Гилос — фойдали ва шифобахш

0
14

Гилос — шифобахш мева. Юртимизда унинг тўқ қизил ва сариқ навлари кенг тарқалган. Мутахассислар соғлом бўлишни истаган инсон ҳар куни 300 грамм янги узилган гилос истеъмол қилиши лозимлигини тавсия қилади.

Саккиз минг йил муқаддам ҳам инсониятга мўъжизавий кучини ато этиб келган гилос мевалари таркибида моддалар алмашинуви жараёнида муҳим аҳамиятга эга кўп миқдордаги кальций, темир, магний, фосфор, калий, натрий  минераллари мавжуд. Шу билан бирга, гилос мевалари органик кислоталар, сахароза (фруктоза, глюкоза), РР ва В6 витаминлари, йод, фтор, хром, кремний, никель, рух, марганец сингари микроэлементлар, пектинлар, флавоноидлар гуруҳига мансуб антоцианларни ўзида сақлаб, саломатлигимизни  мустаҳкамлашда кўмаклашади.

Қийғос гуллаган гилос гулларидан фойдали ва шифобахш асал олинади. Асаларилар бир гектар гилосзордан ўртача 35 килограмм тоза асал йиғади. Гилос мевасидан табобатда кўпгина касалликларнинг олдини олиш ва даволаш мақсадида фойдаланилади. Жумладан, гилос буйрак ва жигар фаолиятини яхшилаб, қон айланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Гипертония билан оғриган беморлар учун фаол бирикмаларга бой тўқ қизил гилосни кунига 250-300 грамм ейиш фойдали. Артрит, ревматизм, бўғин ва тўқима оғриқларини камайтиришда янги узилган ширин гилос мевасининг 15 донаси ёхуд унинг қайнатмасини  кунига уч маҳал истеъмол қилиш тавсия этилади. Ушбу қайнатма қуйидагича тайёрланади: 1 литр сув қайнагандан сўнг унга бир ҳовуч мева солинади ва паст оловда 7 дақиқа қайнатилади. Сўнгра оловдан олиниб, оғзи бекитилган ҳолда 20 дақиқа дам берилади. Қайнатмадан бир кунда камида 0,5 литр истеъмол қилиш лозим.

Гилос ичак фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Шунинг учун у ичаклар атонияси (ичак фаолияти сусайиши), колит (қабзият) ва бошқа ички хасталикларга даво. Гилос шарбати ва қайнатмаси овқат ҳазм қилиш тизими фаолиятини яхшилайди. Меваси таркибида органик кислоталар кам бўлгани сабабли уни истеъмол қилиш меъда шиллиқ қаватининг яллиғланиши (гастрит) билан оғриган беморларда кислота миқдорини оширмайди. Темир ва витаминлар кўплиги эса камқонликда фойдали.

Эъзоза АЛИМОВА тайёрлади.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг