Хўжағат — иштаҳаочар, хушбўй ва мазали мева

0
12

Хўжағат (малина) —  илдизи кўп йиллик, пояси икки йиллик ўсимлик. Бир йилда икки марта: май-июнь ҳамда сентябрь-октябрь ойларида мева беради. Меваси жуда мазали бўлиб, шифобахш хусусиятга эга. Қуритилган барги ва поясидан ҳам дори ўрнида фойдаланилади.

Меваси шарбатидан фармацевтикада, хусусан, суюқ дорилар таъмини яхшилаш учун фойдаланилади. Халқ табобатида қуритилмаган ва қуритилган мева дамламаси иштаҳа очувчи, овқат ҳазм қилишни яхшиловчи, қон тўхтатувчи (меъда, ичакда), томоқ оғриганда балғам кўчирувчи, иситма кўтарилганда ҳароратни пасайтирувчи дори сифатида ишлатилади. Шунингдек, у атеросклероз (қон томирларининг қаттиқлашиши) ва қон босими кўтарилишини даволаш учун ҳам тавсия этилади.

Хўжағат терлатиш ва пешоб ҳайдаш хусусиятига эга. У орқали организмдан барча зарарли моддалар чиқиб кетади. Шунинг учун шамоллаганда тез-тез малина мураббоси аралаштирилган чой ичиб турилади. Хўжағатда қон қуюлишини меъёрлаштирувчи, майда қон томирчаларини мустаҳкамлаш хусусиятига эга моддалар бор. Шунингдек, асаб тизими фаолияти бузилган беморлар ҳам тез-тез хўжағат истеъмол қилса, фойдадан ҳоли бўлмайди.

Яқинда олимлар малина барги ва хўжағат таркибида шифобахш бетаситостерин моддаси борлигини аниқлашди. У қон томир деворларида холестерин тўпланишига йўл қўймайди.

Ангина ва шамоллаганда малина гулларидан тайёрланган дамлама ёрдам беради. Бунинг учун 20 грамм малина гулига бир стакан қайноқ сув қуйиб, ярим соат тиндириб қўйиш лозим. Совутилган ҳолда кунига уч-тўрт маҳал бир ош қошиқдан ичилади. Терлатиш учун қуритилган хўжағат меваси дамламаси фойдали. Икки ош қошиқ мевага бир стакан қайноқ сув қуйиб, 20 дақиқа дам олдирилади. Совугач, сузиб олинади. Кунига бир маҳал икки стакандан иссиқ ҳолида ичилади.

Зумрад ТОПИЛДИЕВА ,
Янгиқўрғон туманидаги 30-умумтаълим
мактаби биология фани ўқитувчиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг