“Оқ кема”нинг оқ йўли

0
26

ХХ аср қирғиз ва жаҳон адабиётининг забардаст вакили Чингиз Айтматов сиймоси ўзбек миллати учун ҳам бениҳоя қадрли. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Маданият вазирлиги ташаббуси билан Ўзбек Миллий академик драма театрида адибнинг “Оқ кема” асари саҳналаштирилди.

“Қиёмат”, “Асрга татигулик кун”, “Жамила”, “Биринчи муаллим”, “Оқ кема”, “Сомон йўли” каби ўнлаб етук асарлари билан ўзбек халқининг қалб қўридан мустаҳкам ўрин олган барҳаёт сиймонинг “Сарвқомат дилбарим”, “Асрга татигулик кун”, “Момо ер” каби асарлари ўтган даврларда Ўзбек Миллий академик драма театрида саҳналаштирилган. Республикамизда адиб таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш борасида амалга оширилган эзгу тадбирлар сирасида “Оқ кема” асарининг саҳналаштирилиши театр ихлосмандларини беҳад хушнуд этди.

— Жаҳон адабиётининг улуғ намояндаси Чингиз Айтматов аллақачон ўзбек халқининг қалбидан муқим жой олиб улгурган, — дейди Ўзбек Миллий академик драма театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Маъсудов. — Адиб яратган пурмаъно, бадиий етук асарлар бутун дунё китобхонлари эътирофини қозонган. Театримизда улкан адиб қаламига мансуб “Оқ кема” асарининг саҳналаштирилганини муҳим воқеа сифатида баҳолаш мумкин. Маданият вазирлиги кўмаги билан саҳналаштирилган мазкур спектакль бир пайтнинг ўзида уч қардош халқ ижоди маҳсули сифатида саҳна юзини кўрди. Асарни Қозоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Абубакир Раҳимов саҳналаштирди. Театримизнинг иқтидорли актёрлари томонидан ижро этилган роллар маромига етказиб ижро қилнгани билан томошабинлар меҳрини қозонди.

Дунёни икки қутб — қариб-қартайган Мўмин чол ва унинг набираси кўзи билан кўриш, афсона ва реал ҳаёт, оила, авлодлар томонидан унутилиб борилаётган нозик қадриятлар, пок орзу-умид­лар билан бир қаторда ўкинчли армонлар, эзгулик ва ёвузлик каби туйғу-тушунчалар ўртасидаги бебақо кураш кишини тахайюлга ундайди. Ўқувчи, қолаверса, томошабинни бевосита асар қаҳрамонлари билан кўринмас ришта ила боғлайди.

— Чингиз Айтматов асарлари ичидан “Оқ кема”нинг танланиши ҳам бежиз эмас, — дейди режиссёр Абубакир Раҳимов. — Бу асарнинг мазмун-моҳияти бениҳоя кенг, қаҳрамонларнинг ҳаёти кишини бефарқ қолдирмайди, кўринишидан оддий тизмага эга бўлган асар, нафақат ўша замон, балки бугунги глобал давр учун ҳам ғоят муҳим тарбиявий аҳамиятга эга. Бош қаҳрамон — дунёда яккаш ташлаб кетилган бола тимсолида томошабин ҳаётни унинг нигоҳи билан илғайди. Ўз навбатида реал ҳаёт ва бола руҳияти ўртасидаги ботиний кураш кишини фикрлаш оламига етаклайди. Бола — ёлғиз. Унинг дўстлари “туя”, “танк”, “бўри” каби тилсиз тошлар. У шу тошлар билан овунади. Соф ва самимий руҳияти билан бобоси айтиб берган шохдор она буғу тўғрисидаги афсонага жон-қулоқ инонади. Афсона билан бирга яшайди…

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, театр репертуарида ҳали бу каби асарнинг муқобили йўқ. Спектакль бир пайтда ҳам ёш, ҳам катта авлод вакилларининг ўзаро ҳамкорлигида яратилди. Шунданки, ушбу жараён барча театр арбоблари эътирофига сазовор бўлди.

— Болалигимда улуғ ёзувчи Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема” асари асосида яратилган фильмни кўрганман, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод Муҳаммадкаримов. — Мен яратган Ўрозқул образи ўша фильмда ўзгача характерли актёр томонидан ижро этилган эди. Балки шу сабабми “Оқ кема” спектаклидаги ёвуз, тубан Ўрозқул характерини яратишим бироз қийин кечди. Чунки рол ижро этиш жараёнида кўз олдимда ўша фильм гавдаланаверди. Аммо актёрнинг маҳорати айни шундай пайтларда билиниши вазиятни бошқаришимга сабаб бўлди. Қаҳрамоним ваҳший ва пасткаш, лекин ўз ички дардига эга бўлган персонаж. Унинг фарзанди бўлмайди ва шунинг учун жамиятдан интиқом олишга уринади. Оқибатда эса улуғворлик ва тубанлик чегарасини бузиб, бадкирдор кимсага айланади.

Албатта, анчайин маҳоратли ва тажрибали актёрлар билан бир қаторда елкама-елка туриб рол ижро этган ёш актёрларимизнинг шижоати, тиришқоқлиги ҳам таҳсинга лойиқ. Улар ҳақиқатда томошабин ва театр жамоасини ҳайратда қолдирди.

Бир сўз билан айтганда “Оқ кема” асари ёш авлод вакилларининг онг-шуурида қадим қадриятларга ҳурмат, соф ва самимий орзу-мақсадларнинг рўёби, шукроналик каби туйғу-тушунчаларни шакллантирибгина қолмай, яхшилик, эзгулик сингари хислатларни-да тарбиялайди. Инсонни ҳам руҳан, ҳам маънан поклайди. Асар бош қаҳрамони бўлган боланинг бир умр балиққа айланиб қолишдек орзусида ҳам ғаройиб рамзий ифода бордек гўё. Тилсиз-забонсиз, беозор жонзот ҳисобланмиш балиқ ва оқ кема тимсолида комиллик сари элтувчи йўл тасвир этилган бўлса не ажаб.

Ўзбек Миллий академик драма театрининг етакчи актёрлари Абдураим Абдуваҳобов, Фарҳод Абдуллаев, Сайёра Юнусова, Лола Элтоева, Дилбар Икромова, Зилола Набиева иштирок этган спектаклда театр-студияда актёрлик санъатидан сабоқ олаётган Бунёд Абдуллаев ва Нурмуҳаммад Хуррамов бош қаҳрамон ролини маҳорат билан ижро этгани таҳсинга сазовор. Бевосита саҳнанинг бадиий қийматини ошириш, сермазмун, бамаъни ва фалсафий саҳна безакларини яратиш ишига бош бўлган рассом Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Бахтиёр Тўраевнинг ижодий ишлари ҳам бетакрорлиги билан ажралиб туради.

Ўзбек Миллий академик драма театри репертуарини яна бир янги асар билан бойитган “Оқ кема”га оқ йўл тилаб қоламиз.

Ислом ИБОДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон давлат санъат
ва маданият институти талабаси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг