Фуқаролик жамияти институтлари – демократик қадриятлар тимсоли

0
8

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 4 майда “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзолангани истиқлол йилларида юртимизда фуқаролик жамиятининг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий муҳити, кайфияти юксалаётганининг яна бир яққол тасдиғи бўлди.

Бу ижобий жараёнлар кишига мамнуният бағишлайди. Нега деганда, ҳар биримиз демократия неъматлари истеъмолчиси бўлиш билан чекланиб қолмасдан, балки шу неъматларни яратувчи фаол шахслар сифатида ўзлигимизни намоён этишимиз — бугунги давр талабидир.

Ҳамюртларимизнинг давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши, ўз навбатида, жамиятимизни янада демократлаштириш, эркинлаштириш ва фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ҳамда изчил ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқдир. Шу маънода, кейинги даврда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳасида демократик ўзгаришларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг (ННТнинг) роли ва аҳамияти, ижтимоий фаоллиги, умуман, улар фаолиятининг самарадорлигини кучайтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар кўрилди.

Президентимизнинг фармонида қайд этилганидек, ўтган даврда ушбу соҳага доир 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Бу ҳақда сўз борганда, аввало, миллий қонунчиликда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси етакчи ўрин тутишини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. Асосий Қонунимизнинг 34-моддасида фуқароларнинг жамоат бирлашмаларига уюшиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган. Яъни: “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар”.

Конституциямизнинг учинчи бўлимидаги ХIII боб — “Жамоат бирлашмалари”, деб номланади. Мазкур бобдаги моддалар фуқаролик жамиятининг анъаналарини тиклаш, жамоат бирлашмалари мақомини ҳуқуқий тарзда расмийлаштириш, уларнинг реал ва барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган конституциявий қоидалардан ташкил топган. Энг муҳими, Конституциямизда фуқаролик жамияти институтларини ташкил этиш ва улар фаолиятининг ҳуқуқий асослари эътироф этилган, уларнинг давлат билан ўзаро ҳамкорлиги тамойиллари белгиланган.

Ана шу конституциявий нормаларни амалда қўллаш мақсадида “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Сиёсий партиялар тўғрисида”, янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, “Жамоат фондлари тўғрисида”, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Ҳомийлик тўғрисида”, янги таҳрирда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида” ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”, шунингдек, “Экологик назорат тўғрисида”, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Албатта, фуқаролик жамияти институтлари фаолият кўрсатадиган ҳуқуқий маконни янада кенгайтириш мақсадида, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар моҳиятидан келиб чиқиб, амалдаги қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилмоқда ва бугунги давр талаблари асосида янги қонунлар қабул қилинмоқда. Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, 2018 йил 12 апрелда қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни тилга олиш лозим.

Ушбу қонуннинг мақсади — давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонунга биноан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган ННТ, оммавий ахборот воситалари (ОАВ) жамоатчилик назорати субъектлари этиб белгиланган.

Жорий йил 18 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, жумладан, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунларга давр талабларидан келиб чиққан ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Мисол учун, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонун “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг вакили” номли 142-модда билан тўлдирилди. Янги модда нормаларига кўра, сиёсий партия томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати билан келишилган ҳолда партиянинг тегишли сайлов округидаги ҳудудий бўлими ходимлари орасидан жамоатчилик асосида ишловчи вакил ажратиб берилиши мумкин. Қонунчилик палатаси депутатининг вакили депутатнинг сайлов округидаги ўз сайловчилари билан доимий алоқа ўрнатишига кўмаклашади.

Президентимиз томонидан, шунингдек, шу йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, жорий йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2017 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”, 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”, 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлар қабул қилинди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил
5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”, 2017 йил 19 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари тасдиқланди. Бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тегишли тизимлар фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган изчил ва шиддатли янгиланишлар учун ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.

Миллий иқтисодиётни инновацион ривожлантиришда академик илм-фаннинг ролини кучайтириш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, илғор илмий ютуқларни амалиётга жорий этиш, жойларда илмий мактабларни мустаҳкамлаш ҳамда тегишли ҳудудий ва тармоқ муаммоларини ҳал қилишда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш ишлари ҳам мамлакатимиз раҳбарининг доимий эътиборида турибди. Иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, халқаро миқёсда мамлакат илм-фани нуфузини ошириш борасида улкан натижаларга эришилмоқда.

Хусусан, 9 та илмий-тадқиқот муассасаси Фанлар академияси таркибига қайтарилди, қатор илмий ташкилотлар қайта ташкил этилди, Фанлар академиясининг фан йўналишлари бўйича 3 та бўлими ва Навоий бўлими ташкил этилди, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши фаолияти йўлга қўйилди. “2017-2021 йилларда республикада илмий-тадқиқот муассасалари инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури” амалга оширилмоқда.

Биргина маданий-гуманитар соҳаларни ривожлантириш бўйича қилинган ишлар ҳақида тўхталганда, ўтган йилнинг ўзида маданият, адабиёт ва санъат, оммавий ахборот воситалари соҳасига тааллуқли 12 та муҳим ҳужжат қабул қилинганини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу фармонида, биринчидан, мазкур соҳанинг ҳозирги ҳолатига мухтасар ва холис баҳо берилган; иккинчидан, мавжуд камчиликлар очиқ-ошкора кўрсатиб ўтилган; учинчидан, аниқланган муаммоларни бартараф этишга доир амалий чора-тадбирлар белгиланган; тўртинчидан, шу таъсирчан чораларни амалда татбиқ этиш ва кутилган самарадорликка эришишнинг аниқ механизмлари кўзда тутилган.

Энг муҳими, фармондан Президентимизнинг бугунги кун ва яқин истиқболда Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ташаббуслари ўрин олган. Шу маънода, ушбу фармон том маънода тарихий ҳужжатдир.

Фармоннинг танқидий-таҳлилий руҳига келсак, соҳада айни пайтда мавжуд воқелик аслида ҳам шундай. Биргина мисол: айтиб ўтилганидек, бу соҳада қанча қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинган, яъни етарли қонунчилик базаси яратилган. Лекин шунга қарамай, ижтимоий шерик­лик — давлат органлари ва ННТ ўртасида фуқароларнинг кенг кўламли ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга, айниқса, ёшларнинг ташаббуслари ва замонавий ғояларини ҳақиқатда илгари суришга қаратилган ҳамкорликнинг самарали механизмига айлана олгани йўқ.

Фармонда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ННТни жалб қилиш даражасининг пастлиги ҳақида сўз борган. Бу, ўз навбатида, барча ижтимоий гуруҳларнинг турли ННТ томонидан ифодаланадиган манфаатларини чуқур ўрганиш ҳамда инобатга олишга имкон бермаяпти.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси, шунингдек, ушбу дастурий ҳужжат доирасида 2017 ва 2018 йилларда қабул қилинган Давлат дастурлари ҳам жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, сўнгра қабул қилинган. Бундан кўзланган асосий мақсад — давлат аҳамиятига молик долзарб масалаларни комплекс равишда таҳлил қилиш, кенг жамоатчилик қатламлари, экспертлар шарҳи, фикр-мулоҳаза ва таклифларини ўрганишдан иборат эканини таъкидлаш лозим.

Бинобарин, давлат ва жамият аҳамиятига молик бундай ҳужжатларни тайёрлашда бутун Ўзбекистон халқининг қизиқишлари тўла инобатга олинишини таъминлаш учун аҳоли ўртасида кенг муҳокамалар ташкил этиш, доимий равишда халқ билан мулоқот қилиш тақозо этилади. Бунда, шубҳасиз, фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, ННТ фаол бўлиши даркор.

Бунинг учун эса, афсуски, давлат билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасида амалий ва самарали мулоқот механизмлари йўлга қўйилмаган. Тегишли давлат органлари томонидан мамлакатни социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан янада ривожлантириш бў­йича инновацион ғояларни таклиф қилувчи фаол, ўзининг ташаббусларига таяниб фаолият кўрсатадиган ННТни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чоралари лозим даражада амалга оширилмаяпти.

Буларнинг барчаси, ўз навбатида, ушбу ижтимоий тузилмалар билан амалий мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашини тузиш заруратини кун тартибига қўйди. Президентимиз фармони билан ташкил этилган мазкур Маслаҳат кенгашини тузиш ғояси Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган ва Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномасида илгари сурилганди.

Фармонда Маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари белгиланган. Хусусан, Маслаҳат кенгаши фуқаролик жамиятини ва кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни изчил асосда муҳокама қилиб, мазкур секторнинг ҳолати ва ривожланиш тенденцияси ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентини мунтазам равишда хабардор қилиб боради. Шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, мазкур институтларнинг жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, фуқаролик жамияти институтларига уларнинг халқаро ҳамкорлигини ривож­лантиришда, илғор халқаро тажрибани ўрганишда ва ушбу тажрибани Ўзбекистон шароитида жорий этишда кўмаклашиш ҳам мазкур Маслаҳат кенгашининг вазифасига киради.

Маслаҳат кенгаши фаолияти бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мувофиқлаштирилади. Маслаҳат кенгаши фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш эса Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан амалга оширилади.

Маълумки, ҳозирги вақтда юртимизда 9 минг 200 дан зиёд ННТ фаолият кўрсатмоқда. Фуқаролик жамиятининг ушбу таянч институтлари юртдошларимизнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилишда, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришишда муҳим роль ўйнамоқда.

Бу кўп сонли ННТнинг аксарияти Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда тузилган. Уларни молиявий рағбатлантириш билан шуғулланаётган ягона Фонд, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди эса пойтахтимизда фаолият юритади.

Таъсис этилганидан буён ўтган давр мобайнида мазкур Жамоат фонди томонидан давлат бюджетидан ажратилган 60 миллиард сўмдан ортиқ маблағ 1,5 мингга яқин ННТ ва ОАВга субсидия, грант ва ижтимоий буюртма шаклида берилди. Шу мақсадда 2017 йилда давлат бюджетидан 12 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлса, 2018 йил 15 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Бу жорий йилга нисбатан 25 фоиз кўп демакдир.

Айни чоғда, Ўзбекистонда 9 минг 200 дан зиёд ННТ, 1 минг 400 дан ортиқ ОАВ ва 10 мингга яқин маҳалла фуқаролар йиғини мавжудлигини ҳисобга олсак, Ўз-ўзидан Жамоат фондининг юртимиздаги мавжуд фуқаролик жамияти институтларини кенг қамровда рағбатлантириш борасидаги фаолияти етарли эмаслиги аён бўлади.

Шунинг учун фармонда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига икки ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларини ташкил қилиш вазифаси юклангани жуда муҳимдир.

Мазкур фондлар ўз фаолиятини амалга оширишни давом эттириши учун 2019 йилдан бошлаб Қорақалпоғис­тон Республикаси бюджетидан, маҳаллий бюджетлардан зарур маблағлар ажратилиши назарда тутилмоқда. Бу фондлар, шубҳасиз, “учинчи сектор”ни қўллаб-қувватлаш учун маҳаллий давлат бюджетидан йўналтириладиган маблағларни адолат тамойиллари асосида очиқ-ошкора тақсимлашга хизмат қилади.

Жойларда тузилажак ушбу фондларнинг моҳияти ва аҳамияти, бир томондан, юртимиздаги фуқаролик жамияти институтларини янада кенг кўламда қўллаб-қувватлаш имконини берса, иккинчи томондан, нотижорат асосда ишлайдиган, яъни даромадга таянмайдиган бу ижтимоий ташкилотлар вакилларининг моддий рағбат истагида пойтахтга қатнаб, ортиқча маблағ ва вақт сарфлашининг олдини олади.

Президентимиз илгари сурган ташаббуслардан яна бири шуки, 2018 йил 1 июндан бошлаб — рўйхатдан ўтказувчи орган билан ННТнинг тадбирларини келишиш тартиби режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида хабардор қилиш тартиби билан алмаштирилади. Бу нима дегани?

Гап шундаки, фармонда ННТни рўйхатдан ўтказиш жараёнлари, уларнинг фаолияти тартибини белгиловчи қонунчилик нормаларида ортиқча бюрократик талаблар ва ғовлар назарда тутилгани, бу нормалар эскирганлиги ва замон талабларига жавоб бермаслиги кўрсатиб ўтилган. Очиғини айтганда, муайян ННТ ўзи ўтказадиган тадбирни  тегишли давлат органи билан “келишиши”нинг ўзиёқ кўпинча турли тўрачилик ва сансалорлик ҳолатларини келтириб чиқараётгани сир эмас. Бундан буён эса ўша ННТ ўзини рўйхатдан ўтказган давлат органини қандай тадбир уюштираётгани ҳақида хабардор қилиши кифоядир.

Хулоса қилиб айтганда,  “Миллий тикланиш” демократик партияси асрлар давомида ўзбек халқининг эзгу ва илғор анъаналари асосида тарихан қарор топган маҳаллани миллий демократик институт сифатида янада такомиллаштириш тарафдоридир. Партиямиз фаоллари нафақат маҳалла тизими, балки барча фуқаролик жамияти институтларининг ташкилий ва иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал этишда ҳамда миллий ва маънавий қадриятлар, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналарни қайта тиклаш ва бойитишдаги бевосита иштирокини таъминлашда ННТ ролини янада кучайтиришни қўллаб-қувватлайди.

Акмал САИДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар,
нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш
органлари қўмитаси раиси, ЎзМТДП фракцияси аъзоси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг