Қадим шаҳар жозибаси: ҳар қандай сайёҳни ҳайратга солади

0
25

Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал. Саёҳатнинг моҳияти — шу. Инсоният цивилизациясининг энг қадимий бешикларидан бири бўлган Ўзбекистон ҳақида ҳам бутун дунё эшитган. Қадимий шаҳарларимиз, юртимизнинг гўзал табиатини бир марта кўришни орзу қиладиганлар жуда кўп.

Ўзининг қадимий ва бой маданияти, гўзал ва бетакрор обидалари, ноёб осори-атиқалари билан дунё сайёҳларини ҳамиша ўзига ром этиб келаётган кўҳна ва навқирон Хива шаҳри ана шундай туризм марказларидан саналади.

Мамлакатимизда барча соҳалар сингари сайёҳликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида вилоятнинг, жумладан, Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш бўйича берган таклиф ва кўрсатмаларига асосан айни пайтда катта қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг “2017-2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

— Амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар самарасида ҳудуддаги барча тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар обод бўлди, — дейди Хива шаҳар ҳокими Эркин Ёқубов. — Кўплаб янги туристик йўналишлар очилди.

Маълумки, ўтмишда ота-боболаримиз  қалъа ёки шаҳар бунёд қилмоқчи бўлса, асосий кириш дарвозасини ўзига яқинроқ жойлашган шаҳар томонга қаратган. Полвон дарвоза шаҳарнинг шарқий томонида жойлашган, уч минг йиллик тарихга эга қадимий дарвоза ҳисобланади. “Сайёҳларни кутиб олиш ва шаҳар тарихи билан таништиришни шу ердан бошласак”, деган таклифимизни вилоятимизга ташрифи чоғида давлатимиз раҳбари қўллаб-қувватлади. Кўриб турганингиздек, ҳозир бу ерда кенг кўламли курилиш ишлари олиб борилмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан 35,9 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳа ишлаб чиқилиб, Урганч-Хива йўналишида 33 километрлик темир йўл излари ётқизилди. Вокзалда ҳам сўнгги пардозлаш ишлари якунланмоқда. Вокзалдан Ичан қалъага кириб бориладиган Полвон дарвозагача 1 минг 340 метр. Ана шу оралиқда сайёҳларга сервис хизмати кўрсатувчи объектлар, ҳунармандлар устахонаси ва кўргазма ярамаркаси, савдо расталари, ресторан ва кафелар жойлашади.

Дарҳақиқат, ушбу ҳудудда йигирмадан ортиқ қурилиш объекти мавжуд бўлиб, уларда мингга яқин қурувчилар, муҳандис-техниклар ўз зиммаларидаги вазифани сидқидилдан адо этаётир, янгича кўриниш касб этиб, янада кўркамлашаётган Хиванинг тарихий обида ва маданий ёдгорликларини асраб-
авайлаш, ободонлаштириш ишларига ўз ҳиссасини қўшиш йўлида астойдил меҳнат қилмоқда. Вокзал олдида улкан фаввора ва хиёбон, “Локомотив” боғи, супермаркет, ресторан, 36, 45, 70 ва 84 ўринли — жами олтита замонавий меҳмонхона барпо этилмоқда. Бунёдкорлик ишларида “Хива локомотив” МЧЖ, “Саёҳатқурилишсервис” ихтисослаштирилган қурилиш корхонаси, “Бухоромахсустранс” МЧЖ, “Юггазстройинвест” МЧЖ каби қурилиш ташкилотлари фаол иштирок этмоқда. Шунинг­дек, Ичан қалъа музей қўриқхонаси ҳамда Дишан қалъадаги маданий мерос объектларини таъмирлаш, реставрация ишлари ҳам ниҳоясига етказилмоқда.

Бу ишлар доирасида Хивадаги Шерғозихон мадрасасида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилаётир. Хива хони Шерғозий Муҳаммад Баҳодирхон томонидан 1720 йилда қурдирилган ушбу мадраса ўз даврида “Маскани фозилон”, яъни “олимлар уйи” деб ном олган. Бу ерда замонасининг етук алломалари Мовароуннаҳр ва бошқа мамлакатлардан келган талабаларга таълим берган. Улар учун 60 дан ортиқ ҳужралар қурилган. Туркман халқининг буюк шоири Махтумқули Фироғий, қорақалпоқ шоири Ҳожи Ниёз Қўсибой ўғли, қозоқ сўфиси, мураббий Бекет ота ҳам шу мадрасада дунёвий ва диний таълим олган.

— Шерғозихон мадрасаси тарихий мажмуаси охирги марта 1985 йилда таъмирланган, — дейди тарих фанлари номзоди Комилжон Худойберганов. — Юртимизда бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, туризмни ривожлантириш, маданий мерос объектларини асраб-авайлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли ушбу мажмуа ҳар қачонгидан ҳам чиройли кўринишга эга бўлмоқда. Бу ерда мамлакатимизда ягона бўлган “Мадраса тарихи” музейи ташкил этилаётир. Музей ҳужралари ўша давр нафасини берувчи жиҳозлар, экспонатлар ҳамда турли миллат вакилларига хос интерьерлар билан бойитилади. Бу ҳар қандай сайёҳнинг ҳайратини ошириши, шубҳасиз.

Очиқ осмон остидаги музей-шаҳар — Ичан қалъанинг ғарбий эшиги ҳисобланган Ота дарвоза олдидаги катта майдон ва йўлаклар ҳам қайтадан таъмирланмоқда. Беш минг квадрат метрлик майдон сатҳига қолипланган тош қопламалар ётқизилмоқда. 26 гектар жойни эгаллаган Ичан қалъани ўраб турган пахса-деворлар ҳам таъмирдан чиқарилмоқда. Бу каби ишлар моддий ва маънавий меросимиз намуналарини сақлаш ва қайта тиклаш ҳамда уларни келажак авлодга бус-бутун етказишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

ХХ аср бошларида Акбар Исломхўжа томонидан бунёд қилинган   Нуруллабой саройи айни пайтда Президентимиз ташаб­буси билан янгидан ҳаёт бошлади, десак муболаға қилмаган бўламиз. Дастурга асосан ушбу мажмуада икки юзга яқин реставратор, ҳунарманд ва рассомлар ҳамда турли мутахассислар жалб этилган ҳолда таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бу ерда қабуллар уйи, амфитеатр, галерея, ҳунармандлар кўргазмаси фаолият кўрсата бошлади. Олтмишга яқин уста-ҳунарманд иш билан банд. Республика “Ҳунарманд” уюшмаси Хоразм вилоят, Хива шаҳар ва туман бўлимлари ҳам шу ерда жойлашган.

Ичан қалъадаги тарихий обидаларни таъмирлаш ишлари билан танишиш жараёнида кўплаб хорижий сайёҳлар ва юртдошларимиз бу ёдгорликларни зиёрат қилаётгани, мароқли дам ва маънавий озуқа олаётганига гувоҳ бўлдик.

— Ўзбекистонга бешинчи марта келишим, — дейди франция­лик сайёҳ Анни Делануа. — Юртингизнинг тарихий обидалари, осори-атиқалари, ўзбек ҳунарманд-усталарнинг бетакрор ишлари менга жуда ёқиб қолган. Ҳар сафар келганимда эсдалик учун ҳунармандчилик буюмларидан олиб кетаман.

“Бешинчи марта келишингиз бўлса, боз устига гиднинг ҳар бир сўзини берилиб ва эътибор билан эшитаяпсиз, сизни кўрган одам беихтиёр юртимизга энди қадам ранжида қилибди-да, деб ўйлаши муқаррар”, деб ўсмоқчилаб берган саволимизга у шундай жавоб қилди:

— Аждодларингиз тарихи, улар қолдирган мерос жуда бой. Уни қанчалик кўп эшитиб, томоша қилманг, такрор-такрор мафтун этаверади. Бошқаларни билмадиму, аммо менга шундай туюлади. Шунинг учун ҳам юртдошларимни кўпроқ Ўзбекис­тонга саёҳатга чорлайман. Қолаверса, осуда мамлакатингизда хорижий сайёҳлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Ҳа, юртимизнинг ҳар бир гўшаси ўзига хос анъаналари, тарихий обидалари, табиий иқлим шароити билан диққатга сазовор. Аҳоли даромадлари ошиб бораётгани ва сайёҳлик инфратузилмаси такомиллашаётгани самарасида мамлакатимизда ички туризм тобора ривожланмоқда. Юртимиз бўйлаб саёҳат қилиш, табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш анъанага айланмоқда. Зеро, мамлакатнинг сайёҳлик имкониятларини рўёбга чиқаришда ички туризмни ривожлантириш муҳим ўрин тутади.

— 1991 йилда Тошкент педиатрия тиббиёт институтини битирган бўлсак, курсдошларимиз билан анъанавий учрашувимизни ҳар гал Ўзбекистоннинг турли вилоятларида ўтказамиз,  — дейди ўшлик Дилором Абдуллаева. — Ҳам дийдор кўришамиз, ҳам саёҳат қилиб дам оламиз. Ўтган йили худди шундай учрашув Қашқадарёда бўлган бўлса, бу сафар Хоразмда йиғилдик. Хивада маданий мерос объектлари қайта тикланаётгани, олиб борилаётган улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларини кўриб, бу маскан келгусида яна ҳам обод ва кўркам бўлишига ишонч ҳосил қилдик…

Азамат САФАР,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг