Тарбия оиладан бошланади: ёхуд туғруқхоналардан бошланаётган дахмазалар ҳақида

0
33

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат бундан бир аср илгари, аниқроғи, 1914 йилда “Оила ёки оила бошқариш тартиблари” номли асар ёзган. Унда оила жамиятнинг энг муҳим ҳалқаси экани, бу борада илғор мамлакатлар тажрибасидан ўрнак олиш лозимлиги, шунингдек, ўша пайтда мавжуд бўлган кўпдан-кўп иллатлар рўй-рост очиб ташланган. Бироқ оила билан боғлиқ муаммо ва камчиликлар, афсуски, ҳозир ҳам мавжуд. Шу боис бу асар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

“Маълумки, одам биринчи тарбияни онасининг бағрида олади, — деб ёзади аллома. — Шу нарса муқаррарки, биринчи тарбия (оила тарбияси) тарбиянинг энг муҳими ҳисобланади. Унинг таъсири одам табиатига мустаҳкам ўрнашади”. Ёки “эр-хотинликнинг энг буюк мақсади — фарзанд. …Аёлнинг энг муҳим вазифаси — бу фарзанд тарбияси”, дейилади. Демак, она — тарбиянинг асосий меҳвари. Лекин ҳаммага аён бир ҳақиқат ҳам бор: аввало, тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши керак.

Афсуски, жамиятда маънавиятимизга салбий таъсир кўрсатаётган баъзи урф-
одат, маросим ва тадбирларнинг урчиб бораётганига айнан оналар сабабчи бўлмоқда. Аёлларимиз тўй-ҳашам, оилавий тадбирларда дабдабабозлик, бойлигини, “ҳеч кимдан кам эмас”лигини бошқаларга кўз-кўз қилиш, буни кимларгадир кўрсатиб қўйиш, исрофгарчиликнинг асл сабабчилари бўлиб келаётгани сир эмас.

Бундай иллатлар чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқишдан бошланмоқда. Очиғини айтганда, буларнинг барини кейинги даврларда ўзимиз ўйлаб топиб, анъанага айлантириб олдик. Чунки бундай одатлар аввал умуман бўлмаган.

Муқаддас динимизда шу пайтгача бўлмаган, ўйлаб топилган қоидаларни жорий этиш “бидъат” деб аталади. Чақалоқни туғруқхонадан дабдаба-ю асъаса билан олиб чиқиш бидъатдан бошқа нарса эмас.

Бидъатлиги аввало шундаки, чақалоқ туғилиши, унинг чилласи, бу даврдаги тарбияси билан боғлиқ асрлар давомида шаклланган анъаналаримиз мавжуд. Улар замирида халқимизнинг синовдан ўтган орзу-мақсадлари, тажриба ва хулосалари мужассам. Биз энг аввало ана шунга хилоф иш тутяпмиз.

Фарзанд — Яратганнинг бандасига берган пок ва нозик неъмати. Уни ҳатто майин эсган шамолдан ҳам, чанг-чунг, шовқин-сурон, одамларнинг назаридан ҳам асраш керак. Ота-боболаримиз бекорга фарзанд туғилган хонадонда қирқ кун чилла тутишни одат қилмаган. Она боласи билан ана шу муддат тугаганидан кейин чиллагурзон қилиб, ота-онаси ёки яқинлариникига бориши мумкин бўлган. Фарзанд ётган уйга унгача ҳар ким киритилмаган.

Ота-боболаримизнинг бундай қадим одатларини ҳозирги илм-фан ҳам яққол тасдиқлайди. Чунки бугунги тиббиёт йўргакдаги бола учун алоҳида санитария-
гигиена тартиб-қоидаларига қатъий амал қилишни зарур деб ҳисоблайди.

Биз эса бугун нима қиляпмиз? Энг аввало чақалоқни туғруқхонадан тантана билан олиб чиқяпмиз. Унга катта-кичикни етаклаб борамиз. Карнай-сурнайни вадаванг қилиб чалдирамиз. Бир неча автомобиль сигналига зўр бериб, бутун маҳаллани бошига кўтаради. Дарвозахона ёки кўп қаватли уйнинг йўлагини сунъий гуллар билан беза­тамиз. Фарзанд кўрганимизни ҳаммага кўз-кўз қиламиз. Буларнинг ҳаммасини видеотасвирга олдирамиз. Гўё буларнинг бари чақалоқ учундай. Ҳолбуки, ҳали гўдак ҳеч нарсанинг фарқига бормаса-да… Нима эмиш, катта бўлганида буларни видеодан ёзувини кўриб хурсанд бўлар эмиш…

Амалда бу ўзимизни ўзимиз кўз-кўз қилиш эмасми? Ахир, кўз-суқ деган нарсалар ҳам бор-ку, улар қаёқда қолди? Айрим кишиларнинг қарашида турли  биоқувват борлигини илм ҳам тасдиқлайди-ку. Фариштасифат, покдан-пок чақалоқни ёт назарлардан асраш моҳиятини эса тушунган тушунади…

Сирасини айтганда, кейинги пайтда биров бир нарсани бошлаб берса бўлди, бошқаларимиз буни худди ота-боболаримиздан қолган муқаддас удумдай қабул қила бошладик. Яъни ана шу янги одатга ўйламай-нетмай амал қиламиз.

Аслида-чи? Аслида бизга аждодларимиздан чақалоқни тарбиялаш, уни йўргак­лаш, бешикка белаш, сочини олиш, яхши юриб кетишини таъминлаш, мускулларини ривожлантириш, тилининг равон чиқишига кўмаклашиш билан боғлиқ қанчадан-қанча гўзал удумлар етиб келган. Энг ёмони, ўзимиз кейинги вақтларда яратиб олаётган одатлар айнан ана ўша асрий удумларимизнинг унутилишига олиб келмоқда.

Миллий мерос — кенг тушунча. Миллий урф-одатларимиз, маросимлар, анъана ва қадриятларимиз ҳам миллий меросга киради. Узоқ тарихий илдизга эга бу мерос замирида эса юксак маънавий қадриятлар ётибди. Халқнинг эътиқоди, миллий мафкураси ҳам шулар асосида шаклланади. Улар халқнинг маънавий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда пайдо бўлиб, ўз мазмунида шу юрт кишиларининг орзу-ҳаваси, турмуш тарзи, маънавий даражасини намоён этади. Халқимизнинг ҳар бир урф-одати, фазилатида теран миллийлик бор.

Шундай экан, китобларда урф-одатларимиз, тўйларимиз, оила, фарзанд тарбияси ҳақида қолдирилган фикрларга бефарқ, беписанд бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Хусусан, халқимизнинг бола тарбияси билан боғлиқ бой меросини кўз қорачиғидек асраб-авайлашимиз, бунинг учун уларга оқилона амал қилиб боришимиз, моҳиятан маънавиятсизлик белгиси бўлган янги-янги одатларни урфга киритишдан сақланишимиз зарур.

Хўш, бу ўйлаб топилган тадбирларни ўтказишдан кимга фойда-ю кимга зарар?

XIX аср иккинчи ярми — XX аср бошларида яшаган буюк татар маърифатпарвари Ризоуддин ибн Фахруддин “Оила” асарида: “Ҳар бир хотуннинг ақлини ўлчамоқчи бўлсангиз, унинг қўл остидаги болаларига боқинг!” — деган фикрни келтиради. Бола тарбияси эса унга сарфланган маблағ билангина белгиланмайди. Китобнинг “Тўй” деган фаслидаги яна бир жумлага эътибор қилайлик: “Ёлғиз авом мадҳини эшитиш учунгина ақлли кимса ўз молини нобуд этмас. Маишати кўтармагани ҳолида бошқаларга тақлид этиб, сармоясини совурмас”.

Демак, бундан бир аср муқаддам ҳам мусулмон халқлари ўртасида тўй қилиб, шуҳрат топиш иллати бўлган. Ўша замонларда ҳам зиёлилар бунга қарши курашган. Ризоуддин ибн Фахруддин сармояни бекордан-бекорга сарфлаб, дабдабали тўй қилишларни фақатгина кўпчиликнинг орасида бойлигини кўрсатиш, сунъий равишда шуҳрат топишдан бошқа нарса эмаслигини очиқ ёзяпти.

Фарзандларимизни туғруқхонадан олиб чиқиш билан боғлиқ ҳолатлар маънавиятимиз, азалий қадриятларимиз, миллий тийнатимизга ёт одатларга асосланаётгани бугуннинг долзарб муаммосига айланиб боряпти.

Бундай маросимлар мамлакатимиз оилалари иқтисодига, маънавий оламига салбий таъсир ўтказаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айни шундай муаммоларни бартараф этиш учун “Оилада фарзанд туғилиши муносабати билан ўтказиладиган маросимлардаги дабдабабозликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаси” ишлаб чиқилди. У Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Хотин-қизлар қўмитаси раи­си Танзила Норбоева томонидан шу йилнинг 5 мартида тасдиқланди. У режа Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус вазирликлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Респуб­лика Маънавият ва маърифат маркази, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон миллий телерадио­компанияси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамкорлигида тайёрланган.

Ундаги тўрт бўлимнинг номланишидан ҳам мазкур режадаги чора-тадбирлар моҳияти ва аҳамиятини тушуниб олиш мумкин: “Фарзанд туғилиши билан боғлиқ миллий маросимлар ҳақида тарғибот-ташвиқот ишларини ташкиллаштириш”, “Фарзанд туғилиши билан боғлиқ маросимларни ўтказишда аҳоли томонидан йўл қўйилаётган дабдабабозликларнинг олдини олиш”, “Тиббиёт ходимлари томонидан она ва бола саломатлиги юзасидан тушунтириш ишларини кучайтириш”, “Фарзанд туғилиши билан боғлиқ миллий маросимлар юзасидан диний ва маънавий тарбияни шакллантириш”.

Хонадонда фарзанд туғилиши, шубҳасиз, чинакам бахт ва байрам. У хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин, шукрона қилишимиз керак. Ота-она, аввало, унга яхши, чиройли, фарзанд улғайганида норози бўлмайдиган бир исм топиб қўйиши керак. Мусулмончилик анъанасига кўра, кейин қулоғига исмини айтиб, азон ўқитилиши лозим. Қолаверса, бешикка белашнинг ҳам қанчадан-қанча анъана ва удумлари бор. Масалан, Бухорода болани бешикка белаётганда у бир неча карра бошини бир оёқ тарафга, бир бош тарафга қилиб ётқизилади-да, атроф­дагилардан: “Чаппами, роста?” (“Хато ётқизилдими ёки тўғрими?” маъносида), — сўралади. Охири тўғри ётқизилган ҳолатида қолдирилиб, беланади. Бунинг замирида катта маъно бор: “Ҳаётда хато ва тўғри йўл бор, бола улғайиб, фақат тўғри йўлдан юрсин!” — дегани бу.

Бешик бизнинг биринчи уйимиз. Шу боис Ватан рамзи сифатида қўлланилади. Бола киндигини бешикка бойлаш замирида ҳам Ватанга садоқат ғояси мужассам. Чақалоқнинг кесилган киндиги бола улғайиб, бешикни тарк этгунига қадар унинг чўпига боғлаб қўйилади. Кейин эса у бир мевали дарахтнинг тагига кўмилади. Нима учун? Бунда ҳам эзгу орзу-мақсад мужассам: бола улғайиб, вояга етиб, ана шу мевали дарахт сингари фарзандлар кўрсин!

Мана буни гўзал ибрат, намуна, урф-одат деса бўлади. У кишида Ватанга, эл-улусга муҳаббат туйғусини уйғотади, ватанпарварликни шакллантиради.

Чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқиш учун буюртма берилган автомобилнинг энг паст нархи — 150 доллар. Бу тадбирда турли кийимларни кийиб, иштирок этадиганларнинг (Масалан, эртак ёки мултфильмлар қаҳрамонлари — Маша,  Медведь ва бошқаларнинг) ҳар бирига камида 50 доллардан бериш керак. Карнайчи, сурнайчи, ноғорачилар ҳам бепул хизмат қилмайди, албатта. Сураткаш, видеотасвирчиларнинг ҳам ўзига яраша “нарх-наво”си бор. Автомобилни, ҳовли ёки кўп қаватли уй йўлагини сунъий гуллар билан безатиш ҳам — харажат.

Фарзандлик бўлган она ҳам туғруқхонадан “текинга” чиқмайди. Нечанчи фарзанд кўрганидан қатъи назар, унга янги сарпо-суруқ қилиш зарур. Туғруқхонага гўзаллик салони ходимининг ташрифини уюштириш лозим. Бундай дабдаба-ю асъ­аса бўлаётган маҳалда туғруқхона ходимлари ҳам “қуруқ” қолдирилмаслиги керак, албатта. Буларнинг бари оила бюджетидан сарфланади.

Яратганга шукр, мамлакатимиз тинч. Ҳаракат қилган одам ёмон яшамаяпти. Биз тилга олган харажатлар айрим оилаларнинг молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатмаслиги табиий. Аммо масаланинг иккинчи, маънавий томони бор-да. Бизда тақлидга мойиллик кучли. Кучи етган ҳам, етмаган ҳам кимдир нимадир қилса, “менинг ҳам кам жойим борми”, қабилида йўл тутади. Бойлигини кўз-кўз қилаётганлар ўзи билган-билмаган ҳолда жамиятда салбий урф-одатни жорий этишга ҳисса қўшяпти. Бунинг ҳам савол-жавоби борлигини ўйлаб кўраётгани йўқ.

Энг ёмони, бундай дабдаба-ю асъасага, аввало, аёлларнинг ўзи сабабчи бўляпти. Кузатишларимиз бу борада ҳамма ташаббус хотин-қизлардан чиқаётганини кўрсатаётир. Шундай аёлларимиз ҳам топиладики, улар кўргани-ю эшитганини оила бошлиқларига айтиб, бажартириши керак. Қолгани билан уларнинг иши йўқ — “менга деса тош ёғмайдими?!”

Энди биз юқорида тасвирлаган тадбирни ўтказишга қурби етмаган оила бошлиғининг аҳволини кўз олдингизга келтиринг. У нима қилади? Кимлардир ўйлаб топган “қонун-қоида”лардан воз кечиб қўя қолади, деб ўйлайсизми? Йўқ-да. Бировдан қарз олиб бўлса ҳам, шундай қилади.

Хўш, энди ана шу қўли калтароқ оилада чақалоқни замонавий талаблар асосида парваришлаш, эмизикли боласи бор онани сифатли маҳсулотлар билан боқиш учун сарфланиши лозим бўлган маблағ қарз узишга кетадими? Ахир, бу билан биз норасида гўдагимизнинг ризқини қиймаяпмизми?! Янада аниқроқ айтганда, бу келажак дарахтнинг илдизига болта уриш билан баробар эмасми?!

Буни оналарнинг ўзи ўйлаши керак, аслида. Она оқила аёл бўлса, оила иқтисодини ҳисобга олиб, халқона айтганда, кўрпага қараб оёқ узатиши, боласининг келажагини ўйлаб иш кўриши лозим-ку?!

Аслида, илк фарзанд кўрган ота-онанинг қариндош-уруғлари ўзаро тўпланиб, оилада янги бир инсон туғилгани, ёшлар ота-оналик бахтига муяссар бўлганига шук­рона қилиш ниятида дастурхон ёйишган. Унда онага фарзандини мукаммал тарбиялаб, вояга етказиши, отага эса унинг ўсиб улғайиши учун барча иқтисодий ва маънавий имконият, шарт-шароит яратиб бериш вазифаси юкланиши тадбирнинг мақсади қилиб олинади…

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоиз, муқаддас динимиз ва дунёвий илм-фанда бола тарбияси ва таълими билан боғлиқ жуда катта тажриба тўпланган. Айниқса, ёш ота-оналар бундан бохабар бўлиши зарур. Чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқиш билан боғлиқ беҳуда харажатлар ўрнига ҳар бир оила эру хотин муносабатлари, бола тарбияси билан боғлиқ илмий ва илмий-оммабоп нашрларни сотиб олса, ўқиса ва унга амал қилса, нур устига нур бўлар эди. Зеро, фарзанд тарбиясида, аввало, ота-онанинг шахсий намуна бўлиши жуда муҳимдир.

Зиёда ҒАФФОРОВА,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази масъул ходими

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг