Мустаҳкам ва соғлом оила — жамият пойдевори

0
57

Оила — муқаддас даргоҳ, жамиятнинг асосий бўғини. Миллат келажагига дастлаб оилада пойдевор қўйилади, унда ҳаётнинг давомийлигини таъминловчи авлод шаклланади, миллий маданият, урф-одатлар, ахлоқий-маънавий қадриятлар асраб-авайланади.

Халқаро миқёсда  оила институтини ривожлантириш ва унинг ижтимоий мустаҳкамлигига эришиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 1993 йил 20 сентябрда 15 майни Халқаро оила куни сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Шундан буён бутун дунёда бўлганидек, мамлакатимизда ҳам Халқаро оила куни кенг нишонланмоқда. Мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида халқаро меъёрларни жамиятимиз ҳаётига тўлиқ татбиқ этиш мақсадида ўтган йиллар мобайнида оила тушунчаси, унинг мазмун-моҳияти, жамиятда тутган ўрни масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳуқуқий асослари яратилди.

15 май — Халқаро оила куни муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудида “Соғлом аёл — жамият бойлиги” мавзусида велопойга ўтказилди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси билан ҳамкорликда оилавий спортни оммавийлаштириш, хотин-қизлар, айниқса, уй бекаларининг велоспорт турига қизиқишини ошириш ва рағбатлантириш мақсадида аёллар ўртасида ташкил этилган велопойганинг Тошкент шаҳар босқичи аввалида  шу хусусда сўз борди.

— Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз фаолияти давомида дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, оила масаласига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда, — дейди ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Отабек Жиянбоев. — Бу борада жойларда партия фаоллари ҳамда депутатлар, аввало, юртимизда оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича шаклланган ҳуқуқий-меъёрий базани такомиллаштириш, олис ва чекка ҳудудларда, мураккаб иқлим шароитида яшаётган аҳоли, аввало, хотин-қизлар учун ижтимоий, маиший, тиббий нуқтаи назардан зарур шароитларни яратиш, аҳолини тоза ичимлик суви, табиий газ билан таъминлашга кўмаклашиш, хизмат кўрсатиш даражасини юксалтириш борасидаги амалий ишларда фаол иштирок этаётир. Турли соғломлаштириш акциялари, мусобақалар, турнирлар, маърифий тадбирлар ўтказиш орқали жисмоний маданият ва спорт билан шуғулланишни хотин-қизларнинг кундалик ҳаёт тарзига айлантиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Айнан хотин-қизлар ўртасида ўтказилган велопойга ҳам соғлом авлод, соғлом оилани шакллантиришга қаратилгани билан эътиборга молик. Чунки фарзандларимизнинг жисмонан соғлом, маънан етук бўлиб дунёга келиши ва улғайиши аёлларнинг саломатлигига боғлиқ.

…Мусобақага старт берилди. Тўрт километрга чўзилган велопойга Яшнабод туманидаги “Корзинка авиатор” савдо мажмуасидан бошланиб, Мирзо Улуғбек кўчасигача, Мирзо Улуғбек кўчасидан эса Тараққиёт кўчалари кесишган жойдан яна “Корзинка авиатор” савдо маж­муасигача бўлган масофада гуруҳларга бўлинган ҳолда, уч босқичда — 18-30, 31-44 ёшгача ва 45 ёшдан юқори бўлган хотин-қизлар иштирокида бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳри ва вилоятидан 500дан ортиқ турли ёшдаги аёллар — партия фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар, идора ва ташкилотлар ходимлари, уй бекалари, олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари иштирок этган веломусобақада барча ёш тоифасидаги гуруҳлар ичидан ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Веломарафонда “Энг ёши улуғ пойгачи”, “Энг маҳоратли пойгачи”, “Ғалабага бўлган интилиши учун”, “Энг ёш пойгачи” каби қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, улар махсус соврин — велосипед ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Мусобақада 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган хотин-қизлар ўртасидаги ғолиб­ликни халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Умида Азимова қўлга киритди.

Умида АЗИМОВА,
халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман
Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат:

— Мамлакатимиздаги кўпчилик оилалар болаларини жисмоний тарбиялашга катта эътибор беради. Бу ёшларда жисмоний тарбия ва спортга барқарор қизиқиш ҳамда эҳтиёжни шакллантирмоқда. Демакки, ёш авлод ота-оналарининг муҳим қадрият йўналишлари бўйича қарашларига қўшилишини, фарзандлар тарбиясида катталарнинг роли ўсиб бораётганини эътироф этаётир. Оилалардаги маънавий муҳитни миллий қадриятларимиз асосида шакллантириш, оила, маҳалла, жамоатчилик ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш мақсадида ташкил этилган велопойга барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Чунки, спорт билан шуғулланган киши нафақат соғлом, балки иродали, мақсад сари интилувчан бўлади, руҳий-маънавий камолотга эришади. Бундай мусобақалар эса соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, хотин-қизлар онгига маънавий ва жисмоний комилликка эришишда спортнинг роли муҳимлигини сингдиришда муҳим аҳамиятга эга.

Ойдин АЛИМАРДОНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг