Ноқонуний чиқиндихона бартараф этилди

0
15

Газетамизнинг 2018 йил 7 мартдаги 10-сонида Бўзсув каналининг Тошкент вилояти Зангиота тумани “Қатортол” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли ҳудудидан оқиб ўтувчи қисми ночор ва ташландиқ ҳолга келгани, атрофида чиқиндилар йиғилиб қолгани фотолавҳалар асосида танқид қилинган эди. Таҳририятимиз фотомухбирининг мазкур танқидий материали  халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган депутатлар эътиборидан четда қолмади. Куни кеча таҳририятимизга мазкур масала юзасидан ўрганишлар олиб борилиб, муаммолар ижобий ҳал этилгани юзасидан хат келди. Муаммо қай даражада бартараф этилгани билан қизиқиб, ЎзМТДП вилоят кенгаши ҳамда “Қатортол” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан боғландик.

Аввалги ҳолат:

Ҳозирги ҳолат:

— Аҳолини қизиқтираётган масалаларни ҳал этиш, партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш барча даражадаги партия ташкилотлари ва ЎзМТДПдан сайланган депутатлар зиммасига алоҳида масъулият юклайди, — дейди партия вилоят кенгаши раиси Маҳмуд Назаров. — Партия гуруҳимиз аъзолари аҳоли орасига кириб, уларнинг ўй-фикрларини ўрганишга, муаммоларини ижобий ҳал қилишга интилмоқда.

Жумладан, “Миллий тикланиш” газетасининг шу йил 7 мартдаги 10-сонида эълон қилинган фотоайбномада Бўзсув каналининг Тошкент вилояти Зангиота тумани “Қатортол” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли ҳудудидан оқиб ўтувчи қисми ташландиқ ҳолга келгани, атрофида чиқиндилар йиғилиб қолгани тасвирланган эди.

Партия гуруҳимиз аъзолари мазкур масалани ўрганиб, ҳудуд аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказди. Ўрганишлар давомида Бўзсув каналининг Зангиота тумани Қатортол маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисми атрофи ҳақиқатдан ташландиқ ҳолатга келиб қолгани аниқланди. Очиқ мулоқот чоғида  аҳоли вакиллари ҳудудни чиқиндилардан тозалашда кўмак беришларини сўраб мурожаат қилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Абдужаббор Сайдуллаев “Миллий тикланиш” газетасидаги “Фотоайбнома” рукни остидаги материал ҳамда аҳоли мурожаатлари асосида Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига депутатлик сўрови юборди. Орадан кўп ўтмай, ушбу сўровда акс этган масала ўзининг ижобий ечимини топди. Ноқонуний чиқиндихонани бартараф этиш мақсадида Қатортол маҳалласи аҳолиси билан биргаликда Бўзсув каналининг атрофида тозалаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

— Тоза, озода жойда файз-барака бўлади, — дейди “Қатортол” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Мунаввархон Абдурасулова. — Мазкур ҳудуднинг ободонлаштирилиши аҳоли учун қулайлик яратиш баробарида теварак атроф мусаффолигини сақлаш, ҳудудни файзли масканга айлантириш имконини беради. Маҳалламиз аҳолиси билан Бўзсув канали атрофида йиғилиб қолган чиқиндиларни тозалашда баҳамжиҳат иштирок этдик. Шунингдек, депутат бизга “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасининг Зангиота туман филиали билан чиқиндиларни олиб кетиш бўйича шартномалар тузиш юзасидан ўз тавсияларини берди.

Таҳририятимиз фотомухбирининг ўз касбига масъулият билан ёндашиши, ташландиқ ҳудуд олдидан бепарво ўтиб кетмай, тайёрлаган фотоайбномаси асосида мавжуд муаммо бартараф этилди. Агар ҳар биримиз “менга нима фойдаси ёхуд зарари бор?” қабилида иш тутмасак, жуда кўп муаммолар ўз вақтида бартараф этилиши шубҳасиз. Қолаверса, яқинда қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун ҳар бир фуқаронинг жамоатчилик назорати тартибида жойлардаги турли масала-муаммоларни ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшишига ҳуқуқий асос яратди.

О. НАСРИДДИНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг