Қайноқ булоқлар маскани

0
7

Йеллоустон миллий боғи АҚШнинг Вайоминг, Монтана ҳамда Айдахо штатлари ҳудудида жойлашган бўлиб, қайноқ булоқлари, геотермик объектлари, беқиёс табиати, бой ҳайвонот ва наботот олами билан дунёга машҳур. Ушбу гўзалликни томоша қилиш учун бу ерга ҳар йили қарийб 2 миллион сайёҳ келади.

Археологик маълумотларга қараганда, одамлар боғ жойлашган ҳудудда тахминан 11 минг йил аввал яшай бошлаган. Бу масканни илк бор 1805 йилда Льюис ҳамда Кларк бошчилигидаги экспедиция тадқиқ этган. 1807 йилда уюштирилган навбатдаги экспедицияда Жон Колтер қўриқхона ҳудудида геотермал манбаларни аниқлашга муваффақ бўлди. 1869 йилда Дэвид Фолсом бошчилигидаги илмий экспедиция Йеллоустон кўлига қадар етиб боради. 1872 йилда АҚШнинг ўша пайтдаги Президенти Улисс Грант Йеллоустон кўли атрофидаги ҳудудда миллий боғ ташкил этиш тўғрисидаги қонунга имзо чекади. Шу тариқа ўша йилнинг 1 март куни Йеллоустон миллий боғи ташкил этилади. Натаниэль Лэнгфорд боғнинг илк бошқарувчиси этиб тайинланди. Бироқ унинг бошқаруви даврида боғ учун давлат томонидан ҳеч қандай моддий ёрдам кўрсатилмайди. Қолаверса, бу даврда боғда ноқонуний овчилик авж олади. Натижада у 1877 йилда истеъфога чиқишга мажбур бўлади. Ундан сўнг ушбу вазифани бажарган Филетус Норрис саъй-ҳаракатлари ўз натижасини кўрсатади — АҚШ Конгресси боғ инфратузилмасини яхшилаш, бу ерга ташриф буюрувчиларга қулай шарт-шароитларни яратиш учун маблағ ажратади. Бунинг ҳисобига миллий боғда йўллар ҳамда туристик объектлар бунёд этилади. 1880-йилларда ўтказилган темир йўл тармоғи бу ерга ташриф буюрувчилар сонининг кескин ошишига сабаб бўлди. 1933-1941 йилларда Йеллоустонда ахборот марказлари ташкил этилди, йўлларга асфальт ётқизилди. Боғдаги сўнгги туристик мажмуа — “Кэнион Вэлли” 2006 йилда бунёд этилди.

Йеллоустон миллий боғининг деярли 96 фоиз ҳудуди Вайоминг, 3 фоизи Монтана, атиги 1 фоиз ҳудуди эса Айдахо шататида жойлашган. Унинг умумий майдони 898,3 минг гектарни ташкил этади. Боғ шимолдан жанубга қадар 102, шарқдан ғарбга қараб 230 километрга чўзилган. Унинг ҳудудида кўл, дарё, дара ҳамда ғорлар кўп. Дарё ҳамда кўллар боғнинг 5 фоиз ҳудудини эгаллайди. Бу ердаги энг йирик кўл — Йеллоустон: майдони 352,2 квадрат километрни, чуқурлиги 122 метрни ташкил қилади. Йеллоустон денгиз сатҳидан 2 минг 357 метр баландликда жойлашган бўлиб, Шимолий Америка материгидаги денгиз сатҳидан энг баландда жойлашган кўл ҳисобланади. Боғнинг 80 фоиз ҳудуди ўрмон билан қопланган.

Йеллоустон — ўқтин-ўқтин отилиб турадиган иссиқ булоқ, яъни гейзер макони. Унинг ҳудудида 3 мингга яқин ана шундай булоқлар мавжуд. Дунё бўйича гейзерларнинг учдан икки қисми шу ерда жойлашган. Улар орасида энг йириги “Кема” номли булоқ. Бироқ боғдаги энг машҳур гейзер — “Қадимий мўъжизакор булоқ” бўлиб, ҳар 45-125 дақиқада қирқ метр баландликка қайноқ сув отиб туради. Бундай манзара ҳар қандай сайёҳни ҳайратга солиши шубҳасиз.

2001 йилда хиёбонда Йеллоустон вулқон расадхонаси ташкил қилинган. Расадхонани ташкил этишдан мақсад нафақат вулқон ва геотермик фаолликни кузатиш, балки улар етказиши мумкин бўлган хавф даражасини олдиндан башорат қилишдан иборат. Йеллоустон миллий боғида ҳар йили минглаб кичик ер силкинишлари содир бўлади. Улар одамларга деярли сезилмайди. Шунга қарамай, ўтмишда унинг ҳудудида кучли зилзилалар ҳам юз берган. Мисол учун, 1959 йилда боғнинг шимолий қисмида 7,5 магинитудали зилзила қайд этилган эди. Бу Хебген кўлидаги тўғоннинг қисман бузилиши ҳамда сув тошқинига сабаб бўлган.

Боғ наботот оламига ҳам бой. Бу ерда 1 минг 870 дан зиёд турдаги ўсимлик ўсади. Ўрмонларнинг 80 фоиз ҳудудини қарағай дарахтлари банд этган. Ўрмонда баргли дарахтлар орасида тоғтерак, тол, қайин нисбатан кам учрайди. Йеллоустон миллий боғида 60 турдаги сут­эмизувчи ҳайвон яшайди. Бу ерда бўри, бизон, қора айиқ (барибал), буғу, қор эчкиси, пума каби сутэмизувчи жониворларни учратиш мумкин. Боғ ҳудудидаги сув ҳавзаларда эса 18 турдаги балиқ яшайди. Шунингдек, 6 турдаги судралиб юрувчи ҳайвон, 311 турдаги қуш боғ ҳудудини макон қилган.

Йеллоустон АҚШдаги энг кўп ташриф буюриладиган миллий қўриқхона саналади. Унда тўққиз меҳмонхона, кўплаб дўконлар, музейлар, ахборот марказлари, ёқилғи қуйиш шоҳобчалари фаолият кўрсатади.

Йеллоустон миллий боғи 1976 йилнинг 26 октябрида халқаро биосфера қўриқхонаси сифатида тан олинган, 1978 йилнинг 8 сентябрида эса ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

Фотима Султонмуродова,
ЎзДЖТУ талабаси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг