Aсосий мақсад – халқни рози қилиш

0
24

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ Наманган вилоятининг Норин туманида бўлиб, аҳоли вакиллари билан бевосита мулоқот қилдилар, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш,  иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳалардаги ҳақиқий аҳвол ўрганилди.

Жумладан, ишчи гуруҳи таркибидан ўрин олган ЎзМТДП фракцияси аъзолари Акмал Раҳмонов, Шуҳрат Тўхтабоев ва Нодиржон Мухторов ҳам одамларнинг турмуш даражасини оширишга тўсиқ бўлаётган муаммолар, фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ижобий ҳал этишга яқиндан кўмаклашдилар. Қайд этиш жоиз, парламент вакилларига халқ депутатлари туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутатлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва тегишли ташкилотлар масъул ходимлари хамроҳлик қилишди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодиржон Мухторов туман ҳокими сектори ҳудудига тегишли Қўрғонтепа қишлоғидаги маҳаллалардаги аҳоли хонадонларида фуқаролар билан юзма-юз мулоқотда бўлди. Очиқ ва самимий руҳда кечган суҳбатларда одамлар ички ва ташқи сиёсатдаги янгиликлардан хабардор эканлиги яққол кўзга ташланди. Айниқса, Президентимизнинг 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи юзасидан бир қатор саволлар ўртага ташланди. Қолаверса, депутат томонидан Шавкат Мирзиёевнинг яқинда АҚШга қилган илк давлат ташрифи бўйича кенг тушунчалар берилди.

Қурама маҳалласи Мингтерак кўчаси 47-уйда яшовчи Феруза Ёқубованинг хонадонида ўтказилган мулоқот қизғин руҳда кечди. Бу хонадонда маҳалланинг ўндан зиёд хотин-қизлари ипак қуртини парваришлаш билан банд экан. Депутат Нодиржон Мухторовга турли йўналишлар бўйича мурожаат қилган фуқаролар жамиятимизда кечаётган ислоҳотлар, хусусан, Олий Мажлис Сенатининг тўй ва маросимларни тартибга солишга қаратилган қарори лойиҳаси, оилаларнинг аҳил ва тотувлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида ҳам бир қатор ўринли таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Фуқаро Танзила Қосимованинг айтишича, кейинги пайтларда тўй ва маъракаларни ўтказишда “ким ўзарга” қабилида иш тутишдек иллатларга йўл қўйилмоқда. Айниқса, ўзига тўқ хонадонлардаги дабдабага берилишдан “ўрнак” олаётган ўртаҳол оилаларда тўйдан кейин турли кўнгилсиз ҳолатлар юзага келмоқда. Сенат қарори лойиҳасида қайд этилган вазифаларга оғишмай амал қилиш келгусида бундай камчиликларни бартараф этилишида айни муддао бўлади.

Васила Каримованинг алимент масаласида айтган таклифи эътиборга молик.

— Бугунги кунда алиментни фақатгина оталардан ундирилиши барчага маълум. Аммо, ажрашган ота-оналарнинг иккисига ҳам алиментни тўлашни жорий қилиш, бу маблағларни ташкил этиладиган фонд ҳисобига ўтказишса ва бу бола учун мақсадли йўналтирилиши лозим. Фуқаролар томонидан билдирилган бу каби ўнга яқин таклиф-мулоҳазаларни тинглаган Нодир Мухторов бу масалаларни парламент қуйи палатасида муҳокама учун олиб чиқишини маълум қилди.

Яшиқ маҳалласи Дарёбўйи кўчаси 57-уйда ўтказилган мулоқотда хонадон соҳибларини қийнаб келаётган муаммо жойида ҳал этилди. 63 ёшли Садриддин Шокиров 5 йилдан бери қандли диабет хасталиги билан оғрийди. Унинг ёлғиз фарзанди отасига қараётганлиги сабабли айни вақтда ишсиз. Қолаверса, хонадондаги қурилиши тугалланмаган уй-жойни таъмирлаш ишларини якунига етказиш зарур. Аммо бунинг учун етарли шарт-шароит ва имконият бўлмаяпти. Депутат Нодир Мухторовнинг ташаббуси билан туман “Қизил ярим ой” жамияти томонидан бу хонадонга моддий ёрдам пули ажратиб берилди. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими туман ҳокимлиги тавсияси асосида шифер олиш учун ҳомийлик маблағи ажратадиган бўлди.

ЎзМТДП фракцияси аъзоси Акмал Раҳмонов ҳам фуқаролар билан суҳбатда уларнинг бир қатор масалаларига ечим топишда ташаббус кўрсатди.

Учтепа маҳалласида истиқомат қилувчи биринчи гуруҳ ногиронлиги бор Мўминжон Холматовнинг хонадонига борилганда, унинг ногиронлик аравачасига муҳтож эканлиги аниқланди. Депутат кўмаги билан туман ҳокимлиги ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси томонидан 62 ёшли фуқарога махсус аравача топширилди.

Тошлоқ маҳалласи Мустақиллик кўчасида яшовчи фуқаро Холисхон Мирзааҳмедова Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Раҳмонов билан мулоқотда асаб касаллигига чалинган онасини вилоят шифохонасида даволатишда муаммоларга йўлиқаётганини қайд этди. Унинг мурожаати қисқа фурсат ичида ижобий ҳал қилинди. Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг неврология бўлимида имтиёзли даволаниш учун унга ордер ажратилди.

ЎзМТДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Тўхтабоевнинг тумандаги Бўритепа, Тўлқин, Тошлоқ ва Қизилтов маҳаллаларида ўтказилган очиқ мулоқотларида аксарият фуқаролар газ таъминоти билан боғлиқ муаммолардан шикоят қилди. Маълум бўлишича, табиий газ таъминоти йўқлиги учун фуқаролар “Ўзтрансгаз”нинг Норин тумани филиалига ижара асосида баллон ажратиш ва суюлтирилган газ етказиб бериш юзасидан мурожаат қилишган. Аммо амалий жавобдан дарак йўқ. Депутат аралашувидан кейин 8 нафар фуқаронинг ҳужжатлари расмийлаштирилиб, улар суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланди. Айтиш жоиз, табиий газ тармоғидан узилган туман аҳолисининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини тўлақонли қондириш масаласига туман ҳокимлиги ҳамда тумангаз корхонаси томонидан етарли даражада эътибор қаратиш зарур.

Учрашувларда шунингдек, ҳудудларни ободонлантириш, кўчаларга асфальт ва шағал ётқизиш ҳамда электр симёғочларни ўрнатиш, электр симларини тортиш, трансформатор ўрнатиш каби масалалар юзасидан мурожаат бўлди. Мазкур мурожаатлар тегишли ташкилотлар мутасаддиларига йўналтирилиб, депутат назоратига олинди. Масалан, Тўлқин маҳалласида 800 метр масафодаги электр симёғочларини янгилаш бўйича фуқаро Қобулжон Эсоновнинг мурожаатидан келиб чиққан ҳолда бу масала Президентимизнинг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр қурилмаларини реконструкция ва модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2019 йилнинг II чорагида тўла янгиланиши белгиланди.

Парламент аъзоларининг Норин туманидаги ўрганиш якунлари шуни кўрсатмоқдаки, одамларнинг дардини чин юракдан эшитмасдан, уларнинг муаммо ва камчиликларни ижобий ҳал этмасдан туриб, халқимизнинг давлатдан розилиги ҳақида гап юритиш қийин. Парламент вакилларига келиб тушган мурожаатларнинг кўпчилигини мутасаддилар ўз вақтида ҳал қилишлари лозим эди. Хизмат кўрсатиш, йўлларнинг ҳолати, ҳудудларни ободонлаштириш, аҳоли фаровонлигини ошириш билан боғлиқ муаммолар лоқайдлик ва бепарволикдан келиб чиққан. Бу долзарб вазифаларни тумандаги барча корхона, ташккилот, муассаса раҳбарлари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари оғишмай бажариш фурсати келди. Зеро, халқимизга хизмат қилиш, одамларни рози қилиш барчамиз учун устувор мақсадга айланмоғи керак.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг