Ўзбекистон Республикаси Президенти Россия Федерацияси мудофаа вазирини қабул қилди

0
8

Ўзбекистон Республикаси Президенти Россия Федерацияси мудофаа вазирини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 май куни мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси мудофаа вазири Сергей Шойгуни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани, шунингдек, амалий ҳамкорлик томонларни қизиқтирган барча йўналишларда жадал ривожланаётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.

2.jpg

Мамлакатларимиз идоралари, ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасида алоқа ва алмашинувлар фаоллашгани, иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳада истиқболли кооперация дастурлари ва лойиҳалари биргаликда амалга оширилаётгани, маданий-гуманитар йўналишда самарали ҳамкорлик қилинаётгани алоҳида таъкидланди.

Суҳбатда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни, жумладан, идоралараро шерикликни янада кенгайтириш, икки томонлама тадбирлар ўтказиш, ҳарбий кадрлар тайёрлаш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, халқаро сиёсат ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Мудофаа вазири давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

3.jpg

Ўзбекистон Қуролли Кучларини модернизация қилиш ва мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистоннинг минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга доир ташаббуслари юқори баҳоланди.

Россия мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлигига хизмат қиладиган икки томонлама кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга тайёр экани таъкидланди.

ЎзА

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг