ЎзМТДП фракцияси аъзолари ҳудудларда: мавжуд масала ва муаммолар ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилди

0
18

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг ҳар ой ҳудудларда бўлиб, ижтимоий соҳа объектлари, тўрт сектор фаолиятини яқиндан ўрганиши, аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиб,  муаммолар ечимига кўмаклашиши тизимли йўлга қўйилди. Бу ўрганишлар, ўз навбатида, фуқароларнинг депутатлар ва давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари ҳам ҳудудлардаги фаолияти давомида фуқаролар мурожаатлари, электорат манфаатларига дахлдор масалаларни ўрганиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда. Шунингдек, партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, жойлардаги маданий мерос объектлари, тарихий мас­канларнинг ҳолати, туризм манзилларида яратилган шарт-шароитлар билан танишмоқда.

Юзма-юз мулоқотларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳияти ҳамда ЎзМТДП ғоя ва мақсадлари кенг тарғиб этилаётир.

Фракция аъзоларининг май ойи давомидаги ўрганишлари ҳам самарали ўтди.

Турар жой бинолари ҳолати ўрганилди

ЎзМТДП фракцияси аъзоси Мухтабар Ҳусанова пойтахтимизнинг Юнусобод туманида бўлиб, қатор турар жой бинолари, маҳалла фуқаролар йиғинлари идоралари, мактаблар ва мактабгача таълим муассасалари ҳамда оилавий поликлиникалар фаолияти билан яқиндан танишди. Аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларнинг мурожаатларини тинглади, муаммоларини ўрганди.

Бугун 323 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Юнусобод туманида қатор қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда, замонавий турар жой бинолари ҳудуд кўркига кўрк бағишлаб, аҳолига қулай шарт-шароитлар яратмоқда. Аммо шу билан бирга, ҳудудда ўз ечимини кутаётган айрим муаммолар борки, бу аҳоли вакилларининг ҳақли эътироз ва шикоятларига сабаб бўлаётир. Депутат Мухтабар Ҳусанованинг тумандаги ўрганишлари давомида аксарият мурожаатлар уй-жой ва коммунал хизмат билан боғлиқ масалалар юзасидан бўлди.

Тумандаги “Аҳмад Дониш” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаролар билан суҳбат давомида 26-кўп қаватли уйнинг 3-4 кириш йўлаклари авария ҳолатда эканлиги, ушбу масала юзасидан аҳоли бир неча йиллар давомида мутасадди ташкилот раҳбарларига мурожаат қилиб келаётгани, аммо ҳамон натижа бўлмагани маълум бўлди. Шунингдек, ушбу ҳудуддаги 23, 24-кўп қаватли уйлар оралиғидаги болалар майдончаси таъмирталаб эканлиги, айниқса, ёзнинг жазирама иссиғида аянчли ҳолатга келиши таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури” доирасида “Аҳмад Дониш”, “Юнусота” маҳалла фуқаролар йиғинлари идоралари учун “Замонавий маҳалла” биноси қурилиши лозим эди. Аммо бошланган қурилиш ишлари тўхтаб, ҳудуд бетартиб ҳолатга келиб қолган. МФЙ идорасига олиб борувчи ички кўчалар таъмирталаб, бу эса аҳолига ноқулайликлар туғдираётир.

Бундан ташқари, юзма-юз мулоқотлар чоғида аҳоли вакиллари ҳудуддаги 97 ҳамда 156-сонли мактабгача таълим муассасаларига олиб борувчи ички кўчани таъмирлаш зарурлигини, 11-кўп қаватли уй олдидаги 3 та  автотураргоҳ аҳолига ноқулайлик келтириб чиқараётганини айтиб, уларни олиб ташлаш  таклифини билдирдилар.

Бу борадаги мурожаатлар тегишли вакиллар билан ўрганилиб, мавжуд масалаларни туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш  бўйича  “Йўл харитаси”га киритилишига келишиб олинди.

Халқ вакилининг Юнусобод тумани 15 ва 16-мавзесида олиб борган ўрганишлари давомида ҳам мазкур ҳудудлардаги қатор масалалар депутат назоратига олинди. Масалан, 15-мавзе “Мурувват” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп қаватли 75, 26-уйлар, 16-мавзе “Халқобод” МФЙ ҳудудидаги 18-уй авария ҳолатида. 18-уйнинг том қисмидан ёғингарчилик кунларида чакка ўтади. 75-уйнинг  қисман чўкиш ҳолати кузатилмоқда, 26-уйда ёрилиш ҳосил бўлган. Ушбу нохуш ҳолатлар эса яшовчилар ҳаёти ва соғлиғига хавф солиши шубҳасиз.

Депутат тумандаги қатор мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан танишди. Жумладан, 280 ўринга мўлжалланган 156-мактабгача таълим муассасасида бугун 221 нафар болалар тарбияланмоқда. Муассаса вакиллари ушбу масканда бир қатор муаммолар мавжудлигини, аммо уларни бартараф этиш бўйича тегишли мутасаддилар етарли эътибор қаратмаётганини таъкидлади. Масалан, таълим-тарбия маскани атрофи сим ўрамалар билан тартибсиз ўралган. Деворнинг баъзи жойлари эса ташландиқ бетон қолдиқлари билан тўсиб қўйилган. Шунингдек, болалар бассейни мутлақо талабга жавоб бермайди. Канализация тармоғи узоқ йиллардан буён таъмирланмаганлиги сабабли муаммолар келтириб чиқармоқда.  Бундан ташқари муассаса ва 25-уй оралиғидаги йўлак аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан ўраб, тўсиб олинган.

— Кўтарилган муаммоларнинг аксарияти йиллар давомида йиғилиб қолган, ечимини кутаётган масалалардир, — дейди ЎзМТДП фракцияси
аъзоси Мухтабар Ҳусанова. — Масалан, кўп қаватли турар жой бинолари, ички йўлларни таъмирлаш, кўчаларга симёғоч ҳамда тунги ёриткичлар  ўрнатиш каби аҳолини қийнаётган масалалар туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида ҳал этилиши лозим. Бу борада давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахт туманларида халқ депутатлари Кенгашлари ташкил этилгани айни муддао бўлди. Чунки эндиликда бу каби муаммоларни маҳаллий Кенгашларнинг ўзи туман бюджетини шакллантириши, мавжуд муаммоларни ҳал этишга етарли маблағ йўналтириши орқали ҳал этади. Айни шу мақсадда парламент аъзоларининг ўрганишлари туман сессиясида муҳокама қилиниб, ҳудуддаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар тақдим этиш режалаштирилмоқда.

Сайёр қабул ташкил этилди

ЎзМТДП фракцияси аъзоси Зумрад Бекатова Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманида бўлиб, аҳоли муаммоларини ўрганди. Партия Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши “Аёллар қаноти”, Қораўзак туман кенгаши ҳамда туман хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда ташкил этилган сайёр қабулда мурожаатларни тинг­лаш билан бирга, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди Платформасида белгиланган вазифалар, айниқса, партиянинг аёллар билан ишлаш соҳасидаги вазифалари, “Аёллар қаноти” ва депутатларнинг ҳудудлардаги хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини, жамиятдаги фаоллигини ошириш борасидаги амалий ишлари хусусида кенг маълумот берилди. Айниқса, хотин-қизларнинг тиббий маданиятини ошириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган партия лойиҳалари ҳақида тўхталиб ўтилди.

Партия фаоллари, Қораўзак тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Райҳон Қармисова, “Маданият” овул фуқаролар йиғини фаоллари, ҳудуддаги мактаб, мактабгача таълим муассасалари вакиллари, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли оилавий поликлиника ходимлари ҳамда фуқаролар иштирокида ўтган сайёр қабулда хотин-қизлар муаммолари ва таклифлари, шунинг­дек, аҳолининг мурожаатлари тингланди. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бўлган шахслар билан мулоқот олиб борилиб, уларнинг муаммоларини ечиш чоралари кўрилди.

“Маданият” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги оилавий поликлиника бош шифокори Генжегул Дос­бергенова мазкур ҳудуд майдони 26 километрни ташкил этиши сабабли поликлиникага тез ёрдам автомобили зарурлигини айтиб, ушбу масалани ҳал қилишда амалий ёрдам сўради. Депутат ушбу мурожаатни ўрганиб, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига таклиф киритди. Натижада шу йилнинг июнь ойидан бошлаб “Маданият” ОФЙ ҳудудида тез ёрдам пости ишга тушириладиган бўлди.

“Маданият” ОФЙда яшовчи З.Мамбетова 1988 йилда туғилган ногиронлиги бор қизига 30 йилдан буён қараб келаётгани сабабли ҳеч қаерда ишлай олмаганини айтиб, имтиёзли пенсияга чиқишда амалий ёрдам сўради. Шунингдек, Кунхожа кўчаси 1-уйда яшовчи Фатима Галлиулина оила боқувчиси йўқлиги, 11 ёшли фарзанди касаллигини, унинг дори-дармонларини вақтида олишга қийналаётгани сабабли овул фуқаролар йиғини моддий ёрдам ажратишини сўради. “Маданият” ОФЙ раиси Наримон Қауендеров ушбу мурожаатни ўргангач, Ф.Галлиулинага белгиланган тартибда нафақа ажратадиган бўлди.

Сайёр қабулда фуқаро М. Изимбетова ОФЙ ҳудудида нон пишириш цехини ишга тушириш таклифини билдирди. Ушбу масалада “Маданият” ОФЙ раиси Наримон Қауендеров айни пайтда ишламай турган нон цехини қайта очиш ва ишга туширилишига ёрдам беришини айтди.

— Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги вакилларимизнинг тумандаги ўрганишлари ҳар жиҳатдан самарали кечди, — дейди ЎзМТДП Қораўзак туман кенгаши раисининг хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича ўринбосари Зулфия Ережепова. — Бундай учрашув ва сайёр қабулларни мунтазам  ўтказиш, ҳамкор ташкилотлар билан бирга ишлаш орқали аҳолини қийнаётган масалаларга ечим топиш, аёллар бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш ва фаоллигини оширишга эришиш мумкин. Шу маънода депутат Зумрад Бекатова билан асосан хотин-қизлар иштирокида ташкил этилган бугунги сайёр қабул давомида ҳудуддаги опа-сингилларимизнинг талай муаммоларини ҳал этиш имконига эга бўлдик. Ўтган даврда партия туман кенгашимизга хотин-қизлар томонидан келган мурожаатларга ечим топиш борасида ҳам парламентдаги вакилимиз билан маслаҳатлашдик. Биргаликда уларни ижобий ҳал қилиш чораларини кўрдик.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Муаммо ечим топса, одамлар рози бўлади

ЎзМТДП фракцияси аъзоси Ўрол Ҳайитов ҳудудлардаги мавжуд вазиятни ўрганиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Қашқадарё вилоятининг Косон туманида бўлди. Депутат ўрганишлари давомида йўллар, оқава сув, хусусий мактабгача таълим муассасалари ва уларга ажратилаётган имтиёзли кредитлар, хотин-қизларни касаначиликка йўналтириш ва бандлигини таъминлаш борасидаги муаммолар билан ўртоқлашди.

Дастлаб туманнинг “Гулбоғ” МФЙ ҳудудида бўлган депутат ҳудуд аҳолиси билан учрашувда фуқароларга бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва тизимли ишлар хусусида маълумот берди. Шунингдек, йиғилганларнинг муаммоларига қулоқ тутди.

Аҳоли вакиллари айни пайтда “Гулбоғ” МФЙ ҳудудидаги ички йўлларнинг таъмирталаблиги, қишда лой, ёзда чанг бўлиши, кўчалар юзидаги ўйдим-чуқур жойлар пиёдалар ва автотранспорт воситаларига ҳам қийинчилик, ҳам ноқулайлик туғдираётганини айтишди. Фуқароларнинг бу мурожаати эътиборга олиниб, масала туман ҳокимлигига маълум қилинди. Ҳокимлик вакиллари МФЙ ҳудудидаги 2,5 километр йўлни таъмирлаш масаласи жорий йилги режага киритилгани ва йил якунига қадар уни ниҳоясига етказиш кўзда тутилганини билдирди. Қолаверса, 2019 йилга мўлжалланаётган режа асосида ҳам кейинги йил тумандаги кўплаб йўллар ободонлаштирилишини таъкидладилар.

Мазкур маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро, тадбиркор Раҳмат Юсупов фарзандлари билан бирга 50 ўринли замонавий мактабгача таълим муассасасини қуриб, фойдаланишга топшириш арафасида. Бироқ муассасага керакли ускуна, зарур жиҳозларни келтиришда банк кўмагига эҳтиёж сезмоқда. Тадбиркорнинг банкдан 350 миллион сўм кредит олишда кўмак сўраб қилган мурожаати депутат аралашуви билан яқин кунларда ўз ечимини топади. Депутат Ўрол Ҳайитовнинг банк мутасаддиларига мурожаатига жавобан тез орада Раҳмат Юсуповга кредит ажратиш юзасидан қарор чиқарилиб, тегишли ҳужжатларни тақдим этган куни белгиланган маблағ кўчириб берилиши маълум қилинди.

Депутат “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида ҳам кўплаб хонадонларда бўлиб, хотин-қизлар ва ёшлар муаммолари билан қизиқди. Хотин-қизларга касаначилик билан шуғулланиш оиланинг даромад манбаи экани ва бунинг учун уларга барча шарт-шароит мавжудлиги, хусусан, тикувчилик ва қўл меҳнати, томорқа ерларидан оқилона фойдаланиш ҳамда иқлимга мос ўсимликлар етиштириш юзасидан ўз тавсияларини берди. Банклар томонидан берилаётган имтиёзли кредитлар, солиқ имтиёзлари ва енгилликлар хусусида маълумот ва тушунчалар билдирди.

Туманнинг “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўлган депутат бу ерда ҳам ички йўлларнинг таъмирталаблиги, аҳоли бир неча йилдан буён оқар сув йўқлигидан қийналиб келаётганига гувоҳ бўлди. Бу каби муаммолар юзасидан туман ҳокимлиги мутасаддиларига мурожаат қилинди. Улар бу мурожаатни ҳудуддаги тадбиркор ва фермерлар кўмагида бартараф этишларини билдирдилар.

Акбарали ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзМТДП Қашқадарё вилоят
кенгаши бош мутахассиси

Аҳоли манфаатлари устуворлиги таъминланмоқда

ЎзМТДП фракцияси аъзолари Жаҳонгир Ширинов, Назир Собировнинг Бухоро туманидаги ўрганишлари давомида ҳам қатор масалалар ўз ечимини топди.

Жаҳонгир Шириновнинг “Янгиобод”, “Қулонхона”, “Талалиён” ҳамда “Галаосиё” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги аҳоли вакиллари билан ўтган учрашувларида фуқаролар мурожаатларини тинглаш билан бирга, мазкур ҳудудлардаги ижтимоий соҳа объектлари ҳолати ҳам яқиндан ўрганилди. Хусусан, депутат “Янгиобод” МФЙ ҳудудидаги 4-сон қишлоқ оилавий поликлиникасида бўлди. Ўрганиш якунида касалликларни аниқлаш мақсадида беморлар жадвал асосида ултратовуш текширувидан ўтказилиши белгиланганлиги, бироқ шифокор йўқлиги боис текширувлар амалга оширилмагани, поликлиникага келган беморлар ортга қайтгани аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан иш олиб борган депутат қишлоқ оилавий поликлиникасида умумий амалиёт шифокорлари ва тор доирадаги мутахассисларнинг қабул жадвалининг қайта тузатилиши, камчиликлар бартараф этилиши, шунингдек, дорихонада дорилар рўйхати аҳоли учун қулай жойга илиб қўйилиши ҳамда рўйхатда мавжуд дори воситаларининг Бухоро “Дори-дармон” МЧЖ корхонаси томонидан етказиб берилишига кўмаклашди.

Учрашувлар чоғида Работ, Юрунпоён, Туркон, Ҳазратибобо қишлоғидан ўтувчи йўлларнинг аянчли аҳволдалиги депутат эътиборини тортди. Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан мазкур йўлни 2019 йил дастурига киритиш чораларини кўриш бўйича иш олиб боришга келишилди. Ушбу масала депутат назоратига олинди. Ҳудуд аҳолисининг норозилигига сабаб бўлган — Бухоро шаҳридан Юрунпоён ва Кумработ қишлоғигача бўлган автомобиль йўлининг 2-2,5 километргача бўлган қисмини асфальтлаштириш борасидаги масала депутат саъй-ҳаракати билан 1 июль кунига қадар ҳал этиладиган бўлди.

Ҳазратибобо қишлоғида яшовчи Орзигул Жумаева ҳамда Мастура Исломова депутатга ишга жойлашиш масаласида мурожаат этди. Мазкур мурожаатлар тегиш­ли вакиллар билан ўрганилиб, Орзигул Жумаева, унинг отаси Қобил Жумаев ҳамда Мастура Исломова жамоатчилик асосида ҳақ тўланадиган ишларга жалб этилди.

“Янгиобод” МФЙ Туркон қишлоғида яшовчи ногиронлиги бўлган фуқаро Ҳанифа Юнусова хонадонида бўлган парламент аъзоси унинг синг­лиси зардўз Ҳафиза Юнусовани туманда фаолият кўрсатаётган тадбиркор аёл Робия Юнусовага бириктирди. Бундан ташқари, ўзгалар кўмагига муҳтож бўлган опасига қараб келаётгани учун унинг ҳужжатлари расмийлаштирилиб, туман пенсия жамғармасига топширилди. Энди унга ногиронга қараб келаётганлиги учун меҳнат стажини ҳисоб­лаш йўлга қўйилади.

Юрунболо қишлоғида яшовчи Лобар Комилова 3 нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ва турмуш ўртоғининг дардга чалинганлиги боис ҳеч қаерда ишлай олмаётганлигини билдириб, 2 ёшгача бола парвариши учун тўланадиган нафақа тайинланишида амалий ёрдам сўраб мурожаат этди. Ушбу мурожаат ҳам депутат кўмаги билан ижобий ҳал этилди.

Учрашувлар давомида “Қулонхона” МФЙ Қулонхона қишлоғида яшовчи Исмат Рўзиев ҳамда Гулчеҳра Ҳотамованинг газ таъминоти борасидаги мурожаатлари ҳам қаноатлантирилди: керакли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқароларнинг хонадонларига газ баллони ва суюлтирилган газ етказиб берилди.

“Талалиён” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Талалиён қишлоғида яшовчи кам таъминланган оила — Ойбек Эргашев бир нафар вояга етмаган қизи Гўзал Эргашева билан бирга истиқомат қилади. Ҳозирги кунда фуқаро шифохонада ётиб даволанмоқда. Унга даволаниши ва оиланинг оёққа туриб кетиши учун моддий ёрдам зарур. Депутат Жаҳонгир Ширинов тегишли тартибда Ойбек Эргашевга моддий ёрдам тайинланишини таъминлади.

Шунингдек, Талалиён қишлоғида яшовчи Тожиддин Исматов 600 минг сўм пенсия олади, бу нафақа пули унинг даволаниши учун зарур бўлган дори-дармонларига етмайди. Шифокорлар охирги пайтларда ундан умуман хабар олишмаган. Қизи Нилуфар Исматова эса вояга етмаган фарзанди билан уй-жойга муҳтож. Мазкур масалалар юзасидан депутат иш олиб борди ва туман тиббиёт бирлашмаси томонидан унга зарур бўлганида 4-қишлоқ врачлик пунктидан биринчи ёрдам учун ажратилган дори-дармон воситалари берилиши белгиланди. Бемор ҳолидан доимий равишда хабар олиб туриш учун патронаж ҳамшира бириктирилди. Туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан Нилуфар Исматованинг аризаси олиниб, 2019 йилда кам таъминланган фуқаролар учун намунавий уй-жойдан унга ҳам ажратиш мақсадида рўйхатга киритилди.

Депутат Назир Собировнинг Бухоро тумани “Соҳибкор” ҳамда “Истиқбол” МФЙларидаги ўрганишлари ҳам самарали бўлди. Дастлаб туман давлат солиқ инспекциясига қарашли 4-сектор фаолияти билан танишилди. Шундан сўнг аҳоли билан учрашувларда кўтарилган масалаларнинг ечимига доир чоралар кўрилди.

Ўрганишлар давомида аҳоли томонидан бандлик, йўл, тоза ичимлик суви ҳамда газ таъминоти билан боғлиқ масалалар кўтарилди. Шунингдек, бир гуруҳ фуқаролар тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида имтиёзли кредит олиш бўйича мурожаатлари натижасиз қолаётганидан шикоят қилдилар. Хусусан, жорий йилда “Қишлоққурилишбанк” туман филиалига 204 нафар фуқаро мурожаат этган бўлса, шундан атиги 69 нафарига кредит ажратилган, холос. Бу борадаги масалалар депутат назоратига олинди.

13-умумтаълим мактаби биносида ташкил этилган  сайёр қабулда парламент аъзоси қабул қилинаётган қарор ва фармонлар ҳамда қонунчиликдаги ўзгаришлар хусусида тўхталиб, юртимизда амалга ошрилаётган ислоҳотлар замирида  инсон ва унинг манфаатлари устуворлиги мужассамлигини таъкидлади. 1979 йилда қурилган ушбу мактаб биносининг олд қисми жорий таъмирланган бўлса-да, синф хоналари ва 2016 йилга қадар ишлаб келган спорт зали таъмирталаб аҳволда. Том қисмига яқин жойдан махсус темир мосламалар билан ушлаб турилган бино қулаб тушиши, кимгадир зиён келтириш эҳтимоли йўқ эмас. Мактабда спорт анжомлари деярли йўқ. Бу эса ўқувчиларнинг спортга бўлган иштиёқи, танловлардаги иштирокига ўз таъсирини кўрсатиши шубҳасиз.

“Соҳибкор” МФЙ Олмазор кўчасида жойлашган қишлоқ врачлик пункти ўрганилганда бинонинг таъмирталаб ҳолатда эканлиги аниқланди. Беморларнинг кундузги стационар даволаниши учун  шароитлар етарли даражада эмас. Ушбу масала юзасидан депутат туман тиббиёт бирлашмаси ва туман молия бўлими раҳбарларига тегишли тавсиялар берди.

Муслима РЎЗИЕВА,
ЎзМТДП Бухоро вилоят
кенгаши етакчи мутахассиси

Кўтарилган масалалар депутат назоратига олинди

ЎзМТДП фракцияси аъзоси Козим Тожиев партия вилоят кенгаши раиси Илҳом Ражабов ҳамроҳлигида Навоий шаҳридаги “Ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашди. “Уйма-уй” лойиҳаси доирасидаги мулоқотларда хонадонлар вакиллари билан суҳбатлашилиб, мавжуд муаммолар билан танишилди. Жумладан, Зулфия Ўроқова, Алиқул Бўронов, Гулнора Комилова, Турди ота Жумаевлар билан учрашув чоғида фуқаролар бугунги тинч ва осуда юртимизда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга ўз муносабатларини билдириб, ҳаракатчан ва ташаббускор инсонлар учун барча шароит мавжудлигини, меҳнат қилаётган ҳар бир киши, албатта, роҳатини кўришини алоҳида таъкидладилар.

— Банкдан 10 миллион сўм кредит олиб, уйимда қандолатчилик билан шуғулланаяпман, — дейди Гулнора Комилова. — Айни пайтда хомашё етарли. Қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ускуналарга буюртма берганман. Ҳозирда қўл меҳнати асосида нишолда, парварда ишлаб чиқар­япмиз. Маҳсулотимиз шу куннинг ўзида сотилмоқда, даромад ёмон эмас. Ускуналар келгандан кейин фаолиятни кенгайтириб, янги иш ўринлари очмоқчиман.

— 8 сотихдан иборат ҳовлимизда фарзандларим билан маслаҳатлашган ҳолда иссиқхона ташкил қилдим, — дейди 65 ёшни қаршилаган Турди ота Жумаев. — Ўтқазган лимон кўчатларимиз 3 йиллик бўлди. Бир қисмида карам, картошка, помидор етиштириб, шаҳримиз аҳолиси дастурхонига етказиб беряпмиз. 7-8 бош чорвамиз бор. Хуллас, рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин. Даромадимизнинг баракасини берсин. Айни пайтда уйимизни замонавий қилиб таъмирлаяпмиз.

Маҳалла биносида депутат иштирокида ўтказилган сайёр қабулда фуқаролар Олим Мавлонов, Ойтош Гуленова ва бошқалар маҳалла идораси бундан 55 йил муқаддам қурилган бинода жойлашгани, бугунги кун талабларига жавоб бер­маслиги, шунинг учун маҳалла ҳудудида янги “Маҳалла гузари” қуриш таклифини билдирдилар. Шунингдек, ҳудудда мактабгача таълим муассасаси, спорт мажмуаси йўқлиги, боғча ва спорт маж­муаси қуриш, Эшбўтаев ва Туркман кўчаларини таъмирлаш масаласида мурожаат қилинди.

Тадбирда “Хумо Зилола” хусусий уй-жой мулк­дорлари ширкати раиси Озода Жўраева аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлари хусусида тўхталиб, шундай деди:

— Ширкатимиз кўп қаватли олтита уйда истиқомат қилувчи 142 оила — 728 нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Бизда канализация муаммоси мавжуд. Айни пайтда насос ёрдамида чиқарилаётган чиқинди сув “Дўстлик” массиви ҳудудига ташланмоқда. Бу эса ҳам экология, ҳам санитария ҳолатларига зид. Бир неча бор тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик. Смета ҳужжатларини тайёрлаганмиз. Уни шаҳар канализация тизимига улашда амалий ёрдам беришингизни сўрайман.

Мазкур мурожаат депутат назоратига олинди.

Козим Тожиев халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати Илҳом Раҳматов билан бирга Истиқлол маҳалласида сайёр қабул ўтказди. Унда 20 га яқин мурожаат бўлди. “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида “Гулистон-3” ҳудудида истиқомат қилувчи фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилди. Жумладан, Рашид Азизов яшаб турган хонадонини кадастр қилиш борасида маслаҳат сўради. Унга Навоий шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси ходимлари томонидан дастлаб шаҳар давлат хизматлари марказига мурожаат қилиши лозимлиги ва уч иш кунида ушбу муаммо ижобий ҳал этилиши тушунтирилди.

Абдували БЎРИЕВ,
ЎзМТДП Навоий вилоят
кенгаши етакчи мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг