“Биринчи ўзбек магеллани”…

0
10

Ватанимиз қадим-қадимдан улуғ алломаларга бешик бўлган. Ушбу заминда етишиб чиққан буюк oлим, шoир ва мутaфaккирлaр илм-фаннинг барча сoҳaлaригa oид бой илмий-адабий мероси билан ўчмас из қолдирган. Жумладан, туризм тарихини ўрганишда унинг ривожи учун қўшган ҳиссаси бугун издошлари томонидан ўрганилиб, кенг тарғиб қилинаётган буюк шахслар ҳам борки, улар фаолияти соҳа учун муҳим илмий асос бўлаётир. Шулардан бири юртдошимиз, Америка тиббиёт коллежининг битирувчиси, Марказий Осиёлик буюк сайёҳ Мирзо Сирож Ҳаким (1877-1914)нинг ҳаёти ва асарларидир. Унинг асл исми Сирожиддин, фамилияси  Мирзохурдов (катта савдогарлар сулоласига тегишли) бўлиб, Мирзо —  ёшликдаги тахаллуси, Ҳаким эса коллежда эгаллаган малакали тиббиёт ходими касбини эслатади.

Сайёҳ Мирзо Сирож болалигини шундай хотирлайди: “Отам мени беш ёшлигимдаёқ билим бериш савияси билан шаҳарда ном қозонган мактабга беради. Ўша вақтда илм олишга бўлган кучли иштиёқ, вужудимдаги қизиқувчанлик туфайли мен чет тилларини ўрганишга киришдим ва озгина бўлса-да, рус ва француз тилларини ўргандим”.

Ёшлигидан хорижий тилларни ўзлаштирган Мирзо Сирож 1902 йилда София, Белград, Будапешт, Вена, Берлин, Варшавада бўлади, Ғарбий ва Шарқий Европанинг бошқа шаҳарларига саёҳат қилади. Энг узоқ давом этган бу сафаридан кейин
Москва орқали ўзининг она шаҳри — Бухорога қайтади.

У Париж ва Лондонга сафари чоғида бу ердаги тиббиёт муассасаларида ҳам бўлиб, машҳур француз ва инглиз шифокорларининг фаолияти билан яқиндан танишади, улардан тиббиёт сабоқларини олади. Кейинчалик ўрганган билим ва тажрибасига таяниб она шаҳрида замонавий шифохона ва дорихона очади, фаол тиббий амалиёт, ҳомийлик фаолияти билан шуғулланади, маҳаллий ва хорижий газеталарга илмий мақолалар ёзади.

Мирзо Сирож хорижий юртларда бўлганида, у ердаги мавжуд шароит ва амалиётни ўз юртида ҳам жорий этиш, ватанининг ҳар томонлама тараққий қилишига ҳисса қўшишни ўйлайди. Масалан, Берлинда эркаклар ва қизлар мактабларини кўздан кечирар экан, у ўз ватандошларини немис педагогик методикасини ўрганишга ҳамда амалиётга кенг татбиқ этишга чорлайди: “Мен ўзимизнинг мактабларни эсладим, уларнинг шароитларини, ўқитувчиларимиз саводхонлигини таққосладим, ўқувчиларга бўлган муносабатни ўргандим. Маорифимиз ва фанимиз жуда ачинарли ҳолда эканлигини ҳисобга олиб, энг аввало, ушбу соҳани ислоҳ қилишга даъват этишни бошладим”.

Буюк сайёҳ бутун дунёни айланиб, саёҳатларининг таассуротларини чоп эттирди — 90 га яқин асарлар битди. Уларда ўз юртдошларини дунёнинг ранг-баранг қадамжолари, ер куррасининг энг сара шаҳарлари, ўз замонасининг қизиқарли ва муносиб ҳаёти билан таништиради. Унинг асарлари Эрон, Озарбайжон, Афғонистон, Туркия, Миср китобхонларига яхши таниш эди. У асарлари орқали ўз замонаси воқелигини ўзгартиришга ҳаракат қилди. Мирзо Сирож мусулмон олимларининг кўп асрлик орзусини амалга оширди. XX асрнинг 70-йилларида хорижий тарихчилардан бири Мирзо Сирожни “биринчи ўзбек Магеллани”, деб эътироф этди, уни бутун оламга таништирди.

Тақдир экан, буюк сайёҳ сил касаллигига чалиниб, 37 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Аммо унинг меҳнати ва орзулари зое кетмади. XX аср охири — XXI аср бошларида Ўзбекистонда оламшумул ўзгаришлар содир бўлди. Афсуски, шўролар даври ғояси таъсирида Мирзо Сирожга тегишли бўлмаган ёки унинг руҳиятига тўғри келмайдиган фикрлар ҳам асарларига киритиб юборилди ёки сиёсатга қараб ўзгартирилди.

Мустақиллик шарофати билан бу каби хатолик­ларга чек қўйилди, Мирзо Сирож ҳаёти ва ижодига муносабат тубдан ўзгарди, унинг меросини ҳаққоний нуқтаи назардан тадқиқ этиш бошланди. Истиқлол йилларида Мирзо Сирожнинг баъзи қўлёзмалари, таржимаи ҳоли ва фаолиятига оид илмий мақолалар чоп этила бошлади, магистрлик диссертациялари ҳимоя қилинди, Бухоро давлат музей-қўриқхонасида махсус экспозициялар уюштирилди. Лекин табиийки, Мирзо Сирож фаолиятининг ҳали очилмаган кўп қирралари мавжуд. Унинг бой ижодий меросини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, илмий асарларини қайта нашр этиш тарихчи, сиёсатшунос олимлар олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев парламентга Мурожаатномасида юртимиздаги китоб фонд­ларида буюк алломаларимизнинг кўплаб қўлёзма асарлари сақланаётгани, аммо бу нодир китоблар ҳали тўлиқ ўрганилмаганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу борада Президентимизнинг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани, унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти қадимий қўлёзмалар, ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш, илмий асосда тадқиқ этиш ва тарғиб қилиш бўйича мамлакатимиздаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгилангани айни муддао бўлди. Бу, ўз навбатида, Мирзо Сирож каби етук олимларнинг улкан ёзма меросини асраб-авайлаш, илмий тадқиқ қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Буюк сайёҳ Мирзо Сирожнинг асарларини тадқиқ этиш билан бирга, миллий географик ахборот тизимини яратиш, география бўлимларида талабалар учун махсус стипендиялар таъсис этиш, гуманитар фанлар, айниқса, тарих, фалсафа, социология, психология, сиёсатшунослик, география каби дарсликларга Мирзо Сирож асарларидаги иллюстратив материаллар ва уларнинг изоҳларини киритиш, унинг интеллектуал меросини тарғиб қилишга қаратилган халқаро лойиҳаларга (грантларга) юртимиз ёшларини кенг жалб этиш лозим. Шу билан бирга, улуғ алломанинг ҳайкали лойиҳасини ишлаб чиқиш ва ўрнатиш, шу орқали тарихий адолатни қарор топтириш, ушбу ҳудудда файзли боғ яратиш, унда мунтазам равишда қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишни зарур, деб ҳисоблаймиз.

Умуман олганда, Мирзо Сирождек етук маърифатпарварларимизнинг номларини тиклаш, уларнинг ибратли ҳаёт йўли воситасида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улғайиб келаётган авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жамиятимизда ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш давр талабидир.

Феруз БАФОЕВ,
Бухоро муҳандислик-технология
институти доценти

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг