Ҳоким ўринбосарининг буйруғи билан… ёш тадбиркор ҳам ўз бизнеси, ҳам ижара жойидан ажралди

0
51

Таҳририятимизга Наманган вилояти Чуст тумани Олмос шаҳарчаси Мунчоқтепа маҳалласида яшовчи Турсунали Апаралиевдан шикоят хати келди. Унда фуқаро тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда маҳаллий давлат ҳокимияти органининг сунъий тўсиғига учрагани, таҳририятдан бу борада ваколат доирасида амалий ёрдам берилишини сўраган.

Мазкур масалага аниқлик киритиш, тадбиркор билан мулоқот қилиш мақсадида Чуст туманига йўл олдик.

…Турсунали Апаралиев энди 20 ёшни қарши олган. Олмос хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежини тамомлаганидан сўнг иш сўраб бир неча идорага учрайди. Лекин ўзига мос иш топа олмайди. Маълум муддат отасининг орқасидан Қозоғистон Республикасига бориб, Чимкент ва Туркистон шаҳарларида ёлланма ишчи сифатида меҳнат қилади. Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хусусан, ёшларга бу борада берилаётган имкониятлардан хабардор бўлган Турсунали Чустга қайтиб келади.

У бундан роппа-роса бир йил аввал, яъни 2017 йил 20 апрелда телекоммуникация операторлари ва провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатиш мақсадида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтади. 16 май куни маҳалласида жойлашган, Улуғбек Абдулазизовга тегишли 13,9 квадрат метр бўлган савдо дўконида ижара асосида фаолият юрита бошлайди. Бунинг учун банкдан 7 миллион 400 минг сўм кредит олади. Мулк эгаси билан тузилган ижара шартномасига мувофиқ бинони ўз ҳисобидан таъмирлаб, кадастр ҳужжатларини тайёрлаш ишлари учун 2 миллион маблағ сарфлайди.

Олдига катта мақсадлар қўйиб, яхши ният билан иш бошлаган Турсунали бу ерда атиги 10 кун фаолият юритди, холос. Боиси, Чуст тумани ҳокимининг капитал-қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Ҳамрохўжаев 2017 йил 26 май куни Турсунали ишлаётган жойни бузиш кераклиги, бу ерда ички ишлар идорасининг маҳалладаги таянч маскани қурилишини, бинони тезда бўшатиб қўйишини айтади.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: маҳаллий ҳокимликнинг масъул ходими якка тартибда фаолият юритаётган ёш тадбиркор энди иш бошлагани, давлатимиз раҳбари ёшларга бунёдкор куч сифатида қараб, уларнинг имкониятларига  катта ишонч билдираётган бир пайтда ички ишлар идорасининг маҳалладаги таянч пунктига наҳотки шу ердан бошқа жой топилмаган бўлса?

Ноилож қолган, тарвузи қўлтиғидан тушган ёш тадбиркор ижара асосида атиги ўн кун фойдаланган бинони бўшатиб беришга мажбур бўлади. Энг ачинарлиси, орадан кўп ўтмай бу савдо нуқтаси ўрнида ички ишлар органининг таянч пунктини қуриш мақсадга мувофиқ эмас, деб топилади.

Турсунали бу ажабланарли ҳолатга изоҳ беришини сўраб яна туман ҳокимининг ўринбосари Улуғбек Ҳамрохўжаевнинг қабулига киради. Мулозим эса тадбиркорга қўпол муомалада бўлиб, уни хонасидан чиқариб юборади…

Натижада туман ҳокимлиги ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлган Турсунали Бош прокуратуранинг ишонч телефонига қўнғироқ қилади. Шундан кейин туман ҳокими ўринбосари Улуғбек Ҳамрохўжаевнинг тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилгани ва фуқарога тегишли бинони буздириб ташлагани билан боғлиқ салбий ҳолатлар Чуст тумани маъмурий судининг 2017 йил 2 октябрдаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Суд қарорига асосан ҳокимлик мулозимига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди ва у давлат фойдасига ундирилди.

Энди эътиборни ёш тадбиркор жабр кўрган бир жиҳатга қаратсак. Бу ҳақда Турсунали Апаралиевнинг ўзи шундай дейди:

— Фаолиятимнинг илк кунлариданоқ телекоммуникация операторлари, провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсата бошладим. Шу орада банкдан кредит ҳам олдим. Мақсадларим кўп эди. Бироқ туман ҳокимлиги мутасаддилари бунга очиқчасига тўғаноқ бўлишди. Ижарага олган жойимдан қувилдим. Мен ҳар ойда 300 минг сўмдан маҳаллий бюджетга солиқ пули, шунингдек, 150 минг сўмдан банк хизмати учун ва 286 минг сўмдан кредит учун ҳам тўлов амалга ошириб келганман. Агарда ишимга тўғаноқ бўлишмаганида ҳар ойда шунча миқдордаги маблағ билан давлат бюджетига ўз ҳиссамни қўшган бўлар эдим. Қолаверса, кредитдан мавжуд қарзимни тўла узган бўлардим. Ҳозир аро йўлда қолдим. Бир йилдан бери тадбиркорлик билан шуғуллана олмаяпман. Чунки менда қайтадан бино қуриш ва бирор объектни яроқли ҳолга келтириш учун моддий имконият йўқ. Суд қарори билан менга ҳуқуқбузарлик натижасида етказилган бошқа моддий ва маънавий зарарлар фуқаролик тартибида ундирилиши мумкинлиги тушунтирилди.

Турсунали Апаралиев мазкур ҳолат юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат этади. Туман суди судяси Сардор Жўрабоевнинг маълум қилишича, судга фуқаро томонидан даъво аризасига қўшимча тарзда моддий ва маънавий зарарни асослантирувчи ҳужжат ҳали тақдим этилмаганлиги боис фуқаролик иши кўриб чиқилмаган. Агар судга асослантирувчи ҳужжатлар тақдим этилса, фуқаро Турсунали Апаралиевнинг мурожаати қонунда белгиланган тартибда адолатли кўриб чиқилади.

Суруштирув жараёнида Турсунали ҳамроҳлигида Чуст тумани ҳокими Баҳодир Охунов ҳамда у истиқомат қилаётган Олмос шаҳарчаси ҳудудига масъул сектор раҳбари, туман прокурори Дилмурод Собиржонов билан ҳам суҳбатда бўлдик.

— Ёш тадбиркор Турсунали Апаралиев билан боғлиқ ишдан хабардормиз. У туманимизнинг иқтидорли ёшларидан бири. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ёш ишбилармонлар ўртасида ўтказган кўрик-танловида ғолиб чиқиб, имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатга ҳам эга бўлган, — дейди туман прокурори Дилмурод Собиржонов. — Ўзим масъул бўлган сектор ҳудудида яшовчи тадбиркорни қўллаб-қувватлашга, унга амалий ёрдам беришга тайёрмиз. Яқинда унга туман ҳокимининг қарори билан Мунчоқтепа маҳалласи ҳудудидан 4 сотих ер майдони ажратилди. Келгусида унинг ҳужжатлар расмийлаштиришидан тортиб, кредит олишигача бўлган барча жараёнда яқиндан амалий ёрдам берамиз. Илгари у ижара асосида фойдаланиб келаётган савдо шохобчаси биносига келсак, ҳақиқатан ҳам бу бино ўрнида ички ишлар идорасига янги бино бунёд этиш режалаштирилган эди. Аммо кейинчалик бу ерда бундай бино қуриш мақсадга мувофиқ эмаслиги хусусида хулоса қилинди. Туман ҳокимининг ўринбосари суд қарорига асосан маъмурий жазога тортилди.

Турсунали энди Мунчоқтепада 8 хил турдаги макарон ишлаб чиқарувчи янги корхона барпо этиш ниятида. Бу билан 10 та янги иш ўрни яратилади. Унинг айтишича, банк муассасаси 400 миллион сўм миқдорида кредит ажратса, бу маблағнинг ярми бино қурилишига сарфланади. 70 миллион сўмига технология келтирилади, 80 миллион сўми хомашё харид қилиш учун ишлатилади. Қолган маблағ эса бино қуриш, корхона фаолиятини ташкил этиш ва уни ривож­лантириш билан боғлиқ бошқа мақсадларга йўналтирилади.

Ўйлаймизки, туман ҳокимлиги мутасаддилари ёш, янгиликка интилувчан
Турсун­али Апаралиевнинг бу истиқболли лойиҳасини амалга ошириши учун яқиндан ёрдам беради. Таҳририят эса мазкур мурожаат юзасидан туман ҳокимлиги ҳамда прокуратурасидан амалий саъй-ҳаракатларни кутиб қолади ва мавзуга яна қайтади.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг