Ўрик — сархил, тотли ва фойдали мева

0
15

Ўрик ўзига хос таъмга эга. Уни сархиллигида ҳам, қайнатиб, қуритилган ҳолда ҳам истеъмол қилиш мумкин. Уй бекалари бу мевадан шарбат ва мураббо тайёрлайди. Озуқа ҳамда дори сифатида кенг фойдаланилади. Юрак-қон томир ва ошқозон-ичак касаллигига чалинган ёки ортиқча вазндан азият чекувчи кишилар учун кўпроқ ўрик ейиш тавсия этилади.

Ўрик гиповитаминоз, авитаминоз ва камқонликда яхши ёрдам беради. Саратон хасталигида фойдали. Бу ажойиб, иштаҳа очувчи мева организмнинг турли хасталикларга қарши курашиш қобилиятини оширади ва организм­нинг ҳаётий муҳим функцияларини қайта тиклайди. Парҳезбоп мева бўлиб, дунё диетологлари уни, айниқса, моддалар алмашинуви ва овқат ҳазм қилиш жараёни учун фойдали маҳсулот, деб ҳисоблайди. Таркибида темир моддаси кўп.

Ўрик магний ва фосфорга бой. Мия фаолиятини яхшилайди. Таркибидаги магний юқори қон босимини мўътадиллаштиришда яхши самара беради. Крахмал ва пектин эса организмдан ортиқча холестерин ва заҳарли моддаларни чиқариб ташлашга кўмаклашади. Ўрик минерал тузларга бой. Минерал тузлар одамнинг асаб тизими ва моддалар алмашинувининг нормаллашуви учун муҳим саналади.

Унинг шарбати ҳам шифобахш. Мевасига қараганда енгил ҳазм бўлади. Ҳомиладор аёллар, қолаверса, болалар учун жуда фойдали. 150 грамм ўрик шарбати организмнинг каротинга бўлган кунлик эҳтиёжини қондириши мумкин. Янги узилган ўрик меваси ўрнини унинг қоқиси ҳам боса олади.

Халқ табобатида ўрик мевасидан тайёрланган қайнатмадан пешоб ҳайдовчи, қон босимини туширувчи, қонни кўпайтирувчи ва бошқа мақсадларда кенг фойдаланилади. Меъда-ичак касалликлари (қабзият, гастрит), сариқ (гепатит) касаллигининг ўткир тури билан оғриган беморлар уни камроқ истеъмол қилмоғи мақсадга мувофиқ.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг