Журналистика соҳасида етук кадрлар тайёрлашнинг муҳим асоси

0
19

Бугун замон шиддат билан ривожланиб бормоқда. Ён-атроф­да, қўшни мамлакатлар ва дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар суръати шу қадар тезлашмоқдаки, ундан хабардор бўлиш, аҳоли хабардорлигини ошириш долзарб аҳамият касб этаётир. Бу жараёнда, шубҳасиз, оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли беқиёс.

Дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга тезкор муносабат билдириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти, демократик ўзгаришлардан юртимиз ва дунё аҳолисини хабардор қилиш бугунги кун журналистидан чуқур билим, салоҳият, касбий маҳорат, тезкорлик ва катта тажрибани талаб этади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 24 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган ва ўз вақтида қабул қилинган қарор бўлди.

Қарорда бугун замон оммавий ахборот воситаларининг ривожланиши, давлат ва нодавлат даврий босма нашрлар, телерадиостудиялар, таҳририят-матбаа комплексларининг миқдор ва сифат жиҳатидан ўсиши, фуқаролик жамияти институтлари, реклама агентликлари, ахборот хизматлари, медиа коммуникация, Интернет журналистикасининг
шаклланиши рақобатбардош, янгича шарт-шароитларда ишлай оладиган журналист кадрларни тайёрлаш заруратини тақозо этаётгани алоҳида таъкидланган.

Бугун мамлакатимизда 1 минг 500 дан зиёд
оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг барчасига юқори малакали кадрлар зарур. Бироқ бугунги кунга қадар мамлакатимизда бундай кенг кўламли вазифани ҳал этадиган таянч олий таълим муассасаси мавжуд эмас эди.

Президент қарори бўйича Ҳаракатлар стратегия­сининг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни кўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш, шунингдек, ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида журналистиканинг ўзига хос хусусиятлари, тарихий тараққиёти, бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий-тадқиқот ва ижодий ишлар самарадорлигини таъминлаш ушбу соҳа учун юқори малакали
кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан оширишда муҳим қадам бўлгани шубҳасиз.

Қарорда янги ташкил этиладиган Университет зиммасига аниқ вазифалар юклатилди. Журналистика соҳасини, унинг ўзига хос хусусиятлари, илмий-назарий, фалсафий-эстетик асослари, замонавий медиатехнологияларни чуқур ўзлаштирган, юқори малакали журналист кадрларни миллий ва халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш, мамлакатимизнинг оммавий коммуникация ва журналистика соҳасида эришган ютуқлари, хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибаси ва ҳудудларда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситаларининг талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, тегишли йўналишлар ҳамда мутахассисликлар бўйича ўқув-услубий адабиётларни яратиш, ўқув жараёнига замонавий ахборот технологиялари ва масофадан ўқитиш усулларини жорий этиш шулар жумласидандир.

Қарорда назарда тутилган журналистика соҳаси таълимини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотларни амалга ошириш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш, истиқболли ёш битирувчиларни хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказларининг магистратура ва докторантурасида таълим олиш учун мунтазам юбориш орқали Университетнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш ҳамда республика оммавий ахборот воситалари мутахассисларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, илмий-методик базасини шакллантириш ва ўқув-методик раҳбарликни амалга ошириш вазифалари мамлакатимизда журналистика соҳасининг изчил ривожланишига замин яратади.

Қувонарлиси, кадрлар буюртмачиларининг эҳтиёжлари ўрганилиб, Университетнинг сиртқи таълим шакли бўйича қабул квоталари белгиланади. 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб журналистика соҳасига меҳр қўйган, қобилиятли, бироқ айрим сабабларга кўра олий таълимга эга бўлолмаётганлар сиртқи таълимда ўқиш имконига эга бўлади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси журналистика ва оммавий коммуникациялар масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, ахборотлаштириш муаммоларини самарали ҳал этиш, Ўзбекистоннинг глобал коммуникация жараёнларида фаол қатнашиши, миллий мафкура майдони, миллий ахборот макони муҳофазасини таъминлашни мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар муваффақиятининг калити, деб билади. Шунингдек, ОАВнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимлари меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилган шароитлар яратиш, миллий матбуотимиз сифати, маҳорати ва самарадорлигини дунёдаги ривожланган оммавий ахборот воситаларига қўйиладиган юксак талаб ва тамойиллар даражасига кўтариш тарафдори. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз ахборот маконида соғлом рақобат муҳитининг шаклланиши, плюрализмнинг таъминланиши, ОАВ орқали аҳоли турли қатламлари фикр ва ижтимоий кайфияти ифода этилишига хизмат қилади, деб ҳисоблайди.

Партия эски тузум асоратлари ва қолипларидан бутунлай холи бўлган, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, чет тилларни пухта эгаллаган журналистларнинг янги авлодини шакллантиришга хизмат қиладиган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети фаолиятини қўллаб-қувватлайди.

Партия айнан шундай журналистларни халқимизнинг, аввало, эркин ва тараққий этган жамиятни барпо этишнинг ҳал қилувчи кучи бўлган ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва маънавий қадриятларини мустаҳкамлаш ҳамда мустақил Ўзбекистоннинг ҳақиқий фуқаросига хос эзгу фазилатларни шакллантириш ишида ўзининг ижтимоий таянчи ва ҳамкори, деб ҳисоблайди.

Шунинг учун ҳам мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросини Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари томонидан жамоатчилик ҳамда депутат назоратига олиш, парламент назорати институтидан самарали фойдаланиш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир.

Мухтасар айтганда, ушбу қарор ижроси жаҳон ахборот макони глобаллашуви даврида мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари фаолиятининг янги босқичга кўтарилиши, журналистика соҳасида етук кадрлар тайёрланиши, соҳада ихтисослашув­нинг ривожланишига замин яратади.

Дониёр ТОШБОЕВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши
бўлим бошлиғи

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг