Анъана ва қадриятлар байрами

0
18

Қадимий ва ҳамиша навқирон Бухоро ўзининг бой тарихи, осори-атиқалари, урф-одат ва анъаналари билан дунё аҳлини мафтун этиб келмоқда. Шу боис уни томоша қилиш учун келадиган сайёҳлар сони ҳам йилдан йилга ошиб боряпти. Шу йилнинг 25-27 май кунлари Бухорода бўлиб ўтган анъанавий “Ипак ва зираворлар” халқаро фестивали бу кўҳна ва гўзал шаҳар имкониятларини яна бир бор намойиш этди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги, Туризм­ни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ҳудудий бош­қармалари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган XVII анъанавий “Ипак ва зираворлар” фестивалида юртимизнинг барча вилояти, Ҳиндистон, Жанубий Корея,  Германия, Польша, Бангладеш, Хитой, Белоруссия, Саудия Арабистони, Туркия, Япония, Россия Федерацияси, Буюк Британия, Грузия, Венгрия каби давлатларнинг мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, хорижлик меҳмонлар, кенг жамоатчилик, 9 давлатдан 100 дан ортиқ ҳунармандлар иштирок этди.

Фестиваль доирасидаги тадбирлар кўҳна Арк қалъасидан Лаби ҳовуз ансамблига қадар чўзилган кўча ва тарихий масканларни ўз ичига қамраб олди. Вилоятлардан ташриф буюрган фольклор ансамбллари чиқишлари Улуғбек мадрасаси, Нўғай ва Тим Абдуллахон карвонсаройи, Нодир девонбеги мадрасаси ва эски шаҳар бўйлаб ташкил этилди. Зардўзлик, темирчилик, ипак гилам тўқиш, деворий кашталар, мис-кандакорлик, кулолчилик, рассомлик ва миниатюра йўналишлари бўйича маҳорат ва дизайнерлик намойишлари эса Кўкалдош, Тим Абдуллахон мажмуалари, Тоқи Саррафон, Тоқи Телпакфурушон, Тоқи Заргарон савдо марказларидан ўрин олди. Фестиваль доирасида ташкил этилган савдо расталарида маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг ипакдан тайёрланган маҳсулотлари намойиш қилинди, зираворлар савдоси ташкил этилди. Бундан ташқари, тасвирий ва амалий санъат галереяси, суратлар кўргазмаси, модалар ва тарихий фильмлар намойиши, мақом кечаси фестивалга ўзгача файз ва мазмун бағишлади.

Фестиваль доирасида Бухоро ёшлар марказида “Бухоро вилоятининг туристик ва инвестицион салоҳияти” мавзуида илк бор бизнес форум ташкил этилди. Хорижий ҳамда маҳаллий ишбилармон доира вакиллари, ҳунарманд ва тадбиркорлар иштирокида ўтган бизнес форумда вилоятнинг туристик салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва галдаги вазифалар ҳақида сўз борди. Форум ишбилармон доираларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги учун самарали мулоқот майдончаси, инновацион таклифларга бой анжуман вазифасини ўтади.

Маълумки,  Хитой, Исроил, Индонезия, Малайзия, Покистон, Қозоғис­тон, Қувайт, Миср, Эрон ва бошқа бир қатор давлатларнинг мамлакатимиздаги элчилари шу йилнинг 16-26 январь кунлари Бухоро вилоятида бўлган ва келажакда амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилган эди. Унга мувофиқ, жорий йилда Индонезиядан 10 минг, Хитойдан 8 минг, Исроилдан 5 мингдан ортиқ сайёҳнинг Бухорога келиши мўлжалланмоқда. Форум доирасида бу борада амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги ҳам муҳокама қилинди.

— Халқаро фестивалга алоҳида тайёргарлик билан келдик, — дейди Қашқадарё вилоятининг “Занжирсой” фольклор этнографик ансамбли мусиқа раҳбари Раҳмиддин Низомов. — Унда халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам ва тараннум этган фольклор намунаси — “Чўпон йигит” қўшиғини ижро этдик.  Фестиваль биз учун ўзаро тажриба алмашишга ҳам имкон яратди. Уч кун давом этган тадбирдан бир олам таассурот билан қайтяпмиз.

Мазкур фестиваль нафақат миллий анъана ва қадриятлар устуворлиги, бардавомлигини таъминлаш, юртимизнинг  ўзига хос бой маданий мероси, ўлмас қадриятларини дунёга танитиш, балки давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, маданий-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлашда ҳам муҳим ўрин тутади.

— Ушбу фестивалда илк бор иштирок этяпмиз. Фестиваль, энг аввало, кенг қамровлиги, миллий қадрият ва анъаналарга кенг ўрин берилгани билан бизда катта таассурот қолдирди, — дейди афғонистонлик ҳунарманд Шафиқулло Фазли. — Ҳамкасбим Ҳумоюн Замоний билан Бухорони илк бор 2016 йилда зиёрат қилганмиз. У жуда гўзал ва бой тарихга эга. Бизнинг қадрият ва анъаналаримиз жуда яқин. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ва алоқалар янги босқичга кўтарилди. Бундан биз маданият ва маърифат аҳли беҳад мамнунмиз.

Фестивалнинг ёпилиш маросими тантаналари Бухоро меъморчилик санъатининг бетакрор намунаси бўлган Арк қалъаси олдидаги Регистон майдонида бўлиб ўтди.

Мухтасар айтганда, фестиваль халқимизнинг асрий анъана ва  урф-одатлари, миллий ҳунармандчилик ва амалий санъати, мусиқа, рақс, халқ оғзаки ижоди намуналарини кенг тарғиб этиш, бой маданий меросимизни сақлаш, уни қайта тиклаш ва келгуси авлодларга етказишга хизмат қилгани билан аҳамиятлидир.

Беҳзод ЖЎРАЕВ,
 ЎзМТДП Бухоро вилоят
кенгаши девон раҳбари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг