Ҳисоб палатасининг ҳисоботи тингланди

0
18

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2017 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган ҳисоботи тингланди.

Фракция раҳбари Сарвар Отамуратов бошқарган йиғилишда фракция аъзолари, партия фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг масъул вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Олимхон Рустамов маъруза қилди.

— Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 4 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг фаолиятини ташкил қилишни такомиллаштириш тўғрисида”ги, 2017 йил 18  июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2017 йил 10 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари асосида амалга ошириб келмоқда. 2017 йилги ҳисобот ҳам юқоридаги ҳуқуқий ҳужжатлар ижросидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилган. Ўтган йилда Ҳисоб палатасига юклатилган вазифа ва топшириқлар ижроси бўйича ўтказилган текшириш ва ўрганишлар (аудит) натижалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига 66, Вазирлар Маҳкамасига 3 маълумотнома ва таҳлилий материаллар киритилди. Шунингдек, ўрганишлар натижасида 2 минг 145 ҳолатда 36,5 миллиард сўм ва 7 миллион АҚШ долларлик ноқонуний ва самарасиз харажатлар, 38 ҳолатда 268,3 миллиард сўмлик бюджет тизими бюджетларига қўшимча даромад суммаси, 75 ҳолатда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ҳамда мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф ва эътирозлар, 3 минг 442 ҳолатда амалий ёрдам ва кўрсатмалар берилган. Киритилган маълумотнома ва таҳлилий материаллар натижасида 10 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ва баённома қабул қилинган.

Бюджет тизимига маблағлар ва бошқа бюджетдан ташқари маблағлар тушумининг тўлиқлигини ўрганиш ва назорат қилиш, замонавий ахборот технологияларини кенг қўллаш орқали бюджет даромадларини кўпайтириш захираларини аниқлаш ва сафарбар қилиш, бюджет тизими бюджети ва бошқа бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган харажатларнинг самарадорлиги ва қонунийлигини аудитдан ўтказиш ва барча даражада уларни қисқартириш бўйича захираларни аниқлаш Ҳисоб палатаси зиммасидаги асосий вазифалардан саналади. Йиғилишда қайд этилганидек, Ҳисоб палатаси ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда ҳисобот даврида соҳа ва тармоқлардаги даромад ва харажатлар самарадорлигини ўрганди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Ҳисоб палатаси ходимлари ҳамкорлигида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросини таъминлаш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жойларга чиқиб, қатор ўрганишлар амалга оширилди. Ўрганишлар давомида қишлоқ оилавий поликлиникалари ҳудудида аҳоли учун арзон ва сифатли дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар сотувини йўлга қўядиган “Дори-дармон” акциядорлик компанияси тизимидаги дорихоналарни жойлаштириш ҳамда ҳудудларда тез тиббий ёрдам шохобчаларини ташкил этиш ишлари қониқарсиз даражада эканлиги аниқланди. Бирламчи тиббиёт муассасаларида умумий амалиёт шифокорлари ҳамда тор мутахассисликлар штат бирликлари шифокорлар билан тўлдирилмаган. Тез тиббий ёрдам бригадаларининг чақирувлар учун дори-дармон воситаларига сарфланаётган бюджет маб­лағлари ўрганилганда, битта чақирув дори-дармон харажати учун ажратилаётган маблағлар республика ҳудудлари бўйича номутаносиблиги маълум бўлди. 2017 йилда тиббиёт соҳасига 2016 йилга нисбатан кўп маблағ ажратилганига қарамай, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида сезиларли ўзгаришлар бўлмаганлиги аниқланган. Ўрганишлар якуни бўйича Ҳисоб палатасининг кўрсатмаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган.

Йиғилишда сўз олган фракция аъзолари ЎзМТДП мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, Ҳисоб палатасининг 2017 йилги фаолияти якунлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. 2018 йил учун қабул қилинган Давлат дастурининг 190-бандида белгиланган Ўзбекистон халқининг умуммиллий қадрияти бўлмиш маданий ва археология мероси объектларини асраб-авайлаш, улардан оқилона фойдаланиш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларнинг тизимли равишда бажарилиши устидан Ҳисоб палатаси назоратни янада кучайтириши лозимлиги алоҳида таъкидланди. Депутатлар ҳудудлардаги ўрганишлари давомида аниқланган муаммолар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда ўз таклифларини, мулоҳазаларини баён қилди. Ҳисоб палатасининг ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарга бириктирилган вакиллари депутатлар билан ҳамкорликда иш олиб бориши йўлга қўйилса, жойлардаги хато ва камчиликлар, муаммоли вазиятларни биргаликда ўрганиш ва ҳал этиш имконияти пайдо бўлиши қайд этилди.

Шунингдек, йиғилишда ЎзМТДП фракцияси фаолиятига дахлдор бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, фракция ташаб­буси билан Қонунчилик палатаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбариятининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижроси ҳақида”ги ахбороти эшитувини ўтказишга тайёргарлик масаласи муҳокама этилди.

— Туризм соҳасини янада ривож­лантиришга кўмаклашиш партиямиз сайловолди Платформасида белгиланган вазифаларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади, — деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Нодир Мухторов парламент эшитувига тайёргарлик хусусида сўз юритар экан. —  Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбарининг соҳага оид фармон ва қарорлари асосида фракция аъзолари, партия фаоллари жойларда ўрганишлар олиб бормоқда. Фракция аъзоларининг май ойида ҳудудлардаги ўрганишлари давомида ҳам алоҳида саволнома асосида жойлардаги туризм манзиллари, шу жумладан, аэропорт ва вокзалларда яратилган шарт-шароитлар, муаммо ва камчилик­лар яна бир карра ўрганилади. Барча ўрганишлар якунлари асосида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ахборотини эшитиш назарда тутилган. Бу соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, юртимизга келаётган сайёҳлар учун ҳар томонлама қулай шароит ва имкониятлар яратиш соҳа ривожига хизмат қилади.

Дарҳақиқат, юртимизнинг мавжуд сайёҳлик салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш мамлакат иқтисодиётини юксалтириш билан бирга, бой тарихимиз, улкан маънавий-маданий меросимизни тарғиб этиш, дунё сайёҳлари эътиборини мамлакатимизга янада кенгроқ қаратишда муҳим аҳамият касб этади. Айни шу мақсадда партия дастурий вазифаларига мос равишда тарихий қадамжолар, маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ва ободонлаштириш, уларнинг барчасини давлат рўйхатига олиш ва туристик маршрутларга киритиш масалаларига эътиборни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Парламентда ташкил этилаётган ҳукумат соатларида маданий мерос объектлари билан боғлиқ масалаларни кўтариб чиқиш борасида таклифлар ўртага ташланди.

Йиғилиш якунида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан ЎзМТДП фракциясининг тегишли қарори қабул қилинди.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
Сардор МУЛЛАЖОНОВ (сурат),
“Milliy tiklanish” мухбирлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг