Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатининг тамал тоши: ёхуд Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси тарихи ва унинг аҳамияти хусусида

0
26

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг бош шарти саналади. Зеро, инсон ҳуқуқлари тўлиқ таъминланган, эркинлиги кафолатланган давлатдагина тинчлик ва осойишталик муҳити қарор топиб, ривожланиш ва тараққиёт бўй кўрсатади.

1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси инсон ҳуқуқ ва эркинлик­ларини муҳофаза қилишнинг таъсирчан воситасига айланди. Ушбу муҳим, дастуриаламал ҳужжатнинг қабул қилинганига бу йил етмиш йил тўлади.

Шу ўринда савол туғилади: нега инсоният айнан XX аср ўрталарига келиб ана шундай ҳужжатга эҳтиёж сезди? Уни қабул қилишдан мақсад-муддао не эди?

Инсоният бошига мислсиз кулфат келтирган Иккинчи жаҳон уруши инсон ҳуқуқлари бўйича бир ёқадан бош чиқаришни, бу борада умумий келишувни амалга оширишни тақозо қилди. 1941 йилда АҚШ Президенти Франклин Делано Рузвельт “Мамлакатнинг аҳволи тўғрисида”ги мурожаатида дунё жамоатчилигини инсон учун зарур бўладиган тўртта эркинликни таъминлашга чақирди: сўз эркинлиги, виждон эркинлиги, муҳтожлик ҳамда қўрқувдан озод бўлиш ҳуқуқи.

Бу ғоя уруш тугашининг ҳамда тинчлик ўрнатишнинг зарур шарти сифатида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилинишига туртки берди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида нацистлар бутун инсониятга нисбатан амалга оширган ваҳшиёна ҳаракатлар инсон ҳуқуқ ва эркинлигини кафолатлайдиган халқаро ҳужжатни қабул қилиш заруриятини юзага келтирди. Чунки ўшанда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Уставида назарда тутилган қоидалар инсон ҳуқуқ ва эркинлигига доир барча жиҳатни қамраб олмаган эди.

1948 йил 10 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг учинчи сессиясида 217 А (III) резолюция билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинди. Мазкур декларация лойиҳасини ишлаб чиқишда канадалик Жон Питер Хампрей (бош муаллиф), америкалик Элеонора Рузвельт, франциялик Рене Кассен, хитойлик Пенг-Чун Чанг ва бошқалар (жами саккиз давлат вакиллари) иштирок этишди. Икки йиллик узоқ тортишув ва самарали меҳнат натижасида декларация лойиҳасига инсоннинг яшаш ҳуқуқи, эркинлик ва хавфсизлик ҳуқуқи, фикр юритиш эркинлиги ва бошқа асосий ҳуқуқларини белгиловчи қоидалар киритилди.

Декларацияни қабул қилиш юзасидан Бош Ассамблеяда ўтказилган овоз беришда қатнашган 48 давлат уни ёқлаб овоз берди. Фақат 8 давлат овоз беришда бетараф қолди, 2 таси эса иштирок этмади. Бундай қарама-қаршилик ва эътирозларнинг келиб чиқишига декларациянинг ахборот эркинлиги тўғрисидаги моддаси асосий сабабчи бўлди. Чунки Совет Иттифоқи ва бошқа айрим давлатлар вакилларига декларациянинг бу қоидалари унчалик маъқул келмаган эди.

Маълумки, бугунги кунда мазкур ҳужжат жаҳон ҳамжамияти учун фақат тавсиявий характерга эгадир. Лекин унинг асосида қабул қилинган 2 та халқаро ҳужжат уни имзолаган барча тарафлар учун мажбурий ҳисоб­ланади. Бу ҳужжатлар Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги ва Иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро шартномалардир.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси бугунги кунга келиб, жаҳоннинг 360 дан ортиқ тилларига, шу жумладан, ўзбек тилига ҳам таржима қилинган. Унда мустаҳкамлаб қўйилган тамойиллар жаҳоннинг 90 дан ортиқ давлатлари Конституцияларида ўз аксини топди.

Декларация ҳаммуаллифларидан бири Элеонора Рузвельт уни “Бутун инсониятнинг буюк эркинлик­лар хартияси” деб атаган.

Декларация қабул қилинган кун, яъни 1950 йилнинг 10 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан “Инсон ҳуқуқлари куни” деб эълон қилинди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўз ишини бош­лаганидан кейин эришган биринчи ютуқлардан бўлган ушбу декларация халқаро қонунчиликнинг асосини яратиб берди десак, муболаға бўлмайди. У инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари масаласини ўзида тўла акс эттирган биринчи ҳужжат бўлди. Бундан ташқари, декларация бугунги кунга қадар инсон ҳуқуқларига оид кўплаб ҳужжатнинг қабул қилинишига туртки берди.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 30 моддадан иборат бўлиб, унинг муқаддимасида ушбу сўзлар ўз ифодасини топган: “Бош Ассамблея мазкур Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини барча халқлар ва барча давлатлар бажаришга интилиши лозим бўлган вазифа сифатида эълон қилар экан, бундан муддао шуки, ҳар бир инсон ва жамиятнинг ҳар бир ташкилоти доимо ушбу Декларацияни назарда тутган ҳолда маърифат ва таълим йўли билан бу ҳуқуқ ва эркинликларнинг ҳурмат қилинишига кўмаклашиши, миллий ва халқаро тараққийпарвар тадбирлар орқали ҳам унинг бажарилиши таъминланишига, Ташкилотга аъзо бўлган давлатлар халқлари ўртасида ва ушбу давлатларнинг юрисдикциясидаги ҳудудларда яшаётган халқлар ўртасида ялписига ва самарали тан олинишига интилишлари зарур”.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси давлатимиз мустақилликка эришганидан кейин қўшилган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатдир. Демократик, ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлини танлаган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини жамиятни ривожлантириш ва давлат қурилишининг, бутун ички ва ташқи сиёсатининг энг устувор йўналиши этиб белгилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ушбу декларацияда назарда тутилган асосий тамойиллар ўз ифодасини топган. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 70 асосий ҳужжатга қўшилди, БМТ бу соҳада қабул қилган асосий 10 халқаро шартнома иштирокчисига айланди. Ўзбекистон Республикасида миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига халқаро стандартларни тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўз модели, инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши мониторинги миллий тизими шакллантирилган.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлигида инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича махсус бўлинмалар ташкил этилган ва улар фаол ишламоқда. Мазкур муассасаларнинг қарийб барчаси инсон ҳуқуқларини судгача ҳимоя қилиш институтлари ҳисобланади. Адлия вазирлиги инсон ҳуқуқларини судгача бўлган тартибда ҳимоя қилиш институтлари орасида ўзига хос ўринга эга.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида мамлакатнинг халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш, ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин олиш, Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик муҳитини яратиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 18-20 сентябрь кунлари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш учун АҚШга амалга оширган ташрифи доирасида БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн билан ҳам учрашган эди. Ўшанда Президентимиз Ўзбекистон фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, чинакам демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг қатъий тарафдори эканини таъкидлади. Ўз навбатида, Олий комиссар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси кенг кўламли янгиланиш­лар учун мустаҳкам асос бўлаётганини қайд этди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Женевада бўлиб ўтган 37-сессияси доирасида шу йилнинг март ойида таркибида Ўзбекистон Респуб­ликаси адлия вазири Русланбек Давлетов ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидовдан иборат бўлган мамлакат делегацияси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн билан учрашди. Учрашув чоғида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорликнинг бугунги кундаги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди. Олий комиссар Ўзбекистонда сўнгги йилларда барча соҳада амалга оширилган ишлар, жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли  ҳимоя қилиш, одил судловга эришишни такомиллаштириш, суд жараёнининг самарадорлиги ва сифатини ошириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларга катта қизиқиш билдирди.  Шунингдек, Олий комиссарга Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”даги ижроси асосий натижалари ҳамда Ўзбекистон ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси”  тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Олий комиссар мамлакат ҳаётининг барча жабҳасида  амалга оширилаётган изчил демократик ўзгаришларни ижобий баҳолади. Жумладан, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштириш борасидаги  ишларнинг муҳимлигини таъкидлади.

Шу йилнинг 9 май куни Ўзбекис­тон вакиллари Женева шаҳрида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бў­йича универсал даврий шарҳининг 30-сессиясида иштирок этди. Универсал даврий ҳисобот доирасида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятлари бажарилиши бўйича миллий маърузаси кўриб чиқилди. Ишчи гуруҳи 7-18 май кунларига режалаштирилган сессияда Ўзбекистон билан биргаликда 14 давлатнинг ҳисоботи қабул қилди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 16-17 май кунлари АҚШга амалга оширган расмий ташрифи олдидан Ўзбекистон делегацияси аъзолари қатор муҳим тадбирларда иштирок этди. Вашингтон шаҳридаги Миллий пресс-клубда “Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида эришган ютуқлари ва истиқболдаги вазифалар” мавзуида конференция бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бў­йича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Халқаро пресс-клуб, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва қатор халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда таниқли олимлар, мутахассислар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва унинг асосида қабул қилинган қонунлар жамият ва давлат фаолиятининг барча соҳасини ислоҳ қилиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди. Ўзбекистон Конституциясида мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг қўшилган дастлабки халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида назарда тутилган асосий тамойиллар ўз ифодасини топган. Конференцияда сўнгги йилларда Ўзбекис­тонда инсон ҳуқуқлари бўйича амалга оширилаётган ишлар дунё жамоатчилиги томонидан алоҳида эътирофга сазовор бўлаётгани қайд этилди.

Шу йилнинг 5 май куни Президентимизнинг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган Тадбирлар дастури тасдиқланиб, уни амалга ошириш бўйича Комиссия ташкил этилди. Дастурда бир қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда 2018 йилнинг 10 декабрь куни мамлакатимиздаги барча мактаб, лицей, коллеж, олий таълим муассасаларида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган умуммиллий дарс ўтказади.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони замирида, аввало, халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилаш, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, жамиятда қонун устуворлиги тамойилини тўлиқ жорий этиш мақсади мужассам. Унда аҳоли барча қатламлари манфаатларига мос кўплаб вазифа ҳамда чора-тадбирлар белгилаб берилган, уларни тўлиқ ва сифатли амалга ошириш ҳар биримиздан алоҳида фидойилик ва масъулиятни талаб этади.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ,
“Milliy tiklanish” шарҳловчиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг