Миллий гиламдўзлик: қадимий, бой ва ранг-баранг: ҳунармандларимиз маҳоратини акс эттирувчи алоҳида музей ташкил этилса…

0
40

Болалигида учар гилам ҳақидаги эртак ёки афсоналарни тингламаган ва ана шундай гилами бўлишини орзу қилмаган инсон топилмаса керак. Учар гиламлар бизни гўё ўз орзуларимизга етказадиган, истаган манзилимизга кўз очиб юмгунча олиб бориб қўядиган мўъжиза сифатида болалик хотираларимиздан чуқур жой олган. Бу, ўз навбатида, хонадонларимиз кўрки бўлган гиламларнинг яралиш тарихи олис ўтмишга бориб тарқалишидан яққол дарак беради.

Дарҳақиқат, гиламлар, гиламдўзлик санъати xaлқ амaлий безaк сaнъaти, ҳунармандчиликнинг кенг тaрқaлгaн тури ҳисoблaниб, кўп aсрлик миллий aнъaнa вa узoқ тaриxгa эгa. Унинг қадимийлиги ва тaриxий aҳамиятини дунё xaлқлaри музейлaридa сaқлaётган гиламдўзлик ёдгoрликлaри, aрxеoлoгик тoпилмалaр, турли кoллекциялaр, бaдиий фoндлaр, шунингдек, тaриxий қўлёзмалaр ҳам яққол тaсдиқлaйди. Маълумoтлaргa қaрaгaндa, энг қaдимги — эрамиздaн aввалги V aсрлaргa мансуб қўлдa тўқилгaн гиламлaрдaн бири 1949 йилдa aрxеoлoглар тoмoнидaн Oлтoй тoғи музликлaридaн тoпилгaн. У 2500 йил давомида музлик ичида қoлиб кетганигa қaрамaй, деярли шикaстлaнмай сaқлaнгaн. Бу эса гиламдўзлик қадимий ҳунар эканлиги, уни тўқишда ўша пайт­да катта тажриба ва маҳoрaт шаклланганидан дaлoлaт берaди. Ҳозирда ушбу гилам Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Эрмитaж музейидa сaқлaнади.

Гиламдўзлик, жумладан, Шарқда ҳам кенг тарқалган бўлиб, “Хива гилами”, “туркман гилами”, “озарбайжон гилами”, “эроний гилам”   каби атамалар бе­жиз пайдо бўлмаган, улар бетакрорлиги ва юқори сифати билан дунёда довруғ қозонган. Тaриxий манбaлaрнинг гувoҳлик беришичa, қaдимдaн Уссури, Бoбил, кейинчaлик Эрoн, Ҳиндистoн, Туркия гиламлaри машҳур бўлгaн.

ХII aср қўлёзмалaри ўшa дaврлaрдa гилам тўқиш сaнъaти Ўртa Oсиёдa, шу жумлaдaн, ҳозирги Ўзбекистoн ҳудудида ривoж топганлигини тасдиқлайди. Айниқса, XIV aсрнинг  иккинчи ярмидa Ўртa Oсиёда гиламдўзлик санъати кенг  ривoжлaнган. Гилам тўқиш устахоналарида ҳам xoрижий, ҳам маҳаллий усталар меҳнат қилган. Темурийлар даврида асосан эроний ва туркий анъана уйғунлашган, ХVI асрдан бошлаб Мовароуннаҳрда даштиқипчоқ ўзбек қабилаларининг гиламдўзлик намуналари кенг тарқалган. Туркий халқлар ҳунармандлик анъаналарининг ўзаро уйғунлиги ва мутаносиблиги ўзбек миллий гиламдўзлик маданияти асосини ташкил этади.

— Юртимизда гиламдўзлик ва кигиз босиш халқ ҳунармандчилигининг қадим турларидан бири сифатида ярим кўчманчи (чорвадорлик) тарзида ҳаёт кечирадиган жун маҳсулотларига бой маҳаллий қабилаларнинг асосий машғулоти бўлган, — дейди Респуб­лика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси ўринбосари
Акобир Ҳакимов.
— Гиламдўзлик Ўрта Осиё, хусусан, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида қадимдан ривожланган. Буни Хоразмдаги археологик изланишлар пайтида топилган милоддан аввалги биринчи минг йилликка мансуб гилам намунаси ҳам тасдиқлайди. XX асрнинг 30-йилларидан кейин пат боғлайдиган махсус дастгоҳлар пайдо бўлди, артеллар тузилиб, уларга халқ усталари жалб қилинди. Ушбу дастгоҳлар воситасида турли услубдаги сифатли гиламлар, майда рўзғор буюмлари ишлаб чиқарилди.

Ушбу ҳунармандлик тури юртимизда кенг тарқалган бўлиб, айни пайтда у билан йирик корхоналардан ташқари  қарийб 30 минг уй хўжалиги шуғулланади. Бугунги кунда асосан Фарғона водийси, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида анъанавий мактаблар сақланиб қолган бўлиб, улар ушбу ҳунармандлик тури марказлари сифатида фаолият кўрсатмоқда. Гилам тўқиш санъати асрлар давомида наслдан наслга ўтиб келаяпти. Жулхирс, гажарий, кохма, окэлен, терма, тақир гилам — булар узун ва қисқа патли ҳамда патсиз гиламлар ҳисоб­ланса, бўғжома, жойнамоз, напрамач, хўржин, тўрва, жабдук, ўтов жиҳозлари соф гиламдўзлик буюмлари саналади. Ҳунармандликнинг асосан аёллар шуғулланадиган ушбу тури ниҳоятда сермашаққат иш, тўқувчидан қунт, дид ва маҳорат талаб қилади. Республика “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо юзлаб ҳунармандлар меҳр ва юксак дид билан тўқиётган турли йўналишдаги гиламларга миллийлик руҳини сингдириб, зеб беради. Уларнинг қўл меҳнатлари намуналари турли кўрик-танлов ҳамда кўргазмаларда кенг намойиш этилмоқда. Гиламдўзлик маҳсулотларининг сифати ва дизайни, турлари, ранг-баранг кўринишлари нафақат юртдошларимиз, балки чет эллик меҳмонлар, сайёҳларни ҳам лол қолдираётгани ҳар биримизни беҳад қувонтиради. Юртимизда ҳунармандлик ва унинг турларини ривожлантириш, ҳунармандлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилиб, Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди. Ҳунармандликнинг кенг тарқалган тури — гиламдўзлик анъаналарини сақлаб қолиш, ривожлантириш, уни авлоддан-авлодга бус-бутун етказиш, соҳани кенг тарғиб қилиш ва янада кенгайтириш бугунги куннинг муҳим вазифасидир.

Ватанимиз — қадимий ва бой тарихи, бетакрор маданияти билан шуҳрат қозонган. Мамлакатимизда гиламдўзликнинг бир неча тури, йўналиши ва услублари бор. Гиламлар асосан жун, ипак, каноп, пахта ва бошқа иплардан тўқилади. Ушбу ҳунарни эгаллаш кишидан қунт, сабр-тоқат ва синчковлик талаб этади. Гилам тўқиш учун қирқилган жунлар ювилиб тoзаланади, темир тарoқларда таралиб, ундан ип йигирилади. Иплар ўсимликлардан тайёрланган турли табиий бўёқларда бўялади. Шунинг учун гиламлар ранги ўзгармайди ва ўзининг сифатини йўқoтмайди. Тўқилишига кўра гиламнинг патли ва патсиз, безагига кўра нақшли ва мавзули турлари мавжуд. Яратилишига кўра тўқима, тикма ва босма турлари кенг тарқалган. Ижро усули, сифати ва мужассамотининг мураккаблиги билан қўлда тўқиладиган гиламлар бетак­рордир. Улар турли ҳажмда тайёрланади.

Ўзининг дизайни, ранги ва нақшларга бойлиги, ижро усули ва бадиий жиҳатдан ажралиб турадиган турфа гиламларда ислимий ва гириҳ нақшларда ҳайвон шакллари, турли нарсалар тасвири, безакларида йўлбарс ва туя излари, олма гули, узум занги, туя бўйни ва ўсимликлар ифодаланган. Мужассамотининг берклиги, марказий майдоннинг нақшли ҳошия билан ўралганлиги Ўрта Осиё гиламларига xoс хусусият саналади. Накшнинг аниқ ва гўзал бўлиши, рангларининг уйғунлиги уларнинг бадиий қимматини оширган. Одамлар сурати солинган турли шакл, безак-нақшли гилам буюмлари асосан, уй ва иш жойларига совға учун мўлжалланган.

Яқинда Интернетдаги бир ахборот сайтида қўлигул ҳунармандларимиз тўқиган заргилам ҳақида ўқиб қолдим. Халқаро экология, инсон ва табиат хавфсизлиги фанлари академияси аъзоси, ҳуқуқшунос, тадбиркор Анвармирзо Ҳусаинов Темурийлар тарихи давлат музейининг марказий композицияси бўлган “Амир Темур — жаҳон тахтида” номли суратдан завқланиб, ушбу сурат асосида гилам тўқитган. Бу гилам оддий гилам эмас, балки зардўзлик санъатининг чўққиси ҳисобланади. Заргиламда кумуш ва олтин суви югуртирилган иплар ишлатилган. Баландлиги 2,10, эни 3,45 метр бўлган ушбу гилам 1996-1998 йилларда тўқилган. Анвармирзо Ҳусаинов ушбу заргиламни Москвадаги кўргазмада ўзбек ҳунармандчилик санъати рамзи сифатида намойиш қилганида кўпчиликнинг ҳаваси келган, ҳатто бир бадавлат харидор у учун бир миллион АҚШ доллари таклиф қилганида ҳам сотмаган. Бундай мисолларни эса кўплаб келтириш мумкин.

Дарҳақиқат, юртимизнинг ҳунармандлик маҳсулотлари жаҳондаги санъат шайдолари орасида катта шуҳрат қозонган. Хусусан, халқ амалий санъатининг мураккаб ва бетакрор тури — ипак гилам тўқишга ихтисослашган “Самарқанд-Бухоро ипак гилами” қўшма корхонасида ҳам табиий бўёқлар ва қўл меҳнати эвазига яралаётган нафис, сержило, юз фоиз табиий хомашёдан тайёрланган ипак гиламлар сайёҳлар эътиборини тортиб, ўз харидорларини топмоқда.

Бугунги кунда юртимиз музейлари, миллий ҳунармандлик, халқ бадиий ва амалий санъати билан шуғулланувчи фуқаролар қўлида ана шундай ноёб гиламлар, гиламдўзликнинг юксак намуналари сақланиб келаётгани ҳам сир эмас.

— Юртимизда ҳунармандликни янада ривожлантириш, унинг йўқолиб бораётган турларини тиклаш, ҳунармандлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар меҳнати билан бунёд бўлаётган маҳсулотларни кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дей­ди Ўзбекистон амалий санъат музейи директори ўринбосари Зуҳра Холиқова. — Музейимиздан ўрин олган ҳунармандликнинг турли йўналишидаги нодир буюмлар халқимизнинг ижодкорлиги ва ўзига хос миллий услуб ҳамда анъаналаримиздан далолат беради. Алоҳида ташкил этилган гилам зали экспозициясида ҳудудларимиздаги гиламчилик мактабларининг ўндан ортиқ гилам ва гиламчилик буюмлари намуналари ўрин олган. Мазкур залда гилам тўқийдиган дастгоҳ ўрнатилган бўлиб, улар воситасида маҳорат дарслари ўтказилади. Миллий гиламдўзликнинг ноёб намуналари нафақат бизда, балки ҳудудларимиздаги деярли барча музейда ҳам сақланади. Бизнингча, бундай тарқоқликка барҳам бериш, узоқ тарихга эга ушбу ҳунар турини ривожлантириш, унинг ўзига хос тур ва намуналарини асраб-авайлаш, янада  бойитиш, юртдошларимиз ва хорижий сайёҳларга кенг тарғиб қилиш мақсадида уларни бир жойга тўплаб, алоҳида музей ташкил этиш, мақсадга мувофиқ. Бунинг учун бизда экспонат етарли — ҳар бир ҳудудда ўзига хос услубга эга гиламчилик мактаблари шаклланган ва уларнинг бетакрор намуналари мавжуд.

Дарҳақиқат, дунё тажрибасини кузатадиган бўлсак, гиламдўзлик мактаблари шаклланган Эрон, Туркия, Озарбайжон, Туркманистонда бугунги кунда ушбу соҳани янада ривожлантириш, юксак намуналарни сақлаб қолиш мақсадида алоҳида музейлар ташкил этилган. Масалан, Туркманистонда ҳар йили май ойининг охирги якшанбасида “Туркман гилами байрами” кенг нишонланади, Ашхободда ушбу ҳунармандлик турини намойиш ва тарғиб қилувчи алоҳида музей ҳам фаолият кўрсатади. Бундан ташқари, Озарбайжон пойтахти — Боку шаҳрида гилам шаклида бунёд этилган Латиф Каримов номидаги Гилам ва халқ амалий санъати музейи ташкил этилган, бундай музей Машҳадда ҳам мавжуд.

— Шаҳарсозлик тарихимиз қанчалик чуқур илдизга эга эканлигидан далолат берувчи, 2000-3000 йиллик ўтмишга эга Самарқанд, Бухоро, Хива, Қарши, Шаҳрисабз, Термиз, Тошкент, Қўқон сингари шаҳарларимизда қурилган турли иншоотлар — саройлар, кўшклар, меҳмонхоналар, ҳашаматли иншоотларни гиламсиз тасаввур қилиб бўлмайди, албатта, — дейди тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Азамат Зиё. — Ўрта асрлар китобчилик санъатининг ажралмас бўлаги саналмиш рассомлик намуналари — суратларда сарой, уй ичи, айвон, шийпон, супаларга тўшалган бетакрор гиламларни кўриш мумкин. Хусусан, 1403 йили ўзбек давлати пойтахти Самарқандга келган Руи Гонсалес Клавихо эсдаликларида ҳам бу борада қимматли гувоҳликларни учратамиз. У шахсан ўзи бўлган Дилкушо боғи, Конигилдаги тадбирларда кўзи тушган гулдор, қизил, тўққизил, чўғдай қизил, қирмизи гиламлар ҳақида ёзиб қолдирган. Сўз кетаётган давр ёзма манбаларида гиламлар ипак, жундан тўқилгани, улар иморатлар ичи сатҳига тўшалгани, деворларга илингани борасида кўплаб маълумотлар бор. Ёки 1412 йили Хиротга хитойлик элчилар келиши муносабати билан шаҳар ва бозорни безатиш мақсадида ҳар бир дўкондор ўз дўконини ясатгани, кўча-кўй, маҳаллалар ипак матолар, газмол ва гиламлар, киши диққатини тортадиган буюмлар, идишлар билан оройишлангани диққатни тортмай қолмайди. Сирасини айтганда, қадим тарихга эга ўзбек гиламчилиги асрлар оша такомиллашиб, ранг-баранг ва бой анъана яратилди. Афсуски, мустамлака даври айниқса, унинг совет режими босқичида анъанавий гиламдўзлик ҳам катта зарар кўрди, унинг тенгсиз, топилмас намуналари таланди, хорижга олиб кетилди, йўқ қилинди. Чет эллардаги оммавий ва хусусий тўпламларда ўзбек гиламлари борлигига бизда шубҳа йўқ. Очиқ маълумотлардан билганимиз шуки, Юнонистон пойтахти Афинадаги Бенакис музейида темурийлар даврига оид гиламнинг бир бўлаги сақланмоқда.

Дунёнинг айрим мамлакатларида ҳунармандликнинг ушбу ноёб тури — гиламдўзлик санъатига бағишланган алоҳида музейлар бор. Сўзимнинг исботи сифатида ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Машҳадга илмий сафар чоғида, у ерда уч қаватли бинода кўргазмага қўйилган гиламларни томоша қилгандик. Улар орасида Эронни темурийлардан кейин бошқарган сафавийлар даврига оид ажойиб намуналар ҳам бор. Сафавийлар кўп жиҳатдан ўзбек сулоласи ҳукмронлик қилган бир асрдан зиёд муддатда эришилган тараққиёт негизида фаолият кўрсатганидан келиб чиқилса, мазкур музей ўзбек гиламдўзлик санъати тарихини ўрганишда асқотиши турган гап. Қолаверса, ўзимизда ҳам гиламлар музейини очиш учун асос ҳам, имкон ҳам бор. Улкан йўқотишларга қарамай, юртдошларимиз қўлида қадимдан авлоддан-авлодга ўтиб келаётган гиламлар, гилам пардалар, тўшамалар, жойномозлар, ёпғичлар сақланиб қолгани, шубҳасиз. Бу каби бетакрор намуналар йиғилиб, ўзбек гиламлари оммавий тўплами яратилса, ҳам миллий маданий меросимизни тиклаш, қадриятларимизни асраш ишига катта ҳисса қўшилади, ҳам юртимиз аҳолиси ва чет эллик сайёҳлар ташриф буюрадиган, маънавий-маърифий завқ оладиган, неча минг йиллик маданиятимиз ўтмишидан баҳраманд этадиган, анъанавий гиламдўзлик ҳунари билан шуғулланаётган ватандошларимизни илҳомлантирадиган зиё ва ғурур ўчоғига эга бўламиз.

“Шарқда уй гилам солинган жойдан бошланади” деган гап бор. Ҳақиқатан ҳам тарихий шаҳарларимиздаги сарой ва кўшкларда тўшалган кўзни қамаштирувчи бежирим гиламлар келган меҳмонни ўзига жалб этган. Юксак дид билан ишланган, бетакрор миллий гиламларимизнинг кўп турлари бугунги кунгача етиб келган. Xивa, Aндижoн, Ургут, Нуробод, Қўшробот, Қaрши вa бoшқa жoйлaрдaги гиламдўзлик мактаблари намуналари бир жойда тўпланса ва улар асосида алоҳида музей ташкил қилинса, бу, юқорида қайд этилганидек, миллий маданий меросимизни асраб-авайлаш, мунтазам ва кенг тарғиб қилиш, қолаверса, туризм ривожига ҳам хизмат қилиши, шубҳасиз.

— Давлатимиз раҳбари туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётган бир пайтда юртимизнинг мавжуд барча сайёҳлик салоҳияти ва имкониятидан унумли фойдаланиш давр талабидир, — дейди Ўзбекис­тон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Ўткир Саидов. — Миллий гиламдўзлик намуналари бу борада яна бир муҳим омил ва имконият саналади. Чунки соҳада кўп асрлик анъана, бой мерос ва ўзига хос мактаблар шаклланган. Агар биз уларни бир жойга тўплаб, алоҳида музей ташкил этсак, диёримизга ташриф буюраётган сайёҳлар учун яна бир туристик манзил яратилган бўлар эди. Масалан, гиламдўзликнинг ҳар бир мактаби вакили учун шу ернинг ўзида гилам тўқиш учун шароит яратилса,    миллий ҳунармандликнинг ушбу тури тарихи, мактаб ва йўналишлари, бугуни ҳақида фильмлар ишланиб намойиш этилса, халқ амалий санъатига доир ижодий ишлар тақдимоти ўтказилиб борилса, бу ҳам юртдошларимиз, ҳам сайёҳларда катта таассурот қолдиради, кўркам ва серфайз, маданий-маърифий марказлардан бирига айланади.

Бир сўз билан айтганда, кўп асрлик тарихга, алоҳида услуб ва бетакрор йўналишга эга ўзбек миллий гиламдўзлик санъатини янада ривожлантириш, ҳудудларда шаклланган анъанавий мактаблар фаолиятини кенгайтириш, гиламдўз ҳунарманд ва касаначиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бугун юртимизда алоҳида музей ташкил этиш вақти келди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар, ўз навбатида, миллий ҳунармандлик турининг ноёб услубларини сақлаб қолиш, келажагимиз эгаларига етказиш, юртимиз ва дунё сайёҳларига кенг тарғиб этиш ҳамда уларни мамлакатимизга жалб қилишга ҳисса бўлиб қўшилади. Қолаверса, миллийлигимизни ўзида акс эттириб турувчи халқ амалий санъати намуналари билан келажак авлодни таништириш, гиламларимизда акс этган миллий қадрият ва руҳият ўзлигимизни англаш ва намоён этишга  хизмат қилади.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
Сардор МУЛЛАЖОНОВ (сурат),
“Milliy tiklanish” мухбирлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг