Адабиётдан ва… адабиётдан бошқа гаплар ҳақида: ёзувчи Шойим Бўтаев билан филология фанлари номзоди Марҳабо Қўчқорова суҳбати

0
17

— Яқиндагина 9 май — Хотира ва Қадрлаш кунини ўзгача руҳ ва кайфиятда кутиб олдик. Академик шоир Ғафур Ғулом айтмоқчи, сизнинг хаёлингиздан нималар кечди ва кечмоқда?

— Урушнинг даҳшатли фожиалари… Урушда бедарак кетган ўғлини дарвоза ёнида мангу кутиб, ҳар куни бир коса овқат олиб қўядиган момоларимизнинг қиёфасида унинг манзаралари акс этарди. Отаси фронтга жўнаб кетганидан сўнг туғилиб, умрбод унинг қандай киши бўлганини тасаввур этмоққа уринган уруш болаларининг ўксик нигоҳларида акс этарди у фожеалар. Шундайлардан бирининг тўрт қатор шеъри ёдимда қолган:

Мен отамни кўролганим йўқ,
Дийдорига зор бўлиб ўсдим.
Мурғак дилим қисганда алам,
Урушларни қарғадим, сўкдим…

Инсоният тарихидаги энг мудҳиш ҳодисалардан бири ҳисобланган бу уруш жабрини дунёнинг 72 давлатидан турли миллатга мансуб 110 миллион киши чеккан, 40 давлат ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар олиб борилган эди. Бу фақат айтишга осон.

— Сизнинг қатор асарларингиз, “Отам нега жим?”, “Мактаб қоровули”, “Олхўри гулга кирди”, “Қора совуқ” номли ҳикояларингиз, “Юлдузларга элтар йўл” қиссангиз уруш мавзусида…

— Тўғри. Ёдингизда бўлса, “Юлдузларга элтар йўл”да шундай эпизод бор: “Ўша тунда ҳеч қайсиси мижжа қоқмай осмонга, юлдузларга термулиб ётишипти.

“Э, худо, уларнинг кўнглига инсоф сол, — дея ўйлапти Бувиш. — Уруш бошланмасин. Тилаб-тилаб олган ёлғиз ўғлим кетиб қолса мен нима қиламан? Ўғлим қолиб отаси кетиб қолса биз нима қиламиз?”

“Э, худо, уруш бошланиб ўғлимиз кетиб қолса мен ҳам, онаси ҳам бир кун яшолмаймиз, — деб ўйлапти Ҳотам. — Яхшиси мен бориб, ўз хоҳишим билан кетсам ўғлим шу ерда қолади. Мен кетсам, ёлғиз онасининг қаровчиси бўлган ёлғиз ўғил деб уни аскарликка олишмайди. Қирқ йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади. Пешонамда бўлса қайтиб келарман.”

“Ота-онам мени шу ёшга етказиб кийинтириб боқди, — деб ўйлапти Турсунмурод. — Мен аввалроқ бориб ўз хоҳишим билан кетсам, отам қолади.”

Улар шу тариқа хаёл сура-сура саратон осмонини бўзартиришипти”.

Оқибатда нима бўлади? Ота ҳам, ўғил ҳам урушга кетиб, ёр ва она қиёфасидаги Аёл ёлғиз қолади. Унинг қалб оғриқлари ҳали-ҳануз тугамаган.

 

— Бу қиссангизни бир журналда “мавзу эски экан”, деган баҳона билан чоп этишмаганидан хабарим бор.

— Шунақа. Бундай “аллома”ларнинг замонга қараб ҳар қанча тусланишига ажабланмай қўйганман. Аммо вақт ҳамма нарсани жой-жойига қўяди. Бу қисса чоп этилмасдан туриб, сизнинг тадқиқотларингиз эълон қилинди, кўпчилик мендан уни қаердан топсам бўлади, деб сўрай бошлади.

— Ҳа, ҳақиқатан ҳам “Ўзбек неомиф насрида миф метафорик бадиий шартли восита сифатида” номли мақолам Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ўтказилган конференция тўпламида нашр этилган. Унда ҳамон матбуотда чоп этилмай келаётган ушбу қиссангизни таҳлил қилгандим.

— Уруш йилларида ўзбек ижодкорлари — шоир-ёзувчилар, театр актёрлари ва қўшиқчиларнинг уруш ҳаракатлари кетаётган жойларда учрашувлар ўтказиб ўқиб берган ватанпарварлик руҳидаги шеърлари, уюштирган концертлари ҳамюртларимиз қатори барча жангчиларнинг руҳини кўтариб юборгани ҳам бор гап. Бу даврда яратилган Мақсуд Шайхзоданинг “Жалолиддин Мангуберди” тарихий драмаси бадиий матннинг серқатламлилиги, миллий руҳнинг улуғворлиги билан ажралиб туради. Бу асарда мўғул босқинчиларга қарши мардонавор кураш олиб борган буюк ватандошимиз Жалолиддин Мангуберди тилидан айтилган “Ким юртдан ёв қувса — мендирман ўшал!” деган ўтли сатр қалбларда жасорат оловини ёқарди. Саф-саф бўлиб фронтга отланган ўзбек ўғлонлари қалбида буюк боболарига хос мардлик туйғулари аланга оларди.

Урушга сафарбар этилган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликнинг  263 минг нафари ҳалок бўлди, 132 минг 670 нафар юртдошимиз бедарак йўқолди, 60 минг 452 нафари эса ногирон бўлиб қайтди. Фронт ортидаги қийинчиликларнинг юки ҳам қизғин жанг майдонидаги курашлардан асло кам бўлган эмас. Кексалар, хотин-қизлар, болалар қўлга қурол олиб Ватан ҳимоясига отланган фарзандлари, ёстиқдошлари, ота-акалари ўрнини босишди. Жафокаш оталаримиз, фидойи оналаримиз, мунис опа-сингиллар, дилбар ёрлар иссиқни иссиқ, совуқни совуқ, кечани кеча, кундузни кундуз демай заводларда, корхоналарда, экин майдонларида фидокорона меҳнат қилишди. Эл бошига иш тушганда ҳеч ким ўзини четга тортмади — ўзбек халқининг қон-қонига сингиб кетган фидойилик, бирдамлик, бағрикенглик каби буюк фазилатлар бу даврда ҳам ўзини намоён этди.

— “Жаҳон адабиёти” журналининг 20 йиллиги муносабати билан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетидаги бир йиғилишда улуғ мутафаккир шоирнинг 500 йиллик юбилейи қамал ҳолатдаги Ленинград шаҳрида ўтказилгани ҳақида сўзлаган эдингиз…

— 1941 йилнинг 8 сентябри куни бошланган Ленинград қамали урушнинг инсоний фожеалар билан тўлиб-тошган даҳшатли даври бўлган. 872 кун давом этган бу қамалда миллионлаб одамларнинг ёстиғи қуриди. Кексалар, болалар жаҳаннам азобида боши узра ёғилиб турган бомбалар остида жон сақлашга мажбур эди. Биргина Ладога кўлига олиб борадиган йўлдан бўлак бошқа барча ҳаёт йўллари кесиб қўйилган, озиқ-овқат, дори-дармон етишмаслиги туфайли кўчаларда очликдан силласи қуриган одамлар ҳаётдан кўз юмарди. Бу жаҳаннамий азобда вафот этганларнинг тўқсон фоиздан ортиғини очлик олиб кетганини эслашнинг ўзи оғир.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейи 1941 йил охирлашиб бораётган кезларда қамал ҳолатдаги шаҳарда ўтказилишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор эди. Иккинчи жаҳон уруши бош­ланиши арафасида, 1941 йил 12 мартда Низомий Ганжавийнинг 800 йиллиги ва Алишер Навоийнинг 500 йиллигини ўтказиш ҳақида ҳукуматнинг махсус қарори қабул қилинган эди. Унга кўра икки буюк шоирнинг тўла асарлар тўпламлари ўз она тиллари ҳамда рус тилида чоп этилиши кўзда тутилган, Боку ва Тошкентда бу юбилейларни муносиб тарзда ўтказиш учун комиссиялар ҳам тузилганди.  Салтыков-Щедрин номидаги Ленинграддаги кутубхонада 1465–1466 йилларда Ҳиротда машҳур хаттот Султон Али Машҳадий томонидан тузилган Алишер Навоийнинг илк девони ҳам сақланарди. Унинг ўзига хос қизиқ тарихи бўлиб, 1829 йилда А.С.Грибоедовнинг Эронда ўлдирилиши туфайли Теҳрон кутубхонасидаги бошқа ноёб қўлёзмалар қатори хун эвазига келтирилган.

Айни лаҳзаларда буюк шоирнинг ижодий меросига ярим минг йиллик давр кўзгуси ортидан боқиб башарият тақдирига дахлдор башоратларидан озуқа олиш эҳтиёжи ҳар қачонгидан ҳам юксакроқ аҳамият касб этганини англаш мумкин. Навоий юбилейига таклиф этилган йирик шарқшунос олимлар, соҳа мутахассисларига йўлланган таклифнома шундай мазмунда эди: “Давлат Эрмитажи сизни улуғ ўзбек шоири Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейи муносабати билан ўтказиладиган тантанали йиғилишга таклиф этади. Йиғилиш 1941 йил 10 декабрь соат 10 да бошланади”.

10–12 декабрь кунлари Эрмитажнинг ўқув хонасида навоийхонлик ўтказилди. 29 декабрда эса Шарқшунослик институтида илмий кенгаш ташкил этилди.

— Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг ўлмас номини хотирлаш халқларимизнинг маданий ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга, — деган эди йиғилишни очаётиб таниқли шарқшунос олим, академик Иосиф Абгарович Орбели. — Шоир юбилейини қамал ҳолатдаги шаҳарда ўтказаётганимиз халқнинг мардона руҳини, букилмас иродасини, инсонийликнинг мангу ҳақиқатини ифода этади. Биз, албатта, қозонажак ғалабадан сўнг бундай тантаналарни ҳали кўп давом эттирамиз, зеро, шеърият мангу барқарор ҳодиса сифатида тантана қилаверади…

Ўша лаҳзада кучли портлашдан деразалар зириллаб кетади. Йиғилганлар саросимага тушганча ўринларидан туриб дераза олдига борганида Нева дарёси устида иккинчи бомба портлайди. Академик Орбели хавфсиз жойга ўтишга таклиф қилса-да йиғилганлар яна ўз жойларини эгаллайди. Академик Сергей Жебелев бу тантанани “фан байрами” деб атаган эди.

Академиклар И.Крачковский, Е.Бертельс, профессор Б.Руденконинг Алишер Навоийнинг ижоди ҳақидаги нутқлари ҳали-ҳануз фан оламида аҳамиятини йўқотмай келаётир.

Нева бўйидаги бу гўзал шаҳарни фашистлар ер юзидан супуриб ташлаш учун қурол-яроғлар билан таҳдид қилиб турган чоғида улуғ ўзбек шоири Алишер Навоийнинг буюк инсонпарварлик ғоялари, ўлмас руҳи туфайли эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалабаси башорат янглиғ янграган эди.

— Ибратли воқеа. Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида кечган катта бир тадбирда филология фанлари доктори, академик Тўра Мирзаев “Мен яқинда Шойим Бўтаевнинг “Тафаккур” журналида босилган “Мутолаа” рукнига берилган мақолаларини ўқидим, биз олимлар бошқа жиддий ижодкорларимиз қатори у ҳақда ҳам фундаментал тадқиқотлар ярата олмаганмиз, қарздорлигимизни тан олишимиз керак”, деган гапни айтди…

— Янглишмаяпсизми?

— Булар протоколга тушган гаплар. Бу фикр­ни устозимиз, филология фанлари доктори, академик Наим Каримов ҳам бошқа бир йиғилишда айтиб, тегишли топшириқлар берган. Ҳозир бу йўналишда ҳам ишлар кетяпти.

— Мен буни ёзганларим матнига муносабат, деб қабул қиламан. Умуман олганда, ижодкор ҳақида барча гапни матн айтади. Қўшиқчиларимиз баъзи энг номи кетган шоирларнинг шеърларини ҳам куйга солиб айтишаётганида матнга жиддий эътибор берсангиз, талай парокандаликлар, мантиқсизликлар борлигини пайқайсиз. Баъзан бошқаларни ерга уриш эвазига ўзимизни “шиширмоқчи” бўламиз. Бундай матнларнинг кимларгадир ёқишини эса халққа маъқул, деган сохта фикр билан хаспўшлашга уринамиз. Академик Матёқуб Қўшчоновнинг адабиётга муносабати ҳақида сўз кетганда, бир гал беқиёс шоиримиз Абдулла Орипов мурожаат қилса арзийдиган жиддий матн бўлмагани учун домла жим юриптилар, деган гапни айтганди. Бунда катта маъно бор. Бундай муносабат таниш-билишчиликни, “урҳо-сурҳо”ларни четга суриб ташлаб, ижодкор қиёфасига унинг ижоди орқали кўзгу тутиш имконини яратади. Адабиётда бундан кўра ҳалол йўлнинг ўзи йўқ.

— “Қўрғонлаган ой”, “Шох” ва “Еттинчи кун” романингиз билан танишман. Ҳар бири алоҳида бир бадиий дунё, ҳар бирининг адабий аҳолиси бор. Янги “Еттинчи кун” романингизда мозаика услубидан фойдалангансиз.

— Эҳтимол шундайдир. “Шарқ юлдузи” журналида бу асар чоп этилиш арафасида. Ҳозир китобхонларнинг дид-савияси бошқача бўлиб кетган, мутолаа ҳам замонга яраша тезкорликни талаб этмоқда. Шу боис бўлса керак, примитив-жўн материалларни бир ўқиб ташлаб юборишяпти, қолаверса, бунақа нарсалар “сариқ матбуот” деб аталадиган нашларда ҳар куни пешма-пеш босиляпти. Эшитишимча, эндигина коллежни тугатган бир қиз учта роман ёзипти. Кўча-кўйларда, жамоат жойларида улар худди киночилар каби “унақа бўлувди, кейин бунақа бўлди, кейин анавинақа”, деб бус-бутун сюжетларни гапириб ташлашади. Гўёки мана шунақа сюжети бўлса, уни амаллаб тушунтириб берса, ижодкор бўлиб кетадигандек.

— Киночилар каби дедингиз…

— Ҳа, уларда шунақа касаллик бор. “Интрига” деб аташади буни. Интригада содда томошабинни ўз домига тортиб мантиқсиз бир воқеликни ҳаётий деб унинг калласига қуйиши керак. Ойнаи жаҳон орқали намойиш этилаётган барча сериаллар ана шу асосга қурилган. Мана, турк сериалларини олиб кўринг. Хафа бўлмангу, Шарқ аёлларига хос бўлган консерватизм янада ривож топиб кетишига бундай сериаллар беқиёс ҳисса қўшмоқда. Миллионлаб аҳоли, айниқса, аёллар “Косэм”, “Ичкарида” деб аталган интригадан бўлак ҳеч қанақа маънавий озуқа бермайдиган сериаллар воқеаларига бош­лари билан шўнғиб кетган. Бу ҳам ўзига хос манипуляция ҳисобланади. Қараб туриб эсиз вақт, эсиз умр, дейсиз-да. Бундан олдин “Эсмеральда” ва яна шунга ўхшаш сериаллар бўларди. Адабиётдан узилиш одамни онгсиз мавжудотга айлантириб қўйиши ҳеч гап эмас экан.

— Кинога адабий асар асос бўлмайдими?

— Бўлиши керак, аммо бизда бунақа қилишмайди. Киночилар тиғиз воқеалар ва интригаларнинг қули, ҳақиқий адабиётда бу унчалик роль ўйнамайди. Габриэль Гарсиа Маркес, Чингиз Айтматов каби ҳақиқий ёзувчиларнинг кинога муносабати ижобий бўлмагани сабаби ҳам шунда бўлса керак, деб ўйлайман. Бу дегани кино ва адабиёт бошқа-бошқа нарса дегани эмас. Бизда адабиётнинг ўз йўли бор, киноники эса йўқ. Гоҳида унга, гоҳида бунга — кейин­ги пайтларда ҳинд киноларига тақлид қилишади. Шарқ мамлакатлари орасида Эрон киноижодкорлари ўзига хос жиддий кинолар яратишяпти, жилла қурса, шунга тақлид қилишганда ҳам бошқа гап эди.

— Шойим ака, очиғи, сиздаги ижодий тезкорлик ва потенциалга ҳавас қиламан. Романлар, қиссалар, сценарийлар, ҳикоялар, эсселар муаллифисиз. Шукур Бурҳон ҳақидаги “Шукур Бурҳон”, Одил Ёқубов ҳақидаги “Одил Ёқубов феномени”, Шукур Холмирзаев ҳақидаги “Шукур, айт-чи, ҳаёт нима?”, Игор Виталь­евич Савицкий ҳақидаги “Орфей илтижоси халоскори” каби жозибадор эсселарингиз адабий жамоатчилик, кенг китобхонлар томонидан эътироф этилган. Бу жанрнинг қайси жиҳатлари сизни ўзига жалб этади?

— Мен қаламга олаётган мавзулар, тўғрироғи, шахсларнинг беқиёслиги. Ёдингизда бўлса,
“Шукур Бурҳон” эссесига Софоклнинг “Мен одамлар қандай бўлиши лозимлигини кўрсатаман”, деган гапини эпиграф қилиб олганман. Санъат, адабиётнинг улуғвор мақсади шундай бўлиши керак. Буни идеал деб ҳам аташади. Масалан, “Орфей илтижоси халоскори”   Игор Витальевич Савицкий ҳақида. Бу одамнинг ҳаётда на уйи, на жойи бўлган. Бор-будини ўша пайтларда ман этилган авангард санъат намуналарини асраб қолишга сарфлаб юборган. Қорақалпоқ халқининг этнографиясига ҳам жуда қизиққан. Усиз қорақалпоқларнинг тарихи кемтик бўлиб қоларди. Киевда туғилиб, тақдирини Қорақалпоғистон билан боғлаган, инсониятнинг маънавий-руҳий хазинасига беқиёс ҳисса қўшган фидойи-заҳматкаш бу зот 1966 йилда Қорақалпоғистон давлат санъат музейига асос солган. Бу музей бугунги кунда Халқаро музейлар қўмитаси (ИКОМ) аъзоси. АҚШ, Франция, Германия, Италия, Япония, Россия давлатининг кўргазмаларида иштирок этади. Унда “Нукус музейининг дўстлари” клуби мавжуд. Тўқсон мингга яқин ноёб экспонатларни таъмирлаш устахонаси, ўн мингдан зиёд асарларга эга кутубхона унинг таркибида фаолият юритади. Игор Витальевич “Оқ қалъа. Умумий кўриниш”, “Қорақумда”, “Кегейли канали”, “Чимбой оқшоми”, “Қайрағочлар” сингари турли музейларда сақлаётган картиналарида график рассом сифатидаги истеъдодини намойиш этган эса-да, унинг буюк хизмати барибир Марказий Осиёдаги санъат асарларини тўплаш, қорақалпоқ маданиятининг генофондини яратиш билан белгиланади. Унинг рус маданиятига қўшган ҳиссаси эса Третьяков, Морозов, Шчукинлар фаолияти билан тенглаштирилади. 1984 йилда вафот этган Игор Витальевич Савицкий васиятига кўра Нукусда дафн этилади. Унинг қабри пойида “Гўзалликнинг буюк халоскорига миннатдор авлодлардан” деган ёзув бор. Бутун дунёдан унинг ихлосмандлари бу ерга келишади.

— “Эски арава” қиссангизда Гоголь қаҳрамонларини қайта тирилтирдингиз. Тўғри, дунё адабиёти тажрибасида бу усул синалган, ўзбек адабиётида сиз бу бадиий усулни бошлаб бердингиз. Мазкур қиссага асос бўлган сюжетни қандай топдингиз? Гоголни ўқиб-ўрганиш орқалими? Ёки Гоголь қаҳрамонларига нисбатан пародия муносабати билан туғилдими?

— Бу асарни ёзган пайтимда Ўзбекистонга “десантчилар” деб аталган, Гдлян ва Иванов бошчилигида тергов гуруҳи ташланган эди. Раҳматли Ҳожиакбар Шайховнинг жасорати билан “Сирли олам” журналида босилиб, анча-мунча гап-сўзларга ҳам сабаб бўлганди. “Эски арава” деб номланган асарга “Ўлик жонлар” поэмасининг муаллиф томонидан ёқиб юборилган дея гумон қилинган охири ёхуд ёзилмай қолган чала қисми борасиндаги саргузашт қисса” деб узундан узун жанр белгиланган. Турган-битгани киноя. Мана, унда шундай жой бор: “Сиз Петрушканинг Чичиков билан ўлик жонлар хусусида бемалол, эмин-эркин сўзлашаётганидан ажабланманг. Бу вақтга келиб, Павел Ивановичнинг барча саргузаштлари ҳаммаёққа овоза бўлиб кетган, кўп ишбилармон кишилар Гоголнинг китобини варақлаб ҳам ўтирмай, унинг нима ҳақда, ким ҳақда ёзишини аллақачон билиб олишган, бундан Чичиковнинг ўзиниям хабари йўқ эди. У  Гоголни қандайдир жинлар ҳақида ёзадиган қаламкаш деб элас-элас эшитганди. Ўзи ҳақидаги китобни ўқиганида икки мужикнинг араваси ҳақидаги суҳбатларидан огоҳ бўлиб,  буни ёзувчи қаёқдан билдийкин, деб ёқа тутамлаб қоларди.

“Вой-бўй, — деди мужиклардан бири иккинчисига, — ғилдирагига бир қара-я! Сенингча, қалай, шу арава Масковгача борса, ғилдираги чидайдими?” — “Чидайди, — деди иккинчи мужик. — менингча, Қозонгача боришга чидамас-а?” — “Қозонгача боришга чидамас”, — деди биринчи мужик. Уларнинг гапи шу билан тамом бўлди.”

Мужик деганлари содда халқ-да! Овсар десаям бўлаверади! Сал-пал узоқни кўра оладиган бўлишганида, бу араванинг мусти-мустаҳкамлигини, анча-мунча замону маконларни назар-писанд қилмаслигини билиб олишарди. Бу аравани энг зўр усталар неча йиллар жонларини жабборга бериб ишлашган. Бу арава билан ҳаммаёққа борсаям бўлаверишини билишган; аммо, унинг турли-туман жамиятлардан бебилиски ғилдираб ўтишини хаёлларигаям келтира олмаган бўлишса керак”.

Кўрдингизми, гап қаёқда? Ўтган ундоқ, кетган бундоқ деб иддао қилиш ўрнига ўзимизга ҳушёр бўлишимиз керак. Демак, иллатнинг илдизлари ҳам фақат бир жойда эмас экан. Аммо уни бус-бутун халқларга ҳам тўнтариш адолатдан бўлмайди. Бундай иллатларни рус ёзувчилари кўрсата олишгани учун Россия бугун дунёнинг етакчи мамлакатларидан бири бўлиб турибди.

— Шойим ака, болалигингиз ўтган қишлоқ, оилангиз ҳақидаги хотираларингиз билан ўртоқлашсангиз…

— Туркистон тоғларига яқин бир қишлоқда туғилиб, ўсганман. Мол, қўй боқиб катта бўлганмиз. Табиатга яқинлик қалбга жуда катта озуқа беради. Худбин, ижодий жиҳатдан қотиб қолганларнинг асосий камчилиги ҳам табиатдан бебаҳралик деб ҳисоблайман. Қишлоқларимизнинг жуда кўпчилиги туркий қавмларнинг номлари билан аталади. Кенагас, Қарабчи, Манғит, Ўроқли, Болғали, Қайирма ва ҳакозо. Қишлоғимиз Майдонча деб аталади, қир учида, кичкинагина жой эди, ҳозир анча кенгайган.

— Бир ҳамкасбимдан сизни шеър ҳам ёзади, деб эшитдим, шу ростми?

— Аҳён-аҳёнда шеър эмас, шеърга ўхшаган бир нарсаларни ўзимча қоралаб юраман, уям шеърдан кўра кўпроқ насрга мойил деб ўйлайман…

— Самимий суҳбатингиз учун раҳмат.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг