Афросиёб бағридаги сирлар

0
14

Қадимдан “Ер юзининг сайқали” дея эътироф этилган Самарқанд бетакрор гўзаллиги, ажойиб иқлими, ширин суви, мазали таом ва нонлари билан шуҳрат қозонган. Афросиёб — Самарқанд шаҳар тарихи музейини томоша қилган киши бундай таъриф унга бежиз берилмаганига яна бир бор амин бўлади.

Мазкур музей 1970 йилда Афросиёб шаҳарчаси — Самарқанднинг қадимий, мўғуллар истилосигача бўлган қисмида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 2 минг 600 дан ортиқ экспонатга эга. Унинг экспозиция залларидан асосан милоддан аввалги биринчи минг йилликнинг ўрталаридан XIII асрнинг бошларигача бўлган шаҳар тарихини ёритувчи экспонатлар ўрин олган. Музейда
Самарқанднинг моддий маданиятидан гувоҳлик берувчи қарийб 20 мингдан ортиқ осори-атиқа — сопол, шиша, тош, металл, суяк, корапиластика ва меъморий нақшлардан иборат бой тўплам мавжуд. Экспонатларнинг асосий қисми музейнинг 11 залидан иборат экспозицияларида намойиш этилиб, қолган ёрдамчи материаллар музей фондларида сақланмоқда.

Афросиёб — Самарқанд шаҳар тарихи музейи мустақиллик йилларида янада ўзгача жозиба касб этди, қатор янги экспозициялар ташкил этилди. Унда шаҳарнинг, айниқса, қўшни халқлар билан бўлган маданий алоқаларига кенг ўрин берилган. Биринчи залда қадимий шаҳар тарихи, олимларнинг Афросиёбни тадқиқ этишга қўшган ҳиссаси ҳикоя қилинади.

— Экспозицияни ташкил этишда Афросиёбни даврлаштиришда қўлга киритилган янгиликлар ва унинг Сўғдиёна шаҳарсозлик маданиятини ўрганишда тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратилган, — дейди музей директори Самариддин Мустафоқулов. — Илгари мазкур шаҳарнинг пайдо бўлиши аҳамонийлар империяси таркибига киргандан кейинги давр билан боғланган. Шаҳарнинг мудофаа девори остидан лўмбоз типидаги, қизил рангда безатилган сопол парчалари топилганидан сўнг у қадимий Сўғдиёна, Бақтрия, Хоразм ва Марғиёна каби шаҳарлар билан деярли бир даврда вужудга келган, деган хулосага келинмоқда. Ушбу сопол парчаси милоддан аввалги XII-IX асрларга оид, деб қаралмоқда ва музейда экспонат сифатида намо­йиш этилмоқда. Улар орасида девор устидан топилган гувалаксимон ғишт намунаси ҳам жой олган. Бу тарихий ашёлар аҳамонийлар империясидан аввал, яъни қадимий Хоразм ёки Бақтрия маданияти даврларига оид бўлиб, ўша пайтда Марказий Осиёда ўзига хос шаҳарсозлик маданияти шаклланганлигидан  дарак беради.

Музейнинг биринчи қават экспозициясида Афросиёб шаҳарчасининг ўрганилиш тарихи, Сўғднинг милоддан аввалги VIII-VII асрлардан милодий VII-VIII асрларгача бўлган тарихий даври экспонатлар воситасида ёритилган. Марказий залда эса Сўғд ҳукмдори (Ихшиди) Вархуман саройидаги “Элчилар хонаси”нинг суратлари жойлашган.

— Музейнинг иккинчи залида янги ташкил этилган экспозицияда “Зарафшон — бронза даврида” номли харита ҳам мавжуд, — дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Яҳё Ғуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Комилжон Раҳимов. — Унда Зарафшон қадимги маданиятлар туташган ҳудуд эканига урғу берилади. Маълумки, милоддан аввалги III-II минг йилликларда Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё тоғолди ҳудудларида деҳқончилик маданиятига асосланган ўтроқ халқлар, Бухоро чўллари, Сирдарё ва Тошкент воҳаларида Евросиё минтақасига бирлашиб кетадиган Андронова маданиятининг маҳаллий анъаналари кузатилади.

Зарафшон қадимдан минералларга бой ўлка ҳисобланган. Воҳанинг юқори қисмида жойлашган Саразм ёдгорлигида милоддан аввалги III-II минг йилликларда олтин, мис эритиб олиш билан шуғулланган аҳолининг турар-жой қолдиқлари топилган. Шу нуқтаи назардан экспозиция Зарча-Халифа, Жом қишлоғи, Мўминобод, Ғилон ва Сазоғон ёдгорликларидан топилган бронза даври материаллари билан бойитилган. Топилмаларнинг аксарияти соф табиий мисдан ясалганлиги воҳанинг минералларга нақадар бойлигидан далолат беради. Музей залларида металл ишлаб чиқаришда кенг қўлланилган тош болға, мис пичоқларнинг қолиплари намойиш этилмоқда.

Экспозициядаги тош қуроллар орасидан қора гранитдан ясалган келича ҳам ўрин олган. Ўғирча(келича)нинг коса ва ташқи қисми ойнадек силлиқлангани киши диққатини тортади. Бу хилдаги келилар қадимда зардуштийларнинг илоҳий хаомоа ўсимлик шарбатини ёки сумалак тайёрлашда ниш урган буғдой шарбатини ажратиб олишда кенг қўлланилган.

Шу давр тарихини ёритувчи яна бир ноёб экспонат — бу Самарқанд шаҳрининг Сартепа даҳасида қазишма ишлари натижасида ўрганилган кулоллар маҳалласининг хумдони ҳисобланади. Маҳалланинг шаҳардан анча четда жойлашгани бу ерда ҳунарманд­чиликнинг ривожлангани, кулолчилик эса унинг бир соҳаси сифатида алоҳида ажралиб чиққанидан далолат беради.

Мустақиллик йиллари халқаро ўзбек-француз археологик экспедициясининг Афросиёбда олиб борган изланишлари натижасида қадимги заргарлик ва тўқимачилик устахоналарининг очилиши Афросиёбда инқироз даври эмас, балки тарихий ривожланиш бўлганлигини исботлади. Изланишлар жараёнида шу даврга оид тўқимачиликда кенг қўлланилган лой посангиларнинг топилгани фикримизга ёрқин далил бўла олади.

Кейинги йилларда шаҳар аркида олиб борилган кенг миқёсли археологик қазишма ишлари натижасида милоддан аввалги III-I асрларга оид, ёниб кул бўлган шоҳ омборхонасининг ўрганилиши Сўғдиёнада шаҳарларнинг ўрни ва уларнинг мавқеи тўғрисидаги мавжуд манбаларни янада бойитди.

Афросиёб шаҳарчасида Марказий Сўғдиёна ихшиди Вархуман (VII-VIII асрлар) саройи­дан топилган девор суратлари музей фахри ҳисобланади. Бу давр маданиятини ёритувчи яна кўплаб осори-атиқалар экспонатлар қаторидан ўрин эгаллаган.

Араб истилосидан кейин шаҳардаги кўпгина науслар (сўғдий қабристонлари), улардаги остодонлар йўқ қилинган. Афросиёб шаҳарчасининг 27-қазишма жойида бадрабдан топилган остодонлар бунинг ёрқин исботидир. Ҳозирги кунда музей захирасида Афросиёб ва унинг атрофидан топилган ўнлаб остодонлар сақланиб келинмоқда. Шулар асосида сўғдийларнинг дафн маросими мавзусида Афросиёб ва унинг атрофидан топилган турли хил остодонлар илк бор кенг кўламда намойиш этилди. Остодонлар шаклан бир-бирига яқин бўлса-да, уларнинг безалиши турли хил. Айрим остодонлар ҳашаматли қасрни эслатса, айримларида ҳатто оддий безакнинг ҳам йўқлиги аҳоли ўртасидаги ижтимоий табақаланишдан далолат беради.

Иккинчи қават экспозицияси Марказий Осиёдаги араб истилоси давридан мўғул босқинигача бўлган даврни ўз ичига олади. Бу давр мобайнида Самарқанд шаҳри анча кенгайиб, ҳозирги эски шаҳар ўрни мудофаа девори билан тўлиқ ўраб олинган. Экспозиция Афросиёб шаҳарчасидаги сув таъминоти тизими ва шаҳар харитаси намойиши билан бошланиб, кўргазма залларидаги топилмалар ўрта аср шаҳар тизими ҳаётидан ҳикоя қилади. Шунингдек, ундан шаҳарнинг ишлаб чиқариш қисми бўлган работ, арки аъло ва шаҳристондан топилган осори-атиқалар ҳам ўрин олган. Унда ўрта аср сопол ишлаб чиқариш технологияси, темирчилик, шишасозлик намуналари ва меъморий безакли ғишт пишириш хумдонларининг макетлари ва ғишт намуналари билан танишишингиз мумкин.

Афросиёб — Самарқанд шаҳар тарихи музейи мамлакатимиздаги энг ноёб ва бой маданият муассасаси саналиб, археологик изланишлар натижасида топилган осори-
атиқалар билан янада кенгайиб бормоқда, сайёҳлар эътиборини ўзига жалб этмоқда.

Ориф ХОЛИҚУЛОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг