Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманидаги кўприк қурилиши билан танишди

0
10

Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманидаги кўприк қурилиши билан танишди

Пойтахтимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида кўплаб кўприк ва йўл ўтказгичлар бунёд этилмоқда. Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасида қурилаётган замонавий кўприк шулардан биридир.
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Кўприк қурилиш трести» корхонаси томонидан бунёд этилаётган кўприкнинг умумий узунлиги 676 метр, шундан эстакада қисми 488,5 метр бўлиб, баландлиги 8 метр, кенглиги 24,5 метрга тенг. Шунингдек, 124 метрлик иккита пиёдалар ўтиш кўприги ҳам қурилаяпти. Ногирон ва кексаларга қулайлик яратиш мақсадида уларда махсус лифт, эскалатор ўрнатиш кўзда тутилган.
Koprik 02.jpg
Давлатимиз раҳбари бу ерда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди, қурувчилар билан мулоқот қилди.
– Янги кўприклар сифатли, жуда пухта бўлиши керак. Бунинг учун эса ўз ишимизга фидойилик билан ёндашиб, кўприксозлик бўйича илғор хориж тажрибасини ўрганиб, тажриба алмашиб боришимиз зарур, – деди Президентимиз.
Объектга элликка яқин техника воситаси жалб қилинган, 250 дан зиёд малакали ишчи-ходим меҳнат қилмоқда.
Янги иншоотни лойиҳалаштиришда ёритиш тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, кўприкка жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган энергия тежамкор жиҳозлар ўрнатилади. Қурилишда Германиядан келтирилган замонавий техникадан фойдаланилаётгани иш унумдорлигини оширмоқда. Бугунги кунгача 256 та тўсиндан 234 таси ўрнатилган, чиқиш-тушиш қисмларида тиргак деворларининг 75 фоизи мустаҳкамланган, 276 та призматик қозиқнинг барчаси қоқилган, шунингдек, пиёдалар ўтиш йўлагидаги таянч устунлар тўлиқ ўрнатилган.
Давлатимиз раҳбари бу жиҳатларга эътибор қаратиб, мамлакатимиздаги кўприкларни сақлаш, таъмирлаш ва эксплуатация қилиш масаласи ҳам ғоят долзарб эканлигини қайд этди. Соҳа учун махсус мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган коллежлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.
Шу ерда давлатимиз раҳбарига пойтахтимизда ва ҳудудлардаги мавжуд кўприклар ҳолати, тизимдаги янгиликлар ва режалар ҳақида маълумот берилди.
Зиёдулла Жонибеков, ЎзА

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг