Қилич ота зиёратгоҳи: бунёдкорлик ишлари авжида

0
16

Мамлакатимизда миллий ва маънавий қадриятларимизни тиклаш, ўрганиш  ва тарғиб этиш, маданий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларни асраб-авайлаш ва муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида мавжуд маданий ёдгорликлар, юртимиз шаҳарларининг тарихий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга ошириш, тарихий жойлар, меъморий  ёдгорликларни бутун инсоният учун қимматли осори-атиқалар сифатида асраб-авайлаш ва қайта таъмирлаш масаласи устувор вазифа сифатида белгиланган.

Бугун мамлакатимизда 7 минг 500 га яқин маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинган бўлиб, шундан 4 минг 308 таси археология ёдгорлиги, 2 минг 79 таси архитектура ёдгорлиги, 694 таси монументал санъат ёдгорлиги, 395 таси эса диққатга сазовор жой саналади. Навоий вилоятининг Конимех туманида ҳам кўплаб археологик ёдгорликлар, муқаддас қадамжолар мавжуд. Чордара археологик тепалик, Шўркўлтепа, Шўркўлтепа-1, Тўқманғит, Тўқманғит-1, Тўқманғиттепа, Шўртепа, Момиқчи, Қумработ, Жалаултепа, Ғойиб ота каби археологик тепалик­лар, монументал объектлар ва Мих ота масжиди, Раим хўжа масжиди, Қилич ота каби зиёратгоҳ ҳамда маданий мерос объектлари айни ҳудудда жойлашган.

Шўркўл ҳудудида жойлашган Қилич ота зиёратгоҳида бугун кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Зиёратгоҳни таъмирлаш лойиҳаси ишлаб чиқилган ва шу асосда улкан қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Тез орада ушбу манзилгоҳ янгича кўринишга кириб, у ерда зиёратчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилади.

Тарихий маълумотларга кўра, Қулши Артиқ ўғли Тўққизтепанинг (ҳозирги Шўркўл ҳудудининг) Амантубек қишлоғида истиқомат қилган. Бухоро ислом мадрасасида диний таълимот билан биргаликда дунёвий билимларни ҳам эгаллаган.

— Қулши Артиқ ўғли отасининг вафотидан сўнг Тўққизтепа беклигини бошқарган, — дейди Конимех тумани “Шўркўл” маҳалла фуқаролари йиғинида истиқомат қилувчи Шариб Умирбаев. — Қулшибий (айрим манбаларда Қилич ота) Артиқ ўғли, унинг отаси Жадиқ, Жадиқнинг отаси Аннас, уларнинг бобоси Жанибекхон ўз замонасининг улуғ инсонларидан бўлиб, халқни бошқариб келган. Ўша даврларда Тўққизтепа беклиги Бухоро амирлигига қарашли ҳудудлардан бири саналган. Тўққизтепа беклиги амирликка от, туя, чорва маҳсулотлари ҳамда ёй етказиб турган.

Қулшибий халқ орасида ҳурмат-эҳтиромга сазовор билимдон инсон бўлиб, кейинчалик унга авлиё ота ёки “Қулшибий ота” нисбати берилган. Унинг вафотидан сўнг қабри муқаддас қадамжога айланди — Қилич ота мажмуаси бунёд этилди. Зиёратгоҳ аввалига “Қулшибий ота”, деб аталган, кейинчалик “Қилич ота” номини олди.

— Дунё жамоатчилиги эътиборига тушган, халқимиз ардоғидаги тарихий қадамжолар, зиёратгоҳларни сақлаб қолиш, асраб-авайлаш, кейинги авлодларга асл ҳолида етказиш, уларни ўсиб келаётган ёшларимиз орасида тарғиб қилиш энг муҳим вазифаларимиздан биридир, — дейди халқ депутатлари Конимех туман Кенгашидаги ЎзМТДП депутатлик гуруҳи раҳбари Калдарбек Есибеков. — Зиёратчилар учун қулайликлар яратилиши қадамжоларимизга ташриф буюрувчилар сонининг ортишига хизмат қилади. Айниқса, Қилич ота зиёратгоҳига нафақат юртимиз аҳолиси, балки қўшни республикалардан ҳам зиёратчилар ташриф буюрмоқда. Бугун зиёратгоҳда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари келгусида ички туризм билан бир қаторда кириш туризми ривожланишида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар халқимиз ардоғидаги улуғ авлиёларнинг мақбаралари, айниқса, ички туризм ривожланишига улкан ҳисса қўшади. Шу боис уларда зиёратчилар учун яратилаётган шароитлар кундан кунга яхшиланиб, муқаддас қадамжолар атрофи янада обод, кўркам, сўлим гўшаларга айлантирилмоқда.

Нигора ШУКУРОВА,
ЎзМТДП Конимех туман кенгаши
етакчи мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг