Партия дастурий вазифаларига ҳамоҳанг ҳужжатлар — депутатлар эътиборида

0
15

Мамлакатимизда бугунги кунда ҳар бир соҳа ва йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – халқимизни ҳаётдан рози қилиш. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган қарор ва фармонлар ҳам айни шундай мақсадга қаратилган. Бунда, айниқса, мазкур ҳужжатларда кўзда тутилган мақсад-вазифаларни кенг тарғиб этиш муҳим аҳамиятга эга.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда қабул қилинган қарорлари мазмун-моҳияти, партия фракциясининг улардан келиб чиқадиган вазифалари муҳокама қилинди.

ЎзМТДП фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратов бошқарган йиғилишда дастлаб Президентимизнинг шу йил 12 майдаги “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ва унда кўзда тутилган вазифаларга тўхталиб ўтилди.

— Маълумки, она диёримиздан етишиб чиққан буюк аллома, адиб ва мутафаккирларимизнинг юксак инсонпарварлик ғояларга асосланган бой маънавий мероси умумбашарий тамаддун ва маданият, дунёвий ва диний илм-фан тараққиётига улкан ҳисса бўлиб қўшилган, — деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Нодир Мухторов. — Улуғ аждодларимизнинг ақл-заковати ва бадиий даҳоси билан яратилган ноёб асарлар — математика, минералогия, астрономия, кимё, тиббиёт, фармацевтика, меъморлик, тарих, адабиёт, санъат, илоҳиёт, фалсафа ва бошқа соҳаларга оид манбалар нафақат юртимиз, балки жаҳон аҳлининг бебаҳо бойлиги сифатида бутун дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилади. Давлатимиз раҳбарининг “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ана шу бой маънавий меросимизни ёш авлод ўртасида кенг тарғиб қилиш, уларнинг қизиқиш ва интилишларини янада кучайтиришга хизмат қилади. Барчамизга маълум, яқинда ўтказилган “Ёш китобхон” танловида 250 минг нафарга яқин ёш иштирок этиб, танлов ғолибларига “Президент совғаси” – енгил автомашина топширилгани ёшлар ўртасида китобхонлик маданияти ривожланишига катта таъсир ўтказди. Шу маънода мазкур қарор асосида ташкил этиладиган китобхонлик танловлари ёшларда китобхонлик маданиятини янада оширишга, айниқса, аждодларимизнинг бой меросини кенг ўрганишга хизмат қилади.

Қарорга кўра, 2018 йилги танловлар Ватанимиз тарихи ва халқимизнинг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин тутадиган Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Бердақ сингари буюк мутафаккирларимиз ижоди ва фаолияти, жаҳон адабиётининг дурдона асарлари, шунингдек, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” каби халқ достонлари бўйича ўтказилади. Кейинги танловлар даврлаштирилган ҳолда давом эттирилади. Танлов ғолибларини мукофотлаш ва рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган қатнашчиларни енгил автомобиллар билан тақдирлаш, иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари ва фаол иштирокчиларни ҳам муносиб рағбатлантириш чоралари назарда тутилган.

Йиғилишда таъкидланганидек, мазкур ҳужжатда кўзда тутилган мақсад-вазифалар партиянинг сайловолди Платформасида белгиланган вазифаларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб, буюк адиб ва мутафаккирларимизнинг нодир мероси, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларимизни ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштиришга хизмат қилади. “Ёш китобхон” танловлари ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришга, уларнинг қалбида она Ватанимиз ҳамда халқимизга муҳаббат ва садоқат туйғусини кучайтиришга ҳисса қўшади. Шу боис, барча партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари мазкур қарор ижросини таъминлашда фаол иштирок этиши лозимлиги таъкидланди.

Йиғилишда яна бир муҳим ҳужжат — Президентимизнинг шу йил 14 майда қабул қилинган “Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятига ҳам эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, кундалик ҳаётимизда зарур бўлган маҳсулотларни электрон тижорат ёрдамида буюртма бериш ва қабул қилиб олиш борасида қатор қулайликлар яратилади. Шундай маҳсулот ва хизматлар борки, уларни етказиб беришда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш талаб этилади. Ушбу қарорда айни шу жиҳат назарда тутилган: электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббиёт буюмларини реализация қилиш, фақат сақлаш ва етказиб беришда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш тартиби ва талабларига қатъий риоя қилган ҳамда қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда амалга оширишга рухсат этилмоқда.

Бундан ташқари, мазкур қарорнинг қабул қилиниши маҳаллий тадбиркорлик субъектларига жаҳон бозорига кириб бориш, маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини оширишга, ўз маҳсулотларини реализация қилишда янада қулай шароитлар яратиб беради.

Фракция аъзолари мазкур қарордан келиб чиқиб, айрим қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини, бунда партия фракцияси вакиллари ташаббускор бўлиши зарурлигини таъкидладилар.

Фракция йиғилишида, шунингдек, Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида муҳокама этиладиган бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

* ** *

Парламент қуйи палатаси мажлисида кўриб чиқилган қонун лойиҳалари юзасидан ЎзМТДП фракцияси аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда фракция позициясини билдирдилар.

Шерзод ҚУЛМАТОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган. Унинг асосий мақсади — ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини ижро этиш юзасидан мониторинг тартиби ҳамда жамоатчилик назоратини такомиллаштиришдан иборат. Қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Респуб­ликаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 255-моддасига қўшимчалар киритилмоқда. Яъни мазкур Кодекснинг 511–моддаси талаблари бўйича қонунбузилиш аниқланган ҳолларда меҳнат бўйича давлат техник инспекторлари ва меҳнат шарт-шароитлари давлат экспертизаси мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузишлари белгиланмоқда.

“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддаси ва “Ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш учун қонунчиликда белгиланган тартибда жамоатчилик назоратини амалга оширишни назарда тутувчи банд билан тўлдирилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Бу эса ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланган ўзаро ҳурмат, эҳтиром кўрсатиш, саховатпешалик сингари халқимизга хос хусусиятларга ҳамоҳанг ва уйғундир.

Жуманазар ОТАЖОНОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Респуб­ликаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси, аввало, партиянинг мақсад-вазифаларига ҳамоҳанглиги билан аҳамиятлидир.  Қонун лойиҳасининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига жорий этилган хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби сақлаб қолинмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис фаолияти ташкилий-ҳуқуқий асосларининг яратилишига хизмат қилади. Фракциямиз аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда мазкур қонун лойиҳасига ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг