“Шунчаки образнинг умри бўлмайди…”

0
13

Санъатнинг олтин қоидаси бор: ҳар қандай образ жонли, табиий бўлса, томошабин унинг кечинмаларини ўзидан топа олса, шу образ халқ қалбидан чуқур жой олади. Халқимиз азалдан санъатни севиб ардоқлайди, санъаткор ижодидан тўлқинланиб, унга эргашади.

Ўзбекистон халқ артисти Эркин КОМИЛОВ мана шундай эътибор ва эътирофдан куч олиб, доимо янгиликка интилувчи, ўзбек санъатида ўз мактабини ярата олган ижодкорлардан бири. Жўшқин қалбли ижодкорнинг театр ва кино оламида яратган ҳар бир образида ўзбекона тиниқ тафаккур, шуури ва онгида халқона қараш жўш уриб туради.

Таниқли санъаткор билан “Хиёбон”да суҳбатимиз ҳам бугун юртимизда ижодкорлар учун яратилган имкониятлар, улар зиммасидаги вазифалар ҳақида кечди.

— Ижодкор учун ёниб ижод қиладиган давр келди, — дейди Эркин Комилов. — Ўз истеъдодингни намойиш этмоқчимисан, марҳамат, барча шароит ва имконият бор. Фақат қайноқ ижод, жамиятдаги иллатлар ва уларнинг ечимига кўзгу, халқнинг дардига малҳам бўладиган саҳна асарлари яратиш керак, холос.

Президентимизнинг шу йил 2 апрелдаги “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори кўплаб ижодкорлар қатори мени ҳам илҳомлантирди. Буюк ёзувчининг деярли барча асари машҳур, бироқ улар орасида “Оқ кема” мазмун-моҳияти кенглиги, қаҳрамонларнинг ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари турфалиги, воқеалар томошабинни чуқур мушоҳада этишга ундаши билан алоҳида ажралиб туради. Шу кунларда “Оқ кема” асарини қашқадарёлик ҳамкасбларимиз билан бирга саҳналаштириш устида иш олиб бораяпмиз. Мен унда Мўмин образини ижро этаяпман. Биласиз, бу образ жуда камтар ва хокисор. Шу пайтгача асосан шахсияти кучли образларни ижро этиб келганим учунми, Мўмин образи мендан аввалги ҳолатдан буткул чиқиб янгича ҳолатга ўтишни талаб қиляпти. Ишонаманки, бу ижрони воҳа аҳли илиқ қабул қилади.

— Инсон қайси соҳада фаолият юритишидан қатъи назар йиллар ўтгани сайин унинг ҳаёт ҳақидаги тушунча ва тасаввури ўзгариб боради. Бу ҳолат, айниқса, ижодкорда ўзгача кечади. Эркин Комилов ёшлик йилларида эътиборга олмаган ҳақиқатлар бугун унга қанчалик таъсир кўрсатмоқда?

— Ҳар доим саҳнага чиқишдан олдин устозим Шукур Бурҳоновнинг бир ўгити ёдимга тушади: “инсонни дуо кўкартиради, қарғиш хароб қилади”. Шу ҳикматнинг нақадар ростлигига иймон келтира бошладим. Ота-она, устозлар дуосини олганларнинг азизу мукаррам бўлиб юрганини кўп бора кўрганмиз. Дуо олмаганларнинг ҳаёти ҳар доим ҳам тўкис бўлавермайди.

Дарвоқе, шу тобда бир воқеа ёдимга тушди: миср­лик бир бадавлат йигит юрак хуружига чалиниб, даво илинжида Европага боради. Унинг соғлиғини назоратдан ўтказган шифокорлар “Бу касалликни фақат операция йўли билан даволаш мумкин, операциянинг муваффақиятига эса кафолат бера олмаймиз. Турмуш ўртоғингиз ёки фарзандларингиздан тилхат олиб келинг. Шундан сўнг операция қиламиз”, деб айтишади. Юртига қайтган бемор эрта тонгда ўзига тегишли дўкон ва савдо расталарини кўздан кечириш учун кўчага чиқади. Шунда бир кампирнинг ахлат қутисини титиб ўтирганига кўзи тушади. Йигит кампирни зимдан кузатса, у қоплар ичидаги суякларни алоҳида-алоҳида ажратаётган экан. Йигит унинг ёнига яқинлашиб нима учун бундай иш қилаётганини сўрайди. Шунда кампир бир ойдан бери болалари гўшт емагани, шу суякларни ювиб, қайнатиб уларга ичиришини айтади. Бу гапдан таъсирланган миллиардер кампирни қассобхонага олиб бориб, “шу аёл қачон келса, менинг номимдан гўшт бериб юборасиз”, дейди. Кампир эса бунга рози бўлмайди. Бемор йигит гўшт дўкони ўзига тегишли эканини айтганда ҳам кампир фикридан қайтмайди. Сўнг у бир даста пул чиқариб, қассобга “мана шу пул онахоннинг насибаси. Ҳар сафар келганда гўшт бериб юборасиз”, дея тайинлайди. Шунда кампир унинг пойига тиз чўкиб, уч марта “тани жонинг соғ бўлсин, касал бўлма”, дея дуо қилади. Шу пайт йигит руҳиятида ўзгача ҳис жўш урганини сезади. Уйга келса қизи ҳам отасининг кўриниши ҳар кунгидан-да яхши эканини айтади. Орадан кунлар ўтиб, Европага яна соғлиғини текширтириш учун боради. Шифокорлар ҳеч қандай касалликни аниқлай олмай, ажабланишади. Бемордан қандай муолажа қилганлигини так­рор-такрор сўрайди. У ҳеч нима қилмагани, фақат яқинда бўлиб ўтган воқеани сўзлаб беради. Шифокорлар ишонишмайди. Хайрли иш қилишнинг, дуо олишнинг нақадар буюклигини ўша бадавлат йигит тўлқинланиб гапирганди…

Ёшим етмишдан ошиб борар экан, так­рор-такрор англаб етаяпманки, меҳнат қилган инсон қачондир унинг рўёбини кўрар экан. Умр инсонга бир марта берилади. Шу боис уни гўзал амаллар билан ўтказмоқ керак. Агар умр икки маротаба берилганида эди, кейинги сафар яхши яшарман, дегувчилар ҳам топиларди. Ахир дун­ёга бир маротаба келамиз-ку?! Ўз онгимизни вужудга бўйсундириш эмас, вужудимизни онгга бўйсундиришимиз керак. Бу жуда оғир жараён. Лекин мўъжиза ҳам, инсоннинг қудрати ҳам шунда — ўзини енга билишида.

— Суҳбатларингизнинг бирида “Томошабин жуда синчков, аммо жуда андишали. Кўради-ю, индамайди, аммо кўнглига тугиб қўяди. Эртасига кинода кўрса, индамай телевизорни ўчириб қўя қолади”, деган эдингиз. Нима деб ўйлайсиз, мана шу ҳолатнинг рўй бериши драматургнинг нўноқлиги оқибатими ё режиссёр ва актёрнинг маҳоратсизлиги туфайлими?

— Муаммо кўпроқ яхши сценарий йўқлигида дейиш мумкин. Чунки режиссёр тайёр сценарий билан ишлайди, актёр ўзига берилган вазифани — ролни ижро қилади. Шу боис ҳам драматургиянинг юки жуда оғир. Ҳозирда бармоқ билан санарли драматурглар бор. Шундай “драматурглар” ҳам борки, улар томошабинга эргашиб кетяпти. Пул келяпти, одамлар куляпти. Аслида  бунинг тескариси бўлиши керак: драматург, умуман, ижодкор ўқувчидан энг камида бир қадам олдинда юриши керак. Бугунги кун томошабини қайсидир маънода истеъмолчи эканини англаб боряпти. У тақдим этилаётган асарларнинг пучини пучга, сарагини саракка ажратиб ола бошлади. Демак, томошабин дун­ёқараши ўзгаряптими, ижодкорлар ундан ўн чандон кўпроқ ўзгариш қилиши керак.

30-40 йил давомида саҳнада роль ижро этиб халқ дилидан жой олган, ҳалиям ички туғёни қайнаб турган актёрлар талай, аммо уларнинг фикри ва дунёқарашидан ўн баробар юқори фикрлайдиган режиссёрларимиз йўқлиги мени ташвишга солади. “Мен режиссёрман”, деб актёрга ўз ҳукмини ўтказишга ҳаракат қилаётган чала режиссёрлар ҳам йўқ эмас. Бундай муҳитда яратилган саҳна асари томошабин кўнглидан жой олишига шубҳам бор. Чунки актёр ва режиссёр ўртасидаги муносабат ўзгардими, улар орасига совуқчилик тушдими, демак, асардан ҳам файз кетади.

— Замонамиз қаҳрамони образини яратиш масаласи ҳақидаги фикрингиз қандай? Давлатимиз раҳбари ҳар соҳада илғор меҳнат қилаётган инсонлар ҳам замонамиз қаҳрамони бўлиши мумкин, деган эди. Бугун мана шу вазифа бажариляптими?

— Дарҳақиқат, замонамиз қаҳрамонларини яратишда мавзуни орамиздаги одамлардан излаш керак. Мисол учун, Қамчиқ довонидан поезднинг ўтиши ўзи бир мўъжиза. Бу оламшумул воқеага қанчадан-қанча инсонларнинг меҳнати сингган. Буғдой захирамиз жуда мўл. Уни кимлар, қайси қаҳрамонлар амалга ошир­япти? Шулар ҳақида ёзиш мумкин. Чегараларимизни қўриқлаб, тинч­лигимизни сақлаб турган жасур ўғлонлар — замон қаҳрамонлари. Сценарийнавислар мана шу мавзулардан кенг фойдаланиб, янги-янги асарлар яратиши керак, назаримда. Бугун давлатимиз раҳбари қўйган мана шу вазифани бажаришга киришилган. Насиб қилса, тез орада ҳақиқий замонамиз қаҳрамонларини кўрамиз. Балки ўзимиз ҳам ўша ролларни ижро этармиз…

— Бугун китобхонлик маданиятини ошириш борасидаги ишлар давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Узоқ йиллик ҳаёт тажрибасига эга инсон сифатида, айтинг-чи, фарзандларимизнинг китоб билан дўст тутиниши учун оилада қандай муҳит шаклланиши керак?

— Фарзандга ҳар куни “нонушта қил” ёки “тушлик қил” деб эслатмаймиз. Тирик жонзотда шундай биологик жараён бўладики, у қорни очса, ўзи егулик топиб ейишга ҳаракат қилади. Демак, ота-она фарзандга ҳар куни китоб ўқишини эслатавермасдан, уларнинг ўзи бунга ўрнак бўлиши керак. Бу жараён такрорланаверса, албатта, бола ҳам қизиқади ва отаси ёки онасидан китоб нима ҳақида эканлигини сўрай бошлайди. Улар китобнинг мазмуни хусусида сўзлаб беришса, бас, фарзанд қизиқиб, уни ўқиш кераклигини тушуниб етади. Қизиқувчанлик бола табиатига хос хусусият. Бундан мана шундай  мақсадда фойдаланиш мумкин. Шунинг учун оила бош­лиқлари болада китобга бўлган меҳр ҳиссини шаклланишига шароит яратиши ва яна такрор айтаман, бунга ўзи ҳам ўрнак бўлиши керак.

Яқинда бир хонадонда кино съёмкаси бўлди. Дабдабали ҳовли, бари бадастир — қандини урсин, ҳавасингизни келтиради. Лекин уйда бир дона ҳам китобга кўзимиз тушмади. Уй эгалари билан суҳбатлашганимизда уларнинг фикри, тафаккури шу даражада паст, ҳамма нарсани пул билан ўлчашини англадик. Ота-онанинг айтишича, ўғли ҳам, келини ҳам сабабсиз пул сарфлашни хуш кўришаркан. Бу гапларни эшитиб, ҳаётнинг турли бурилишлари, синовларига дуч келганида ўша ёшлар қандай йўл тутаркан, деган ўй гирдобида қолдим. Ахир бола қийинчилик кўрса, эзгу фазилатларнинг қадрига етса, тафаккури ва дунёқараши тиниқ шахс бўлиб вояга етади. Ўз тафаккури, шуури билан бойлик орттирганларнинг эл орасида азизу мукаррам бўлаётганлигини кўп бора кўряпмиз. Энг муҳими, дунё яралгандан буён камтарона яшашдан ҳеч ким афсус ва надомат чеккани йўқ.

Яқинда “Оқ кема” ҳамда Шукруллонинг  “Кафансиз кўмилганлар” асарини иккинчи маротаба ўқиб чиқдим. Ёшлар билан бўлган учрашув ва суҳбатларда “Кафансиз кўмилганлар” асарини ўқинглар, шунда бугунги кунингизга шукрона келтирасизлар, дея маслаҳат бераман. Имкон қадар ҳар куни китоб ўқишга ҳаракат қиламан.

— Залворли, юки бор, кўнглингизга ёққан ролларни ижро этиш чоғида ўз “мен”ингиздан кечган пайтларингиз ҳам бўлганми? Умуман бу жараён ижодкор ички оламида қандай кечади?

— Бу ҳол жуда кўп бўлган. Шифокорга борсам сизга сиқилиш мумкин эмас, дейди. Саҳнадаги ижро жараёнида изтироб чекмай бўладими? Образнинг юрагини очиб бериш учун керак бўлса — йиғлаймиз, керак бўлса — куламиз. Эслайман, Ҳайитмат Расулнинг “Ал-Фарғоний” асарида Зокирни ўйнадим. Ал-Фарғоний Мисрга бориб расадхона очиб, илм-фанни ривожлантираётган бир пайтда бу ҳолат Зокирга жуда ёмон таъсир этади. “Менинг даврим ўтди, шекилли”, деб изтироб чекади. Шунда ҳар гал саҳна ортига ўтиб йиғлаб олардим. Бундай ҳолат ижодкорнинг юрагига оғир юк бўлиб ботади. Ичидагини ташқарига чиқариб юбормаса, бирор касаллик орттириб олиши мумкин.

— Ўзбек кино ва театр санъатининг эртанги тараққиёти халқ тили ва дилини англайдиган ёш ижодкорларга боғлиқ. Катта истеъдодлар эса “устоз-шогирд” мактабидан етишиб чиқади. Сизни Шукур Бурҳоновнинг муносиб шогирди, деб айтадиган бўлсак, ўзингиз кимларни муносиб шогирдим, дея оласиз?

— Баъзан бир нарса мени қаттиқ ранжитади. Санъат соҳасини танлаган ёшлар сценарийда ёзилган матннинг мағзини чақмасдан туриб уни саҳнада ижро этишга ҳаракат қилади. Фикр, мушоҳада деган нарсани умуман қўлламайди. Уларга бизнинг қуролимиз сўз, ўша сўзни шундай маҳорат билан етказиб бергинки, томошабиннинг эти жимирлаб кетсин, актёр ишонч билан гапирсагина тингловчини маҳлиё қилиш мумкин, деган гапларни доимо таъкидлайман.

Театрга келганимга 52 йил бўлди. Аммо ёшлар орасидан Ёдгор Саъдиев, Теша Мўминовдек актёрлар чиққани йўқ. Айнан уларга ўхшасин, демайман. Лекин улардаги маҳорат ва жасоратни, албатта, ўрганиш керак. Ўзбек Миллий академик драма театрида ҳозир бармоқ билан санарли ёш актёр ва актрисалар бор. Тўғри, улар орасида серқирра қобилиятга эга ёшлар ҳам йўқ эмас. Лекин буни етарли, деб ўйламайман.

Театрда фаолият юритаётган ёш актёрлардан Асадулла Набиевни ўзимга муносиб шогирд деб биламан. У изланишлари самараси ўлароқ “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонига сазовор бўлди. Ундаги шижоат, устозларга ҳурмат, ўз устида тинимсиз ишлаши боис томошабинлар эътибори ва эътирофига сазовор бўлмоқда.

— Эркин ака, ўтган умрингиз давомида ортга боқиб нималардан ўрнак оласиз-у, нималарни армон деб биласиз?

— Болалик йилларимни эсласам, биринчи ўқитувчим Роҳиддин ака Тиллаевнинг нурли чеҳраси тасаввуримда қайта-қайта гавдаланаверади. Биз таълим олган ўша қатағон йилларини ўйлаб ҳалиям жоним оғрийди. Эҳ, қанчалар машаққатли кечган эди ўша замонлар. Бугун у машъум йиллар ҳақида невараларимга гапириб берсам, эртак деб билади: бири ишонса, бошқаси ишонмайди. Қишнинг совуқ кунларида синфхонада устозимнинг эски печкага ўтин қалаб, тутуннинг аччиғидан кўзларига ёш келиб, йўталиб биз учун шароит яратишга ҳаракат қилганларининг ўзи катта бир жасорат эди.  Ўша пайтда айта олмаганим: устозимга буюк инсон эканлигини, биз ўқувчиларга, яъни фарзандларига қанчалар азиз эканини такрор ва такрор таъкидлагим келади.

Яна бир ҳолат ҳеч эсимдан чиқмайди: синг­лим мактабдан келишини интиқлик билан кутардим. Чунки сиёҳдон ва перомиз битта эди. У мактабдан келиши биланоқ сиёҳдон ва перони олардим-у, ўқитувчим ҳузурига ошиқардим.

Айни дам устозим билан боғлиқ хотираларни эсга оларканман, хато қилганимизда бизни койиган, жазолаган вақтлари ёдимга тушади. Рости, ўша пайтда устозимдан оз-моз ранжиган, қаттиққўллигини кўнглимга олган дамларим бўлса бордир. Лекин кейин катта ҳаёт йўлларида оёғим тойганида, тақдирнинг бешафқат зарбалари қаддимни букиб қўйганида “нега ўшанда мени аядингиз?! Қаттиқроқ койимадингиз?! Кўзим мошдай очилсин эди, ҳар қандай ёмон ишга жазо муқаррар эканлигини, тақдирнинг эса келажакда этни кесиб юборадиган бешафқат зарбалари кутиб турган бўлиши мумкинлигини ҳис этайин эди!” дея кўп бора хаёлимдан ўтказаман. Сабаби, (ке­йинчалик тушундим) устоз ҳеч қачон беҳуда койимас экан. Ва яна шуни англадимки, агар ҳаёт жазоламоқчи бўлса, у муаллимингга ўхшаб енгилгина эмас, нақ юрагингга зарба берар экан…

Бир нарса аёнки, армон тугаган куни инсон ҳам тугайди. Инсон умрининг охиригача армонда ўтиши мумкин. Боши ёстиққа текканда ҳам “агар шу ишни қилмаганимда балки бундай тўшакка михланиб қолмаган бўлармидим”, деб ўйлайди. Ижодий фаолиятимда жуда кўп образ яратдим. Насиб қилса, ҳали яна янги қиёфаларни яратишни мақсад қилганман.

— Айни дамда нималар билан бандсиз? Томошабинларни қандай ижодий янгилик­лар билан хурсанд қилмоқчисиз?

— Акмал Ибрагимовнинг “Синовли йўллар” фильмида бош роллардан бирини ижро этяпман. Хуршид Ҳасановнинг “Ўгай она” фильмида ҳам роль ўйнадим. “Тугун”, “Оила шаъни” фильмларида янги образларни ижро этдим. Режиссёр Эргаш Мўминов қишлоқ ҳаёти, курашчи полвонлар, умуман инсон тақдирини ёритувчи фильм суратга олди. Менга бош роллардан бири — полвон чол образини беришди. Ушбу фильм Ангрен, Оҳангарон тоғлари бағрида суратга олинди. Айниқса, Акмал Ибрагимовнинг “Синовли йўллар” фильмида яратган образим ўзимга жуда маъқул бўлди. Ҳали жуда кўп режалаштирган ишларим бор. Режиссёрларимиз томонидан тарихий фильмлар суратга олин­япти. Мен ҳам унда бирорта тарихий сиймони яратишни мақсад қилганман.

“Milliy tiklanish” мухбири
Дилфуза МАҲКАМОВА суҳбатлашди.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг