Миллий қадриятларимиз тараннуми: Навоийда “Нурли наволар” халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтди

0
13

Ўзининг мазмундорлиги, тарбиявий аҳамияти ва умрбоқийлиги билан санъатнинг бошқа турларидан ажралиб турувчи фольклор халқимизнинг турмуш тарзи, дунёқараши, руҳий-эстетик олами, ички кечинмалари юксак бадиий ифода эттирилган азалий қадриятдир.  Навоий вилоятида ўтказилган “Нурли наволар” халқаро фольклор фестивали ҳам миллий ашула ва рақс санъати, аждодларимиздан мерос турли қадрият ва анъаналар тараннумига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Бадиий академия, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ва Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган фестивалда республикамизнинг барча ҳудудидан келган фольклор-этнографик жамоалар, қўшни мамлакатлар — Тожикистон, Қозоғистон, Афғонистон каби давлатлардан ташриф буюрган 20дан ортиқ фольклор санъати фидойилари, таниқли олимлар иштирок этди.

Президентимиз ташаббуси билан халқаро миқёсда ўтказилаётган бу фестиваль азалий анъана ва қадриятлари туташ бўлган Марказий Осиё давлатларини нафақат ижтимоий-­сиёсий, балки маданий ва маънавий жиҳатдан ҳам жипс­лаштиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Халқаро фестивалнинг Нурота туманида, хусусан, ўзининг узоқ йиллик бой тарихий мероси билан маънавият сарчашмаси сифатида бутун дунё эътиборини тортиб келаётган “Чашма” тарихий мажмуасида ўтказилишида ҳам ўзига хос маъно бор. Бу муқаддас жой азалдан маънавият маскани сифатида эъзозланиб, том маънода халқ амалий санъати улуғ аждодларимизнинг урф-одат ва анъаналари билан уйғунлашиб кетган маданият ўчоғи ҳисобланади.

Фестивалда фольклор-этнографик жамоаларининг 250дан ортиқ қатнашчилари ўз ҳудудига хос либос ва қадимий куй-қўшиқлар асосида тайёрланган дастурларини намойиш этдилар.

— Фестиваль фольклор ва бахшичилик санъати буюк маънавиятимизнинг ҳақиқий сарчашмаси эканини кенг тарғиб қилиш, ёшларни миллий ғурур, Ватанга садоқат туйғуларида тарбиялашга қаратилгани билан аҳамиятлидир, — дейди  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, фольклоршунос Нуриддин  Аминжонов. — Қадим адабиётимиз дурдоналаридан саналган ўзбек халқ ижодининг бахшичилик йўналиши асрлар давомида тиллардан тилларга, диллардан дилларга, эллардан элларга кўчиб, асраб-авайланиб келинаётгани халқимизнинг маънавий меросимизга бўлган юксак ҳурмат ва эътибори намунаси дейиш мумкин. Бахшичилик мактабининг йирик намояндалари бўлган улуғ аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросни ўрганиш иштиёқидаги ёшлар сафи кенгайиб бораётгани боқий қадриятларимиз бардавомлигидан далолат беради.

Фестивалда Хоразм  вилоятининг “Наврўз” ва Сирдарё вилоятининг “Сирдарё наволари” жамоалари биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи  ўринни Тошкент вилоятининг “Қурама”, Бухоро вилоятининг “Қасри Орифон” ва Самарқанд вилоятининг “Бешқарсак” жамоалари эгаллади. Учинчи ўрин Қорақалпоғистон Республикасининг “Мерас”,  Андижон вилоятининг “Сайқал”, Навоий вилоятининг “Кармана юлдузлари” ва Сурхондарё вилоятининг “Бойсун” жамоаларига насиб этди.

Нилуфар КАРИМОВА,
Республика маданият муассасалари
фаолиятини ташкил этиш илмий-методик
маркази ходими

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг