Тарғибот — самарали ижро омили: Адлия вазирлиги қонун ҳужжатларини аҳоли орасида тарғиб қилишда оммавий ахборот воситаларини ҳамкорликка чорлади

0
7

Жамият ривожланиши учун нафақат қонун ҳужжатларини қабул қилиш,  балки уларнинг кенг жамоатчилик орасида тарғиботини таъминлаш, ижросини назорат қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунда, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Шу боис Адлия вазирлиги қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш, янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида ҳар ҳафта “Адлия ахбороти” номли брифинг ва матбуот анжумани ташкил этиб келмоқда.

Навбатдаги брифингда 11 қонун ҳужжати — Президентимизиннг 7 фармони ва қарори, ҳукуматнинг 4 қарори ҳақида атрофлича маълумот берилди. Мазкур фармон ва қарорларда белгиланган ҳуқуқий нормалар билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган янгиликларга эътибор қаратилди.

Брифингдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида қонун ҳужжатларидаги қатор асосий тушунчалар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Масалан, Президентимизнинг 2018 йил 4 майдаги “Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки ва “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкининг молиявий ҳолатини яхшилаш ҳамда фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда “Paynet” ёпилаяптими?” мазмунидаги муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Халқ банки мутахассиси ушбу мулоҳазалардан келиб чиқиб изоҳ берди: тўғри, “Uzpaynet“ МЧЖ тугатилди, лекин унинг ўрнида янги “Рaynet” бренди остида мазкур фаолият давом эттирилмоқда.

Анжуманда Адлия вазирлигида тайёрланаётган “Ўзбекистонда сўз эркинлиги кафолатларини кенгайтириш ва оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳаси юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар алмашилди. Журналистлар мазкур ҳужжат лойиҳасида чоп этилаётган муаллифлик материалларига жавобгарлик масаласини аниқлаштириш, журналист сўровига мувофиқ ахборотларни давлат органларидан ўз вақтида монеликсиз олиш, ижтимоий тармоқларда бериладиган ахборотларнинг ҳаққонийлигини ўрганиб, улар устидан назорат лозимлиги ҳақида таклиф-мулоҳазалар билдирди.

Бу каби брифинг ҳамда матбуот анжумани ҳар ҳафта жума куни “Тараққиёт стратегияси” марказида бўлиб ўтиши маълум қилинди.

Мухторбек АБДУЛЛАЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг