Чўққига бургут ярашади

0
14

Мамлакатнинг ижтимоий-маънавий тараққиёти кўп жиҳатдан миллат зиёлиларининг жамиятда тутган мақоми ва ўша жамият аъзоларининг унга бўлган муносабати билан белгиланади. Ўтган асрда зиёлиларимиз жамиятдаги барча ислоҳотнинг марказида бўлди ва бу, табиийки, ижтимоий ҳаёт ойнаси бўлмиш бадиий адабиётда кўпроқ ўз аксини топди.

Агар жадид адиблари зиёли образини марказга қўйиб, унинг нигоҳи-ла мавжуд ижтимоий ҳаётни таҳлил этишга интилган бўлса, шўро даврида зиёли образи узоқ  вақт  “меҳнат кишиси” соясида қолиб келди. Жадид адабиётидаги зиёли ижтимоий ҳаётни танқидий нигоҳ билан кузатиб, ундаги иллатлар сабаби ва ундан қутилиб тараққий этиш чоралари ҳақида ўйлаган, шу йўлда изланган ва ҳатто жон фидо қилган инсонлар эди. Шўро адабиёти эса зиёлини орқа планга сурибгина қолмай, балки уни энг муҳим атрибути — ўйлашдан маҳрум этди.

Шукрки, мустақиллик озод ва обод Ватаннинг ҳар бир фарзанди ўзлиги, қадр-қиммати, ор-номуси ва ғурурини теран англаши учун чексиз ва буюк имконият берди. Юртимизда тинчлик, осойишталик, ободлик, фаровонлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлилик баробарида, инсон қадрининг шундай юксак даражада улуғланиши бебаҳо неъмат сифатида эътироф этилмоқда.

Хўш, бугун тинч ва осуда юртимизда шиддатли ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда зиёли инсон қандай бўлмоғи керак? У қай бир жиҳатлари билан жамиятнинг бошқа аъзоларига намуна кўрсатиши лозим? Янги рукнда ушбу саволларга мамлакатимизнинг таниқли адабиёт, санъат ва фан намояндалари чиқиш­лари воситасида жавоб изланади.

Қуйида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли ёзувчи Ашурали ЖЎРАЕВнинг  бу борадаги ўй-фикрлари, кечинмалари, ҳақиқатлари билан танишамиз.

Ёзиш — машаққат

Ижод мен учун касб дардларидан фориғ бўлиш. Ижод жараёнини ҳам, унинг завқини ҳам аниқ таърифлаб, тасвирлаб бўлмайди. Бу илоҳий жараён ҳар қайси ижодкорда ҳар хил кечади. Гапнинг очиғи, ижоднинг завқидан кўра унинг азоби, изтироби кўп. Умуман олганда, ёзишнинг ўзи машаққат. Ёзганингизни ўқувчилар яхши баҳоласа, бу — бахт.

Тўғриси, нима учун ёзишимни билмайман. Юрагим қўлингга қалам олгин, дея ишора бергандагина ёзгим келади. Айрим ижодкорларга ўхшаб ҳар куни ёзолмайман. Ёзаётганда юрак жиз этмаса, қўлим қаламга бормайди. Ёзиш учун ҳаётда мавзу жуда кўп. Лекин ҳаммаси ҳам сизга тўғри келмаслиги, юрагингизни “қитиқламаслиги” мумкин. Ўйлаб юрган яхши нарсангиз қоғозга тушса, ҳузур қиласиз, енгил тортасиз. Баъзан дангасалик чўзилиб кетади. Шуниси ёмон-да…

Ёзмаган пайтларим кўп ўқийман. Бир ёзувчи дўстим айтганидек, “ёзиш азоб, ёзиш машаққат”.

Ижодкор-зиёли ҳамиша қайноқ ҳаёт ичида бўлиши керак

Хўш, ижодкорнинг жамиятдаги ўрни қандай бўлиши керак? Бу саволнинг жавоби оддий кўринса-да, лекин ижодкорнинг жамиятдан ўз ўрнини топиш жараёни осон кечмайди. Баъзилар бир жамоада узоқ йил ишлаши мумкин, лекин ўша жамоада ўз ўрнини тополмайди. Жамиятда ҳам шундай…

Ижодкорнинг ўрни салмоқли сўзи, ибратли маънавияти, инсонийлиги, ватанпарварлиги ва энг муҳими, ёзганининг ростлиги, ҳақиқат томонда қатъий турганлиги билан ўлчанади. Унинг асосий вазифаси ана шу мезонлар билан белгиланади. Ўзи яшаб турган жамиятга, халқига ҳалол, садоқат ва жасорат билан хизмат қилиш ҳам юксак ва шарафли бурчдир.

Бугун ижодкор-зиёли олдига юксак вазифалар қўйилмоқда. Ҳамма соҳада бўлаётган беқиёс ўзгаришлар ва ислоҳотлардан ижодкор ҳам четда туролмайди. У ҳамиша қайноқ ҳаётнинг ичида бўлиши керак. Бугунги ҳаёт ижодкор учун мавзуни қалаштириб ташлади. Ёзувчи унинг энг муҳимларини ажратиб олиши лозим.

Ҳаёт шиддат билан давом этаётир. Бу жараёнда ижодкор-зиёли ўз ўрнини топиши ва вазифасини белгилаб олиши осон эмас. Бугун Ўзбекистонга дунё кириб келаётир. Шундай экан, ҳеч биримизнинг томошабин бўлиб қўл қовиштириб туришга ҳаққимиз йўқ.

Зиёлилик белгиси фақат… илмдами?

Илм биринчи белги. Ҳақиқий ва чинакам зиёли бўлиш ўзини зиёли ҳисоблаб юрганларнинг барчасига ҳам насиб этмайди. Ҳаётда кўрдик: истеъдодли ижодкор ёки олим бўлиш мумкин экан, лекин чин зиёли бўлиш насиб этмаслиги ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Чунки зиёли тушунчаси жуда ҳам кенг. Унга аниқ бир ташхис қўя олмаймиз. Зиёли инсонда билим, юксак тафаккур, гўзал маънавият, ибратли одоб, ватанпарварлик, ҳақиқатпарварлик сингари фазилатлар мужассам бўлиши керак.

Шўро даврида олий маълумот олган одам зиёли ҳисобланарди. Ва ўйлайманки, шундай қарашлар оқибатида зиёли тушунчасига анчагина путур етган эди. Масалан, сизга дарс бераётган олим дарсда ҳалоллик, тўғрилик ҳақида оғиз тўлдириб гапирса-ю, имтиҳон пайти пора талаб қилса, у зиёли эмас, қуп-қуруқ таъмагир бўлиб қолади. Ёки ўзини зиёли ҳисоблаган қанча-қанча зотлар асл башарасини бекитиб, не-не номаъқул ишларни қилиб юрганига гувоҳмиз-ку! Эсиз…

Зиёли номи авлиёликка яқин туради. Зиёли бўлиш ўз миллати олдида улкан масъулиятни олиш демакдир. Миллат учун, унинг маънавияти ва нурли келажаги учун ҳақиқий зиёлида мудом жавобгарлик ҳисси жўш уриб туриши, виждони ҳамиша уйғоқ бўлиши керак.

Теран илдизлар

Миллатимиздан етишиб чиққан барча улуғ зотлар, буюк мутафаккирлардан тортиб, яъни Алишер Навоийдан то Абдулла Ориповгача барча-барчаси миллат тамаддунининг устунларидир. Тарихимиз шон-шавкатга бой. Соҳибқирон Амир Темур тузган давлат бизнинг қандай улуғ миллат эканлигимизни дунёга намоён этиб келаётир.

Бугунги мустақиллик даври тараққиёти ҳам юқорида айтилган теран илдизларнинг барҳаёт­лигини кўрсатиб турибди. Энди буёғи бизнинг аҳиллигимизга, чуқур илмимизга боғлиқ. Масалан, куни кеча “Ўзбекистон 24” телеканалида Тошкент шаҳрининг қатор маҳаллаларидаги ачинарли аҳвол кўрсатилди. Бир-биридан аянчли кўчалар, уйлар, маҳаллаларни кўриб, қалбингиз оғрийди. Кишини наҳотки, мамлакатимиз пойтахтида ҳам шундай аҳволдаги жойлар бор бўлса, деган савол қийнайди. Афсуски, бор экан! Телеэкранда кўрсатилган ахлат уюмлари, нураб бораётган деворлар, уйлар аслида йиллар давомидаги ёлғон, алдов, кўзбўямачиликнинг “юксак хирмони”дир. Агар Президентимиз биринчи галда ёлғон, кўзбўямачиликнинг илдизига болта уришга киришмаганида аҳволимиз не кечарди? Бу ҳам авлоддан-авлодга ўтиб келаётган азалий қусурлардан бири. Энди бундай яшаб бўлмаслигини Юртбошимиз қайта-қайта такрорлаётгани ҳам бежиз эмас…

Юрт қадри, миллат шаъни…

Инсон учун ҳар иккаласи ҳам олий тушунчалардир. Айтайлик, Ватан қадрланганда, ўз-
ўзидан миллат шаъни улуғланади. Миллат мадҳ этилганда Ватан куйланади. Устоз Эркин Воҳидов ёзганидек: “олам узра номи кетган Ўзбекистон ўзбегим”. Кўриниб турибдики, бизда бу икки тушунча бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетган. Улар эгизак, бир-биридан мутлақо ажратиб бўлмайди.

Қанча-қанча замонлар ўтди, турли-турлик тузумлар умргузаронлик қилди. Лекин Ватан қолди, халқ қолди. Зиёли учун Ватан ва миллат шаънини улуғлаш  — юксак бурч. Бунга устоз шоирларимиз Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва яна қанчадан-қанча ижодкор-зиёлилар фаолиятини мисол келтириш мумкин. Улар Ватанни фахр ва ифтихор билан куйлади, қайғусига қайғурди, севинчидан шодланди.

Ватан ва миллат ҳақида шунчаки ҳиссиз сатрларни ёзиб бўлмайди. Қуруқ ва саёз қофиялар билан на Ватанни, на миллатни улуғлаб бўлади. Бу икки табаррук мавзу, айниқса, маддоҳликни ёқтирмайди. Ватан ва халқни майда, тўпори туйғулар билан севиб ёки ёзиб бўлмайди. Чумчуқ юксак чўққида тургани билан барибир кўринмайди. Чўққига бургут ярашади. Ҳамиша бургут бўл, бургутдай шиддаткор бўл, бургутдай олис ва юксак манзилларни кўзла!

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг