Одамлар дардини тинглаш, уларга малҳам бўлиш: депутат фаолиятининг асосий мезони

0
23

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида жойларда партия ташкилотлари ва депутатлар ҳамкорлигида одамларнинг муаммолари ўрганилиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. ЎзМТДП Самарқанд вилоят кенгашининг “Ёшлар қаноти” ва “Аёллар қаноти” ҳам бу борада қатор амалий саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Хусусан, ҳар иккала қанот вакиллари яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Азамат Пардаев ҳамроҳлигида Нуробод туманида бўлиб, маҳаллаларда ўрганиш ишларини олиб борди.

Партия вакиллари Наврўз маҳалласида истиқомат қилувчи Сирожиддин Азимов хонадонида бўлганида, фуқаро 5 ёшли фарзандини мактабгача таълим муассасасига жойлаштира олмаётганлигини билдирди. Депутат шу жойнинг ўзида туман мактабгача таълим муассасаси бўлими мудири Дилобар Амирова билан боғланиб, масаланинг ижобий ҳал бўлишига кўмаклашди.

Бобур кўчаси 1-уй 73-хонадонда яшовчи Муаззам Қўчқорованинг турмуш ўртоғи кўп йиллардан буён бетоб, қарамоғида икки нафар фарзанди бор. У 33 ёшли қизи Феруза Тўхтаеванинг ногиронлиги, шу боис фарзанди учун кам таъминланган оилаларга ажратилаётган бинолардан уй олишда кўмаклашишини сўраб мурожаат қилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Пардаев унга “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан берилган дори-дармонларни топширди. “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини раиси билан маслаҳатлашилгач, Феруза Тўхтаева янги қуриладиган арзон уйлар талабгорлари рўйхатига киритилди.

Партия фаоллари халқ депутатлари Пай­ариқ туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Нилуфар Нурматова билан биргаликда “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида тумандаги “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Эшимоқсоқ қишлоғи аҳолиси билан учрашув ўтказди. Дастлаб лойиҳа иштирокчилари қишлоқдаги 52-уйда истиқомат қилаётган I-гуруҳ ногирони Ғафур Санақуловнинг хонадонида бўлди. Ушбу оиланинг яшаш шароити билан танишиб, уларни қийнаб келаётган масалалар юзасидан суҳбат олиб борилди. Асли касби устачилик бўлган Ғафур ака бундан 12 йил муқаддам томдан йиқилиб, тўшакка михланиб қолган. Айни пайтда ногиронлик нафақасини олади ва шунинг ҳисобига рўзғорини тебратади. Умр йўлдоши Ҳилола Санақулова эса уй бекаси ва уларнинг қарамоғида уч нафар фарзанди бор. Ҳ.Санақулова тикувчи, турмуш шароитини яхшилаш учун партия фаоллари ва депутатдан тикув машинаси олишда ёрдам беришларини сўради. Ушбу масалага туман ҳокимлиги кўмагида ечим топиладиган бўлди.

Партия фаоллари шу қишлоқдаги 531-хонадонда ҳам бўлиб, оиланинг яшаш шароитини ҳамда уларни қийнаб келаётган масалаларни атрофлича ўрганди. Хонадон эгаси Моҳира Улуғмуродованинг турмуш ўртоғи вафот этган, у икки нафар қизи билан бирга яшайди. Оила давлат томонидан бериладиган боқувчисини йўқотганлик пенсияси ҳисобига кун кечиради. Катта қизи Мунира Улуғмуродова 2015 йили Пайариқ маиший хизмат ва сервис касб-ҳунар коллежини тикувчилик йўналиши бўйича тамомлаган, лекин ҳозирда ишсиз. Бу оилага ҳам тикув машинаси олишда кўмаклашиладиган бўлинди. Бундан ташқари, лойиҳа иштирокчиларининг бевосита аралашуви билан маҳалла томонидан уларга моддий ёрдам пули ҳам тайинланди.

Эшимоқсоқ қишлоғида тикувчи хотин-қизлар кўп, аммо уларнинг бандлигини таъминлайдиган бирорта цех йўқ. Муқаддам Аҳмедова тикувчилик цехи очиш нияти борлигини билдириб, партия фаоллари ва депутатдан банкдан кредит олишда амалий ёрдам бериш­ларини сўради. Фуқарога бунинг учун бизнес лойиҳа ва зарур ҳужжатларни тайёрлаш лозимлиги тушунтирилди. Депутат Нилуфар Нурматова ҳужжатлар тайёр бўлгач, банкдан кредит олишга кўмак кўрсатишини билдирди.

Қарамоғидаги уч нафар фарзанди билан укасининг уйида яшаб келаётган Аслиддин Маманов соғлиги туфайли ишлай олмайди, уй-жойга ва моддий таъминотга муҳтож. Турмуш ўртоғи Шаҳло Худойбердиева ҳам фарзандлари ҳали ёш бўлгани учун ҳеч қаерда ишламайди. Партия вакиллари, депутат ҳамда маҳалла фаоллари кўмаги билан уларнинг фарзандлари шу ҳудуддаги боғчага имтиёзли равишда қабул килинадиган бўлди. Пайариқ туман Бандликка кўмак­лашиш маркази мутахассиси фуқаро Шаҳло Худойбердиеванинг иш билан таъминланиши, оилага уй-жой қуриши учун қишлоқ ҳудудидан ер ажратиш тўғрисида туман ҳокимига мурожаат қилишини билдирди.

ЎзМТДП Нарпай туман кенгаши томонидан ҳам “Уйма-уй”, “Депутат билан юзма-юз” лойиҳалари доирасида жойларда аҳоли билан мунтазам мулоқотлар ўтказилиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилаяпти.

Навбатдаги манзил — Амир Темур номидаги маҳалла. Маҳалланинг Анҳор кўчасида истиқомат қилаётган Гулсара Жамолова партия фаолларига 3 сотихли хонадонда тўрт хўжалик истиқомат қилишини билдириб, уй-жой қуриш учун туман ҳудудидан ер майдони ажратилишида ёрдам сўради. Мурожаат юзасидан халқ депутатлари Нарпай туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Шавкат Мелиқулов туман “Ермулккадастр” давлат унитар корхонаси раҳбарига депутатлик сўрови юборди. Мазкур сўровга жавобан  фуқарога тумандаги “Бўстон” массивидан уй-жой қуриш учун ер ажратиб берилиши маълум қилинди.

Анҳор кўчасида истиқомат қилувчи яна бир фуқаро Райҳон Амирқулова партия фаоллари ва депутатдан хонадонида чорва моллари сонини кўпайтириб, қўшимча даромад олиш мақсадида чорва учун кредит олишда кўмак беришларини сўради. Мурожаат юзасидан депутат Шавкат Мелиқулов “Агробанк” Нарпай туман филиали бошқарувчисига депутатлик сўрови юборди. Ушбу масала ҳам тез орада ижобий ҳал этилиши кутилмоқда.

Бу каби амалий ишлар мавжуд муаммоларни ҳал этиш, аҳолининг партия ва депутатларга бўлган ишончи мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутади.

Ориф ХОЛИҚУЛОВ,
“Мilliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг