Исҳоқхон Ибратнинг бой мероси: авлодлар камолига хизмат қилади

0
37

Ватанимиз дунё тамаддуни ва илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз авлиёлар ва олимларга бешик бўлган. Хусусан, Наманган диёридаги машҳур Ахсикент, Мунчоқтепа, Айритом, Муғтепа каби меъморий ёдгорликлар ўтмишда ушбу ҳудудда ўзига хос тамаддун ва бой маданият ривожланганидан далолат беради. Бу кўҳна юртда туғилиб ижод этган Маҳдуми Аъзам Косоний, Бобораҳим Машраб, Фазлий Намангоний, Нодим Намангоний, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммадшариф Сўфизода сингари шоир ва мутаффаккирлар номлари халқимиз тарихининг узвий бир қисмидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Тўра Ибрат мемориал мажмуасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишаркан, Ибрат домланинг Ватан ва юрт тараққиёти йўлидаги фидокорона ҳаёти нафақат ўз даврида, балки бугунги кунда ҳам барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб қолаётганини, ёшларимиз шунга муносиб, юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб вояга етишлари кераклигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари 2016 йилнинг 2 ноябрь куни Учқўрғон туманида вилоят аҳли билан бўлган учрашувда буюк маърифатпарвар Исҳоқхон Ибратнинг номини абадийлаштириш, у кишига атаб замонавий боғ яратиш, ёдгорлик мажмуаси ва “Ибрат мактаби”ни ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Шундан сўнг Тўрақўрғон тумани марказида қисқа вақт ичида 2 гектардан зиёд майдонда боғ-хиёбон яратилиб, бу ерда Исҳоқхон Ибрат номидаги муаззам мажмуа барпо этилди. Шунингдек, майдон ўртасида аллома ҳайкали, миллий меъморчилик услубидаги айвон, босмахона, чет тилларга ихтисослаштирилган 300 ўринли мактаб-интернат ва тарихий меъморчилик обидасида музей барпо қилинди. Ушбу баҳаво масканда ҳозир турли манзарали дарахтлар ўстирилмоқда. Боғ ичида мусиқали фаввора қурилгани сўлим гўшанинг файзига янада файз қўшмоқда.

— Бобомиз илм ўрганишни ривожланишнинг асоси деб ҳисоблаган, — дейди Ибрат домланинг авлоди, республика Маънавият ва маърифат маркази Тўрақўрғон тумани бўлими мутахассиси Шаҳло Исоқова. — Ул зот мактаб ташкил этиб, болаларга илму маърифат улашган. Ибратнинг фарзанди бўлмиш Ротибхон бувамнинг айтишича, 1937 йилда бобомизни уч қоп қўлёзма китоблари билан қамоқхонага олиб кетишган. У киши ўз даврида кўплаб чет давлатларда бўлиб, хиёбонда одамларнинг дам олаётганини кўриб, юртида ҳам мана шундай хиёбон барпо этишни ният қилган экан. Мана йиллар ўтиб, орзуси амалга ошди. Бунинг учун Президентимизга Ибрат бобомиз авлодлари номидан катта раҳмат айтаман.

Исҳоқхон Тўра Ибрат 1862 йилда Тўрақўрғон заминида таваллуд топган. У ўз мактабида ўқитишнинг янги тизимларини таълимга олиб киради ва болаларга сабоқ бера бошлайди. Аллома юнон, инглиз, турк, араб, форс, ҳинд, урду ва рус тилларини мукаммал ўзлаштириб, энг қадимий финикия, яҳудий, сурия, юнон ёзувларини ўрганади. Серқирра ижодкор сифатида “Луғати ситта ал-сина” (“Олти тилли луғат”), “Жомеъ ул-хутут” (“Хатлар мажмуи”), “Тарихи Фарғона”, “Тарихи маданият”, “Мезон уз-замон” (“Замон тарозуси”), “Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий” каби тилшуносликка оид ва илмий-тарихий ҳамда маърифий асарлар яратган. Унинг “Илми Ибрат”, “Саҳар вақти чаман ичра”, “Шикоят”, “Қарз”, “Газета хусусида”, “Туркистон аҳлиға хитоб”, “Табрик Намангондин”, “Қалам”, “Мухаммаси Ибрат” каби кўплаб асарлари адабиётимиз олтин хазинасидан муносиб жой олган.

Ибрат домла ўлкамиздаги илк матбаачилардан бири сифатида 1908 йил Оренбург шаҳридан литографик машина сотиб олиб, уни Оренбургдан Қўқонгача поездда, Қўқондан эса Тўрақўрғонга туяларга ортиб, катта машаққатлар билан олиб келган ва ўз ҳовлисида “Исҳоқия босмахонаси”ни ташкил этган. Бу босмахона 1960 йилгача фаолият кўрсатган ва бир қатор илмий-маърифий китоб ва рисола, газеталар чоп этилган, уларни тарқатиш учун Фарғона водийси бўйлаб ўнлаб китоб дўконлари ташкил қилинган.

…Хиёбонга кирар экансиз, миллий услубда барпо этилган айвонга битилган маърифатпарвар аллома ҳикматига кўзингиз тушади:

             Ўқингиз, илму ҳикмат сизга, бу иш  катта ибратдур
             Агар илм ўрганурсиз, барча ишда сизга нусратдур.

Бу пурмаъно сўзлар боққа туташ ҳудудда фаолият бошлаган Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернат ўқувчиларининг шиорига айланган. Мазкур таълим даргоҳи Наманган давлат университети қошида ташкил этилди. Даставвал 7-10 синфларга мўлжалланган 4 та синф очилиб, унга Давлат тест маркази томонидан ўтказилган имтиҳон асосида сараланган 80 нафар билимга чанқоқ, иқтидорли ёшлар қабул қилинди.

— Мактаб-инернатда хорижий тиллар бўйича илмий ишлар қилиш, тил ўргатиш методологиясини такомиллаштиришга катта эътибор қаратяпмиз, — дейди Исҳоқхон Ибрат номидаги ихтисослашган мактаб-интернат директори, филология фанлари номзоди, доцент Зоҳиджон Содиқов. — Ўқувчилар умумтаълим фанларини ўзлаштириш баробарида олти хорижий тил — инглиз, немис, француз, араб, хитой ва корейс тилларини ҳам чуқурлаштирилган ҳолда ўрганмоқда. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессор-ўқитувчиларининг масофавий таълим асосида тренинглар олиб бориши учун зарур шарт-шароит яратилган. Замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланган синф хоналари, 2 минг 300 китоб фондига эга бўлган ахборот-ресурс маркази, 100 ўринли турар-жой ва 100 ўринли ошхона ёшлар хизматида.

Ўқувчилардаги ижодкорлик қобилиятини ошириш мақсадида клублар фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Жумладан, хаттотлик санъати клуби машғулотларига Наманган давлат университети профессори, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Асқарали Акбаров жалб этилган. Мазкур олий таълим муассасасининг ижтимоий-маданий фаолият факультети ўқитувчилари эса нотиқлик санъати ва саҳна маҳорати клуби машғулотларини ўтказади. Ёш шоира ва қаламкашлар иштирокидаги “Лирик лаҳзалар” клубида доцент, филолог олим Қодиржон Носиров олиб бораётган машғулотлар ҳам ўқувчиларга манзур бўлмоқда.

Бугун вилоятда фаолият юритаётган АҚШ фуқароси Элис Бритен хоним ҳафтада икки маротаба мактаб-интернатга келиб, ўқувчилар билан юзма-юз амалий машғулотлар олиб боради. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчиси, германиялик Симон Крешнер масофавий таълим асосида ўқувчиларнинг немис тилидаги мулоқот ва нутқ қобилиятини оширишга қаратилган машғулотлар ўтказиб келяпти. Кореянинг “КОИКА” таълим марказидан ҳам мутахассис келиши кутилмоқда. Яқин орада Германиянинг Гёте институти ва қатор немис мактаблари билан алоқалар мустаҳкамланади.

— Президентимизнинг мактаб-интернатимизга ташриф буюриб, биз ёшлар билан дилдан мулоқот қилгани унутилмас воқеа бўлди, — дейди мактаб-
интернатнинг 9-синф ўқувчиси Моҳинабону Раҳимжонова. — Юртбошимиз учрашувда маърифатпарвар аллома Исҳоқхон Ибрат номи билан аталувчи мактабимиз ҳар томонлама намунали бўлиши, бир нечта хорижий тилни биладиган замонавий кадрларни тарбиялаш лозимлигини алоҳида уқтирди. Айниқса, мактаб-интернатни аъло баҳоларга тамомлаган ўқувчиларни олий ўқув юртларига имтиҳонсиз, грант асосида қабул қилиниши биз учун қувончли янгилик бўлди.

Мемориал мажмуа ҳудудига кирувчи Ғойибназар қози мадрасаси 1891 йилда меъморчилик санъати намуналари асосида барпо этилган, бугунги кунда у маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган. Мажмуанинг маънавий-маърифий қисми саналган бу обида ўтган қисқа муддат ичида қайта таъмирдан чиқарилди. Ушбу тарихий иншоотда Исҳоқхон Ибрат музейи ўз фаолиятини бошлади. Музейдан буюк аждодимизнинг қўлёзмалари, рисолалари, фойдаланган шахсий буюмлари, суратлари, либослари, ўқув қуроллари ва уй-рўзғор жиҳозлари каби юздан зиёд қимматли ва нодир манбалар ўрин олган. Шу жумладан, осори-атиқалар орасида буюк маърифатпарвар олимнинг турли давлатларда бўлган пайтларида юртимизга олиб келган матбаа, фото ускуналари, грамафон мусиқий асбоби ҳам меҳмонлар эътиборини тортмоқда. Эзгу ва хайрли ишлари, хусусан, араб алифбосида ёзилган қонуншунослик китоби эса у кишининг қозилик фаолиятидан далолат беради. Бир сўз билан айтганда, бу мунаввар масканда Ибрат домланинг қандай ноёб фазилат ва истеъдод эгаси экани ҳақида яққол тасаввурга эга бўласиз.

Исҳоқхон Тўра Ибрат мемориал мажмуаси Наманган вилояти аҳолиси, айниқса, ёш ўғил-қизлар учун муносиб совға бўлди. Мажмуадаги боғ-хиёбонда одамлар нафақат мазмунли ҳордиқ чиқармоқда, балки маънавий оламини ҳам бойитиб бораётир. Алломанинг халқимиз учун қилган буюк хизматини қадрлаш, бой маънавий меросини асраб-авайлаш, ўқиб-ўрганиш ва тарғиб этиш йўлида бажарилган бу каби ишлар аждодларга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром, иззат, қолаверса, эзгу амалларнинг бардавомлигидан далолатдир.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг