Ўзаро муносабатларнинг янги даври

0
24

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз томонидан ташқи сиёсат борасида амалга оширилаётган жадал чора-тадбирлар Марказий Осиё ва унинг ташқарисида мутлақо янги геосиёсий муҳитни шакллантирмоқда. Буни таниқли экспертлар, сиёсатчилар ва халқаро ташкилотлар вакиллари бот-бот таъкидламоқда. Давлатлараро муносабатлар яхшиланиши, ўзаро стратегик шерикликнинг натижалари мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги ўрнини юксалтириб, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга замин бўлади.

Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга қилган расмий ташрифи ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очди. Бунгача чорак аср давомида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида яхши шерикчилик муносабатлари йўлга қўйилган эди, жорий йилнинг 15-17 май кунлари бўлиб ўтган мазкур ташриф эса бу муносабатларга янги суръат бахш этди. Хусусан, расмий ташриф натижалари бўйича икки давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниб, 4,8 миллиард доллар миқдорда 20дан ортиқ йирик шартномалар имзолангани халқаро ташкилотлар, экспертлар ва хориж оммавий ахборот воситаларида ҳам тарихий воқеа сифатида эътироф этилмоқда. Бу, албатта, дастлабки қадамлар. Ҳамкорлик йўналишлари аниқ белгиланганлигини инобатга олсак, алоқаларимиз янада кенгайиши шубҳасиз.

Очиқ ва самимий руҳда бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон — АҚШ ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Юзма-юз мулоқотда Президент Дональд Трамп Ўзбекистоннинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига қатъий содиқлигини таъкидлаб, Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистонда муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишда эришилаётган ютуқларини эътироф этди.

Президент Дональд Трамп Ўзбекистон Республикасини Марказий Осиёда лидер давлат сифатида эътироф этгани Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ташқи сиёсатга берилган яна бир юқори баҳодир. Дунёда энг ривожланган давлат билан кенг ҳамкорлик ўрнатишимиз, иқтисодиётимизнинг барча соҳасига замонавий, юқори технологияларнинг жалб этилиши, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизни янада ривожланишга олиб келади. Шунингдек, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликнинг кенгайишига, давлатимизнинг сиёсий обрўси янада ошишига хизмат қилади.

Тарихий ташриф давомида қабул қилинган “Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бош­ланиши” деб номланган Қўшма баёнотда томонларнинг нафақат бугунги кун ёки яқин келажакка, балки истиқболга мўлжалланган муштарак интилишлари акс этган. Мазкур баёнотнинг қабул қилиниши иккала мамлакатнинг ўзаро муносабатларида янги марралар сари дадил қадам бўлиб қолади. Бу ҳар бир соҳа ва йўналишда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, соҳалар ривожи ҳамда янги иш ўринлари яратилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, нефть-газ, саноат, ташқи савдо, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга оид имзоланган йирик шартномалар Ўзбекис­тон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва иккала мамлакатда янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади. Қолаверса, икки давлат ўртасида сиёсий, парламентлараро ва ҳарбий соҳаларда эришилган келишувлар яқин ва узоқ истиқболда ўзининг юксак самараларини беради. Беш йилга мўлжалланган илк ҳарбий ҳамкорлик режасини амалга татбиқ қилиш орқали мудофаа соҳасидаги алоқалар янада мустаҳкамланади.

АҚШ Конгрессидаги мулоқотлар ҳам ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Президентимиз билан мулоқотда бўлган америкалик сенатор ва конгрессменлар давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга, жумладан, давлат бошқарувини такомиллаштириш, демократияни, иқтисодий эркинликни илгари суриш борасидаги ишларга юқори баҳо бердилар. Конгрессмен Трент Келли кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ишонч аввалги даврлардагига нисбатан кескин мустаҳкамланаётганини таъкидлади. Президентимиз АҚШда Ўзбекистон билан парламентлараро алоқаларни илгари суришга қаратилган ҳамкорлик гуруҳини таъсис қилиш ташаббусини билдиргани ва АҚШлик конгрессменлар мазкур ташаббусга катта қизиқиш билан қарагани алоҳида эътиборга молик. Ушбу ҳамкорлик гуруҳи икки томонлама парламентлараро мулоқот ҳамда ўзаро ишончни мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутади.

Америка Қўшма Штатлари халқаро терроризмга қарши курашда Ўзбекистон билан азалий шериклигини алоҳида эътироф этди. Иккала давлат раҳбарлари экстремизм ва халқаро терроризмнинг умумий таҳдидларига қарши курашиш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Бу борада икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган келишувлар амалга оширилади. Зеро, минтақада тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш Ўзбекистоннинг ҳам, АҚШнинг ҳам энг асосий мақсадларидан биридир.  Бу борада сўз кетар экан, АҚШлик ҳамкорларимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар, юксалиш ва тараққиёт  замирида, аввало, барқарор ва кафолатли тинчлик-осойишталик мужассам эканини эътироф этганини таъкид­лаш жоиз.

Ташриф давомида таълим, маданият соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.  Президентлар икки мамлакат ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликка ўз ҳиссасини қўшадиган Халқаро таълим бўйича Америка кенгашларининг Ўзбекистонда аккредитация қилинишини юқори баҳоладилар. Президент Дональд Трамп АҚШ Ўзбекистонда инглиз тили бўйича таълим дастурларини амалга оширишда кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини эътироф этди. Бу эса мамлакатимизда таълим, хусусан, инглиз тилини кенг ва чуқур ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг АҚШга расмий ташрифи кейинги  икки йил мобайнида мисли кўрилмаган суръатлар билан ривожланиб бораётган Ўзбекистон — АҚШ ҳамкорлигининг мантиқий давоми сифатида мамлакатимиз ривожида муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, ушбу тарихий ташрифнинг мазмун-моҳияти, ўзаро ҳамкорликда имзоланган шартномаларнинг аҳамиятини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш лозим. Бунда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлари ҳам фаол иштирок этади.

Сарвар ОТАМУРАТОВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси

 


 

Таълим тизимидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади

 

Замон талабларига жавоб берадиган таълим тизимини ривожлантириш мамлакатимиз тараққиёти, жамият истиқболини белгилайдиган асосий омиллардан бири саналади. Айни шу жиҳатдан АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Элис Уэллс ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов томонидан имзоланган иккита келишувни алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Биринчи Англашув меморандуми АҚШ университетлари ва Марказий Осиёдаги олий таълим муассасалари доирасида бўлиб, унинг асосида Ўзбекистонда уч йиллик ҳамкорликни назарда тутувчи дастур  ўрин олган, иккинчи Англашув меморандуми эса Ўзбекистон бўйлаб инглиз тили дастурларининг молиялаштирилишини кенгайтиришга қаратилган. У университет талабалари, журналистлар ва бошқа мутахассисларни ўқитиш, инглиз тили ўқитувчилари салоҳиятини ошириш ҳамда ўқитувчи ва талабаларга онлайн таълим имкониятларини яратади.

Халқаро таълим соҳасида талабалар алмашуви бўйича “Open Doors” (“Очиқ эшиклар”) ҳисоботида таъкидланишича, АҚШ коллежлари ва университетларида таълим олаётган ёшларнинг сони 2015-2016 ўқув йилида биринчи марта бир миллиондан ошиб кетган. Уларнинг 530 нафари ўзбекистонлик талабалардир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелда қабул қилинган “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, кадрлар тайёрлашнинг мазмун-моҳиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратиш каби устувор йўналиш ва вазифалар белгиланган. Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш Дастурини тузишда хорижий етук мутахассисларни жалб этиш, олий таълим тизимини келгусида ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан хориждаги етакчи турдош илмий-таълим муассасалари билан истиқболли ҳамкорлик алоқаларини яқиндан йўлга қўйиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган энг замонавий педагогик технологиялар, таълим дастурлари ва ўқув-методик материалларни кенг жорий этиш, илмий-педагогик фаолиятга юқори малакали чет эл ўқитувчилари ва олимларини жалб этиш энг муҳим вазифалар сифатида белгиланди.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида 2010 йилда имзоланган илмий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги келишув доирасида 2011 йилда Урганч давлат университети ва Калифорния давлат университети (Фуллертон шаҳридаги) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Натижада 2014 йилнинг май ойида Калифорния давлат университетида АҚШ — Ўзбекистон олимларининг биринчи халқаро конференцияси ўтказилди. 2017 йил август ойида эса АҚШ — Ўзбекистон олимларининг иккинчи халқаро конференцияси Урганч давлат университетида ўтказилиши ҳам бу икки мамлакат ўртасида таълим тизимидаги алоқалар давом этаётганидан далолатдир.

Ўзаро учрашув чоғида Президентлар икки мамлакат ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликка ўз ҳиссасини қўшадиган Халқаро таълим бўйича Америка кенгашларининг Ўзбекистонда аккредитация қилинишини маъқулладилар. Президент Дональд Трамп АҚШ Ўзбекистонда инглиз тили бўйича таълим дастурларини амалга оширишда кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.

Албатта, бугунги кунда юртимизда таълим тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини бераётгани барчамизга аён. Пировардида, ёшларимиз халқаро фан олимпиадаларида юксак натижаларни қўлга киритмоқда. Бундай ҳамкорлик мамлакатимизда таълим тизимини янги босқичга кўтаришга кўмак беради.

Ўзбекистон делегациясининг АҚШга расмий ташрифи муносабати билан “Виллард интерконтинентал” меҳмонхонасида бўлиб ўтган учрашув ҳам унутилмас воқеаларга бой бўлди. Унда икки мамлакат расмий делегацияси аъзолари, вазирлик ҳамда компаниялар раҳбарлари, бизнес ва илмий доиралар вакиллари иштирок этди. Учрашувда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон тарихини чуқур ўрганиб, бутун дунёда кенг тарғиб қилишга улкан ҳисса қўшаётган Фредерик Старр ҳамда унинг тимсолида барча америкалик олимларга ташаккур билдиргани АҚШдаги зиёлиларга мамнуният бағишлади. Шунингдек, кўп йиллик самарали ижоди, ўзбек мақом санъатини ривожлантириш, халқимизнинг бой маданий меросини дунёда тарғиб этишга қўшган ҳиссаси учун мақом ансамблининг собиқ хонандаси Изро Малаковга “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони берилгани ҳам халқимизнинг санъатсеварлик ва бағрикенглик фазилатларини амалда яққол намоён этди.

Илҳом РАЖАБОВ,
ЎзМТДП Навоий вилоят кенгаши раиси

 


 

Мамлакат ривожи ва халқ фаровонлиги
йўлидаги шериклик

 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи ўзаро муносабатларда янги босқич, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик ривожида дадил қадам бўлди. Музокараларда асосий эътибор ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, янада ривожлантиришга қаратилди. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки бугун Ўзбекистон Марказий Осиёда энг қулай жойлашган, иқтисодиёти тез ривожланаётган, бой табиий ресурсларга ва юқори малакали ишчи кучига эга, минтақанинг энг салоҳиятли мамлакати ҳисобланса, Америка Қўшма Штатлари дунёдаги энг  ривожланган, иқтисодиёти жаҳоннинг юқори даражада диверсификациялашган, ишлаб чиқариши юқори ва илғор технологияларга асосланган индустриал мамлакатдир.

Шу билан бирга, АҚШ иқтисодиётида инновациялар тармоғи жуда ривожланган, илмий ва фан-техника ютуқларини татбиқ этиш, янги кашфиётларни экспорт қилиш, ихтиро ва энг илғор илмий ишланмалар борасида етакчи давлат ҳисобланади. Ташриф давомида ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилганлиги мамлакатимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида белгилаб олинган устувор вазифалар ижросида муҳим ўрин тутади.

Бугун мамлакатимизда америкалик инвес­торлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 180 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Айни чоғда Американинг “Boeing”, “General Motors”, “General Electric”, “CNH Industrial” каби йирик компаниялари ва бошқа корхоналари ўз фаолиятини муваффақиятли олиб бормоқда. Шу ўринда мамлакатлар­аро манфаатли ҳамкорликни таъминлашда бизнес ва ишбилармон доира вакиллари ҳамда инвесторларнинг роли беқиёс эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шу боис ташриф доирасидаги икки томонлама музокараларда компаниялар, бизнес тузилмалар ва ишбилармон доираларнинг ўзаро алоқаларини янги поғонага кўтариш, илғор инновацион ишланмалар, юқори технологиялар, машинасозлик, саноат, ёқилғи-энергетика, транспорт, савдо ва бошқа соҳаларда биргаликдаги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор келишувларга эришилди. Хусусан, ташриф давомида мамлакатимиз ва АҚШ компаниялари ўртасида тузилган шартнома ва лойиҳаларнинг амалга оширилиши юртимиз иқтисодий салоҳияти ҳамда рақобатбардошлигини янада оширишда муҳим ўрин тутади.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг ушбу тарихий ташрифи Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатларининг ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг устувор йўналишлари ва истиқболдаги вазифаларини белгилаб, давлатлар ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берди.

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси

 


 

Ташриф самарали бўлди

 

Давлатимиз раҳбарининг Америка Қўшма Штатларига ташрифи ҳамда унинг доирасида бўлиб ўтган турли даражадаги учрашувлар, жумладан, Оқ уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан бўлиб ўтган самимий мулоқотни юртдошларимиз ойнаи жаҳон орқали ҳаяжон ҳамда фахр-ифтихор билан кузатиб борди.

Давлатимиз раҳбарини аэропортда америкалик ёшлар ўзбекча салом билан кутиб олгани, Вашингтон кўчаларида юртимиз делегацияси икки мамлакат байроқлари остида олқишлаб турилгани мазкур ташрифга Америка Қўшма Штатларида қизғин ҳозирлик кўрилганидан далолат беради.

Учрашувлар чоғида Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган очиқ ва конструктив сиёсати ҳамда бу борада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва ташаббусларни АҚШ Президенти Дональд Трамп алоҳида эътироф этиб, “… Минтақадаги таъминот йўлларини қўллаб-қувватлаш ва Афғонистон билан алоқаларни яхшилашга хизмат қиладиган иқтисодий лойиҳаларни сармоялаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун Президент Мирзиёевга ҳурмат-эҳтиромимни изҳор қиламан”, дея таъкидлади.

Ўзбекистон — АҚШ муносабатлари нафақат савдо-иқтисодий ёхуд сиёсий-хавфсизлик, балки маданий-гуманитар соҳада ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Сўнгги йилларда илм-фан ва таълим соҳасида янги алоқалар ўрнатиш ва эришилган келишувларни амалга ошириш, энг аввало, маданий-гуманитар ва илмий-маърифий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида амалий қадамлар қўйилмоқда.

Дарҳақиқат, АҚШ инновациялар ва юқори технологиялар соҳасида юксак натижаларга эришган. Мамлакатимизда барча соҳани модернизация қилиш жараёни тобора чуқурлашиб бораётган ҳозирги шароитда АҚШ инновациялари ва технологияларини кенг жалб этиш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, янги технология ва инновациялар нафақат иқтисодий ўсишнинг муҳим кафолати, балки ижтимоий муносабатларни замонавий тарзда ташкил қилиш омили ҳамдир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, АҚШ технологияси кирган давлатда ҳисоб-китоб жойида бўлади, коррупция ва ўғриликка йўл қўйилмайди.

Эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги икки йилда Ўзбекистон — АҚШ муносабатларида мисли кўрилмаган фаоллашувни кузатишимиз мумкин. Бунга, биринчи навбатда, икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ва сиёсий иродаси туфайли эришилмоқда. Биргина 2017 йилнинг ўзида Ўзбекистон ва АҚШ етакчилари икки маротаба — Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити ҳамда сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида учрашдилар. Шунингдек, давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш юзасидан қатъий интилишни намоён этганлари ҳолда муҳим аҳамиятга эга бўлган воқеалар муносабати билан телефон орқали мулоқотда бўлдилар ҳамда ўзаро табрикномалар алмашиб турди.

Президент Дональд Трампнинг таклифига биноан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ушбу расмий ташрифи, унинг доирасида ўтказилган олий даражадаги учрашувлар, эришилган келишув ва имзоланган битимлар икки мамлакат муносабатларини том маънода стратегик шериклик даражасига кўтаргани шубҳасиз.

Мамлакатимиз нафақат Марказий Осиё­да, балки бутун жаҳонда тинчлик ва хотиржамлик ҳукм суришини, халқлар ҳамда элатлар ўртасида ўзаро аҳиллик, ҳамкорлик ришталари мустаҳкам бўлишини истайди ва ўзининг оқилона сиёсатида ушбу ғояларни илгари суради. Давлатимиз раҳбарининг АҚШга ташрифи доирасидаги учрашувларда ҳам ана шундай ўзбекона самимият ҳамда бағрикенглик яққол ифодаланди. Бу самимият дунё ҳамжамияти, АҚШ сиёсатчиларини ҳам бефарқ қолдирмади.

Барно ИСЛОМОВА,
халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашига
ЎзМТДПдан сайланган депутат

 

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг