бўстон” МФЙда истиқомат қилувчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, чинакам матонат ва жасорат соҳиби Маметжума Наврўзов хонадонида бўлганимизда отахон давлатимиз томонидан кексалар, уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан беҳад мамнунлигини изҳор этди, — дей­ди ЎзМТДП Қоровулбозор туман кенгаши раиси Карим Каримов. — Учрашув давомида туман тиббиёт бирлашмаси ҳузуридаги бошланғич партия ташкилоти етакчилари отахонни тиббий кўрикдан ўтказди, дори-дармон воситалари берилди. Инсоният тарихида бўлиб ўтган энг даҳшатли уруш йиллари хотираси, она юрт тупроғини муқаддас билган, жанг­гоҳларда елкама-елка туриб жанг қилган дўстлари ёдини эсга олар экан, 99 баҳорни қаршилаган отахон Маметжума Наврўзов, “Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, халқимиз янада фаровон яшасин”, дея дуога қўл очди.

Дарҳақиқат, инсон хотираси билан тирик, қадри билан улуғ. Бу ибора йиллар давомида келгуси авлод учун ҳам муҳим маъно касб этиб бораверади. Бугун сафимизда қарилик гаштини сураётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийларини асраб-авайлаш, уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш ҳар биримизнинг бурчимиз.

Нуронийлар — юрт ардоғида

Мамлакатимизда кексалар, айниқса, уруш ва меҳнат фахрийларини эъзозлаш, ёши улуғ инсонларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларга муносиб турмуш шароитларини яратишга доимий эътибор қаратилмоқда. Наманган вилоятида бугунги кунда 61 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 2 минг 740 нафар фронт орти меҳнат фахрийси умргузаронлик қилмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгаши томонидан қутлуғ сана арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида жонбозлик кўрсатган кексалар ҳолидан хабар олиш мақсадида “Хотира абадий, жасорат мангу!” лойиҳаси доирасида “Биз ҳамиша сизлар билан” хайрия акцияси ташкил этилди.

— Тинчлик йўлида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини ёд этиб, хайрли ишларини давом эттириш, юртимиз осойишталиги ва ривожи йўлида сидқидилдан меҳнат қилган нуронийларга алоҳида эҳтиром кўрсатиш миллий қадриятларимиздан биридир, — деди
ЎзМТДП Наманган вилояти кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Ғайратжон Тўйчибоев. — Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш куни маъно-мазмунида ҳам ана шундай эзгу тамойиллар ўз ифодасини топган. Наманган шаҳрида истиқомат қилаётган уруш фахрийлари хонадонларида ўтказилган мулоқотларда бугунги дориломон кунлар, тўкинлик ва фаровонликка осонликча эришилмаганини дилдан ҳис этяпмиз. Тинчлик йўлида ўз жонини тиккан ватандошларимизни хотирлаш, жанггоҳлардан омон қайтган ва фронт ортида матонат кўрсатганларни эъзозлаш, дуоларини олиш бурчимиздир.

— Айни вақтда шаҳримизда 10 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси кексалик гаштини сурмоқда, — дейди “Шодиёна” тантаналар мажмуаси раҳбари, халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутати Зайниддин Ҳожи-Акбар. — Уларнинг барчасига давлатимиз раҳбари фармони билан белгиланган 5 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Ҳозирга қадар уч нафар фахрий ўзлари жанг қилган мамлакатларга сафар қилиш ҳамда Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги санаторийларга бориш истагини билдирди. Уларни бир нафар кузатувчиси билан бирга бепул юборишни ташкил этиш ҳамда зарур авиа ва темир йўл чипталари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Наманган шаҳридаги “Заркент” маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, ўн бир нафар фарзандни эл корига ярайдиган қилиб камолга етказган 94 ёшли Низомхон ота Сатторов хонадони шу кунларда янада гавжум. Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла аҳли қатори ЎзМТДП “Ёшлар қаноти” фаоллари ҳам отахондан ҳол-аҳвол сўраб, ҳашар уюштириб, уй юмушларига кўмаклашди.

“Ҳақиқат” маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Шарифжон ота Нуриддинов ҳам урушнинг энг қайноқ ва қонли нуқталарида жанг қилган. 3 йил жангу жадаллар орасида юрди, урушдан қайтгач, қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилади. Кейинчалик ҳунарманд сифатида чеварчилик билан шуғулланади. Устачилик ҳам қилиб, кўплаб одамларнинг уй-жойларини қуришда фаол иштирок этди. Мустақиллик йилларидаги меҳнати муносиб қадрланиб, Шарифжон отага “Жасорат” медали ҳамда “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик нишони берилди. Отахон ҳар бир сўзида танти ва бунёдкор халқимиз эришаётган ютуқларни ҳаётий мисоллар билан тарғиб этиб, ёш ўғил-қизларни бугунги тинч, фаровон ҳаётимизнинг қадрига етишга чорлайди.

* * *

Бу каби учрашув ва мулоқотлар ҳудудлардаги барча партия ташкилотлари томонидан ўтказилаётир. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилаётган ушбу тадбирлар ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланган халқимизнинг маънавияти ривожи ва жамиятдаги барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мурувват, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, бағрикенглик, яхшилик ва саховатпешалик, кексаларга ҳурмат кўрсатиш каби миллий хусусиятларимиз тарғиботига қаратилган дастурий вазифалари, шунингдек, ёш авлодни Ватанга ҳурмат руҳида тарбиялашга кўмаклашиш сингари мақсадлари ижросига хизмат қилади.

Муҳтарама РАМАЗОНОВА,
Нурбек ЙЎЛДОШЕВ,
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбирлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг