“IN VITRO”… ёхуд ризқ-рўзимизни сақлаб қолишнинг янги усули

0
74

2017 йилнинг 9 декабрь куни мамлакатимизда илк бор Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кенг нишонланди. Тантанали маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, соҳада замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган кадрларга бўлган эътиборни кучайтириш бўйича ўзининг таклиф ва мулоҳазаларини билдирган эди.

Дарҳақиқат, бугун инновация тушунчаси жамиятимизнинг барча соҳасига жадал кириб бораётир. Тошкент давлат аграр университети “Ўсимликлар ҳимояси ва карантини” кафедраси ассистенти Расул Жумаев қишлоқ хўжалиги соҳасида ана шундай илмий изланиш олиб бораётган ёш олимлардан бири. Расул қишлоқ хўжалик экинларини зараркунандалардан ҳимоя қилишда “in vitro” усули билан кўпайтирилган паразит энтомофагларни қўллаш юзасидан илмий тадқиқот иши олиб борди. Ҳар бир куни дарс машғулотлари, лаборатория хонаси ва тажриба даласида ўтган ёш олим касбига садоқати, ўз соҳасининг билимдони сифатида 28 ёшида қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олди.

— Бугун қишлоқ хўжалик экинларини ҳимоя қилиш ҳар доимгидан-да долзарб, — дей­ди Расул Жумаев. — Боғдорчилик, сабзавотчилик, полиз экинлари ва ғўзада учрайдиган турли зараркунандаларга қарши курашишда катта миқдордаги кимёвий препаратлар қўлланилади. Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам борки, бу препарат инсон саломатлиги учун хавфлидир. Бу усул аллақачон эскирган. Чунки кимёвий препаратларни тартибсиз қўллаш оқибатида зараркунандалар тез, фойдали ҳашаротлар эса секин кўпаяди. Яна бир муаммо — зараркунандалар шу зайл кимёвий препаратга ўрганиб қолади. Иккинчи марта қўлланилганда эса зараркунанда иммунитети унга мослашади ва препарат ўз таъсирини йўқотади. Оқибатда қайтадан профилактика ишига зарурат туғилади. Бу эса ортиқча харажат демакдир. Қолаверса, аҳоли истеъмол қиладиган мева-сабзавотларга кимёвий препаратлар шу йўсинда кўп қўлланилиши турли касаллик­ларни ҳам келтириб чиқаради. Илмий тадқиқот ишимнинг долзарб томони шундаки, ўсимликларни ҳимоя қилишда биологик усулдан фойдаланиш йўлини таклиф этяпман. Бунда биолабораторияларда пара­зит энтомофагларни “in vitro” усули орқали, яъни сунъий озуқа муҳитида кўпайтиришда зараркунандаларга қарши ўз вақтида самарали кураш олиб бориш мумкин бўлади.

Дунё аҳолисининг ортиб бориши, ўз навбатида, экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабни ҳам оширмоқда. Шу талабдан келиб чиққан ҳолда республикамизда 800 га яқин биолабораторияларда фойдали ҳашаротлар кўпайтирилади. Унинг афзаллиги шундан иборатки, фойдали ҳашаротлар зараркунандаларга қарши самарали кураш олиб боради. Шу пайтгача биолабораторияларда биргина трихограммани кўпайтириш учун 90 минг тоннага яқин арпа маҳсулоти сарфланиб келинар эди. Мавсумда биолабораториялар зараркунандаларга қарши курашиш учун 60-65 кун аввал иш бошлаши талаб этилади. Бу ўз-ўзидан ортиқча сарф ҳаражат ва маҳсулот таннархининг қимматлашишига сабаб бўлади.

Ёш олим илмий раҳбари, академик Ботир Сулаймонов кўмагида олиб бораётган тадқиқоти юқоридаги муаммони ҳал этишга қаратилган. Тадқиқотнинг яна бир муҳим томони шундаки, паразит энтомофагларни биолабораторияларда кўпайтириш қисқа муддатда, яъни эски усулдан фарқ қилган ҳолда 10-12 кунда бажарилади.

Мазкур тажриба тадқиқоти ғўза кўсак қуртига қарши “in vitro” усулида кўпайтирилган паразит энтомофагларни Тошкент ва Сирдарё вилоятларининг пахта майдонларига олиб борилди ва юқори самарадорликка эришилди.

Ёш олим ҳар бир тажрибани устозлари билан чуқур мулоҳаза ва таҳлил этиб боради. Устозлари ҳам Расул Жумаевнинг ҳар бир илмий ишида кўмакдош бўлаётир.

— Шу кунларда академик Ботир Сулаймонов ғояси асосида республикамизнинг барча ҳудудида аҳолини экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш, қолаверса, республикамиз агробиоценозида учрайдиган зараркунандаларга қарши комплекс курашиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида “Ўсимликлар клиникаси”ни ташкил этиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда, — дейди  профессор Ҳожимурод Кимсанбоев. — Бунда Расул Жумаевнинг ҳам ўз хиссаси бор. Унинг илмий тадқиқот иши зараркунандаларга қарши курашишда юқори самарадорликка эришишда қўл келаётир.

Германия, Франция, Хитой ва Италияда малака ошириб, жаҳон олимларининг илмий янгиликларини ўрганган Расул Жумаев фан доктори илмий даражасини олиш юзасидан ўз тадқиқотини янада кенгайтирмоқда. У ўша усулни боғдорчилик, мош, маккажўхори, карам экинларида учрайдиган “Lepidoptera” туркуми оила вакилларига қарши қўллаш ва уларни биологик, иқтисодий ва хўжалик самарадорлигини аниқлаш бўйича олиб бораётир. Шу билан бирга бошқа турдаги самарали паразит энтомофаг турларини аниқлаш ва уларни ҳам “in vitro”  усулида кўпайтириш юзасидан ўз изланишларини давом эттиряпти. Ташаббускор, изланувчан қаҳрамонимиз фаолияти замирида мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўринга эга тармоқ — қишлоқ хўжалик соҳасининг эртанги ривожи бўй кўрсатмоқда.

Дилфуза МАҲКАМОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг