Янгича руҳда ўтди

0
12

Мамлакатимиз бўйлаб “Китобхонлик маданиятини юксалтириш — буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир” шиори остида республика “Китоб байрами” ўтказилди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият вазирликлари, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси ва қатор бошқа муассасалар билан ҳамкорликда ташкил этган тадбирлар ўзига хос “китоб сайли”га айланиб кетди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори асосида жойларда бу борада кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда. Шу боис ҳам бу йилги китоб байрами ҳар қачонгидан юксак савияда, уюшқоқлик билан юқори кайфият ва янгича руҳда бўлиб ўтди.

Бугун мамлакатимизда 1 минг 677 матбаа корхонаси, 118 нашриёт давлат рўйхатидан ўтган. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 14 вилоят ахборот-кутубхона маркази, туман марказлари ва шаҳарлардаги таълим муассасаларида 200 га яқин ахборот-ресурс маркази аҳолига ахборот-кутубхона, “Китоб олами”, “Шарқ зиёкори” ва “Ўздавкитобсавдотаъминоти” мажмуалари эса китоб савдоси хизматини кўрсатмоқда.

Бир неча йилдан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур “Китоб байрами” китобнинг жамиятимиз маънавий-маърифий ҳаётидаги ўрнини янада ошириш, буюк аждодларимизнинг ёрқин хотирасини, замонамиз қаҳрамонлари тимсолини ҳаққоний ва халқчил акс эттирувчи адабиётлар салмоғини оширишда адиб ва ноширларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида ташкил этиб келинмоқда.

— “Китоб байрами” йилдан-йилга янгича мазмун ва қиёфа касб этиб бормоқда, — дейди Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон. — Мана бу йилги тадбирлар пойтахтимизнинг сўлим масканларидан бири бўлмиш Сайилгоҳ кўчасига кўчирилгани жуда ҳам тўғри қарор бўлди, деб ўйлайман. Эътибор беринг: Амир Темур хиёбонида буюк Соҳибқирон қўлини баланд кўтариб Мустақиллик майдонини кўрсатиб турибди. Агар майдон — истиқлолга мана шу йўлдан юриб борсангиз, демак, ҳар қандай эзгу амалга илм, яъни китоб билан эришиш мумкин, деган ишорани анг­лаш мумкин. Бу йилги “Китоб байрами” китобларга бойлиги ва ранг-баранглиги билан ўтган йилгиларга нисбатан мазмунан анчайин бойиган. Фарзандлари билан келиб, китоб олаётган ота-оналар ҳам талай. Бу эса юртимизда китобга бўлган муносабатнинг тобора ўзгариб бораётганидан далолат беради.

Икки кун пойтахтимизнинг маркази — Сайилгоҳ кўчасида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят марказларида бўлиб ўтган тадбирларда 100 дан зиёд нашриётлар, ижодий уйлар, матбаа корхоналари ҳамда китоб савдоси ташкилотлари китоб ва китоб маҳсулотлари кўргазмаларини ташкил этди.

— “Китоб байрами”да ҳар йили фарзандларим билан бирга қатнашишни одат қилганмиз, — дейди чилонзорлик Фотима Каримова. — Бугун ҳам қизим ва ўғлимга ёшига мос китоблар олиб бердим. Бундай тадбирларни янада кўпайтириш керак. Чунки фарзандларим шаҳримизда китоб дўконлари талай бўлса-да, бир йилда бир марта бўладиган бу байрамни орзиқиб кутади. “Китоб байрами” ёшларнинг китоб­га бўлган меҳри ва қизиқиши ортишига сабаб бўлмоқда.

Байрамона тадбир доирасида Анвар Обиджоннинг “Дўхтир-табиб”, Худойберди Тўхтабоевнинг “Тагоб қишлоқ эртаклари”, Наби Жалолиддиннинг “Тегирмон”, Абдумажид Азимнинг “Қадр кечаси”, Иқбол Мирзонинг “Зарб”,  Улуғбек Ҳамдамнинг “Эски дунё ва янги мен”, Маҳмуд Тоирнинг “Янги шеърлар” ва “Европа саёҳати” китоб­лари тақдимоти ҳам ўтказилди.

— Юртингизда иккинчи бор бўлишим, — дейди франциялик сайёҳ, ношир Алаин Беллиер. — Бу галги саёҳатим таассуротларга жуда бой бўлди. Айниқса, “Китоб байрами” менда катта қизиқиш уйғотди. Нашриётлар китоблар совға қилди. Францияга борганимда мана шундай маънавият байрамини ўзимизда ҳам ўтказиш таклифини билдирмоқчиман.

Тадбир доирасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Шавкат Раҳмон ва ёшлар” саҳналаштирилган шеърият спектакли ҳам намо­йиш этилди. “Менинг биринчи китобим”, “Ёшлар мушои­раси” каби дастурлар ҳам йиғилганлар томонидан илиқ кутиб олинди. Айниқса, “Машҳурлар китоб ўқийди” номи остида санъат, театр ва кино ижодкорлари, спорт усталарининг ташрифи ва иштирокчилар билан мулоқоти барчага манзур бўлди.

“Энг фаол иштирокчи”, “Энг яхши стенд”, “Энг яхши китобхон оила”, “Энг яхши китобхон”, “Ёш китобхон” викториналари ғолиблари аниқланди, уларга эсдалик совғалари топширилди. Тадбирда “Китобсеварларни қутлаймиз” номли концерт дастури намойиш этилди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг