Партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини ошириш — долзарб вазифа

0
24

Мамлакатимиз ҳаётида барча соҳада туб ўзгариш ва янгиланишлар жараёни кечаётган айни пайтда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Президентимизнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар вакиллари билан учрашувдаги маърузасида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, ўз фаолиятини тизимли равишда, “халқ — жамият — давлат” манфаатлари нуқтаи назаридан ташкил этишга интилмоқда. Партия ўз фаолиятида асосий эътиборни тадбирларга эмас, амалий ишларга қаратаётир. Бунда ЎзМТДП депутатлик бирлашмалари ҳамда партия ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим омил бўлаётир.

18-19 май кунлари Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши томонидан ташкил этилган “ЎзМТДП ташкилотлари фаолияти самадорлигини оширишнинг долзарб масалалари: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги амалий семинар ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янада юқори поғонага кўтаришга қаратилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракцияси аъзолари, партия Марказий кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Амалий семинарда ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси, партия фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратов иштирок этди.

—     Бугунги давр сиёсий партиялар ва уларнинг депутатлик бирлашмаларидан ўз фаолияти самарадорлигини тубдан оширишни, амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда ташаббускор бўлишни талаб этмоқда, — деди партия етакчиси. — Шу боис ЎзМТДП ҳаётида партия ташкилотлари ва депутатлик корпуси фаолиятини том маънода кучайтириш, уларнинг аҳоли билан ишлаш, янги қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларга таклифлар бериш, амалдаги қонун ҳужжатлари ҳамда партия дастурий вазифалари ижросини таъминлаш жараёнидаги фаоллигини оширишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари 2017 йил 12 июлдаги видеоселектор йиғилишида депутатларнинг иш услубини такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида сиёсий партиялар орқали жойларда “Марказ — вилоят — туман” тартибида ишлайдиган янги тизимни жорий этиш масаласини илгари сурган эди. Бугун ана шу тизим асосида жойлардаги партия гуруҳларимизнинг қонунлар ижросини ўрганиш ва уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлашдаги иштироки кенгайиб бормоқда. Партиямизнинг 2018 йилга мўлжалланган иш режаси асосида олиб борилаётган ишларда барча даражадаги депутатларимиз, партия ташкилотлари фаол иштирок этишга интилмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракцияси аъзолари шу йилнинг ўтган даврида 20 дан ортиқ қонунларни ишлаб чиқишда иштирок этиб, партия ғоя ва мақсадларидан келиб чиққан ҳолда таклифлар берди. Фракция аъзолари ташаб­буси билан 3 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани эътиборга молик. Бундан ташқари, бир қатор қонун лойиҳалари ҳудудий партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз муҳокамасига тақдим этилиб, уларнинг ҳам таклифлари, фикр-­мулоҳазалари олинди.

Маълумки, Президентимиз раҳнамолигида туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Юртимизда туризмни ривожлантиришга қаратилган бу каби ҳужжатлар ижросини таъминлаш, ўз навбатида, ЎзМТДП сайловолди Платформасида туризм йўналишида белгиланган мақсад-вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилишига ҳам хизмат қилади. Таъкидлаш жоиз, бу борада ЎзМТДП томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жойлардаги ташкилотларимиз ва партия гуруҳларимиз ҳудудлардаги сайёҳлик манзиллари, шу жумладан, маданий мерос объектларининг ҳолатини, соҳа кадрларини тайёрловчи масканларнинг фаолиятини, мавжуд муаммоларни ўрганмоқда. Маҳаллий Кенгашлар сессияларига ташаббус-масалалар киритилиб, аниқ вазифалар акс этган қарорлар қабул қилинишига эришилмоқда. Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш лозим. Зеро, юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш, жойларда ички туризмни янада сердаромад соҳага айлантириш мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга, аҳоли бандлигини оширишга хизмат қилади.

Семинарда жойлардаги партия ташкилотлари ва гуруҳлари фаолиятини янада жонлантириш, белгиланган иш режа бўйича изчил фаолият олиб бориш, “Уйма-уй” лойиҳаси, сайёр қабул каби аҳоли билан мулоқот қилишга қаратилган амалий ишларни янада фаоллаштириш лозимлиги таъкидланди. Партия етакчиси маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар фаолияти таҳлилига эътибор қаратар экан, айрим партия гуруҳлари ва депутатлар ўз ваколатларидан самарали фойдаланмаётгани, сусткашликка йўл қўяётганини таъкидлади. Хусусан, аҳоли мурожаатлари асосида депутатлик сўровларини амалга ошириш, мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш борасидаги ишлар етарли эмаслиги, Кенгаш сессиялари қарорлари ижроси кўп ҳолларда қоғозда қолиб кетаётгани қайд этилди. Бундан ташқари, маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига масала олиб чиқиш ишлари қониқарсиз аҳволда. Масалан, 2018 йилнинг ўтган даврида халқ депутатлари Наманган вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан 11 та, Қашқадарё вилоятида 5 та, Сирдарё вилоятида 4 та масала сессиялар кун тартибига олиб чиқилган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Бухоро, Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги партия гуруҳлари Кенгашлар сессияларига бирорта ҳам масала олиб чиқишга эришилмаган. Шу ўринда савол туғилади: мазкур ҳудудлардаги депутатлар нима иш билан шуғулланган ёхуд у ерда сессияда муҳокама қилинадиган муаммо-масалалар йўқми? Семинар давомида фаолиятдаги мавжуд муаммолар қизғин муҳокама қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Амалий семинарда ЎзМТДП фракцияси аъзоси Жаҳонгир Ширинов “Партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишда мурожаатлар билан ишлашнинг аҳамияти” мавзусида маъруза қилди. Депутат янги таҳрирда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳияти, унинг эски таҳрирдагисидан фарқли жиҳатлари ҳақида йиғилганларга батафсил маълумот берди. Мурожаатларнинг турлари, шакллари, уларни кўриб чиқиш принциплари борасида тақдим этилган маълумотлар партия ташкилотлари ва гуруҳларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш фаолиятида асқотиши шубҳасиз. Маърузачи семинар иштирокчиларининг фуқаролар мурожаатлари бўйича амалдаги қонунчилик билан боғлиқ саволларига атрофлича жавоб қайтарди.

Ўзаро тажриба алмашиш мақсадини кўзлаган амалий семинар давомида ЎзМТДП Андижон вилояти кенгаши раиси Ҳамиджон Омоновнинг “Маҳаллий партия ташкилотларида ҳужжатлар билан ишлаш ва ижро интизомини ташкил қилиш масалалари” мавзусидаги маърузаси тингланди. Андижон вилоят, туман ва шаҳар партия ташкилотларида олиб борилаётган ишлар ва эришилаётган натижалар тўғрисида видеоролик намойиш этилди. Намунали бошланғич партия ташкилотлари фаолияти хусусида тўхталиб ўтилди.

— Ҳар бир сиёсий партия фаолиятида бошланғич ташкилотлар муҳим таянч бўғин ҳисобланади, — деди Ҳамиджон Омонов. — Чунки улар аҳолини сиёсий партия фаолиятидан бохабар қилишда, унинг дастурий вазифаларини тарғиб этишда энг яқин кўмакчи саналади. Бу борада ЎзМТДП Андижон вилоят, туман ва шаҳар кенгашларида муайян тажриба тўпланиб, намунали бошланғич партия ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилган.  Масалан, вилоятдаги “ЎзДонгЖу” қўшма корхонаси ва “Боғишамол текстил” масъулияти чекланган жамияти қошида ташкил этилган бошланғич партия ташкилотларининг фаолиятини ҳар жиҳатдан намуна қилиб кўрсатиш мумкин. Шу билан бирга, бошқа ҳудудлардаги қуйи бўғинлар фаолиятини ҳам юқори даражага олиб чиқиш устида иш олиб борилмоқда. Партия фаоллари ва депутатлардан иборат махсус гуруҳ тузилиб, шу йилнинг ўтган даврида вилоятдаги барча БПТлар қайта рўйхатдан ўтказилди. Натижада қоғозда бор, амалда йўқ  бошланғич ташкилотлар аниқланиб, уларнинг фаолияти қайтадан ташкил этилди. БПТ етакчиларининг партия сафига янги аъзолар қабул қилиш, ҳужжатлар билан ишлаш борасидаги кўникмалари янада оширилди. Ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилиб, сафдошларимиз сонини кўпайтириш ва янги БПТларни тузишга эътибор қаратилаётир.

Амалий семинар давомида иштирокчилар ўз фикр-мулоҳаза ва таклиф-тавсияларини билдирди.

* * *

Ҳудудий партия ташкилотлари вакиллари ўзаро тажриба алмашишга қаратилган амалий семинар доирасида ЎзМТДП Тошкент шаҳар ҳамда Учтепа туман кенгашларида бўлишди. Мазкур партия ташкилотларининг фаолияти, иш тартиби, ҳужжатлар юритуви билан яқиндан танишдилар.

Учтепа туман кенгаши раиси Гулнора Ваҳобова кенгаш фаолияти, ҳудуд аҳолисидан келиб тушаётган мурожаатлар ва уларни ҳал этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан барчани таништирди.

— Туманимизда ҳозирги пайтда 1200 нафарга яқин партия аъзолари рўйхатдан ўтган. Халқ депутатлари туман Кенгашида 6 нафар депутатимиз фаолият олиб бормоқда. Шу йилнинг биринчи чорагида фуқаролардан жами 47 та мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатлар асосида тегишли ташкилот ва корхоналарга 5 та депутатлик сўрови жўнатилган. Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига 2 та ташаббус-масала олиб чиқилди. Ҳали олдимизда турган талай вазифалар бор. Муҳими, аҳолини рози қилиш, мурожаатлар ортидаги одамларнинг оғирини енгил қилиш. Бу борада бор имкониятларимизни ишга солишга, депутатларимиз ваколатларидан самарали фойдаланишга эътибор қаратамиз.

Шундан сўнг семинар иштирокчилари навбатдаги манзилга — ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгашининг энг намунали бошланғич ташкилоти тузилган “Magnum medical servis” МЧЖга йўл олишди. Турли тиббий асбоб-анжом ва ускуналар ишлаб чиқаришга мўлжалланган мазкур МЧЖ қошидаги БПТ аъзоларининг иш фаолияти билан танишилди.

Ҳудудий партия ташкилотлари вакиллари семинар асносида пойтахтимизнинг диққатга сазовор гўшаларини бориб кўрди —   Биринчи Президент Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида бўлиб, ёдгорлик монументи пойига гуллар қўйилди. Бундан ташқари, қайта реконструкция қилинган “Халқлар дўстлиги” майдони ва Ш.Шомаҳмудовлар ҳайкали ва бош­қа замонавий меъморий обидаларни томоша қилдилар.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур амалий семинар ҳудудий партия ташкилотлари вакиллари ҳамда ЎзМТДП гуруҳлари учун ўзаро тажриба алмашиш, намунали иш услубларини ўрганиш, кўникмаларни янада бойитиш майдони бўлди. Келгусида айнан мана шу тарздаги семинарларни тез-тез ташкил этиш ЎзМТДП фаолияти самарадорлигини ошириш, камчиликлардан тўғри хулоса чиқариш, партия ғоя ва мақсад-вазифаларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳмиятга эга.

Равшанжон ОТАБАЕВ,
ЎзМТДП Фарғона вилояти кенгаши
Ижроия қўмитаси 
девони раҳбари:

— Мазкур амалий семинар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, қўшни вилоят вакиллари томонидан тайёрланган мултимедиа ва тақдимотларни кўриб, улардан ўрганадиган жиҳатларимиз борлигини англадим. Семинарда бошқа вилоятлардан келган ҳамкасблар билан ўзаро тажриба алмашганимиз фаолиятимизни янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Бу каби тадбирлар кўпроқ уюштирилса, мавжуд камчиликларимиз, олдимизда турган вазифаларни ижобий ҳал этишимизга кўмак беради.

Туйғун ДЎСТҚОБИЛОВ,
ЎзМТДП Қашқадарё вилояти кенгаши
Ижроия қўмитаси девони раҳбари:

— Амалий семинар давомида тақдим этилган ҳар бир маъруза ва билдирилган фикр-мулоҳазалар, шунингдек, партия Тошкент шаҳар ва Учтепа туман кенгаши фаолияти билан яқиндан танишганимиз сиёсий билим ва кўникмаларимизни бойитишда муҳим аҳамият касб этади. Мени, айниқса, “Magnum medical servis” МЧЖ қошида ташкил этилган бошланғич партия ташкилоти фаолияти ҳамда партия Жалақудуқ тумани кенгаши томонидан олиб борилаётган ишлар эътиборимни тортди. Дарҳақиқат, мазкур туман кенгашида ҳужжатларни юритиш тартиби таҳсинга лойиқ. Шунингдек, Тошкент шаҳар кенгашининг ташкилий-партиявий ва кадрлар билан ишлаш йўналишидаги ишлари ҳам намунали фаолият сифатида ўрганишга арзийди. Бу каби амалий семинарлар, ўзаро тажриба алмашиш фаолиятимизни кучайтиришга хизмат қилади.

Нурбек ЙЎЛДОШЕВ,
Муҳтарама РАМАЗОНОВА,
Сардор МУЛЛАЖОНОВ (сурат),
“Milliy tiklanish” мухбирлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг