Қуйи ташкилотлар фаолияти таҳлилига бағишланди

0
14

Сиёсий партия фаолиятида, айниқса, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда бошланғич ташкилотлар муҳим ўрин тутади. Шу боис, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Агар ўтган йил якунида уларнинг сони 472 тани ташкил этган бўлса, сўнгги уч-тўрт ой ичида яна 21 та қуйи ташкилот фаолияти йўлга қўйилди. Бу эса жойларда халқ билан мулоқот кўламини кенгайтириш, тарғибот ишларини янада кучайтиришга имкон яратмоқда. Яқинда вилоятда бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини янги босқичга кўтариш масалаларига бағишланган семинар-тренинг ташкил этилди. Унда қуйи ташкилотлар олдида турган долзарб вазифаларни шакллантириш, иш олиб бориш усуллари ҳамда фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган масалаларга эътибор қаратилди.

Тадбирда партия вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси девони раҳбари Сайдулло Абдураимов янги ғоя, ҳаётий ташаббус, амалий ҳаракат қуйи бўғинлар фаолиятини такомиллаштиришнинг муҳим шарти эканлигини таъкидлади:

— Барчамизга маълумки, бошланғич партия ташкилоти — партиянинг асоси. Бундай ташкилот камида партиянинг уч аъзоси бирлашган жойда тузилади. Бугун улар билан ишлаш тизимини янада кучайтиришимиз лозим. Ҳар бир масалага ёндашишда, аввало, қуйи бўғинларнинг таклифларини ўрганишдан бошлашимиз мақсадга мувофиқ.

Семинар давомида партия вилоят кенгаши етакчи мутахассиси Жасур Сайдалиев партия сафига янги аъзоларни қабул қилиш, бошланғич ташкилотларнинг йўриқнома ҳужжатларини юритиш тартиби, партия дастурини тарғиб этишдаги вазифалари борасида машғулот олиб борди, слайдлар асосида янгича услуб ва тавсияларни тақдим этди. Маълумки, ЎзМТДП уставига асосан қуйи бўғинлар туман ва шаҳарларда бевосита партия аъзоларининг яшаш жойи ва иш жойига мувофиқ тузилади. Қуйи ташкилотлар аҳолининг турли қатламлари вакиллари билан бевосита иш олиб боради ҳамда уларнинг мурожаатларини ўрганиш имкониятига эга бўлади. Бошланғич ташкилот ҳар томонлама билимли, обрў-эътиборли ҳамда сиёсий етук ва ижтимоий фаол бўлган партия аъзоларининг ихтиёрий бирлашуви асосида туман (шаҳар) партия кенгаши йиғилиши қарори билан ташкил этилади. Бунинг учун сиёсий етакчи ёки партия фаоли ташкилот фаолиятига доир меъёрий ҳужжатларни яхши билиши лозим. Чунки, партия фаолларининг асосий дастаги бу — қонун ва унга тегишли ҳужжатлардир. Қолаверса, партиянинг сайловолди Платформаси ҳамда янги лойиҳалари жойлардаги ижроси самараси бошланғич ташкилотлар фаолияти билан бевосита боғлиқ. Шу боис ҳар бир лойиҳани, аввало, қуйи бўғинларга етказиш, уларнинг таклифларини олиш мақсадга мувофиқдир.

Семинар-тренинг иштирокчилари амалий машғулотлар мобайнида гуруҳларга бўлинган ҳолда партиянинг йирик лойиҳалари юзасидан ўз тақдимотларини ишлаб чиқди. Тақдимотда ҳар бир гуруҳ ўзига юклатилган мавзу юзасидан мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш бўйича таклифлари ҳамда эришиладиган натижа ҳақида маълумот бердилар.

Семинарда бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада фаоллаштириш, ижтимоий аҳамиятга молик муаммо ва масалаларни ўрганиш, вазиятни олдиндан прогнозлаш, самарали таҳлил қилишда партия фаоллари олдида турган вазифалар юзасидан фикр алмашилди.

Даврон ОРИПОВ,
ЎзМТДП Бойсун туман кенгаши раиси:

— Сиёсий партиялар тизимида бошланғич ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш бугунги куннинг муҳим вазифасидир. Уларнинг самарали фаолияти, айниқса, партия хайрихоҳлари сонининг ортишида муҳим ўрин тутади. Бошланғич партия ташкилотлари етакчилари ва фаолларининг бу борадаги билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган мазкур семинар давомида улар ўзлари учун керакли маълумотларга эга бўлди. Янги ташкил этиладиган қуйи бўғин учун тайёрланадиган ҳужжатларни ҳамма ҳам яхши билмайди. Шу боис, бу борадаги маъруза ва амалий машғулотлар ҳар жиҳатдан фойдали бўлди. Айниқса, партия ташкилотлари ва депутатларнинг ҳамкорликда жойларда лойиҳалар асосида ишлаб чиққан дастурлари эътиборга молик.

Бойсун туманида ҳунармандчилик кенг ривожланган. Семинар-тренинг давомида бу соҳани ривожлантиришда дуч келинаётган муаммолар, таклифлар, партия ташкилотлари томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган ишлар юзасидан билдирилган тавсиялар асосида навбатдаги вазифалар белгилаб олинди.

Зуҳра НОРБОЕВА,
ЎзМТДП Шеробод туман кенгаши
қошида ташкил этилган бошланғич
партия ташкилоти етакчиси:

— Бугунги семинар-тренинг давомида жамоатчиликни ЎзМТДП фаолияти ва лойиҳалари билан янада чуқурроқ таништириш, партия дастурий мақсадларини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш, бунда бошланғич ташкилотлар фаоллигини кучайтириш юзасидан фикр алмашилди. Амалий машғулотлар давомида зиммамизга юкланган вазифаларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари ва ҳужжатлар билан ишлаш борасида етарли маълумот ва кўникмаларга эга бўлдик. Айни жараёнда эришилган натижалар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаётган имкониятлар таҳлил этилди. Семинарда гуруҳларга бўлинган ҳолда барча туманлардан келган партиядошларимиз билан муштарак мақсадлар асосида янги лойиҳалар ишлаб чиқиш борасида тажриба алмашдик, натижалар таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш вазифалари белгилаб олинди.

Бир сўз билан айтганда, бугунги семинар фаолиятимизни таҳлил қилиш, илғор тажрибаларни ўрганиш, бошланғич ташкилотлар фаоллигини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Бу иш фаолиятимиз самарадорлигини янада ошириш ва сифат жиҳатдан яхшилашга кўмаклашади.

Наргиза ШАЙДУЛЛАЕВА,
ЎзМТДП Сурхондарё вилоят
кенгаши матбуот котиби

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг