Ўзбекистон — АҚШ: янги стратегик шериклик даврида Парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари

0
21

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан 2018 йил 15-17 май кунлари ушбу мамлакатга амалга оширган расмий ташрифи Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида қарор топган ўзаро ишонч ҳамда манфаатдорликка асосланган икки томонлама муносабатларнинг юксак боқичини – янги стратегик шериклик даврини бошлаб берди.

Оқ уй қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев билан Президент Дональд Трампнинг юзма-юз мулоқоти ўзаро ишонч ва ҳурмат, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш руҳида ўтгани жуда муҳимдир. Музокараларда Ўзбекистон — АҚШ ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар якунида ҳар икки давлат раҳбарларининг “Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши” деб номланган Қўшма баёноти қабул қилинди. Шу ўринда мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар 2002 йилда имзоланган “Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларация” асосида тараққий этиб келаётганини таъкидлаш лозим.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, Капитолийда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли ва бир неча конгрессменлар билан учрашди. Мулоқотда Ўзбекистон билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида тобора ривожланиб бораётган муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Президентимиз парламент ва ҳукумат даражасидаги икки томонлама ташрифлар фаоллашгани сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизга 1991-2018 йиллар давомида 110 нафардан зиёд америкалик қонун ижодкорлари ташриф буюрди. Президентимиз Капитолийда учрашган АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Т.Келли бошчилигидаги делегация аъзолари, яъни 8 нафар конгресс­мен 2017 йил ноябрь ойида юртимизда бўлиб, Олий Мажлис Сенатидаги учрашувда иштирок этганди. АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари ўшанда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва изчил амалга оширилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият бошқарувини ислоҳ қилишда муҳим асос бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистоннинг тинчликпарвар сиёсати, қўшни давлатлар билан дўстона алоқалари ва минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Трент Келлининг эътироф этишича, Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар эътиборга моликдир. Парламентлар ўртасида икки томонлама ташрифлар фаоллашгани бу борадаги ўзгаришлар ҳақида фикрлашиш, қонун ижодкорлиги бўйича ўзаро тажриба алмашиш учун кўплаб қулайликлар туғдирмоқда.

Ўзбекистон Президенти АҚШ Сенати раиси ўринбосари, молия бўйича қўмитаси раиси Оррин Хэтч бошчилигидаги сенаторлар билан ҳам мулоқот қилди. Республикачилар партияси аъзоси бўлган О.Хэтч чуқур билим ва катта тажрибага эга сиёсатчи ҳисобланади. 1977 йилдан бери сенатор сифатида америкаликларнинг ҳурматини қозонган бу нуроний инсон билан мулоқот файзли ва самарали бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг АҚШга расмий ташрифи дастуридан ўрин олган мазкур учрашувлар мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришга, давлатларимиз стратегик шериклик муносабатлари янги даврининг бошланишига ҳамда икки мамлакат парламентларининг ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Президентимизнинг АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси ва Сенатида бўлиб ўтган учрашувларида америкалик ҳамкасбларимизнинг ушбу эътирофлари яна янгради. Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ҳамда шиддатли ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий демократик ислоҳотлар ўзаро боғлиқ ва изчил хусусиятга эга эканини таъкид­лаш лозим.

Истиқлол йилларида Ўзбекистонда барқарор ва жадал ривожланиб бораётган сиёсий тизим, профессионал асосда фаолият юритаётган икки палатали парламент, социал-иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий қурилишнинг муҳим масалаларини ҳал этишда фуқаролар ҳамда сиёсий партияларнинг эркин ва фаол иштирок этиши учун зарур ташкилий-ҳуқуқий, моддий-техник шарт-шароитлар юзага келди. Зеро, мамлакатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак”.

Ҳаракатлар стратегиясида Ўзбекистон давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини оширишга қаратилган устувор вазифалар қатъий белгилаб қўйилди. Миллий парламентнинг:

биринчидан, мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш;

иккинчидан, қабул қилинаётган қонунларнинг амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирган ҳолда қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш;

учинчидан, сиёсий тизимни ривожлантириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш масалалари шулар жумласидандир.

Ҳаракатлар стратегияси — яқин беш йилга мўлжалланган қонун ижодкорлиги фаолиятимизнинг ҳам истиқбол дастури. Шу маънода, қонун ижодкорлиги соҳасида Ўзбекистон ва АҚШ парламентлари ҳамкорлигининг янада мустаҳкамланаётгани мамлакатларимизнинг кўплаб долзарб масалаларни ҳал қилишда ўзаро ишончли алоқаларини қўллаб-қувватлашга салмоқли ҳисса қўшиши тайин.

Президентимизнинг АҚШга илк расмий ташрифи давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни изчил ривожлантириш, шу жумладан, парламентлараро алоқаларни янада фаоллаштириш жараёнининг мантиқий давоми бўлди. Мулоқотларда парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мус­таҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Муҳокамалар чоғида ҳар икки мамлакатда парламент ролини ошириш давлат қурилишининг муҳим устувор йўналишларидан экани таъкидланди. Аҳоли сиёсий фаоллигининг ўсиб бораётгани эса ижтимоий ривожланишнинг муҳим омилларидандир. Ўзбекис­тонда парламентаризмни янада ривожлантириш жараёнида демократик институтлари ривож­ланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва ундан фойдаланиш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Икки мамлакат парламентлараро ҳамкорлигининг асосий йўналишларида ўзаро тажриба алмашишни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Айниқса, АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳини тузиш, икки томонлама ҳужжатларни ратификация қилишни жадаллаштириш ҳамда бу борада қўшма мониторинг олиб бориш бўйича парламентлараро мулоқотларни амалга ошириш,  ҳамкорликнинг барча йўналишларида парламентлараро алоқалар самарадорлигини кучайтиришга хизмат қиладиган ғоялар, ташаббуслар ва маслаҳатлар алмашувини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Аслида ҳам парламентаризм, қонун ижодкорлиги фаолияти ва парламент назоратини ривожлантиришда АҚШ тажрибаси, хусусан, АҚШ Конгрессининг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги ниҳоятда муҳим. Давлат ҳокимиятини демократик янгилаш ва мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини, қонунлар ижросини таъминлаш, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан тегишли жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг аҳамиятини кучайтириш масалалари бўйича ҳам америкалик ҳамкасбларимиз билан ўзаро фикр алмашилди.

Президентимизнинг АҚШга расмий ташрифи доирасидаги амалий мулоқотлар мисолида парламентлараро мулоқот механизмлари ҳаётий зарурат экани яққол тасдиғини топди. Парламентлараро муносабатларнинг мустаҳкамланиб бораётгани парламент фаолияти бўйича тажриба алмашиш учун яхши имкониятлар яратмоқда. Мамлакатларимиз парламентларининг иш тажрибасини ўрганиш ҳар икки томон учун ҳам фойдалидир.

АҚШ Конгрессида фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликка катта эътибор берилади. Айни вақтда парламентлараро ҳамкорлик ва парламент дипломатияси серқирра мазмунга эга бўлиб, фуқаролик жамиятининг хоҳиш-иродасини самарали ифода этмоқда, халқаро мулоқотни ривожлантиришда давлатнинг тенг ҳуқуқли ҳамкори бўлиб қолмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президентининг жорий йил 4 майда имзоланган “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони АҚШ конгрессменларида қизиқиш уйғотгани табиийдир. Маълумки, бу тарихий ҳужжатдан Президентимизнинг бугунги кун ва яқин истиқболда Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ташаббуслари ўрин олган. Ушбу фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши тузилди. Шу ўринда қайд этиш жоизки, фуқаролик жамияти институтларига уларнинг халқаро ҳамкорлигини ривожлантиришда, илғор халқаро тажрибани ўрганишда ва ушбу тажрибани Ўзбекистон шароитида жорий этишда кўмаклашиш ҳам мазкур Маслаҳат кенгашининг вазифасига киради.

Ҳар икки давлат раҳбарлари асосий инсон эркинликларини ҳимоя қилиш, шу жумладан, диний эркинликни илгари суриш бўйича конструктив ҳамкорликни фаоллаштириш тарафдоридирлар. Президентимиз диний эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли “йўл харитаси”ни ҳаётга татбиқ қилишга қатъий тайёр эканлигини эътироф этди.

Президентлар икки мамлакат ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликка ўз ҳиссасини қўшадиган Халқаро таълим бўйича Америка кенгашларининг Ўзбекистонда аккредитация қилинишини олқишладилар. Президент Дональд Трамп АҚШ Ўзбекистонда инглиз тили бўйича таълим дастурларини амалга оширишда кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини эътироф этди ҳамда “Америка овози”нинг Ўзбекистонда аккредитация қилинганлиги ва унинг Америка оммавий ахборот воситалари учун ушбу мамлакатда кенг имкониятлар яратишини юқори баҳолади.

Расмий ташриф доирасидаги асосий муҳокамалар марказида турган мавзулардан яна бири — инсон ҳуқуқлари масаласи бўлди. Президент Дональд Трамп Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатни яхшилашга қаратилган кенг ислоҳотлар дастурини мамнуният билан қарши олди. Ушбу ютуқлар иқтисодий, сиёсий ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратиши таъкидланди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари иштирокида Вашингтон шаҳридаги Миллий пресс-клубда “Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида эришган ютуқлари ва истиқболдаги вазифалар” мавзуида ташкил этилган конференция ҳам худди шу масалага бағишланди. Конференцияда кейинги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича амалга оширилаётган ишлар дунё жамоатчилиги томонидан алоҳида эътирофга сазовор бўлаётгани қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва унинг асосида қабул қилинган қонунлар жамият ва давлат фаолиятининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.

Ўзбекистон Конституциясида мамлакатимиз мус­тақилликка эришганидан сўнг қўшилган дастлабки халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида назарда тутилган асосий тамойиллар ўз ифодасини топган. Бу йил мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжатнинг 70 йиллиги бутун дунёда кенг нишонланади. Шу маънода, Президентимизнинг жорий йил 5 майдаги Фармони билан “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури” тасдиқлангани муҳим аҳамиятга эга.

Жорий йил давомида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига доир бир қатор янги қонун ва қарорлар қабул қилинади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги муносабати билан миллий ва халқаро даражадаги турли йирик анжуманлар ташкил этилади. Бу борадаги нуфузли халқаро тадбирларда Ўзбекистон вакиллари фаол қатнашади. Ана шундай амалий тадбирларнинг якуни сифатида шу йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё халқаро анжуманини ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 та асосий ҳужжатга қўшилган, БМТ томонидан ушбу соҳада қабул қилинган 10 та асосий халқаро шартнома иштирокчисидир. Мамлакатимизда миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига халқаро стандартларни тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўз модели, инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши мониторинги миллий тизими шакллантирилган.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш мақсадида қонун ҳужжатлари муттасил такомиллаштириб борилмоқда. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида мамлакатнинг халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш, ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин олиш, Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик муҳитини яратиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Америка конгрессменлари ва экспертларининг фикрича, мустақил ривожланиш бўйича қисқа вақт ичида Ўзбекистонда тўпланган самарали парламентаризмнинг бой тажрибаси демократик жараёнларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, бутун давлат механизмларининг тизимли ишлашини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари кўплаб давлатлар учун намуна бўлиши мумкин.

АҚШ Конгресси ва Сенатида бўлиб ўтган учрашувлар мисолида  парламентлараро мулоқот мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда қулай муҳитни шакллантириш, ўзаро ишончни юксалтириш, ҳамкорликнинг ҳуқуқий негизини мустаҳкамлашга хизмат қилиши амалда яна бир бор тасдиғини топди. Бу мулоқотлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида бошланган янги стратегик шериклик даврида парламентлараро ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олишда ниҳоятда муҳим аҳамиятга эгадир.

Америкалик ҳамкасбларимизнинг эътироф этишича, Ўзбекистонда барча жабҳаларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари мамлакатимиздаги тинчлик-фаровонликдан далолат беради. Бугунги кунда кўплаб давлатлар учун катта хавф туғдираётган терроризмни бартараф этишда ҳамкорликда кураш олиб бориш энг тўғри йўлдир. Боиси Ўзбекистоннинг ҳам, АҚШнинг ҳам энг асосий мақсадларидан бири минтақада тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашдан иборат.

Давлатимиз раҳбарининг расмий ташрифи якунида АҚШ Президенти Америка халқи номидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Оқ уйга тарихий ташрифи учун миннатдорлик билдирар экан, Марказий Осиёда анчайин мураккаб вазият юзага келаётган, ҳамкорлик учун янги имкониятлар пайдо бўлаётган бир пайтда бугунги мулоқотимиз стратегик шериклигимизни янгилашга ёрдам берди, дея очиқ баёнот берди.

АҚШ Президенти мазкур ташриф муносабати билан ташкил этилган қабул маросими иштирокчиларига мурожаатида: “Минтақадаги таъминот йўлларини қўллаб-қувватлаш ва Афғонистон билан алоқаларни яхшилашга хизмат қиладиган иқтисодий лойиҳаларни сармоялаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун Президент Мирзиёевга ҳурмат-эҳтиромимни изҳор қиламан”, деб алоҳида қайд этди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг АҚШга расмий ташрифи, ҳеч шубҳасиз, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ҳозирги замоннинг энг долзарб талабларига мос ҳолда изчил ривожланиб ва тобора юксалиб бораётганини амалда ёрқин намоён этди.

Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Демократик институтлар,
нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи
бошқариш органлари қўмитаси раиси,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси

 


 

Истиқболли ҳамкорлик ўрнатилди

 

Ўзбекистон геосиёсий нуқтаи назардан Марказий Осиё минтақасида энг қулай маконда жойлашган. Шу боис, у ўзининг янги йўналишдаги ташқи сиёсатида, энг аввало, қўшни мамлакатлар билан сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Бироқ шу билан бирга, узоқ хориж мамлакатлари, биринчи навбатда ривожланган етакчи давлатлар билан муносабатларини ҳам янги босқичга олиб чиқаётгани жаҳон сиёсий институтлари ва кенг жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда. Шу йилнинг 15-17 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп таклифига биноан ушбу мамлакатга расмий ташрифи бунинг яққол исботидир.

Бугун жаҳоннинг аксар мамлакатлари ҳамда оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тез-тез тилга олинмоқда. Бу икки давлат раҳбари ҳамда Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ сенаторлари билан учрашувларида ташкиллаштирилган матбуот брифингларида берилган саволларда ҳам яққол намоён бўлди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақада ҳам геосиёсий ва стратегик, ҳам ташқи сиёсатда ўз ўрни ва нуқтаи назарига эга эканлиги АҚШ томонидан қизғин қўллаб-қувватланишига сабаб бўлмоқда. Айниқса, ҳозирги глобаллашув даврида жаҳонда рўй бераётган воқеликни атрофлича таҳлил қилиш, ўрганиш, унга холис ва аниқ баҳо бериш ҳар қандай давлат ташқи сиёсатининг муҳим вазифасига айланмоқда. Бу ташриф доирасида амалга оширилган олий даражадаги учрашувларда бир неча бор такрорланди. Халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик масалаларида икки мамлакат ҳамкорлигини янада кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Америка Қўшма Штатлари жуда кўп соҳада жаҳоннинг етакчи мамлакатларидан бири саналади. Мамлакатда жорий этилган қонунчилик тизими, давлат бошқарувидаги демократик тамойил ва анъаналар, иқтисодий, фан-таълим ҳамда инновацион соҳаларда эришган ютуқлари мақтовга лойиқ. Ўзбекистон раҳбарининг ушбу ташрифи давомида икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо, иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, саноат, илм-фан, инвестиция ва бошқа соҳаларда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан муҳим келишувларга эришилгани, хусусан, давлат раҳбарларининг “Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бош­ланиши” деб номланган Қўшма баёноти қабул қилингани, турли соҳаларда 12 та муҳим хужжат имзолангани ташрифнинг нақадар самарали якунланганидан дарак беради. Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким билан учрашувда мамлакатимиз иқтисодиётига, аниқроғи, шошилинч тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, боғдорчиликни ривожлантириш, саноат корхоналарининг энергия тежамкорлигини ошириш, иситиш тармоқларини модернизация қилиш каби соҳаларга инвестиция жалб этиш бўйича келишувлар имзоланди.

Мухтасар айтганда, ушбу ташриф Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлари тарихида, миллий ва минтақавий манфаатлари йўлида янги саҳифа очди.

Тожибой РОМАНОВ,
ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси
кенгаши раиси

 


 

Муштарак қадриятлар

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи тафсилотлари наинки “Америка овози” телерадиоси, “The Associated Press” ва “The Washington Post” каби АҚШ оммавий ахборот воситаларида, балки дунёдаги энг нуфузли ахборот агентлик­лари, матбуот ва телерадикомпаниялар диққат марказида бўлди. Улар ушбу ташриф кутилганидан ҳам самарали бўлиб ўтгани хусусида мунтазам ахборот, таҳлилий мақола, эшиттириш ва кўрсатувлар бериб борди.

Таъкидлаш жоиз, ўтган икки йил мобайнида мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат барпо қилиш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, тараққиётимизни янги босқичга кўтариш, умуман, барча соҳада кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилиб, жамият ҳаёти, одамларнинг кундалик турмуши билан боғлиқ муаммо ва камчиликларга халқ  билан очиқ, ошкора мулоқот асосида ечим топилмоқда. Энг муҳими, қабул қилинаётган қонунлар, қарорлар, Давлат дастурларида фуқароларимизнинг фикр-мулоҳазалари,  хоҳиш-истаклари инобатга олинаётир. Мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат қурилишини такомиллаштириш, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, барча соҳани янада ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенг­ликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ташқи сиёсатни изчил давом эттириш каби масалалар тараққиётимизнинг асосий йўналишлари сифатида белгилаб олинди. “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил демократия устувор ҳисобланган барча давлатлар манфаатларига бирдек хизмат қилади. Президентимиз Шавкат
Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатларни хорижий давлатлар раҳбарлари, сиёсатчилар алоҳида эътибор билан кузатиб бораётгани бор гап. Хусусан, АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев билан бўлган учрашувда Ўзбекистоннинг демократия тамойилларига асосланган халқ ҳокимиятини қарор топтириши, болалар меҳнатидан мунтазам фойдаланишнинг тугатилгани ва мажбурий меҳнатни қисқартиришда эришилган натижаларни эътироф этди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш билан боғлиқ ҳолатни яхшилашга қаратилган амалий чора-тадбирларни мамнуният билан қарши олди. Афғонистон билан савдо-иқтисодий алоқаларнинг бугунги ҳолатини, бу борадаги  саъй-ҳаракатларни олқишлади.

Давлатимиз раҳбари АҚШ Президенти билан мулоқоти ўзаро ишонч ва ҳурмат, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш руҳида ўтганини алоҳида таъкидлади. “Биз бу тарихий ташрифни кейинги икки йил мобайнида мисли кўрилмаган суръатлар билан ривожланиб бораётган Ўзбекистон — АҚШ ҳамкорлигининг мантиқий давоми, деб биламиз. Гарчи мамлакатларимиз географик нуқтаи назардан бир-биридан олисда жойлашган бўлса-да, меҳнатсеварлик, бағрикенглик ва ватанпарварлик каби қадриятлар халқларимизни бирлаштириб туради”, деди давлатимиз раҳбари.

Дарҳақиқат, ушбу расмий ташриф натижалари икки давлатнинг муштарак мақсад ва манфаатларига бирдек хизмат қилади. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик мамлакатимиз миллий манфаатларига тўла мос келади ва унинг ривож­ланишига замин яратади.

Отабек ЖИЯНБОЕВ,
ЎзМТДП Тошкент шаҳар
кенгаши раиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг