Элга қайишганни эл суяйди

0
9

Инсон кундалик ҳаётида турли вазиятларга, муаммоларга дуч келади. Шунда у кўмак истаб яқинларига, тегишли ташкилотлар мутасаддиларига мурожаат қилишга мажбур бўлади. Ана шу паллада унга ёрдам қўлини чўзган, оғирини енгил қилган инсонни бир умр унутмайди…

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши, Жўқорғи Кенгесдаги партия фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги ЎзМТДП гуруҳлари аъзолари 2018 йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизда қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатнинг жойлардаги ижроси ҳамда партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, муайян ишларни амалга оширди. Фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

— 2018 йилнинг биринчи чорагида Жўқорғи Кенгесдаги партия фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари фуқаролар мурожаатлари асосида  114 депутатлик сўровини амалга оширди, — дейди ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши Ижроия қўмитаси девони раҳбари Левитан Абдимуратов. — Сўровларнинг 32 таси амалдаги  қонун ва ҳукумат қарорлари ижроси бўйича, 82 таси фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида юборилган. Аҳоли мурожаатларининг асосий қисми уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш ва бандликка оид. Ҳар бир мурожаатни чуқур ўрганиш ва ўз вақтида бартараф этишга ҳаракат қилинаётир.

Депутатлик сўровларининг 25 таси халқ депутатлари Қора­ўзак туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзолари ҳиссасига тўғри келади. Халқ депутатлари Амударё, Кегейли, Қўнғирот туман Кенгашлари депутатлари 8 тадан депутатлик сўрови юборган. Бироқ Чимбой туманидан атиги битта сўров амалга оширилган, Тўрткўл туманидан эса умуман юборилмаган.

“Уйма-уй” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Жўқорғи Кенгеси депутати Қурмангали Қолановнинг аҳоли ва ёшлар билан учрашувида Хўжайли тумани “Қумбиз” маҳалла фуқаролар йиғини оқсоқоли ва унинг ёрдамчилари алоҳида бино йўқлиги боис, маҳалла идораси айни пайтда тумандаги 55-умумтаълим мактабига қарашли хонада фаолият олиб бораётгани хусусида шикоят қилган. Боз устига “Халқ банки”нинг Хўжайли туман бўлими ҳудудда яшовчи пенсионерларга нафақа пулларини мазкур хонада тарқатаётган экан. Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан ушбу муаммони бартараф қилиш бўйича Хўжайли туман ҳокимига депутатлик сўрови юборилган. Орадан кўп ўтмай туман ҳокимининг кўрсатмаси билан тумандаги “Хўжайли гуруч” корхонасининг “Қумбиз” МФЙ ҳудудидаги филиали идорасидан маҳалла идораси учун иккита хона ажратиб берилди. Энди маҳалла оқсоқоли ва унинг ёрдамчилари фуқаролар билан эмин-эркин фаолият олиб бориш имконига эга бўлди.

“Уйма-уй” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Жўқорғи Кенгеси депутати Мурод Қурбонов Нукус шаҳар Навоий кўчаси 4-уйда истиқомат қилувчи Турғанбай Жамоловнинг оиласида, депутат Алима Маткаримова Нукус шаҳар Кербиш завод шаҳарчаси Г.Тилемуратов кўчаси 99-уйда яшовчи пенсионер Серегул Утегенова хонадонида бўлиб фуқароларнинг муаммолари билан атрофлича танишди. Уларнинг шикоятлари бўйича Қорақалпоғис­тон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Нукус шаҳар ҳокимлигига депутатлик сўровлари юборилди.

— Хонадонимиз таъмирталаб, турмуш ўртоғим иккинчи гуруҳ ногирони, неварамда ҳам туғма ногиронлик бор, — дейди Серегул Утегенова. — Хонадонимизни таъмирлаш ҳамда турмуш ўртоғим ва неварамни даволатиш бўйича хонадонимизга келган ЎзМТДПдан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига сайланган депутатларга ёрдам сўраб мурожаат қилдим.

Фуқаронинг мурожаати маҳалла оқсоқоллари билан атрофлича ўрганиб чиқилди. Шундан сўнг муаммоларни ҳал этишга ёрдам берадиган ҳомийлар бириктирилди. Вақтинча ишсиз оила аъзоларини иш билан таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирига депутатлик сўрови билан мурожаат қилинди.

Фуқаролардан келиб тушган шикоятлар ва жойлардаги юзма-юз мулоқотларда аниқланган камчиликлар ўз вақтида ва ижобий ечим топаётгани партия вакилларининг саъй-ҳаракатлари бесамар кетмаётганидан дарак беради. Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан ўтган даврда фуқаролар билан мулоқотларда аҳолини қийнаётган муаммолар, ечимини кутаётган вазифалар мавжудлиги аниқланди. Хусусан, халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати Венера Каленованинг “Нукусшаҳаргаз” унитар корхонасига, халқ депутатлари Хўжайли туман Кенгаши депутати Хожибой Отажоновнинг Қорақалпоғистон Республикаси “Шимолгазтаъминот” унитар корхонаси Хўжайли тумани бўлимига юборган сўровларида аҳолининг газ таъминотида муаммолари мавжудлиги, маҳаллаларда қўшимча газ тақсимлагич ускунасини ўрнатиш ва газ босимини ошириш лозимлиги билдирилган. Икки ҳолатда ҳам тегишли ташкилотлардан муаммоларнинг ижобий ечими бўйича жавоб олинди.

Бундан ташқари, халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши депутати Соатбой Наметов тумандаги 18-умумтаълим мактаби раҳбариятининг ўқув даргоҳи деразаларини янгилаш, ошхона ва фаоллар залини таъмирлаш ҳамда мактаб атрофини ўраб турувчи панжара тўсиқларини алмаштириш бўйича амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати асосида туман молия ва халқ таълими бўлимларига депутатлик сўровлари юборган. Тез орада Амударё туман халқ таълими бўлимида махсус ишчи гуруҳ ташкил этилиб, мактабдаги ҳолат ўрганилди ҳамда таълим муассасаси “2019-2029 йилларда умумтаълим мактабларини янгидан қуриш, капитал реконструкция ҳамда капитал таъмирлаш дастури”га асосан 2020 йилда қурилиш-таъмирлаш режасига киритилганлиги, шунингдек, жиҳозлаш ишлари бажарилиши маълум қилинди.

— Мамлакатимизда фуқароларга муносиб турмуш шароитларини яратиш, аҳолининг турли қатламлари эҳтиёж ва муаммоларини ўз вақтида ва ижобий ҳал этиш ҳар бир юртдошимиз орзу-умидларига қанот бағишлайди, — дейди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги
ЎзМТДП фракцияси раҳбари Мурод Қурбонов. — Аҳолининг оғирини енгил қилиш, яшаш шароитларини ҳар томонлама яхшилаш партиямиз депутатларининг бирламчи ва устувор вазифаларидан ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун экани, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозимлигини билдиради. Зеро, халқимиз ўз ҳаётидан рози бўлсагина юртимиз тараққий этиб бораверади.

Бир сўз билан айтганда, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш, уларнинг дарди ва муаммоларини бартараф этиш аҳоли вакилларида депутатларга, қолаверса, давлат идораларига бўлган ишончни оширади. Шундай экан, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ҳамда маҳаллий Кенгашларга ЎзМТДПдан сайланган депутатлар ана шу ишончни сўндирмаслик йўлида астойдил фаолият олиб боришлари талаб этилади.

Нурбек ЙЎЛДОШЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг