Кураш — миллий ифтихоримиз

0
7

Мамлакатимизда миллий анъана ва қадриятларимиз кенг ривож топиб, жамиятимиз ҳаётидан муқим ва муҳим ўрин эгалламоқда. Бу жараёнда миллий спорт турлари ҳам нафақат юртимиз, балки жаҳон миқёсида оммалашиб бораётир.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, болалар онгига  маънавий ва жисмоний  комилликка эришишда спортнинг роли муҳимлигини сингдириш, навқирон авлодни спортга жалб этиш каби устувор мақсад-вазифалар белгиланган. Ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда миллий спорт турларини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, полвонларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, улар сафини янада кенгайтириш, кураш билан шуғулланиш учун ёшларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ЎзМТДП Самарқанд вилоят кенгаши “Ёшлар қаноти”, Ўзбекистон кураш Федерацияси вилоят бўлими ҳамкорлигида Оқдарё туманидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида курашнинг уч вазн тоифасида мусобақа ташкил этилди. Унда туман ҳамда шаҳарларда бевосита спортнинг миллий кураш тури билан шуғулланаётган 100 нафарга яқин ёшлар иштирок этди.

— Миллий спорт турларимизда халқимиз зукколиги, турмуш тарзи, урф-одатлари мужассам, — дейди ЎзМТДП Самарқанд вилоят кенгаши етакчи мутахассиси Зафар Алланов. — Бугунги мусобақа ҳам ёшларда ватанпарварлик, миллий ғурур, мардлик ва саховат, халқаро майдонда мамлакатимиз обрў-эътиборини юксалтиришга интилиш туйғуларини кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Қизғин кечган мусобақада 50 килограмм вазн тоифасида Абдуваҳоб Мамадиёров, 60 килограмм вазн бўйича Ўлмас Тошпўлатов, 70 килограммда Шаҳзод Назаров биринчи ўринни эгаллади.

Мусобақа якунида ғолиблар ЎзМТДП Самарқанд вилоят кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан муносиб рағбатлантирилди.


Аҳоли мурожаати асосида
тиббий к
ўрик ташкил этилди

ЎзМТДП Тошкент вилоят кенгаши мутасаддилари жорий йилнинг апрель ойида Қибрай тумани “Ҳайдаробод” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашув ўтказганида фуқаролардан тиббий кўрик ташкил этиш юзасидан мурожаат келиб тушган эди. Мазкур мурожаат ўрганилиб, партия вилоят кенгаши ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят бўлими, Қибрай туман тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида Ҳайдаробод маҳалласидаги 14-умумтаълим мактаби биносида тиббий кўрик ташкил этилди.

Унда ўндан ортиқ мутахассислик бўйича малакали шифокорлар замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди. Соғломлаштириш зарур бўлган беморларга “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят бўлими томонидан даволаниш учун бепул йўлланмалар, дори-дармонлар берилди.

— Тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишига айланди, — дейди ЎзМТДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Маҳмуд Назаров. — Шундан келиб чиққан ҳолда барча даражадаги партия ташкилотлари бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришга, мавжуд муаммоларни бартараф этишга имкон даражасида кўмаклашмоқда. Жумладан, бугун ташкил этилган тиббий кўрик аҳолининг барча қатлами, айниқса, нуронийлар, ижтимоий муҳофазага муҳтож, жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун қулайлик яратади.

Тадбир давомида маънан ва жисмонан баркамол авлодни тарбиялаш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш борасидаги ишлар кўламини кенгайтиришда партия ташкилотларининг ўрни ва роли салмоқли эканлиги таъкидланди.

— Маҳалламиз аҳолисининг мурожаатини эътиборга олиб тиббий кўрик ташкил этилишига кўмаклашгани учун Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси мутасаддиларидан миннатдормиз, — дейди “Ҳайдаробод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Карима Қосимбекова. — Турмуш ўртоғим юрак операциясини бошдан ўтказган, ўзим қандли диабет хасталиги билан оғриганман. Турмуш ўртоғим билан тиббий кўрикдан ўтдик, бепул дори-дармонлар олдик. Бу биз учун катта ёрдам бўлди.

Бу каби тиббий кўрикларнинг ташкил этилиши партиянинг аҳоли қатламлари саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги дастурий мақсадларига хизмат қилади.


Ҳунармандлар билан мулоқот

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривож­лантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа тараққиётида янги даврни бошлаб берди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам мамлакатимизда ҳунармандчиликни самарали қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотларга кўмакдош бўлмоқда. Жумладан, ЎзМТДП маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, миллий бозорни сифати паст, халқаро андозаларга мос келмайдиган маҳсулотлардан муҳофаза этиш ва қулай сармоя муҳитини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини кучайтириш тарафдори. Партиянинг ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалари мазкур мақсад-вазифаларни амалга ошириш билан бирга партия сафига илғор маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, соҳанинг маҳоратли вакилларини жалб қилишга ҳам хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Ширин шаҳар кенгаши ташаббуси билан “Қўли гул ҳунарманд аёл” мавзусида кўргазма ташкил этилди. Тадбир аввалида Сирдарё вилоятида миллий ҳунармандчиликни янада ривож­лантириш ва ҳунармандларни рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва бу борада ЎзМТДП ташкилотлари ва депутатлари зиммасидаги вазифалар муҳокама қилинди.

Кўргазмада тикувчилик, миллий гиламдўзлик, зардўзлик, қуроқчилик ва амалий санъат йўналишларида фаолият олиб бораётган ҳунармандларнинг амалий ишлари намойиш этилди.

Кўргазма давомида партия фаоллари юртимизда ҳунармандлар учун яратилган қулайликлар, шарт-шароитлар, партия кўмаги билан имтиёзли банк кредити олиш асосида ҳунармандлик фаолиятини кенгайтириш борасида тушунча ва маълумотлар берди. Тадбирда уч ҳунарманд хотин-қизни партиянинг “Хизмат — беминнат” лойиҳасига жалб этиб, бепул ўқув курслари ташкил қилиш, ҳудуддаги уюшмаган хотин-қизларга касб-ҳунар сирларини ўргатишга келишиб олинди. Бу ҳунармандчилик турларини, уларнинг сир-асрорини авлоддан-авлодга етказишга, хотин-қизларнинг касб-ҳунарли бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

ЎзМТДП ташкилотлари
материаллари асосида
“Milliy tiklanish” мухбири
Ойдин АЛИМАРДОНОВА тайёрлади.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг