Тарихни ўрганишда янги давр бошланди

0
20

XXI аср халқимиз тарихи ва миллий қадриятларимизни ўрганиш соҳасида янги даврни бошлаб берди. Бугун тарихимизнинг номаълум босқич ва қирралари қайтадан кашф этилмоқда. Бу қайсидир маънода тарихий адолатнинг юзага чиқишини англатади. Ўтган асрда халқимиз тарихига бўлган айрича ёндашув одамларда тарихий ҳақиқатдан узоқлашиш, асл воқеа-ҳодисалардан кўра турли хил афсона ва ривоятларга ишониш ҳиссини оширди.

Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Шуҳрат ЭРГАШЕВ билан суҳбатимиз шу мавзу атрофида кечди.

— Президентимизнинг 2017 йил 17 февралдаги “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Фанлар академияси, хусусан, Тарих институти фаолиятида ҳам ижобий ўзгаришларга сабаб бўлди. Аввало, шу ҳақда суҳбатлашсак.

 

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг муносиб ҳаёт кечиришини ва айни пайтда ҳозирги технологик инновациялар даврида Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида ўзига мос ўрин эгаллашига қаратилган. Бу жараёнда фан, илмий-тадқиқотларга алоҳида эътибор қаратилиши бежиз эмас. Чунки ҳозир дунёнинг илғор мамлакатларида илм-фан бевосита ишлаб чиқаришга айланиб, тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи вазифасини ўтамоқда. Ўзбекистоннинг илмий салоҳияти анча юқори. Ундан мамлакатимиз тараққиёти йўлида етарли фойдаланиш, фан билан ишлаб чиқаришни интеграциялаш, илмий изланиш­ларнинг самарадорлигини ошириш бугун Ўзбекистон Фанлар академияси олдида турган долзарб вазифалардан биридир.

Президентимизнинг “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Тарих институти олдига ҳам муҳим вазифаларни қўйди. Инс­титутимизнинг аввало ЎзФА таркибида қайта тикланиши жамоамизга катта кўтаринкилик ва ишчанлик бахш этди. Юқоридаги қарордан келиб чиқиб, биринчи навбатда, илмий ишларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда. Бир гуруҳ олимларимиз икки жилдли “Ўзбекистон тарихи” (1917-1991 йиллар) фундаментал ишни якунлади.  Яна бир гуруҳ олимлар “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” деб номланган фундаментал лойиҳа устида иш олиб бормоқда, докторантлар ва магистрлар учун “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” дарслиги тайёрланди. Шунингдек, Ватан тарихининг долзарб масалаларига бағишланган ўнлаб монографиялар, юртимизда ва чет элда нашр этилди.

Фанни ўқув жараёни билан интег­рациялашга ҳам катта эътибор қаратилиб, институтимиз олимлари дарсликлар, ўқув қўлланмалар яратмоқда.

— Миллатнинг эртанги истиқболи, миллий ғурури, шаъни ва обрўси бевосита унинг тарихи билан боғлиқ. Авлодлардан эса шонли тарихни ўрганиш, ундан тегишли хулосалар чиқариш ва кейинги ҳаёт йўлини ўша бой тажриба билан боғлаш талаб этилади…

— Тарихий хотира жуда мураккаб, халқнинг, миллатнинг маданияти, ўзликни англаш даражаси билан боғлиқ тушунча. Ўзбек халқининг тарихи жуда бой. Бу ҳудудда минг йиллар давомида қанчадан-қанча давлат, тузумлар, урф-одат алмашди. Ҳар бир янги пайдо бўлган дин, мафкура ўтмиш ҳақида ўзига мос маданият ва афсоналар яратди, эскилари эса аста-секин унутилиб кетди. Аммо бизгача етиб келган ривоят ва афсоналар, шаҳар ва сарой қолдиқлари, улар ҳақидаги тасаввур халқимиз ўтмиши буюк бўлганидан далолат беради. Аммо тарих фақат уни мақташ, ундан фахрланиш учунгина ўрганилмайди. Тарих — бу миллатнинг буюк устози ва тарбиячиси. Унинг асосий қисми шонли, аммо айрим саҳифалари ўта аччиқ бўлса-да, у миллий онгнинг юксалишига, миллатнинг жипслашувига хизмат қилади, ватанпарварлик, Ватанга меҳр-муҳаббат ва садоқат ҳисларини шакллантиради.

Аждодларимизнинг буюк тарихини ўрганиш, улар асрлар давомида
шакллантириб келган маънавий-ахлоқий қадриятларни асраш ва ёш авлод онгига сингдириш, тарихий хотирани янада мустаҳкамлаш — бу  миллатимиз буюк келажагини таъминлашнинг муҳим омили.

— Ўзбекистон тарихи бўйича фундаментал илмий тадқиқот сўнг­ги бор ХХ асрнинг 60-йилларида нашр этилган эди. Шундан буён юртимиз тарихида қанчадан-қанча ўзгариш, янгиланишлар бўлди. Албатта, буларни ҳам тарих зарварақларига муҳрлаш масаласи кечиктириб бўлмас вазифа бўлиб турибди. Бу бўйича ҳам амалий ишларга киришилганми?

— Албатта, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг совет даври тарихига нисбатан қараш ва ёндашув ўзгарди, шу асосда бир қатор янги илмий тадқиқотлар олиб борилди. Институтимизнинг бир гуруҳ олимлари  “Ўзбекистон тарихи. Амир Темур ва темурийлар даври” (Тошкент, 2017 йил) ҳамда “Ўзбекистон тарихи. (XVI – XIX  асрнинг биринчи ярми) (Тошкент, 2012 йил) тайёрланиб, нашр этилди. Шунингдек, юқорида айтилган “Ўзбекистон  тарихи” (1917-1991 йиллар) деб номланган икки жилдлик фундаментал тадқиқот охирига етказилди. Бу фундаментал илмий ишда жуда катта миқдордаги архив материаллари ва илмий ишларни ўрганиш натижасида ХХ аср Ўзбекистон тарихининг энг мураккаб саҳифаларини очиб беришга, уларга янгича ёндашувлар асосида баҳо беришга ҳаракат қилинган. Мазкур илмий тадқиқотда кўплаб архив материаллари ва бошқа ҳужжатлар илк бор илмий муомалага киритилган бўлиб, бу иш республикамиз илмий жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотади, деган умиддамиз.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ўтган чорак асрдан кўпроқ вақт давомида юз берган тарихий воқеалар ҳам институтимиз жамоаси томонидан диққат билан ўрганилмоқда. Юқорида айтилган “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” номли фундаментал тадқиқот билан бирга олимларимиз томонидан мустақиллик даври Ўзбекистон тарихи барча соҳалар бўйича диссертация тадқиқотларининг мавзулари сифатида ўрганилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи концепцияси устида иш олиб борилмоқда. Бу “Ўзбекистон тарихи” деб аталган йирик фундаментал тадқиқотнинг таркибий қисми сифатида яратилади.

— Суҳбатимиз бевосита тарих билан боғлиқ бўлар экан, бир жиҳатга эътиборингизни қаратишни истардим. Ўтмишдаги тарихий воқеалар, жараёнлар ҳақида маълумот қидирсак, турли манбаларга дуч келамиз. Айтинг-чи, булар ичидан ҳақиқий ва холис, ҳар жиҳатдан тўғри бўлган фактни қандай фарқлаш мумкин? Умуман, одамларни ҳақиқатдан чалғитувчи ва аслиятдан узоқлаштирувчи бу ҳол қандай юзага келяпти?

— Тарих — кўпқиррали, мураккаб ҳодиса. У табиат, жамият ва инсон ривожланиши жараёнининг барча жабҳасини қамраб олади. Ўтмишга айланган ҳар қандай воқеа, ҳодиса ёки предмет тарихнинг ўрганиш объекти бўлиши мумкин.

Шу маънода тарих энг қадимги  фан саналади. Одатда тарихни бир инсон, халқ, жамият ҳаётида қачонлардир юз берган воқеалар ҳақидаги фан дейишади. Шу тариқа тарих ўтмиш воқеалари, жараёнлар, ҳолатларнинг оддий баёнидан иборат, деб қаралади. Тарихни бундай тушуниш унчалик аниқ ва тўлиқ эмас. Маълумки, қадимги Грецияда тарих илмининг ҳомийси ҳисобланган Клио қўлидаги бир ўрам пергамент ва тошқалам бу дунёда ҳеч нарса изсиз йўқ бўлиб кетмаслигининг рамзи ва кафолати сифатида тасвирланган. Бу бежиз эмас. Зотан тарих инсониятга ўзининг “ўтмиш ҳаётини” унутмаслик имконини беради. Тарих гўё ўтмишни қайтадан “тирилтиради”, уни бугунги авлод учун қайта тиклаб, янгидан бунёд этади. Тарихни билиш туфайли ўтмиш ҳеч қачон ўлмайди, у бугун ҳам яшашда давом этади ва келажак учун хизмат қилади. Тарихнинг буюк қудрати ҳам шунда намоён бўлади.

Тарих — бу халқ хотираси. Аммо бу хотира энди ўтмишнинг ўзи эмас, балки замонавий одатлар, ҳозирги замон кишиларининг ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари, идеаллари ва қадриятларига мос равишда тикланган тарихдир. Шу маънода тарих биз учун бугунги куннинг инъикоси, у бизнинг ўтмиш ҳақидаги бугунги тасаввурларимиз шаклида мавжуд бўлади.

Совет даврида тарих фани биргина марксча назария асосида ривожланди ҳамда бу назария турли-туман жараёнларнинг бош қонунияти ва асосий сабабини излаш ва топишни тақозо этарди. Чунончи, марксизм дастлаб пайдо бўлган даврдан бошлаб оламнинг бир бутунлигини очиш, юз бераётган воқеа ва ҳодисаларни тушунтиришнинг қандайдир универсал методини яратиш даъвоси билан чиқди. Аммо ўша пайтларда ҳам тарихчиларнинг кўплаб тадқиқотлари олам ҳақида фақат турли-туман фактлар эмас, балки кўплаб ғоя ва қарашларнинг уйғунлигига асосланган эди.

Ҳозир тарихни тадқиқ этаётган аксарият тарихчилар, жумладан, ўзбекистонлик олимлар кўп омилли ёндашувнинг тарафдори ҳисобланади: уларнинг кўпчилиги марксизмдаги сингари ўтган аср воқеаларида фақат “бош қарама-қаршиликлар”ни кўриш ва воқеа-ҳодисаларни тушунтиришнинг “асосий” қоидасини яратиш даъвосидан воз кечди. Фақат кўп омилли ёндошув асосида тарихнинг ўта мураккаб ва турли-туман ҳодисаларини тушуниш ва тушунтириш мумкин.

Шулардан келиб чиқиб, биз тарихий воқеаларни таҳлил этишда, уларга баҳо беришда қандайдир майда, хусусий қарашларга таянмаслигимиз, давр тарихига нисбатан чуқур ҳурмат билан ёндошишга, муаммоларни четлаб ўтмасликка, айни пайтда, уларни баҳолашда фақат оқ ва қора ранглардан фойдаланмасликка ҳаракат қилмоғимиз лозим. Зеро, Навоий ҳазратлари айтганидек:

Сўз қотиғи эл кўнглини озор айлар,
Юмшоғи кўнгилларни гирифтор айлар.

Шу маънода, аслида ўтмишдаги тарихий воқеа ва жараёнлар ҳақидаги маълумотлар эмас, уларнинг талқини турлича, ёндашув ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, яқинда Хотира ва қадр­лаш куни олдидан Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Халқлар дўстлиги” монументининг ўз ўрнига қайтарилиши, генерал Собир Раҳимов ҳайкалининг тикланиши каби жараёнларда ҳам тарихий воқеаларнинг эмас, уларга нисбатан бўлган муносабатнинг ўзгаришини, тарихий адолатнинг қарор топишини кўришимиз  мумкин.

— Соҳибқирон Амир Темур бобомиз қурган давлат ва темурийлар тарихи ҳақида сўз юритсак, бунинг ўзи бир йирик тўплам бўлади. Аммо ҳалигача негадир Амир Темур тарихи ҳақида билганларимиздан билмаганларимиз бисёр…

— Амир Темур ва темурийлар даври фақат миллий тарихимизнинг эмас, балки бутун Шарқ цивилизациясининг ҳам муҳим босқичи ҳисобланади. Мустақиллик йилларида шу тарихий ҳақиқатни тиклаш, уни миллатимизнинг фахри ва ғурурига айлантириш йўлида катта ишлар амалга оширилди. Аммо тарих юқорида айтилганидек мураккаб жараён. У доимий изланиш­ларни, янгича, замонага мос талқинларни талаб этади.

Темурийлар даври тарихи фақат Ўзбекистон учун эмас, балки бутун Шарқ дунёси, мусулмон олами учун ҳам тараққиётнинг энг юксак намуналаридан бири ҳисобланади. Бу даврни янгидан ўрганиш фақат мустақиллик йилларида бошланди, дейишимиз мумкин. Аммо шу қисқа вақт давомида темурийлар даврини ҳар томонлама ўрганиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Фақат сўнг­ги беш йил ичида Тарих институти олимларининг темурийлар тарихига бағиш­ланган ўнлаб илмий ишлари эълон қилинди. Шундай изланишлар рес­публикамизнинг тарихчи олимлари, пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейи ходимлари томонидан ҳам олиб борилмоқда.

— Шуҳрат ака, сўнгги савол: назаримда, шу кунга қадар тарихимизни муфассал ифода этадиган тарихий фильмларга бўлган томошабин эҳтиёжи афсуски тўлалигича қондирилгани йўқ. Сизнингча, бунинг асосий сабабларини қандай омиллар билан боғлаш мумкин?

— Йигирма беш йил давомида мус­тақил давлат шаклланишининг жуда мураккаб йўлини босиб ўтдик. Ватанимиз мустақилликка эришгандан сўнг миллий тарихимизни қайта ўрганиш, унга советлар даврида берилган кўплаб баҳоларни қайта кўриб чиқиш жараёни бошланди. Бу жараён, албатта, силлиқ кечгани йўқ.

Мазкур жараёнлар табиийки, адабиёт, театр, кино ва санъатнинг бош­қа соҳаларига ҳам таъсир этди. Бир томондан, биз санъатни совет давридаги мафкура исканжасидан халос этишга уриндик, иккинчи томондан, шу жараёнда, айниқса, тарихий воқеалар, шахсларни ўша даврнинг сиёсий жараёнлари билан боғлаб, сиёсийлаштирдик. Натижада, нафақат тарихий фильмлар яратилди, балки борлари ҳам экрандан олиб ташланди. Масалан, яқинда узоқ йиллардан бери илк бор намойиш этилган генерал Собир Раҳимов ҳақидаги бадиий фильмни олайлик. Унда мафкурадан кўра оддий қаҳрамонлик, ватанпарварлик, жасурлик каби инсоний хислатлар кўпроқ акс этган. Бу фильмни кўрган ёшларимизда ўзбек генералининг жасоратидан фахрланиш ҳисси пайдо бўлиши аниқ.

Шундай шароитда бир гуруҳ соҳа олимларида тарихни соддалаштириш, воқеа-ҳодисаларни жўн ҳолда тушунтиришга интилиш кучайди. Бундай қарашлар асосан аҳолининг ҳодисаларнинг мазмунини тушунишга эмас, унинг ташқи кўринишидан, шаклидан лаззат олишга интилувчи қисмига мўлжалланди. Санъат, жумладан, кино санъати тарихий, умуминсоний муаммоларни четлаб, турмушнинг хусусий, майда икир-чикирларини ижтимоий муаммо даражасига кўтарди, тарихий фильмлар учун эса деярли ўрин қолмади.

Кейинги сабаб тарихий қаҳрамонни излаш ва яратиш жараёни билан боғлиқ. Биз узоқ йиллар давомида қаҳрамон ҳисоблаб келган тарихий шахсларга нисбатан муносабат кес­кин ўзгарди. Масалан, яқин тарихимиздаги Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов, Усмон Юсупов, Шароф Рашидов сингари республикамизга узоқ йиллар раҳбарлик қилган шахслар ҳақида фильмлар олиниши мумкин эди. Аммо уларга нисбатан муносабат доим ўзгариб турди. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳақида ўтган асрнинг 70-йилларида олинган кўп серияли “Оловли йўллар” ёки 80-йиллари экранга чиққан Ибн Сино ҳақидаги “Даҳонинг ёшлиги” фильмлари ўз даври учун ўзбек киносининг катта ютуғи эди. Аммо Ҳамзага ёки “Даҳонинг ёшлиги” фильми режиссёри Элёр Ишмуҳаммедовга нисбатан муносабатнинг ўзгариши сабаб бу фильмлар экранлардан олиб ташланди. Аслида халқ хотираси бундай кескин ўзгаришларни қабул қилиши қийин.

Бизнинг ўз тарихий қаҳрамонларимизга нисбатан муносабатимизда маданият даражамиз акс этади. Аслида ўз тарихига нисбатан ҳурмат маданиятини шакллантирган халқлар ўз миллий қаҳрамонларини доимо ҳурмат билан ёд этади, олқишлайди, лекин уларни илоҳийлаштирмайди, миллий жасорат ва маънавий юксаклик рамзи сифатида қабул қилади.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистонда тарих фани ривожланишида янги давр бошланди, десак бўлади. Ўйлаймизки, институтимиз олимларининг илмий салоҳияти, бу ерда шаклланган маънавий муҳит Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан қўйилаётган ва умуман тарих фани ривожланишининг бугунги ҳолати талаб этадиган вазифаларни муваффақиятли бажариш имконини беради.

“Milliy tiklanish” мухбири
Исломжон ҚЎЧҚОРОВ суҳбатлашди.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг