Энергетик ичимликлар истеъмолини қонуний тартибга солиш зарур

0
16

Бугун кўплаб одамлар, айниқса, ўсмир ёшлар турли энергетик ичимликлар истеъмолига муккасидан кетаётгани бор гап. Қувват берувчи ичимликларни доимий истеъмол қилиш замонавийлик белгиси сифатида талқин этилаётгани, уларнинг асосий мижозлари ёшлар бўлаётгани ачинарли ҳол. Турли қадоқдаги ва номдаги бу каби ичимликлар гўёки чарчоқни олиб, куч бағишлар эмиш. Лекин афсуски, бундай ичимликларнинг доимий истеъмоли вояга етмаганларда юрак хуружи, ваҳима, кўриш қобилияти сусайиши ва ақлий нуқсонлар юзага келишига сабаб бўлади.

Шу боис юртимизда истеъмолчилар, хусусан, ёшларнинг қувват берувчи ичимликларни меъёрдан ортиқ истеъмол ёки суиистеъмол қилишининг олдини олиш, фуқаролар соғлиғини сақлаш, айниқса, ёшларда  соғлом турмуш тарзини
шакллантириш борасида муайян чоралар кўрилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳасига кўра, энергетик ичимликларни ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс­ларга реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш, ёши ва жинсидан қатъи назар барча шахсларга бепул тарқатишни ман этиш кўзда тутилмоқда. Ушбу турдаги ичимликларнинг рекламаси ва савдосини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари бинолари, жамоат жойлари, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари ҳамда спорт, ижтимоий ва маданий тадбирларда аудио, визуал ва мультимедиа воситалари, матн, кўргазмали қўлланмалар, баннерлардан фойдаланган ҳолда амалга оширишни чеклаш ҳамда белгиланган тартибни бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш каби масалалар ўз аксини топган.

Фойдасидан зарари кўп бўлган қувват улашувчи ичимликлар савдоси ва рекламаси билан боғлиқ фаолиятни тартибга солишга қаратилган мазкур қонун лойиҳаси бугунги кунда партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар, партия фаоллари ҳамда жамоатчилик  орасида кенг муҳокама қилиниб, таклифлар олиняпти. Айниқса, ижтимоий тармоқларда ушбу мавзу доирасидаги баҳс-мунозаралар, тортишувлар қизғин тус олаётгани эътиборли. Бир гуруҳ фойдаланувчилар ушбу турдаги ичимликлар истеъмолини қўллаб-қувватласа, бошқалари унинг буткул зарарли экани, ҳеч қандай фойдаси йўқлиги, аксинча, ҳам соғлиққа, ҳам чўнтакка зиён келтиришини таъкидлашган.

Яқинда парламент қуйи палатасидаги ЎзМТДП фракцияси ижрочи котиби Дониёр Эркинжонов “Facebook” ижтимоий тармоғида миллий сегментдаги энг катта  аудиториялардан бирига эга бўлган “Халқ билан мулоқот”, “Мaslahat.uz” гуруҳларида энергетик ичимликларни чеклаш бўйича ЎзМТДП фракцияси аъзоларининг қонунчилик ташаббусини муҳокамага қўйган эди.  “Сизнинг фикрингиз биз учун муҳим” сарлавҳали мазкур қайдда қуйидагича изоҳ қолдирилган: “Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган мазкур қонун лойиҳаси билан “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳамда Ўзбекистон Респуб­ликасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Яъни, истеъмолчи 18 ёшга тўлмаган бўлса, унга қувват берувчи ичимликлар сотилмайди, сотилса ва сотиб олса, энг кам иш ҳақининг 5-7 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. Қонун лойиҳасида 18 ёшга тўлмаганлар орасида энергетик ичимликларнинг ҳар қандай тарғиботини ман қилиш, тиббиёт, спорт, таълим муассасалари, йўловчи ташиш транспортлари, жамоат жойларида, шунингдек,  кундузги соат 7 дан тунги соат 22 га қадар электрон шаклдаги энергетик ичимликларни реклама қилишни тақиқлаш бўйича тегишли меъёрлар ўз аксини топган. Маълумот учун, ушбу ичимликда инсонлар саломатлигига хавф солувчи кофеин, гуарана, таурин каби моддалар мавжуд. Муносабатингизни билдиринг! Гап сиз ва сизнинг фарзанд­ларингиз ҳамда давлатимиз келажаги пойдеворларининг саломатлиги тўғрисида кетмоқда. Қонунни такомиллаштириш бўйича аниқ фикрларни билдирган иштирокчи Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтадиган қонун лойиҳаси муҳокамасига таклиф этилиши мумкин!”

Фракция ижрочи котибининг ушбу изоҳи 820 дан ортиқ фойдаланувчиларнинг турли фикр-мулоҳазаларига сабаб бўлди. Аксарият фойдаланувчилар қувват улашувчи ичимлик­лар зарарли, айниқса, жигарнинг душмани эканлигини қайд этган. Қуйида бир гуруҳ фойдаланувчиларнинг фикрларини келтиришни жоиз деб топдик:

Маҳлиё Атоева: “Шу энергетик ичимлик­лар, адашмасам, 5-10 йил ичида оммалашди. Ота-боболаримиз бу ичимликсиз қандай яшашган бўлса, ҳозирги ёшлар ҳам уларсиз яшайверишади. Умуман, республика ҳудудида чеклаш керак. Инсон саломатлигига ҳам, чўнтагига ҳам зарар, деб ҳисоблайман. Нимага керак бу учун миллионлаб пул сарфлаб реклама қилиш”.

Асқарали Алланазаров: “Ассалому алайкум, барча юртдошларга шуни айтмоқчиманки, бу энергетик ичимликнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ. Мен узоқ йўлга жуда кўп қатнайман. Бу ичимликлар уйқуни ўчиради дейишади, пулини ўйлаб ўчмаса яна ким билсин, менинг фикрим шундай”.

Нодир Алибеков: “Касалликни даволаш ўрнига, кесиб ташлашга ўрганиб колганмиз! Зарарли нарсаси бор бўлса, нимага шунча пайтдан бери бемалол сотилиб келинган? Нархи 2-3 баробар кўтарилса, халқнинг ўзи олмай қўяди”.

Зухра Ашурова: “Энергетик ичимлик­ларни чеклаш — бу айни муддао. Бу соғлиқ учун зарарли ҳисобланади. Рекламаси ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак”.

Нигора Зоирова: “Яхши бўлибди! Таъқиқлаш керак! Ҳеч қандай энергия бермайди бу ичимликлар. Аксинча модда алмашинувини кучайтириши ҳисобига одам ўзини дастлаб кучга тўлгандек ҳис қилса, кейин ҳолсизланиб қолади. Организм учун зарар. Ҳеч қандай фойдаси йўқ”.

Шавкат Бойматов: “Хайрият, шу зарарли нарсаларни йўқотишга ҳаракат қиладиган одамлар ҳам бор эканини билиб қувониб кетдим. Ахир болаларимиз тушунмасдан ичишяпти”.

Гувоҳи бўлганимиздек, кўплаб фуқаролар энергетик ичимликлар истеъмолига қарши эканини, унинг инсон соғлиғига зарарлигини қайд этган. Дарҳақиқат, тиббиёт мутахассисларининг маълумотларига қараганда, қувватбахш ичимликлар артериал босим ва қондаги қанд миқдорини оширади, деп­рессия ва асабийликни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, юрак урушининг меъёрини издан чиқариш эҳтимоли юқори эканлиги кузатилмоқда. Шундай экан, ЎзМТДП фракцияси аъзолари ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси долзарб аҳамиятга эга. Унинг қабул қилиниши қувват берувчи ичимликларни реклама ва реализация қилиш устидан самарали мувофиқлаштириш ва назорат қилиш механизмларини ўрнатишга, шу билан бирга, амалдаги қонун ҳужжатларидаги мавжуд бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланган жисмонан соғлом ва баркамол янги авлодни тарбиялаш учун янада қулай шароитлар яратиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашиш сингари дастурий вазифалар ижросида муҳим ўрин тутади.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг